Янги ўқув йилининг бошланиши – барча учун байрам

4 сентябрь куни мамлакатимиздаги барча мактабларда янги 2024-2025 ўқув йили бошланди. Шу куни эрта тонгданоқ мактаб остонасига илк қадам қўяётган болалар ўқув маскани сари ошиқдилар.

Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда болаларни ҳаяжон билан таълим сари чорлаган тантанали тадбир – “Биринчи қўнғироқ” тадбири барча жойларда бўлгани каби Тошкент шаҳридаги 20-умумтаълим мактабида ҳам баланд руҳда ташкил этилди.

Ушбу ўқув масканига гулдаста ва рангин шарлар тутган болалар, уларнинг ота-оналари, устозлар тўпланди. Шу кун юртимизнинг кенг жамоатчилиги учун чин маънода байрамга айланиб кетди.

Мактабнинг мўъжаз ҳовлисида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Ушбу ўқув маскани директори Шаҳноза Қосимованинг маълум қилишича, бу йил мазкур таълим масканининг 1-синфига 140 нафар ўғил-қиз қабул қилинди. Ўқувчиларга пухта таълим беришга, уларнинг фанларни пухта ўзлаштиришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу сабаб битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи ушбу мактабда юқори экани аҳамиятли.

1935 йилда барпо этилган мазкур мактаб 2018 йилда қайтадан реконструкция қилинди. Ўқув биносида қўшимча синфхоналари, спорт зал, гигиена хоналари барпо этилди. Эндиликда 740 ўринга мўлжалланган ушбу мактабда 1 минг 100 нафар ўқувчи икки сменада таълим олмоқда. Бу йил ушбу мактабни битирган ёшларнинг аксарияти олий таълим даргоҳи талабаси бўлди. Ёшларнинг ютуқларида олий тоифали педагоглар, меҳрибон устозларнинг хизматлари беқиёс.

Тантанали тадбирда мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил сўз юритилди. Бу янгиланиш жараёнлари фарзандларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар бўлиб камолга етишида алоҳида аҳамият касб этмоқда.

– Болажонларга билимлар билан бирга юксак маънавий-ахлоқий қадриятларни сингдиришда ўқитувчилар, кенг жамоатчилик, маҳалла фаоллари, “Оқила аёллар” ҳаракати вакиллари ушбу мактабдаги тарбиявий ишларга кенг жалб этилган, – деди Шайхонтоҳур тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими бош мутахассиси Дилором Бобонова.

– Менинг барча фарзандим, эндиликда эса 8 нафар неварам шу мактабда таълим олади, – деди “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Малика Алиева. – Бугун таълим олиш учун ёш авлодга барча имкониятлар яратилган. Бу имкониятлар мана шундай умумтаълим мактаблари фаолияти, ўқув-тарбиявий жараёнида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, ушбу тузилма тасарруфида шаҳримизда 325 та мактаб фаолият кўрсатмоқда. 16 та махсус ёрдамчи мактаблар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази тасарруфига ўтказилган. Пойтахт умумтаълим мактабларининг 1-11-синфларида ушбу ўқув йилида 501 минг 207 нафар ўғил-қиз таълим олмоқда. Бугунги кун ҳолатига кўра, 48 минг 223 нафар болажон умутаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларига бу йил 675 минг нафар болажон ўқишга келди. Уларнинг барчасига Ўзбекистон Республикаси Президенти совғалари – мактаб анжомлари, дарсликлар, ўқув қуроллари тантанали топширилди.

Биринчи қўнғироқ садолари янгради. Мактаблардаги илк сабоқ “Мустақиллик дарси” билан бошланди. “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ушбу дарс давомида Мустақиллигимизнинг қадр-қиммати, аждодлар, жадид боболаримизнинг муқаддас ёди, тинч ва осуда ҳаётимиз, янгиланиб бораётган жонажон Ватанимиз, ёшларга қаратилаётган чексиз меҳр ва эътибор хусусида ўқувчиларга самимий ва ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунчалар берилди. Янги ўқув йилида “Президент совғалари”дан, айниқса, жажжи ўқувчилар мамнун бўлдилар.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 2 =