Рақобатбардош кадрлар — жадал тараққиёт омили
Янги Ўзбекистонда олий таълимда кадрлар тайёрлаш жараёни тобора такомиллашаётган даврга кирди. Бу жараён ўз навбатида мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг жадаллашуви билан бевосита боғлиқдир. Таъкидлаш лозимки, ислоҳотлар кўлами, уларнинг пировард натижаси — инсон умидларининг ҳаётда амалга ошиши, иқтидорли ёшларнинг бевосита ислоҳотлар жараёнига интеграциялашуви, демократик тараққиётнинг мазмуни, моҳияти ва мақсадини англай олишини талабалар шуурида шакллантириш жараёни билан чамбарчас боғлиқдир. Бундай кенг қамровли вазифанинг ҳал қилиниши, мамлакатимизда амалга ошишида олий таълим муассасаларининг фаол иштироки зарур. Шунинг учун ҳам мамлакат раҳбари томонидан университетлар фаолиятини такомиллаштириш, қолаверса, уларнинг янги авлодини яратиш вазифаси қўйилди.
Албатта, бу стратегик вазифани амалга оширишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши муҳим, таълим муассасалари учун тарихий юксалиш даврини бошлаб берди. Бундай ҳуқуқий асоснинг яратилиши натижасида Ўзбекистонда нодавлат олий таълим ташкилотлари вужудга келди ва жадал ривожлана бошлади.
Жаҳон тажрибасига таяниб таъкидлаш мумкинки, олий таълим тизимидаги нодавлат университетлар жамият мезонлари, талабларига, ундаги ижтимоий мазмундаги силжишлар, баъзи ҳолларда туб ўзгаришларга мос бўлган, рақобатбардош кадрлар тайёрлайдиган ташкилотдир. Қайд этиш лозимки, университет таълими Ватанимизда ҳамма вақт иқтидорли талабаларни ўқишга жалб қилган. Айниқса, бўлажак талабалар учун олий ўқув юртларини танлаш имкониятининг кенгайтирилиши университетлар орасидаги рақобатни кучайтирди.
Бугунги кунги абитуриент фақат таълим бозорида ўзининг муқим жойини эгаллаган, ўқув жараёни талаблар даражасида ташкил этилган университетларга ҳужжат топширади, ўқишга киради. Бугунги ахборотлар тизими абитуриентларни ўқишга чорлаётган ўқув муассасаси ҳақида тўлиқ маълумот бера олади.
Тажриба кўрсатадики, бугунги кундаги абитуриент ўзи танлаган олий ўқув юртининг фаолияти, ўқишни битириб чиққандан кейин танлаган мутахассислиги унинг келажаги учун зарурлигини тўлиқ тушунгандагина ушбу университетда ўқишни танлайди. Бундай танлов университетлар орасида иқтидорли талабалар учун, яъни уларнинг ушбу ўқув даргоҳини танлаши улар орасида иқтидорли талабалар учун рақобатни бошлаб беради. Университет таълимининг муҳим вазифаси, яъни давлатимиз стратегик тараққиётидаги ўрни — жамият ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин эгаллайдиган, технологик ривожланиш талабларига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлашдан иборатдир. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бўй чўзаётган, тобора оммалашиб бораётган давлат ва нодавлат университетларга Ватанимизнинг технологик жиҳатдан ривожланиши, глобаллашув жараёни туфайли халқаро рақобатбардошлигини таъминлаш учун зарур бўлган, юқори малакали кадрлар тайёрлаш вазифаси қўйилган. Айниқса, замонавий техника ва янги технологияларга оид мутахассисларни тайёрлаш долзарб бўлмоқда.
