Ўзбекистон байроғи — юксакларга муносиб!

Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган Ёзги Паралимпиада ўйинларида узунликка сакраш ва югуриш бўйича Ўзбекистон терма жамоасига биринчи олтин медални тақдим этган Асила Мирзаёрова ҳақида

1999 йил 3 июль. Ўзбекистонда айни саратон, яъни сара донлар йиғим-терими бошланган пайт. Боғларда қирмизи олмалар шохлари эгилган, шарбатини кўтара олмаган шафтолилар майсаларга тап-тап тўкилган, бир-биридан тотли ноклар, қаролилар саватларга жойланган, сариқ олтиндек анжирлар дастурхонларга тортилган кунлар эди. Атроф минг турли анвойи гуллар ифорига тўлган, гуллардан гулларга қўнган асалариларнинг қўшиғи хуш кайфият уйғотган фасл эди. Қаршининг обрўли оилаларидан бири — муҳандис Убайдулла ака ва кутубхоначи Дилфуза опаларнинг оиласида тўртинчи фарзанд дунёга келди.

Ўзбекона лутфга кўра, маҳаллада “Убайдулла аканинг аёли тилла топибди”, “Убайдуллажон тиллали, қизли бўлибди” деган хушхабар тарқалди. Қизчанинг исмини Асила қўйдилар. Аллоҳ умри билан бергани чин бўлсин! Чақалоқнинг қулоғига азон айтилиб, маҳаллага бўғирсоқ, кўчада ўйнаб юрган болажонларга ширинликлар тарқатилди. Бу серфарзанд оиладан ҳеч қачон яхши одамларнинг қадами узилмаган. Балки шунинг учун ҳам улар ҳамиша қут-барака ичида яшашди. Асло ношукурчилик қилмадилар. Асиладан сўнг, оилада бешинчи фарзанд — укаси Абдувоҳид туғилди. Абдувоҳид туғилгач, “опасига ҳимоячи, қалқон туғилди” дея янада суюнчилар улашилди.

Асила дастлаб Қарши шаҳридаги Нодирабегим номли гимназияда ўқиб, 1-синфни тугатмасдан 25-мактабнинг 2-синфига қабул қилинган. Чунки Асила алифбени уйда ўрганиб, ўқиш китобини бемалол ўқир, барча шеърларни ёд олган, ҳуснихати чиройли бўлиб, дастлабки математик билим бўйича комиссиянинг тест суҳбатидан ўтган эди. Бу унинг ҳаётидаги биринчи “сакраш” эканини унинг ўзи ҳам билмаган эди ўшанда. Аълочи қиз Асила мактабнинг фахрига айланди. Аммо 2013 йил унинг ҳаётини ўзгартириб юборди. Спорт майдонида унинг бошига келиб урилган коптокдан тўфонда қайрилган ниҳолдек йиқилиб тушди. Атрофини ўраб олган ўртоқларига ҳам: “Ҳеч нима қилмади, яхшиман, яхшиман”, дея ўрнидан турди. Неча кун боши айланиб, кўз олди қоронғилашиб кетса ҳам ота-онасига шикоят қилмади. Аммо ойлар ўтгани сайин кўз олди хиралашиб, дарс қилишга қийналиб кетди. Китоб ўқиётганда ҳарфлар чаплашгач, онаси Дилфуза опага бўлган воқеани гапириб берди. Бу нохуш ҳолатдан хабар топган отаси Убайдулла аканинг ҳам ичига олов кетди. Кўз касалликлари бўйича манаман деган шифокорларга Асилани олиб борди. Врачларнинг охирги маслаҳати билан жарроҳлик амалиётига рози бўлишди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди. Аммо жарроҳлик амалиёти кутилган натижани бермади. Қизалоқ кўзининг кўрадиган қисми ҳам бутунлай кўрмай қолди. Гулдек қизалоқнинг ташқи дунё билан узилишнинг оғир кунлари бошланди. Бу мусибатни кўтариш ота-она учун қанчалар оғир эканлигини сўз билан таърифлаш осон эмас.

Аммо бардош ва матонат билан Убайдулла ака ва Дилфуза опанинг олдида Асилани тушкунликдан олиб чиқишдек машаққатли вазифа турар эди. Дилфуза опанинг кутубхоначилиги уларнинг оғир кунларида асқотди. Она кўзи ожиз бўлса-да, жаҳонга машҳур инсонлар ҳақидаги манбаларни излаб топиб, бирин-кетин уйга олиб кела бошлади.

Масалан, антик дунёнинг энг машҳур достонлари “Илиада” ва “Одиссия”дир. Гарчи бирор-бир ҳужжат ёки ёзма манба қолмаган бўлса-да, бу икки достоннинг муаллифи Гомер исмли кўзи ожиз инсон бўлганлиги оғиздан-оғизга ўтиб, шу кунгача етиб келган. Гомер омма олдида достонларни ёддан ўқиб бера олган ва йилдан-йилга қизиқарли воқеалар билан бойитиб бораверган. Жаҳонга машҳур “Троя” бадиий фильми ҳам Гомер достонлари асосида ишланган.

