Армия ва тарбия

Сирожиддин САЙЙИД,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

Ўзбекистон халқ шоири

Янги Ўзбекистоннинг миллий армиясида

Шоирлар ҳам сафдошдир таълим-тарбиясида.

Яъни ҳар бир ижодкор, ҳар ёзувчи ё адиб –

Сардор бўлмоғи керак билимдон ва ботартиб.

Ҳар жанговар аскарнинг биз ҳам тенг-тўшларимиз,

Қалам-ла қуролланган қуролли кучларимиз.

Ким Темурхон бобонинг қудратини билмаган?

Бобо орзу қилган, лек хаёлига келмаган:

Кимки шубҳа қилгайдир довруғи, камолига –

“Темурбеклар мактаби” жавобдир саволига.

Инчунин ҳар бир зобит, ҳар сипоҳ, ҳар байроқдор,

Кечган шонли жанглардан бўлмоғи шарт хабардор.

Миллат хоки пойларин тавоф қилса арзийди,

“Зафарнома” яратмиш мавлоно Али Яздий.

Давлати пойдорликнинг мангу гувоҳномаси –

“Зафарнома” эмас, бу – буюк халқ шоҳномаси.

Ўпгил, эй Европа сен, бармоқ, узукларидан,

Ҳануз сабоқ олгайсан “Темур тузуклари”дан.

Бутун олам аҳлига ҳарбий номамдир менинг,

Жангномам, курашномам – “Бобурнома”мдир менинг.

Ватан – жон ва тандадир, жон Ватан – жон ва тандир,

Ватанпарвар инсонлар жон чекиб, жон тиккандир.

“Иёлу Ватан узра то жони бор, – деб айтган,

Киши ҳарб этар токи имкони бор”, деб айтган,

Навоий бобомиздан тимсол келтирсам агар,

Неча минг кўнгилларни уйғотмоғи муқаррар.

Ҳар шоир, ҳар аскарга қатъият, шиддат керак,

Азму шижоат керак, илму маърифат керак.

Бунда ҳар он асқотар ақлу фаҳму фаросат,

Дунёвий билимлар ҳам матонат ва садоқат.

Бу қандай дилбар диёр, дил диёр, дилдор диёр,

Аскарлари ҳам бедор, шоирлари ҳам бедор.

Аммо олам авзойи – кеча-кундуз талотум,

Боисин айтолмагай бирор Алп ё Афлотун.

Фитрат домла айтгандай: Дунё – кураш майдони,

Бир томони тошқинлар, ёнғиндир бир томони.

Дунёнинг дунёликка қолмагандай ҳоли ҳам,

Қирғинбарот урушлар давом этар ҳали ҳам.

Ўттиз етти миллён халқ, ўттиз етти миллён қалб,

Қалбим, сен ҳам шу сафда ҳушёр бўлгил, уйғон, қалқ!

Токи хавфу хатар бор, шудир темир тарбия:

Ҳар биримиз – посбонмиз, ҳар биримиз – армия.

Халқу Ватан ташвиши – барчанинг тенг ишидир,

Бугун ҳар безовта қалб – хавфсизлик кенгашидир.

Шу боисдан тинчлигу тинч осмонингга шараф,

Биз эзгулик тарафмиз, бизлар халқимиз тараф.

Менинг ҳам кўксим тўла ғурур билан ифтихор:

Ўзбек армияси бор! Ўзбек халқи ҳам пойдор.

Ўйласам шул Ватанни – жимирлар кўнгилларим,

Эй, менинг сарбозларим! Менинг генералларим!

Шонли, шавкатли диёр, шу сафда мен ҳам борман,

Не бахтким, саодату бахтингга дахлдорман.

Дунёда Ватан танҳо, халқу миллат ягона,

Миллат бедор бўлса гар, тинч бўлгайдир замона.

Ўттиз етти миллён халқ, яна шунча дил, юрак,

Ҳушёр яшамоқ керак! Ҳушёр яшамоқ керак!

Миллён-миллён бешикда – чақалоқлар лашкари,

Тамшаниб ўсмоқдадир – келажакнинг аскари.

Лашкар бехатар бўлмас, айтиб кетган боболар,

Оналар дуо айлар, дуо айлар момолар.

Она юрт, ота макон, мен ҳам бир аскарингман,

Уйғоқ қаламим бирлан хизматкор навкарингман.

Англадимки: дунёда на жон, на тан абадий,

Фақат Ватан абадий, фақат Ватан абадий.

Менинг ҳам  ҳар бир шеърим – ҳаёту мамотимдир,

Олий Бош қўмондонга ичган қасамёдимдир.

“Халқ сўзи” газетасининг 2025 йил 25 февраль №39-сонидан олинди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 4 =