Кадрлар тайёрлаш ишига бундай ёндашув, бевосита мамлакатимизда кластерларнинг ривожланиши, уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш жараёни, мавжуд саноат корхоналарининг модернизациялашуви, машинасозлик тармоқлари, кичик саноат зоналарида фаолият олиб бораётган корхоналар, шу жумладан, қўшма корхоналар, банк-молия тизими хавфсизлигини таъминлаш учун малакали мутахассислар тайёрлашни талаб қилмоқда. Бу жараён ўз навбатида ёш мутахассисдан рақобатга чидайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган технологик жараённи тўлиқ ўзлаштиришни талаб қилади. Университетлар олдидаги яна бир муҳим масала — хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган корхоналарни маҳаллий кадрлар билан таъминлаш вазифасини бажариши лозим. Бу жараёндаги муҳим хусусият шундаки, қўшма корхоналар университетларда тайёрланган ва қўшма корхонада ишлашни истаган маҳаллий кадрлар малакасининг сифатига алоҳида эътибор беради. Шу жумладан, уларнинг хорижий тилларни, компьютерлаштириш технологияларини мукаммал эгаллаганлиги зарурияти вужудга келади. Қолаверса, Ўзбекистон Республикасида муттасил ошиб бораётган қўшма корхоналар, замонавий техника ва технологиялар билан таъминланган ишлаб чиқариш, саноат корхоналари сонининг ошиб бораётганлиги ушбу корхоналар учун зарур бўлган инженерлар, мутахассислар, бошқарув соҳаси учун зарур бўлган кадрларни тайёрлаш ишини ҳам такомиллаштиришни талаб қилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, мавжуд ихтисосликларнинг ўқув режаси рақамли иқтисодиёт талаблари асосида, яъни жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий тармоқларда олий маълумотли кадрларга бўлган зарурият ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилган. Бундай жараён ўз навбатида давлат ва нодавлат ташкилотлар, ишлаб чиқариш корхоналари, таълим муассасалари, хусусий сектор, тадбиркорлик субъектлари билан бевосита алоқаларнинг барпо этилиши, тизимли ривожлантирилиши орқали вужудга келди. Жумладан, университетлар ва ташкилотлар, муассасалар ўртасида имзоланган шартномаларда, бакалавриатни тамомлаган ёш кадрларни иш билан таъминлаш масалалари ҳам ўз аксини топиши мақсадга мувофиқ.
Ҳозирги кунда университетлар талабаларини айрим таълим йўналишларида иккинчи курсданоқ корхоналарга, таълим муассасаларига, тадбиркорлик субъектларига бириктириб қўйиш тажрибаси йўлга қўйилган. Бунинг натижасида бугунги талаба ўзининг бўлажак иш жойи билан танишмоқда ва бакалавр дипломини олганидан кейин ўша жойда ишлаш имконияти вужудга келади. Ёки бўлажак касбининг сир-асрорларини ўрганади, унинг мураккаб жиҳатларига эътибор беради. Талаба томонидан олинган назарий билим ва амалиёт орасидаги дастлабки учрашув содир бўлади. Ўқув жараёни ва ишлаб чиқариш орасидаги бундай амалиёт натижасида талабалар реал иқтисодий секторга эртанги кундаги иш жойларига бугундан тайёр бўлиб, шу жойнинг жамоасига киришиб, унинг нима билан яшаётгани олдида турган вазифалардан хабардор ва дахлдор ҳолда ишга борадилар.