Онаизор бугунги кунда ҳар бир кўзи ожиз инсон ўқий оладиган Брайль алифбоси кашфиётчиси Луи Брайль 3 ёшида кўриш қобилиятини бутунлай йўқотган бўлса-да, ақлини танигач, не бир қийинчиликлар билан илмга интилгани, ўқигани, 10 ёшида кўзи ожиз болалар учун махсус стипендия соҳиби бўлгани, 20 ёшида кўзи ожизлар учун Брайль алифбосини яратгани ҳақидаги маълумотларни топиб келиб Асилага ўқиб берди.

Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир журналист орзу қиладиган, журналистика соҳасидаги энг нуфузли “Пулицер” мукофоти умрининг охирида бутунлай кўрмай қолган машҳур журналист, ношир Жозеф Пулицер шарафига қўйилганидан Асила ҳам хабардор бўлди.

Тиниб-тинчимаган она туғма кўзи ожизлигига қарамай энг баланд мартаба — Буюк Британия Ички ишлар вазири бўлишга эришган Девид Бланкетт ҳақидаги ёзилган журналлар, газеталарни топиб келиб ўқиб берди ва шу тариқа Асиланинг дунёқарашида бурилиш ясади.

Асила энди яқинларининг кўмаги билан мактабга бора бошлади. Мирзаёровлар энг муҳимига, қизининг синфдошлари билан мактабни тугатиб, Қарши шаҳридаги Агробизнес ва тадбиркорлик коллежида ўқишни давом эттиришига эришишди.

Китоб ва спорт ҳаётга қайтарди

Дилфуза опа Қарши шаҳридаги 25-умумтаълим мактаби кутубхонасининг мудираси бўлгани учун аудиокитобларни уйда йиға бошлади. Тақдир зарбасига таслим бўлмаган ота-она қизининг ушбу ҳолатига таскинни китоблардан изладилар. Энди унга оила аъзолари галма-галдан китоб ўқиб беришар, ўқиганларини муҳокама этишар, мулоҳаза қилишар, фикрлашишар эди. Уларнинг уйидан ҳамиша кимнингдир овоз чиқариб китоб ўқиётгани эшитиларди. Асиланинг укаси Абдувоҳид унинг ҳақиқий ҳамроҳига айланди. Опа-ука иккаласи доим бирга овқатланишар, бирга сайр қилишар, бадантарбия билан шуғулланишар, қўл ушлашиб югуришар, Абдувоҳиднинг айтиб туриши туфайли бирга телевизор томоша қилишар эди. Ниҳоят, коллежда ўқишлар тугади. Энди барчанинг ўй-хаёлида Асиланинг келажаги турар эди. Кунлардан бир куни Убайдулла ака Паралимпиада ташкилоти борлигини, унда Асилага ўхшаган имконияти чекланганлар спорт машғулотларини ўтказишини, спорт беллашувларида қатнашишини, ҳатто чемпион бўлишини билиб келди. Бу гапларни эшитган Асила дастлаб бироз иккиланиб қолди. Аммо ота-онаси унинг уйда қолиб кетмаслигини, ўз кучини жисмоний тарафдан синаб кўриб натижаларга эришишини истаётганидан қувониб кетди. Уни Тошкентга олиб келишди. Асила биринчи марта саралаш мусобақасида югуриш тури бўйича иштирок этиб, 1-ўринни эгаллади. Натижалардан кўнгли тўлмаган Асила отасидан бош мураббий Сардор Абдухолиқовнинг олдига олиб боришини сўради. Бош мураббийга: “Мени терма жамоага қабул қилинг, сизнинг ишончингизни оқлайман, менга имкон беринг”, деди. Бундай илтимосларни ҳамиша, ҳар куни эшитавериб, бу спорт эканини, унда муросасиз курашлар, синишлар, лат ейишлар, ойлаб, йиллаб тўшакка михланиб қолишлар борлигини тушунтиравериб чарчамайдиган мураббий чуқур хаёлга толди ва розилик билдирди. Убайдулла аканинг олдида қизига спортнинг минг бир машаққатларини, бу майдонда ҳеч ким эркалатилмаслигини рўйирост айтди. Асиланинг катта оилада ўсганини, тиниқ фикрлилигини, ўзбек қизларига хос одобини ҳисобга олган Сардор Абдухолиқов ўша кундан бошлаб уни ўз қизидек кўриб, оиласига, уйига олиб кетди. Энди у машғулотларга бош мураббий билан бирга қатнай бошлади. Бу ишонч Асиланинг кучига куч қўшди.

