Улуғлик заковат бор жойда бўлади

Юсуф Хос Ҳожиб бобомизнинг: “Заковат бор жойда улуғлик бўлади, билим бор жойда буюклик бўлади” деган сўзлари бор. Президентимиз таъбири билан айтганда: “Ҳарбий таълим ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида, миллий ўзлигимиз, эзгу қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш тизимини янада такомиллаштириш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир”.

Мамлакатимизнинг қудратли ва ишончли таянч ҳамда қалқони — сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимизнинг тинч ҳамда осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган Қуролли Кучларимизнинг қудрати ва салоҳиятини юксалтириш ҳам устувор вазифадир.

Аскар ва офицерларимизнинг жанговар тайёргарлиги, ҳарбий маҳорати, ватанпарварлик фазилатларини оширишда таълимнинг ўрни беқиёс.

Сўнгги 5-6 йилда замонавий олий ҳарбий таълим тизими ҳамда бир қатор ҳарбий таълим муассасалари ташкил этилиб, курсантлар ва магистрларни ўқитишнинг юқори тармоқли параметрлари йўлга қўйилди. Айтиш жоизки, Қуролли Кучларнинг қўмондонлик зобитларини тайёрлаш ҳамда мудофаа қурилиши соҳасида миллий илмий-тадқиқотларни амалга ошириш борасида дадил қадамлар ташланди.

Бу борада Ўзбекистон Рес­публикаси Қуролли Кучлари Академияси ғоят муҳим локоматив ўрнини эгаллаб келмоқда.

Академияда таълим жараёнининг сифатини ошириш мақсадида кредит-модуль тизимига ўтиш амалга оширилмокда. Замонавий жанговар ҳаракатларнинг ўзига хос хусусиятлари, илғор хорижий тажрибалар асосида янгиланган малака талаблари ҳамда ўкув-режа ва дастурлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Қўшинларда ахлоқий-руҳий ҳолатни мус­таҳкамлаш, барқарор, соғлом жанговар-рақобат муҳитини яратиш мақсадида бакалавр йўналишида “Ҳарбий психолог”ларни тайёрлаш йўлга қўйилди. Курсантларда ватанпарварлик туйғусини ошириш ва касбига содиқ ҳарбий хизматчи сифатида тарбиялаш мақсадида янги ўқув йилидан бошлаб “Миллий ва жанговар руҳни шакллантириш услубиёти” фани киритилди.

Қолаверса, курсантларда командирлик сифатини ошириш, мураккаб шароитларда ностандарт ва бўлинмани ғалабага бошловчи қарорларни қабул қилиш бўйича кўникмаларини шакллантириш мақсадида 1 ҳафталик икки томонлама компьютер қўмондонлик штаб ўқувини ўтказиш йўлга қўйилди.

Магистратуранинг 1-босқич тингловчилари билан замонавий жанговар ҳаракатларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, ҳар хил мавзуларда икки поғонали кўмондонлик штаб ўқуви моделлаштириш ва симуляция воситаларида ўтказилиши амалиётга татбиқ этилди.

Курсантларнинг турли экстремал вазиятларда жон сақлаб қолиш бўйича кўникмаларини шакллантириш мақсадида бакалавр даражасидаги барча таълим йўналишлари учун 6 ҳафталик яшовчанлик курсларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

Шуни таъкидлаш керакки, курсантларнинг жисмоний тайёргарлигини яхшилаш мақсадида хориж тажрибалари ўрганилиб, келгусида уларни жисмонан бақувват қилиб шакллантириш, чидамлилик, чаққонлик, тезлик куч ва сифатларини ошириш мақсадида “Жисмоний тайёргарлик” фани учун ажратилган умумий ўқув юклама вақти 180 соатдан 360 соатга оширилди. Курсантларнинг ҳарбий-амалий спортнинг жанговар самбо, армия қўл жанги, “Кроссфит” замонавий турлари билан шуғулланиши йўлга қўйилди. Шу маънода функционал кўпкураш федерацияси билан ҳамкорликда академия курсантлари учун “Кроссфит” спорт тўгараги фаолияти иш бошлади.