Олий таълим олдида турган вазифаларни, бўлажак кадрлар тайёрлаш ишига қўйилаётган талабларни эътиборга олиб мактабгача таълим, мактаб таълими, математика, тарих, ўзбек тили ва адабиёти, хорижий тиллар мутахассисликлари тайёрланиши ҳам кенг йўлга қўйилган. Таъкидлаш лозимки, ушбу ижтимоий-гуманитар йўналиш касб этадиган мутахассисликлар кенг мушоҳадали малакали кадрларни тайёрлашни талаб қилади. Университетларда бу жараёнга ёндашувда профессор-ўқитувчилар олдига ихтисосликка оид бугунги кун амалиётини яхши билиш вазифаси қўйилди. Мутахассислик кафедраларига бундай муносабат натижасида талабаларга глобаллашув, чуқурлашаётган бозор иқтисодиёти, рақамли иқтисодиётнинг ижтимоий соҳага қандай таъсир кўрсатганлигини англаган ҳолда талабалар билан ишлаш йўлга қўйилмоқда. Амалиёт ва назария орасидаги бундай боғлиқлик натижасини ижтимоий-гуманитар, хорижий тиллар мутахассисликларида ўқишни истаган абитуриентлар сонининг муттасил ошиб бораётганлигидан кўришимиз мумкин. Мамлакатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонда ҳам абитуриентларнинг хорижий тилларни билишига эътибор қаратилган.
Шу билан биргаликда малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим бўғини — магистрлар тайёрлаш ҳисобланади. Албатта, бу жараён учун зарур бўлган, яъни кафедраларга етакчи мутахассислар, олимлар, фан докторлари танлов асосида ишга таклиф қилинмоқда. Магистратура учун зарур бўлган методик қўлланмалар, ўқитиладиган фанлар бўйича дарсликлар тайёрлаш жараёни олиб борилмоқда. Магистратурада тайёрланадиган кадрларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда, жумладан, олий таълим тизимидаги кафедраларда магистрларга мўлжалланган дарсликлар, ўқув қўлланмаларини етакчи хорижий университетларнинг профессорлари билан ҳамкорликда яратиш ишлари бошланди.
Олий таълим тизими профессор-ўқитувчилари бўлажак мутахассисларнинг талаблари, истаклари, таклифларини ҳисобга олган ҳолда таълим бермоқдалар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кафедралар, мониторинг бўлими, таълим сифатини назорат қилиш бўлими, деканатлар фаолиятида тизимли суръатда талабаларнинг давомати, дарслардаги иштироки, айниқса, кредит-модуль тизими асосида ташкил қилинган, талабалар мустақил ишининг бажарилишини, ўқув жараёни сифатига эътиборни доимий суръатда амалга оширишлари зарурлигини кўрсатмоқда. Ўқув жараёнидаги муҳим масала профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилаётган маърузалар, семинар машғулотлари, маслаҳат дарсларининг сифати халқаро талабларга жавоб беришидир. Шунинг учун ҳам давлат ва нодавлат, шунингдек, бошқа турдаги олий таълим ташкилотлари раҳбарияти талабаларнинг ўқув жараёнини янада такомиллаштиришга қаратилган шахсий фикрларига алоҳида эътибор беради, уларнинг амалга ошишини таъминлайди. Олий таълим тизимида талабалар томонидан сабабли қолдирилган дарсларни қайта топшириш, ушбу мавзу бўйича талаба томонидан мустақил ишланган топшириқнинг бажарилиши ҳам назоратга олиниши режалаштирилмоқда. Бизнинг фикримизча, бундай мониторинг натижасида талаба ўқув жараёнига эътиборини янада кучайтиради, дарсларни қолдирмасликка интилади. Ушбу тизимнинг муҳим бўғини ҳисобланган фанлар бўйича, яъни жорий, оралиқ ва якуний ўзлаштириш назоратининг ташкил қилиниши, сифатли ўтказилишига эътибор қаратилади. Чунки ушбу жараён талабалар орасидаги маънавий муҳитни таъминлаш, улар билими даражасини аниқлашда адолат мезонларига амал қилиш ва пировард натижада таълим сифатини оширишни таъминлайдиган механизмлардан биридир.