Ҳа, машғулотлар осонмасди. Не бир талабгорлар бир-икки кунги машғулотлардан сўнг кўринмай кетаверарди. Айримларининг жароҳатлари жиддийлигини ҳисобга олиб, врачлар спорт билан хайрлашишни маслаҳат берарди.

Тинимсиз машғулотлар, мураббий Сардор Абдухолиқовнинг тўғри кўрсатмалари, врачларнинг назоратлари остида тартибли ҳаракатлар ўз натижасини берди. У 2016 йилда БААда ўтган Ёшлар ўртасидаги мусобақада иштирок этди. Илк уринишлар натижасини бериб, 3 та олтин медални қўлга киритди. Бу ютуқ унга олдинга қараб интилиш учун илҳом берди. Навбатдаги мусобақа 2018 йил Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб, бу беллашувда Асила бронза медалини қўлга киритди.

Асила 2019 йилда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди ва ўша йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетига грант асосида ўқишга қабул қилинди.

“Энди ҳеч қачон енгилмайман!”

Бу сўзларни айтишга уни 2019 йилги Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида катталар ўртасида бўлиб ўтган аламли мағлубият мажбур қилди. У енгилди. Мағлубият аламидан йиғлади, чунки танасидаги оғриқдан кўра, қалбидаги оғриқ кучлироқ, изтироблироқ эди. “Энди ҳеч қачон енгилмайман!” дея лола ёноқлари узра томаётган кўз ёшларини сидириб ташлади. “Энди мен қатнашган мусобақада, албатта, Ўзбекистон байроғи кўтарилиши шарт!” деди у ўзига-ўзи. Шогирдининг юрагида она Ватан туйғуси қад ростлаганини кўрган мураббий “Энди енгилишга ҳаққинг йўқ!” дея унга қатъият билдирди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2021 йил 18 майдаги “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимиз паралимпиячилари қатори Асила Мирзаёрованинг ҳам ҳаётида тарихий ҳужжат бўлди. Қарорга кўра, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар тайёрлаш институти — паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар, услубчи-йўриқчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга ихтисослашган илмий-таълим муассасаси ташкил этилгани айни муддао бўлди.

Ўзбекистонда Паралимпиячилар ва уларни тайёрлайдиган мураббийларнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига катта аҳамият қаратилди.

Инсон қадри улуғланган юртимизда ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Ишонч эса кетма-кет натижаларини бера бошлади.

Асила Мирзаёрова 2021 йилда Паралимпиадада қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритди ва саралаш мусобақаларида узунликка сакраш бўйича 1-ўринни эгаллади. Ниҳоят, энг юксак орзу томон биринчи қадам ташланди. Энди у Япониянинг пойтахти Токиода ўтадиган паралимпиадада иштирок этади.

Ассалом, кун чиқар ўлка! Ассалом, иродалар синовдан ўтадиган Паралимпиада! Бу сафар унга паралимпиаданинг кумуш медали насиб этди. Қувонч кетидан қувончлар келди. Ўша йили муҳтарам Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвони билан тақдирланди. Бу юксак эътибор Асилага қанот бағишлади. 2022 йил май ойида Италияда ўтган гран-при мусобақасида 100 метргача югуришда 3-ўринни, 200 метрга югуришда 2-ўринни, узунликка сакраш бўйича 1-ўринни эгаллади. Бу сафар спортчи қизимизга “Халқаро тоифадаги спорт устаси” унвони берилди. Минг шукур, Асиланинг омад юлдузлари чинакамига порлай бошлади. 2023 йил февраль ойида Бирлашган Араб Амирлигида ўтган Халқаро гран-при мусобақасида қатнашиб, 100 ва 200 метрга югуришда 3-ўрин, 400 метрга югуришда 3-ўрин, узунликка сакрашда 1-ўринни олди.

2023 йилнинг май ойида спортнинг параенгил атлетика тури бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Унда Асила Мирзаёрова 100 ва 200 метрга югуриш ҳамда узунликка сакраш бўйича 1-ўрин соҳибаси бўлди. 2023 йил июль ойида Парижда параенгил атлетика бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб, унда узунликка сакраш бўйича 1-ўринни терма жамоамиз ҳисобига ёзиб қўйди. 2023 йилда Хитой давлатида Параосиё ўйинларида узунликка сакраш бўйича 1-ўринни, 200 ва 400 метрга югуришда 3-ўринни қўлга киритди.

Асила Мирзаёрова 2023 йил Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган Ўрта Осиё Паралимпия қўмитасининг йил ҳисоботига кўра, “Энг яхши аёл параатлети” номинациясига сазовор бўлди.

2023 йил декабрь ойида “Миллий спорт мукофоти — 2023” тақдирлаш тантаналарида унга “Йилнинг энг яхши аёл паралимпиячиси” номинацияси топширилди.

