Шу улуғ кунларда…

Халқимизнинг севимли шоири, раҳматли Муҳаммад Юсуфнинг “Халқ бўл, элим” деган шеърини ўзи ўқиганда юрак уришларимиз ўзимизга эшитилиб, тинглаганмиз. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова шу қўшиқни майдонларга овоза солганида ҳам кўп бор эшитганмиз. Ҳар гал кўнглимиздан “Кошки эди…”, “Қани эди шундай бўлса”, деган истаклар ўтгани ҳам бор гап.
Ҳазрати Чўлпон орзуларида қалбга экилган, устоз Абдулла Ориф аламларидан кўкарган халқ бўлиш истаги узоқ, жуда узоқ йиллардан буён биз билан бирга яшайди. Истиқлол йилларида, айниқса, кейинги йилларда халқимиз ҳаётида муҳим воқеалар рўй берганида одамлардаги жипслашувни кўриб, бир неча бор “Озодлик барибир ўз ишини қилади, кўпчилик орасида дилга оғир ботадиган воқеа-ҳодисалар қанча учрамасин, барибир бизда халқлик белгилари тобора кўпроқ намоён бўлмоқда”, деб ўйлаганим бор. Аммо бу гал Франциянинг Париж шаҳрида ўтган ёзги Олимпиада ўйинлари пайтида ва ундан сўнг кўнглимда ҳеч қайси қувончга ўхшамаган бир севинчу ифтихорни ҳис қилдим. Бу галги “Халқ бўляпмиз” деган ишончимнинг товушлари одатдагидан баландроқ, одатдагидан ишончлироқ жаранглагандай, назаримда.
Чунки биз бу ўйинларни шунчаки спорт томошасидай томоша қилмадик. Миллатимизнинг шаъни, ор-номуси масаласидай қарадик. Бир пайтлар турмуш ўртоғим Туркия сафаридан қайтиб келгач:
— Туркиянинг битта футбол командаси меҳмонда ўша жойлик рақибларини кичик ҳисобда мағлубиятга учратди. Истанбул туни билан ухламади бу хушхабардан, ёшлар байроқ кўтариб кўчаларга чиққан, давлат мадҳиясини куйлаган. Йўлларда қарама-қарши келаётган машиналарнинг ҳайдовчилари қўлларини чиқариб, бир-бирларини табриклашган… Роса ҳавасим келди, – дегандилар.
Париждаги ўйинлар бизга ҳам шунга яқин руҳ берди. Сал мазам қочиброқ қолган эди, укол қилишга кирган ҳамшира аёл:
— Опа, эртароқ кирдим, бугун Диёранинг ярим финал ўйини бор, бемалол ўтириб кўрмоқчиман, – деди. Битта ғунчадан гулнинг чиройини кутадиган мендай одамга бу оддийгина айтиш қанча ғурур берганини билсангиз эди! Беихтиёр ўрнимдан туриб ҳамширани бағримга босдим.
Ўйлайманки, бундай ҳолатлар юртимизнинг кўплаб шаҳару қишлоқларида кузатилди. Жуда кўплаб юртдошларимиз муҳим воқеаларни кутгандай телевизор олдида вақтга қарамасдан михланиб ўтиришди. Ҳар бир ғалабада уйлари, ҳовлиларини бошига кўтариб шовқин солишди. Акс-садолари ижтимоий тармоқлардаги ёзувларда ҳам акс этди: “Баракалла!”, “Бўш келма!”, Ғалаба, фақат ғалаба!” Диёра Келдиёрова биринчи олтин медалга сазовор бўлган кун юртимизда чинакам байрам бўлди. Диёранинг шоҳсупада кўзига ёш олгани, мураббийининг Диёрага таъзим қилгани… Ғалабанинг ҳар лаҳзаси юртдошларимиз юрагидан ўтди. Ишхоналарда, автобусларда, йўлларда шу гап… Кимдир “Диёра…” деб гап бошласа, ҳеч ким “Қайси Диёра?..” деб сўрагани йўқ. Бир неча кунлар оралиғида ўзбекка шуҳрат тожини кийдирган қиз ҳаммамизнинг жигаримиздай яқин бўлиб қолди. Ўша кунлари дунёга келган кўплаб қизалоқларга чемпионимизнинг исмини қўйишди. Ўнлаб шеърлар ёзилди. Шеър қачон ёзилади? Юракка туйғулар тўлганда. Бир қараганда оддийгина бўлиб кўринган бу ҳолатлар мендай юртдошларидан ҳамиша бирлик, биргалик кутадиган инсонга халқликнинг белгиларидай бўлиб туюлди. Ҳар доим ҳам қарагим келавермайдиган ижтимоий тармоқларни ошиқиб кузатдим. “Бугун Улуғбек беллашувни бошлайди, дуо қилинг, юртдошлар!”, “Ҳасанбойнинг зафарли юриши бошланди, қўллаб турамиз!”, “Ўзбекнинг Майк Тайсони – Баҳодир Жалоловга ҳеч қандай шубҳа йўқ, у албатта иккинчи бор ҳам олимпиада чемпиони бўлажак!”, деган иқрорлар миллионлаб юракларнинг акс-садоси эди.
Худди шундай бўлди ҳам! Кўз тегмасин сизга, ўзбекнинг асл ўғлонлари! Олимпиадада фарзандларимиз қўлга киритган ҳар бир олтин медаль худди умримизнинг буюк дақиқаларидек саналди: биринчи, иккинчи, учинчи… Сетора қизимиз ютилган куни одамларимиз чинакамига жунбишга келди. Қўйиб беришса, ўша Парижга бориб ҳақ-ноҳақликни ажратиб келишса, юмдалашса… Ижтимоий тармоқларда “Ўзбек дунёга берган олтинларини қайтариб оляпти” тарзидаги жуда тагдор гаплар ҳам пайдо бўлди. Бу — фикрий ҳаракатларнинг жадаллашуви эмасми?..