Жорий йилнинг февраль-март ойларида Академиянинг 19 нафар профессор-ўқитувчилари Давлат бошқаруви академиясининг “Бошқарув психологияси ва менежмент” курсларида таҳсил олди.

Келажак авлод ҳамиша эътиборимизда. Инчунун, Фарғона “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-­академик лицейида очилган “Академия гуруҳи” ўқувчилари билан академия профессор-ўқитувчилари томонидан қўшимча факультатив машғулотларни ташкил этиш дастури ишлаб чиқилиб, унга мувофиқ ҳар ойда онлайн машғулотлар ўтказилмоқда

Айтиш жоизки, 2023 йил — “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да бизда ҳам учта сўздан иборат шиор қабул қилинган. Булар — сифат, самара ва натижадорлик. Ҳар бир қилинган ҳаракатнинг натижаси ва самараси сифатга боғлиқ бўлади. Мана шу сифатни эса яхши таълим олган етук кадрлар таъминлайди. Муҳтарам Президентимиз маърифатпарвар жадид боболаримизнинг сўзлари билан эътироф этгани каби “Нажот – таълимда, нажот– тарбияда, нажот – билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2022 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан академиямизда ҳарбий кадрларни тайёрлашнинг янги даври бошланди, десак муболаға бўлмайди.

“Биз устоз зотини азалдан отадай улуғ деб биладиган, ҳамиша бошига кўтариб эъзозлайдиган маърифатпарвар халқ фарзандларимиз.

Ҳар бир инсон ҳаётда қандай ютуққа эришган бўлса, уларда қадрдон ўқитувчи ва устозларининг беқиёс ҳиссаси борлигини умрбод миннатдорлик билан эслайди”.

Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бу сўзлари мени, айни пайтда Академиямиз жамоасини жуда тўлқинлантириб юборди. Дарҳақиқат, академиямизда  “Миллий ифтихор, бурчга садоқат ва жасорат” тамойили асосида профессор-ўқитувчиларнинг тажрибаларидан келиб чиқиб, “Устоз – шогирд” тизими жорий этилган, 2022-2023 ўқув йили мобайнида тажрибали профессор-ўқитувчилар курсантларга бириктирилди. Ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси факультетининг 1-, 2-босқич тингловчилари 2-4 босқич курсантларига бириктирилди ҳамда улар билан режа асосида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Катта тажрибага эга офицерлар – полковниклар Ш.Дусчанов, Ф.Норгитов ҳамда бошқа устозлар курсант ва тингловчилар билан ҳар ҳафтада давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказишмоқда. “Устоз-шогирд” анъаналарига асосан 30 дан ортиқ “маҳорат” ва “миллий ифтихор” дарс­лари ўтказилди. Бу каби тадбирларда 40 га яқин ибрат-намуна кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар ва полковниклар фаол қатнашмоқдалар. Чунончи, Р. Юсупов, А.Ортиқов, М.Рахматуллаев, Т.Юлдашев, Ф.Камилов, Р.Аҳмадалиев, Қ.Худойбергановлар шулар жумласидандир.

Зотан, буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний айтганидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”. Демак, барча эзгу мақсадларга эришиш йўлида биз бор имкониятларимизни ишга солиб, курсант ва тингловчилар билан амалга оширилаётган ҳар бир машғулот ёки маънавий-маърифий тадбирга жамиятимиз саодатининг асосий шарти сифатида чуқур ёндашсак, биз албатта, ҳарбий кадрлар тайёрлашда сифат, самара ва натижадорликка эриша оламиз.

Муҳиддин УМАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Қуролли Кучлари академияси

бошлиғи ўринбосари,

полковник

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − 3 =