Сен ўзингни уйғотгил, уйғот!

Муаллиф ҳақида:

Сайёра САМАНДАР — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди, доцент, “Шуҳрат” медали соҳибаси.

Муаллифнинг “Сизга айтолмаган сўзларим”, “Кўнглим”, “…Ва яна баҳор”, “Озодликдек бахт йўқдир”, “Фақат ишқ…”, “Менинг ҳақиқатларим” номли тўпламлари чоп этилган.

 

                           33 ЙИЛ

Жам бўлиб агар мушт тугилгай,

Юракда жасорат туғилгай,

Бедорлик олий бахт туюлгай,

Бир бўлсак, ягона халқдирмиз,

Бирлашсак, Ватанмиз, юртдошим!

 

Бахт, омад осмондан тушмагай,

Ғофилни ҳеч толе қучмагай,

Гар жаммиз, барака учмагай,

Бир бўлсак, ягона халқдирмиз,

Бирлашсак, Ватанмиз, юртдошим!

 

Қадим бу заминнинг бағри қон,

Қонга-қон талашди, жонга-жон,

Она юрт — юракда мангу шон,

Бир бўлсак, ягона халқдирмиз,

Бирлашсак, Ватанмиз, юртдошим!

 

Кубронинг додидир бу Ватан,

Бобурнинг оридир бу Ватан,

Ҳар кимнинг зоридир бу Ватан,

Бир бўлсак, ягона халқдирмиз,

Бирлашсак, Ватанмиз, юртдошим!

 

Ватансиз юрт бўлмас, эл бўлмас,

Аё дўст, шарафсиз эр бўлмас,

Эгасиз бир қарич ер бўлмас,

Бир бўлсак, ягона халқдирмиз,

Бирлашсак, Ватанмиз, юртдошим!

 

Осонмас элни эл қилмоқ ҳам,

Жонни минг бўлакка бўлмоқ ҳам,

Ҳар кимнинг дилини билмоқ ҳам,

Бир бўлсак, ягона халқдирмиз,

Бирлашсак, Ватанмиз, юртдошим!

 

Юксалгай инсоннинг гар қадри,

Юракдан аригай гар дарди,

Демакки, миллатнинг бор марди,

Бир бўлсак, ягона халқдирмиз,

Бирлашсак, Ватанмиз, юртдошим!

 

Ўзбексиз жаҳонмас бу жаҳон,

Тўлиқмас ҳайҳотдай каҳкашон,

Сен-у мен, барчамиз биз, ишон,

Бир бўлсак, ягона халқдирмиз,

Бирлашсак, Ватанмиз, юртдошим!

 

Бирлашган ўзгани ўздирмас,

Ўзини пардайин тўздирмас,

Ёзганим шунчаки сўздирмас:

Бир бўлсак, ягона халқдирмиз!

Бирлашсак, Ватанмиз, юртдошим!

 

 

* * *

То баҳор етгунча сенга

Мен баҳор ўлдим, элим,

Янги кун келгунча сенга,

Хуш наҳор ўлдим, элим.

 

Ё гиёҳ-у майса ўлдим,

Ҳол сўраб, бердим кўнгул,

Сен агар ёр истадингки,

Мен шу ёр ўлдим, элим.

 

Қор-қировда юзларингга

Юз қўйиб, ўлдим мадад,

На фасл очса юзини,

Бир хумор ўлдим, элим.

 

Сен сўра ҳолимни энди,

Энди сен кўнглимни ол,

Ҳам куз-у ҳам қиш ичинда

Мисли хор ўлдим, элим.

 

Барг ёзиб, боғу чаманлар

Барқ уриб очгай чирой,

Токи япроқ ёзгунича

Ғамга дор ўлдим, элим.

 

Мен сенинг қошингда ўлдим,

Энди сен қошимда қол,

Хуш ифоринг бўйларидан

Бахтиёр ўлдим, элим.

 

Олам ичра келди кўклам,

Қолмади ҳеч иш манга,

Аҳли ошиқ ёна кетдим,

Ишқи зор ўлдим, элим.

 

То баҳор етгунча сенга,

Мен баҳор ўлдим, элим…

 

 

* * *

Майса ўзин уйғотиб бўлди,

Новда кўзин уйғотиб бўлди,

Тупроқ сўзин уйғотиб бўлди,

Сен ўзингни уйғотгил, уйғот!

 

Адирларга жон кирди, қара,

Тоғ юзига қон кирди, қара,

Дала-даштга шон кирди, қара,

Сен ўзингни уйғотгил, уйғот!

 

Оёғингдан ғафлат олмасдан,

Сўнг минг битта кўйга солмасдан,

Бўғзингда сўз ухлаб қолмасдан,

Сен ўзингни уйғотгил, уйғот!

 

Саболарга юзларингни тут,

Тўрт минг тўрт юз сўнгагингни турт,

Уйғоқларга муҳтождир бу юрт,

Сен ўзингни уйғотгил, уйғот!

 

Томирларинг то қотмай туриб,

Умринг уфқи то ботмай туриб,

Сени ўзга уйғотмай туриб,

Сен ўзингни уйғотгил, уйғот!

 

ЎЗБЕГ-У ҚОЗОҒИМ, 

ҚОН-ҚАРДОШ ЭЛИМ!