Францияга борган ишқибозлар ишқибозлик даражасини анча баланд ушлашди. “Темурийлар келди”, “Бобурийлар келди” дея жўр бўлиб ўзларининг кимликларидан дарак беришганида, Париж кўчалари ҳам бир силкиндиёв, назаримда (фақат шу ерда Хоразмийларни ҳам қўшиб айтишларини истадим жуда).
Рамзий дўппи ҳам узукка кўз қўйгандек бўлди. Кимнинг фикри бўлсаям, балли! “Бошда дўппи, ғоз юрадиган” ўзбек қиёфаси дунё кўзларига янада муҳрланди, дунё кўзларида қолди.
Олимпиадачиларимиз қайтиб келгандаги халқимиздаги завқу сурурни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Бошкентдаги тантаналардан ташқари, ҳар бир вилоят ўз қаҳрамонларини қанчалар фахру ифтихор билан кутиб олди! Ўша давралардаги кўзларга эътибор бердингизми, қорачиқларда ўт пориллайди, бирорта нигоҳда ҳасад кўрмадим. Ҳавас, ифтихор… Эҳ, қани эди, шундай нигоҳлар билан яшаб қолсак, яшайверсак… Сеторага уй берилмасидан аввал халқ уни ғолиба сифатида тақдирлашни талаб қилиб ёза бошлади… Балки, унга уй берилиши билан одамларнинг талаби орасида боғлиқлик йўқдир. Лекин бир-биримиз учун жон куйдиришимиз, яхшига яхшилик исташимизнинг ўзи муҳим.
Мен ана шу қувончлар, табриклар аро учиб юрганимда узоқ йиллик қўшним, иним Муҳаммад Юсуфни (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) кўргим, унга: “Мана, бир қувончга бутун халқ бўлиб қувоняпмиз, адолатсизлик деб ўйлаган ҳолатимизга жон-жаҳдимиз билан қарши чиқяпмиз, қадамларимиз бирга, овозимиз жўр, демак, халқ бўляпмиз”, дегим келди.
Менга Олимпиада ўйинларидаги яна бир руҳият жуда ёқди: бу туркий тилли давлатларнинг бирликка интилиши, бир-бирини қўллаб туриши. Албатта, бу жаҳон айвонида яшаётган Аллоҳ яратган ҳеч бир миллатга қаршилигим йўқ. Ҳаммаси ўз уйида эмин-эркин яшайверсин. Лекин қондошларнинг бирлиги, иноқлиги дунё ҳамжамиятида катта аҳамият касб этади. Бирлик, биродарлик шунчаки дўстлик эмас, куч, қудрат сифатида баҳоланади. Шу маънода турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман қардошларимизнинг ғалабаларига бўлган олқишлар менга ҳаётимизга бошқача бир иқлим олиб кираётгандай туюлди.
Худди шунга яқин ҳиссиётларни юртимизнинг энг катта мусиқий лойиҳаларидан бири “Овоз”ни кузатганимда ҳам ҳис этдим. Барча босқичлар ҳақида гапириб майдалаб ўтирмайман. Финалда мен Озодбек Назарбеков ўз мансабидан фойдаланади, барча санъаткорларни ўз жамоасининг ғалабасига йўналтиради, деб ўйлагандим. Ҳатто унинг Фаррух Зокиров жамоаси ғолибаси Умида Қозоқбоеванинг овозини:
— Бриллиант овоз… – деганида ҳам бу айтишда сохтагарчилик бордек туюлган эди. Аммо натижа ҳаққоний бўлди. Адолатли натижа, томошабинлар энг кўп овоз берган Шоҳруҳмирзога ғолиблик эълон қилинганда, Тоҳир Содиқовнинг ҳар бир иштирокчи ҳақида гапираётиб:
— Ғолибликка арзийди, – деган иқрори ҳам, Фаррух Зокировнинг:
— Ана овозу мана овоз… – дея рақиб жамоа иштирокчиларига тан беришида ҳам мен ўзим орзулаган бағрикенгликни, ўзим орзулаган меҳрни кўрдим. Адолатни кўрдим. Булар ҳам халқлик белгиси эмасми?
Фарғонада Ўзбекистон қаҳрамони Лола Муродова номида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган коллеж очилибди. Унга Гулираъно исмли ёшгина деҳқон қиз раҳбар қилиб тайинланибди.
Гулираъно: “Мен Лола опадан ўрганганларимни ёшларга ўргатаман”, — деяпти. “Ундан ўтиб кетаман, мен бошқа даврнинг одамиман, имкониятларим катта”, демаяпти…
“Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё”, деганларидай, менга шу кунларнинг ғурурлари, қувончлари олдида кўп ҳолларда юрагимни оғритадиган оғриқлар майдадек туюлаяпти. Гўё халқ бўлаётган халқдаги оғриқлар, армонлар уқаланиб, майдаланиб кетадигандек. Ва шу кайфиятдан сира чиқиб кетгим келмаяпти. Азизлар, сизларни ҳам шу кайфият баландликларида туриб ҳуррият байрамимиз билан табриклайман. Асли шу байрамнинг ўзи ҳам бизни халқ қилишга қодир катта куч, шу ёрқин кунларнинг ҳар лаҳзасидан қалбингизга куч қуйилсин!
Қутлибека РАҲИМБОЕВА