Олий таълимдаги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тайёрланаётган мутахассисларнинг юқори малакасини таъминлашдан иборат. Хорижий таълим тизимлари таҳлилига асосан, келажакда масофавий таълим ва бошқа турдаги прогрессив таълим шакллари ривожланиб бораверади. Бу жараёнда нималарга эътибор бериш мақсадга мувофиқ? Биринчи навбатда барча турдаги университетлар кафедраларини юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлашдан иборатдир. Чунки масофавий таълимдаги ўқув жараёнининг ўзига хос хусусияти — ушбу бўлимда таълим олаётган талабаларнинг кўпчилиги ўзлари танлаган мутахассисликлари бўйича ишлайди. Иккинчидан, масофавий таълимда ўқиётган талабалар билан ишлайдиган кафедралар, ўқув режасидаги ҳар бир фан бўйича масофавий таълим мазмунини ҳисобга олган ҳолда ўқув-методик материаллар мажмуасини, ўқув қўлланмалари ва дарсликларнинг янги авлодини яратишлари лозим. Учинчидан, профессор ўқитувчиларни масофавий таълим тизимида ишлашга мўлжаллаб, уларнинг малакасини ошириш лозим. Айниқса, ёш ўқитувчиларни, илмий-педагогик фаолиятга жалб қилинган магистрларни бу жараёнга пухта тайёрлаш мақсадга мувофиқ. Бундай вазифа ўз навбатида малака ошириш институтлари ва марказлари ишини ҳам тубдан яхшилаш, масофавий таълим методикасини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишни талаб қилади. Тўртинчидан, масофавий таълим жараёни дарс жараёнини компьютерлаштиришни янада такомиллаштириш вазифасини олдинга суради. Бунинг учун ўқув хоналари, профессор ўқитувчиларнинг талабалар билан мулоқот қилиши, ахборот узатиши, савол-жавобларини қабул қилиши учун мўлжалланган замонавий ўқув техникаси мавжуд бўлиши лозим.
Бугунги кун олий таълим ташкилотидаги ўқув жараёнининг ўзига хос хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
Биринчидан, ўқув жараёнида замонавий компьютерлардан маърузалар ўқишда, амалий машғулотлар ўтказишда самарали фойдаланиш. Ўқув машғулотларининг юқори савияда ўтказилиши учун университет ахборот-ресурс марказлари замонавий техник ўқув воситалари, дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг сўнгги авлоди билан жиҳозланганлиги муҳим. Барча асосий фанлар бўйича мутахассисликларга оид ўқув-методик материаллар, маъруза матнларининг электрон базаси шакллантирилган бўлиши керак. Бундан ташқари, асосий эътибор талабаларнинг индивидуал мустақил ишларига қаратилиши лозим. Талабанинг компьютерда мустақил ишлаши катта тарбиявий аҳамиятга эга, чунки у талабаларда юқори ташкилотчилик, интизом, ирода, ижодий ташаббус, мақсадга эришишдаги қатъият, фактларни, ҳар қандай вазиятни таҳлил қилиш қобилияти, мустақил ва мослашувчан фикрлашни тарбиялайди, ўз фикрларини жамлашни ўргатади.
Иккинчидан, юқори малакали, бевосита амалиёт билан боғлиқ билимларга эга бўлган мутахассислар тайёрлашда компьютерларнинг сўнгги авлодидан самарали фойдаланиш жараёни, талабаларнинг мустақил ишларини ташкил этишни сезиларли даражада фаоллаштириш унинг шакл ва усулларини диверсификация қилиш имконини беради. Ҳозирги вақтда олий таълим самарадорлигини оширишнинг муҳим омили — инновацион ахборотлар мажмуасини яратиш ва уларни ўқитилаётган фанлар мазмуни ва амалиётга изчил интеграциялаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Мутахассислар тайёрлашга бундай ёндашув олий таълим тизимига юқори малакали мутахассисларни ишга таклиф қилишни талаб қилмоқда.
