Шахмат олимпиадаси совриндорлари тантанали кутиб олинди
Венгрия пойтахти Будапештда ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси дунё ёшларининг интеллектуал салоҳиятини баҳолаш билан бирга Ўзбекистоннинг “олтин авлоди” ҳамон жаҳон шахматида етакчи ўринларда бораётганини яна бир карра кўрсатди.
Бу галги шахмат олимпиадасида ўтган 11 та турнинг 9 тасида ғалаба, 1 тасида дуранг ва 1 тасида имкониятни бой берган тарзда бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон эркаклар жамоаси ҳамда ўз тарихида илк бор 170 га яқин давлат орасида кучли 12 таликдан жой олган шахматчи қизларимиз Афрўза Ҳамдамова, Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Маржона Маликова, Нодира Нодиржонова том маънода Ўзбекистон ёшларининг руҳий қувватини намойиш этди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида муносиб натижаларга эришган шахматчиларимизни тантанали кутиб олиш маросими ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дилдора Раҳимова, спорт федерацияларининг раҳбарлари, мураббий ва мутахассислар, шахматчиларнинг яқинлари, ёш спортчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов йиғилганларга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги бош директори, мамлакат шахмат федерацияси раиси Алишер Саъдуллаев, 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бронза медали соҳиби Нодирбек Абдусатторов, маҳоратли шахматчимиз Шамсиддин Воҳидовнинг отаси Пўлат Товашов ва бошқалар мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, кенг имкониятлар натижаларда ўз аксини топаётганини таъкидлади.
Берилаётган эътибор ва рағбат икки йилдан сўнг мамлакатимизда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида янада юксак ғалабаларга сазовор бўлишида маънавий қувват бағишлашини билдирди.
Айтиш лозим, Будапештда кечган шиддатли беллашувларнинг сўнгги 11-турида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Франция терма вакилларини тор-мор этиб, 17 очко билан бронза медалига эга чиқди. Бу йўлдаги курашда жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорларини, чемпионлик тожига даъвогарларни жамлаган Хитой, Сербия, Германия, Словакия, Арманистон, Озарбайжон, Туркия, Испания, Эрон, Норвегия каби мамлакат терма жамоаларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
Олимпиаданинг 4-5 соатдан ортиқ вақт оралиғидаги муросасиз жангларида Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир Синдоровнинг имконсиз вазиятдан имкон топган, ғалабага тенг дурангга эришган вазиятлари халқаро шарҳловчилар, экспертлар томонидан эътироф этилди.
Албатта, Венгрияда ўтган 45-шахмат олимпиадаси, унинг ҳар бир мусобақаси, ўйналган партиялар тўғрисида ҳали кўп фикрлар, мушоҳадалар билдирилади.
Бу ҳақда кутиб олиш маросимида қатнашган шахмат мутахассислари, ишқибозлар бот-бот сўз юритди. Хусусан, ҳар бир шахматчимизнинг ўтказган партиялари юртимиз шахмат клубларида, мактабларида, алоҳида гуруҳларда муҳокама этишга арзирли эканлигини таъкидлади.
Куй-қўшиқларга, чиройли тилакларга уланиб кетган маросимда 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида бронза медалига эга чиққан шахматчиларимизнинг ҳар бирига “BYD Chazor” автомобиллари “Президент совғаси” сифатида тақдим этилгани эълон қилинди.
Ғолиблик сурури, берилган совғалар шодлиги энди шахматчиларимизнинг яшаш манзилларида, маҳаллаларида, хонадонларида давом этади.
Тўлқин РЎЗИЕВ,
ЎзА мухбири