Регистонда янграган “Шарқ тароналари”
Шу кунларда турли халқлар вакиллари ва маданиятлар учрашган манзил – Самарқандда қўшалоқ байрам шукуҳи кезмоқда. Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами ва “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига кўрилган пухта тайёргарлик қадим ва ҳамиша навқирон шаҳарга ўзгача файз ва чирой бахш этган.
Сўлим боғ ва хиёбонлар, нурафшон кўчалар таровати, турфа гуллар ифори ҳар қандай кишига янада кўтаринкилик бағишлайди. Жаҳоннинг турли минтақаларидан келган турфа одамлар чеҳрасидаги мамнунлик, ўзаро самимий муносабат Самарқандда катта байрам бошланаётганидан дарак беради.
Қадим ва навқирон Самарқандда 26 август куни “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Санъат – одамларнинг орзу-ҳаваси, қувончу шодлиги, армон ва изтироблари, ички кечинмаларини ифода этадиган восита. Мусиқа халқларни, турли миллат ва элатларни бир-бирига танитади, қалбан яқинлаштиради.
Бугун Самарқандга келган киши ана шундай байрамона, дўстона муҳитнинг гувоҳи бўлмоқда.
Самарқанднинг Регистон майдонидаги Шердор, Тиллакори, Мирзо Улуғбек мадрасалари гулгун шафақ ёғдусида янада гўзал ва салобатли кўринади. Бетакрор амфитеатр ҳосил қилган бу муҳташам обидалар анжуманга ўзгача руҳ, улуғворлик бағишлаган. Майдон “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимига йиғилган томошабинлар билан гавжум. Улар орасида анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари, санъат ихлосмандлари, мусиқашунос олимлар, чет эллик ва маҳаллий журналистлар, сайёҳлар бор.
Фестиваль иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олди.
Давлатимиз раҳбари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларини қутлар экан, мазкур фестивалнинг мазмун-моҳияти, жаҳонда тинчлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашдаги аҳамиятига тўхталди.
– Ўн учинчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман гарчи “Шарқ тароналари” деб аталса-да, бугунги кунда у моҳият-эътиборига кўра, “Жаҳон тароналари” фестивалига айланганига барчамиз гувоҳмиз. Бу ҳақиқатни биринчи фестивалда 31 та мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йил барча қитъалардаги 80 га яқин давлатдан 400 нафардан зиёд санъаткор ва олимлар иштирок этаётгани ҳам тасдиқлайди, – деди Давлатимиз раҳбари.
Таъкидланганидек, бугунги нотинч ва таҳликали замонда азалий қадриятларни, одамийлик қиёфасини сақлаб қолиш тобора мушкул бўлиб бормоқда. Мана шундай мураккаб вазиятда илоҳий сарчашмалардан қувват олиб, вақт ва макон чегаралари оша гуманистик идеалларни тараннум этадиган асл санъат, мусиқа ва адабиёт халоскор куч бўлиб майдонга чиқиши зарур.
Шу нуқтаи назардан, “Шарқ тароналари”нинг дунёвий шуҳрат топиши ва эътироф этилиши бежиз эмас. Бинобарин, юртимизда маданият, санъат ривожи бир неча минг йиллик тарихга бориб тақалади ва бугунги мусиқа анжуманлари, фестиваль ва тадбирлар ана шу азалий томирлардан озиқланади, куч олади.
…Халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган театрлаштирилган концерт дастури бошланади. Майдон узра сеҳрли куй таралади. Оҳанг секин-аста бутун вужудингизга кириб боради. Бу оройишнинг қиёси йўқ. Мусиқа измидасиз. Сеҳрли оҳанг таъсирида илиқ хотиралар ёдга тушади, баъзан умрингиз бино бўлиб бормаган масканларни тасаввурингизда гавдалантиради. Бу куй сеҳри, оҳанг завқи, мусиқа қудратидир.
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали мамлакатимизда маданият ва санъатга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилган юксак намунасидир.
Фестивалнинг нуфузи ортиб, иштирокчилари географияси тобора кенгайиб бормоқда. Кўплаб мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, машҳур санъат намояндалари унда қатнашишни ўзлари учун шараф, деб билади. 1997 йилда ўтказилган биринчи фестивалда 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги анжуманга 80 га яқин давлат санъаткорлари ташриф буюрди. Фестиваль ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётгани ҳам анжуманнинг юксак мақом ва нуфузини кўрсатади.
Тўғри, ер юзида тан олинган ва кенг эътироф этилган ўнлаб халқаро мусиқа фестиваллари бор. Аммо улар орасида “Шарқ тароналари” алоҳида мавқега эга. Чунки бошқа халқаро миқёсдаги мусиқа фестиваллари санъатнинг муайян турига ихтисослашган. Яъни, айримларида фақат қўшиқ куйланса, бошқасида мусиқа ижро этилади ёки рақс тушилади. “Шарқ тароналари” эса санъатнинг барча кўринишларини ўзида мужассам этган. Буни бошқа халқаро мусиқа фестиваллари қатнашчилари ҳам кенг эътироф этмоқда. Ушбу фестивалда дунёнинг барча қитъаларидан санъаткорлар қатнашаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
27-29 август кунлари халқаро мусиқа фестивали иштирокчиларининг кўрик-танловда чиқишлари намойиш этилади. Уларнинг дастурлари халқаро ҳайъат томонидан профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси ва қўшиқ йўналиши ҳамда замонавий мусиқа ва қўшиқ йўналиши бўйича баҳоланади. 30 август куни фестиваль ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ва улар иштирокида концерт дастури намойиш этилади.
Анъанага кўра, фестиваль доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.
Унда мусиқашунос олимлар, илмий-тадқиқот марказлари олимлари, мусиқа йўналишидаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда тадқиқотчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар Самарқанднинг ноёб тарихий обидаларини зиёрат қилиш, она диёримизда етиштирилган турфа ноз-неъматлар билан тўла бозорларимизни кўриш, сўнгги йилларда халқимизнинг фидокорона меҳнати билан эришилаётган улкан ютуқ ва марралар, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш имкониятига эга бўлмоқда.
Ўз мухбиримиз.