Буюк тамаддунни ёритган замин,

Не-не даҳоларни яратган замин,

Олам узра урфон таратган замин,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

 

Бир азим дарёдан сув ичган бу эл,

Бошига не келса, бир кечган бу эл,

Ҳар мушкул тугунни бир ечган бу эл,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

 

Ҳикмат уммонида зиё сочган дур,

Аҳмад Яссавийдан ёришган шуур,

Озод бўлгай инсон, миллат бўлса ҳур,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

 

Навоий назмида юз очди дунё,

Абайнинг дилида сўз очди дунё,

Илм-у маърифатдан кўз очди дунё,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

 

Маърифат чироғин ёқди жадидлар,

Армон уммонида оқди жадидлар,

Чўлпон, Фитрат, Чўқай, Мағжон… шаҳидлар,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

 

Элнинг дардин айтди ул Базар бахши,

Шоберди бахши-ю Қаландар бахши,

Оқин-у бахшиси миллатнинг нақши,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

 

Туроним! Куброси оҳ урган тупроқ,

Мангубердилари от сурган тупроқ,

Сирим ботирлари жон берган тупроқ,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

 

Хивам! Маъмун нури таралган макон,

Кўҳна минорлардан янграб турган шон,

Мангу огоҳликдан бонг урган ошён,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

 

Шерғозихон мадрасаси сочгай нур,

Пирёйвалий мақбараси сочгай нур,

Баланд толе, мартабаси сочгай нур,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

 

Бешигида авлиёлар ётган юрт,

Боқирғоний ҳикматларин айтган юрт,

Бекет ота қадамлари етган юрт,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

 

Бўғзим ичра жамол очган сўз элим,

Жоним ичра жоним менинг, ўз элим,

Жигарим, бовурим, қаро кўз элим,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

 

Битта эл, битта дил, танти ва жўмард,

Инсон қадри учун майдон узра мард —

Шавкатли сарбон бу, бу — Қосим-Жўмарт,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

 

Жалолиддин номус, орида Ватан,

Комилжон, Ортиқнинг торида Ватан,

Эркин Самандарнинг зорида Ватан,

Сайёранинг жисми, борида Ватан,

Ўзбег-у қозоғим, қон-қардош элим!

* * *

Балки бахтиёрмиз, хабаримиз йўқ.

                                   (Рамиз Равшан)

 

Гоҳо япроқ мисол титраган жонмиз,

Гоҳо лашкар каби жамланган шонмиз,

Лаҳза ичра шод-у ғамгин бир онмиз,

Балки ишққа ёрмиз, хабаримиз йўқ.

 

Баъзан нам босади кўзларимизни,

Баъзан ғам босади сўзларимизни,

Қўярга жой топмай ўзларимизни,

Балки дилга зормиз, хабаримиз йўқ.

 

Гулга дўнар бирда қайғуларимиз,

Келмай қўяр бирда уйқуларимиз,

Мудраб қолар ёхуд туйғуларимиз,

Балки йўқмиз, бормиз, хабаримиз йўқ.

 

Дилим, узоқ эмас балки осмон ҳам,

Ер ҳам қаттиқ эмас ҳали чунон ҳам,

Балки йўқдир асли на армон, на ғам,

Балки бахтиёрмиз, хабаримиз йўқ!

 

 

* * *

Сендан нолимадим бирон марта ҳам,

Ғолиб туриб бердим синов келган дам,

Тугар бўлса бир кун умр деган шам —

Мени жаннатларга элтиб қўй, дилим.

 

Ёзсам, ёздим фақат сенда борини,

Лола мисол ёйдим қалам зорини,

Олам кўрди бешак шоир орини —

Мени жаннатларга элтиб қўй, дилим.

 

Кўксимга боламдай босдим сўзимни,

Отамнинг юзига босдим юзимни,

Алдамай яшадим ўзим ўзимни —

Мени жаннатларга элтиб қўй, дилим.

 

Билмадим ёлғондан асло кулмоқни,

Кимсанинг қалбига найза урмоқни,

Эпладим оёқда тикка турмоқни —

Мени жаннатларга элтиб қўй, дилим.

 

Гулларнинг баргига ёздим исмингни,

Тонгги шабнамларга чайдим жисмингни,

Кўзим қаросига чиздим расмингни —

Мени жаннатларга элтиб қўй, дилим.

 

Дунёга етмади мендан зарра гард,

Етмади на озор, на ситам, на дард,

(Агар арта олсанг, кўз ёшимни арт…) —

Мени жаннатларга элтиб қўй, дилим.

 

Самони титратиб урган нолам бор,

Бўғзимда гуллаган кўҳна олам бор,

Мендай бир шоирни туққан Онам бор!

Мени жаннатларга элтиб қўй, дилим!

 

 

 

ЖАДИДЛАР КЕЛЯПТИ,

ЖАДИДЛАР!

 

Илм уммонида дур, садафларим,

Миллат ойдинлари, шаън-шарафларим,

Сиздан садо берар тўрт тарафларим:

Жадидлар келяпти, жадидлар!

 

Дилларда офтобдай порлаб отгали,

Дунёга муносиб сўзни айтгали,

Ўзликка! Ўзликка! Ўзга қайтгали,

Жадидлар келяпти, жадидлар!

 

Айтгани бекор деб ўйламасинлар,

Ўзга деворига бўйламасинлар,

Ғанимлар сафсата сўйламасинлар,

Жадидлар келяпти, жадидлар!

 

Ўзбекнинг маърифат байроғи бордир,

Муқаддас тупроғи юракда ордир,

Шубҳа қилганларнинг охири хордир,

Жадидлар келяпти, жадидлар!

 

Уйғониш фасли бу! Ғурурга тўлиб,

Чўлпон, Носир бўлиб, сурурга тўлиб,

Янги Ўзбекистон жадиди бўлиб,

Жадидлар келяпти, жадидлар!

 

Шуур уйғонмоқда, бунга шоҳидман,

Бўлсам, маърифатга қурбон, шаҳидман!

Бобом жадид эди, мен ҳам жадидман!

Жадидлар келяпти, жадидлар!

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 11 =