Унинг бир армони бор эди. У ҳам бўлса — Паралимпия олтин медали соҳибаси бўлиб, Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтариш. Армонлар, интилишлар, гоҳо завқли, гоҳо аччиқ азобли, машаққатли машғулотлар, тинимсиз тер тўкишлар, йиқилишлар, туришлар, чидаш, чиниқишлар уни Ўзбекистон Паралимпия терма жамоасида Франциянинг Париж шаҳрида ўтаётган Ёзги паралимпия беллашувларига олиб келди. Бу гўзал шаҳарга ҳақиқий мардлар беллашмоққа келишган.

Ассалом, Паралимпия! Ассалом, Париж!

Паралимпия, бу — югуриш йўлакчаларида бир оёғига темир ўрнатилганига қарамай шамол мисол марра чизиғига интилаётганларнинг матонат майдони.

Паралимпия — иккала оёғида ҳам юриш имконияти бўлмаса-да, қўллари билан ўз юрти шарафини ҳимоя қила оладиган кучлилар майдони.

Паралимпия — икки қўлидан айрилганига қарамай гавдаси ва оёғи билан сузишнинг мовий йўлакчаларидан марра сари адашмай етиб борадиган сезгирлар майдони.

Паралимпия — бир кўз билан маррани нишонга ура оладиган мерганлар майдони.

Паралимпия — паратаэквондочилар, параенгил атлетикачилар, дзюдочилар, ядро улоқтирувчилар ва бошқа спорт тури спортчиларининг сабр майдони!

Ниҳоят, Ўзбекистонимиз Мустақиллигининг 33 йиллик байрами олдидан 30 август куни параатлетикачимиз Асила Мирзаёрова биринчи бўлиб Ўзбекистон паралимпия терма жамоасига олтин медални ҳадя этди. У 28 йиллик паралимпия рекордини янгилади ва 5,22 метрга шамолдек учиб борди. Бу йўналишда 1996 йил Атлантада ўтган паралимпия ўйинларида испаниялик Ортис Очистка 5,07 метрга сакраб ўрнатган рекордни ортда қолдирди.

Асилани ғалаба билан телефон орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти қутлади. Бу қутловни бутун дунё параспортчилари ҳавас билан тинглади. Қутловни Асила Мирзаёрова қўлларини кўксига қўйиб миннатдорчилик билан қабул қилди. Бу қутлов ҳали беллашувга киришмаган паралимпиячиларимизга юксак рағбат бўлди.

Муҳтарам Юртбошимиз телефон орқали Асиланинг ёнида мададкор бўлиб борган отаси Убайдулла акага ва укаси Абдувоҳидга, жонкуяр мураббийларига миннатдорчилик билдирди. Муҳтарам Юртбошимиз Асиланинг отаси Убайдулла акани ҳам телефон орқали табриклагани тарихий мулоқот бўлди. Бу юксак эътибор телемулоқотни кузатиб турган барча паралимпиячиларимизнинг оилаларига олам-олам ғурур бағишлади.

Бир ижодкор сифатида, бир она сифатида Юртбошимизнинг Ўзбекистон байроғини юксакка кўтарган паралимпиячиларимизни ғалаба билан қутлаётганини кўриш, эшитиш камина учун ҳам унутилмас онлар бўлиб қолади. Чунки инсон қадри улуғланган юртда эътиборга, ҳурматга лойиқ кўрилишдан ортиқ бахт йўқ! Ўзбекистон мадҳияси куйланиб, олимп чўққиларида байроғимиз юксакка кўтарилганига гувоҳ бўлишдан гўзал саодат йўқ. Бундай қувончни қалбларга асил ўғиллар, Асила қизлар бахш этади.

Зеро, Ўзбекистон байроғининг ўрни  фақат юксаклардадир.

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

 

Паралимпия рекордчиси

Асила Мирзаёровага

Кўз тегмасин сенга, Асила,

Мунчоқларни ғолиб қилдинг сен.

 

Йўлларингга қараб турган ул,

Муштоқларни ғолиб қилдинг сен.

 

Айвонингда қалдирғочлар бор,

Пештоқларни ғолиб қилдинг сен.

 

Яшнаб кетди боғларим, ҳатто

Янтоқларни ғолиб қилдинг сен.

 

Нўноқ, мудроқ кимсалар — мағлуб,

Чақмоқларни ғолиб қилдинг сен.

 

Товонларинг ҳароратидан

Тупроқларни ғолиб қилдинг сен.

 

Сакрашингни томоша қилдик,

Биз соғларни ғолиб қилдинг сен.

 

Ўзбекларим қўлда кўтарган

Байроқларни ғолиб қилдинг сен.

 

Тоғдай халқинг турар ортингда,

Шу тоғларни ғолиб қилдинг сен.

Шоди ОТАМУРОД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − two =