Учинчидан, ўқув жараёнини тўлиқ компьютерлаштириш бўлажак бакалаврларни нафақат ахборотни қайта ишлаш тизимларининг малакали мижозлари, балки ижтимоий-иқтисодий мазмундаги маълумотларни қайта ишлаш учун турли хил дастурий воситалардан самарали фойдаланишга қодир фойдаланувчилар сифатида ўқитишни талаб қилади. Компьютерда ўқитилаётган фанларга оид аналитик муаммоларни ҳал қилиш жараёнида қуйидагиларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ:
- амалий иш жараёнида компьютер техникасини қўллашни ўрганиш, компьютерда аналитик таҳлилни ўзлаштириш ўқув жараёнининг муҳим қисмини ташкил қилишини ҳисобга олиш;
- компьютер техникасидан самарали фойдаланиб, бўлажак иш жараёнида рақамли иқтисодиёт имкониятларидан фойдаланишнинг асосий назарий жиҳатлари, моделларини яратишга эътибор бериш;
- амалиёт билан боғлиқ бўлган аналитик хулосаларни лойиҳалаш қоидаларини билиб олиш ўқув жараёнидаги асосий мақсаддан иборатдир;
- амалий машғулотларда лаборатория ишларини компьютерда бажариш орқали масалалар устида индивидуал ишлаш даражасини ошириш орқали ўқув жараёнининг сифати сезиларли даражада такомиллашмоқда;
- компьютер технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда ишбилармонлик ўйини ташкил қилиш ўқув жараёнининг муҳим қисмидир. Бундай ижодий ёндашув ўқитувчилар ва талабалар гуруҳини пухта тайёрлашни, яъни мавзуга доир материалларни чуқур ўрганишни талаб қилади.
- Кадрлар тайёрлаш жараёнига тизимли ёндашувни, яъни талабанинг бўлажак иш фаолиятини ишбилармонлик ўйини шаклида ташкил этиш ва моделлаштириш орқали амалга ошириш мумкин.
Таъкидлаш лозимки, ишбилармонлик ўйинлари талаба томонидан келгуси иш фаолиятининг моҳиятини тушуниш учун ташкил этилади. Ишбилармонлик ўйини-айрим реал воқеликни ўрганиш мақсадида уни моделлаштиришга қаратилган фаолият туридир. Ишбилармонлик ўйинини ўтказиш талабаларнинг ўрганилаётган фан бўйича талаба олган назарий билим ва кўникмаларидан фойдаланиш, кутилмаган вазиятларда мустақил хулоса чиқариш имконини беради. Бундан ташқари, масалалар мажмуасига асосланган ишбилармонлик ўйини талабага олий таълим тизимида ўқитиладиган курслар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни аниқлашга ёрдам беради. Амалиёт билан узвий боғлиқликка мўлжалланган ўқув жараёнида барча фанлардан ўтказиладиган тренингни ишбилармонлик ўйинлари сифатида фойдаланиш орқали эришиш мумкин. Компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган ишбилармонлик ўйинларини методик жиҳатдан таъминлаш мақсадида университет кафедраларида фанларга оид услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш зарур.
Олий таълим тизимидаги ўқув жараёнида талабаларнинг илмий ишларида компьютер имкониятларидан кенг фойдаланишга эътибор берилмоқда. Албатта, бу жараён талаба — кафедра — ахборот ресурс маркази алоқадорлиги асосида ташкил қилиниши мақсадга мувофиқ. Масаланинг ечимига бундай ёндашув талабаларда илмий тадқиқот ишларининг методологик, назарий асосларини чуқур ўрганишларига ёрдам беради. Шунингдек, танланган мавзуга оид масалаларнинг ечимини топишга бевосита ёрдам берадиган илмий ёндашувнинг биридир. Таъкидлаш лозимки, Олий таълим тизимида талабаларнинг ижодий, илмий фаоллиги, бугунги кун замонавий технологияларидан хабардорлиги келажакда малакали мутахассис бўлишига, зарур бўлган билимларни эгаллашларига мустаҳкам замин яратади.
Абдусалом УМАРОВ,
Тошкент амалий фанлар
университети ректори,
техника фанлари доктори,
профессор.