Мегалойиҳа нима, мақсад-вазифалари қандай?
Ёки университетда йўлга қўйилган мегалойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида 2023 йилнинг июнь ойида “Ўзбекистонда ветеринария, биотехнология ва чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун кадрларни интенсив тайёрлаш илмий бизнес инкубатори” мегалойиҳасига старт берилган эди. Ушбу лойиҳа илмий кадрлар етиштиришнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, илмий изланишларни тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш, талабалар амалиётини ташкил этиш ҳамда тўлиқ ўз-ўзини молиялаштириш механизмини яратиш мақсадида барча имкониятларни ўзида мужассамлаштирган.
Лойиҳа доирасида замонавий тажриба-вивария клиникаси, ўқув ва илмий лабораториялар базаси шакллантирилди. Илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланди ва ветеринария, чорвачилик, биотехнология, агротехнология, агроиқтисодиёт соҳаларида кадрларни интенсив тайёрлаш орқали юқори малакали кадрлар тайёрланмоқда. Асосийси, илмий салоҳият кескин кўтарилди ҳамда бакалавриат ва магистратура талабаларига дарс ўтиш жараёнларида тўлиқ фойдаланилаяпти. Натижада инновацион фан-таълим, илм ва ишлаб чиқариш узвий боғлиқлиги таъминланди.
Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистонда ветеринария, биотехнология ва чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун кадрларни интенсив тайёрлаш, илмий бизнес инкубаторини ташкил этиш ҳамда инновацион ғоялар асосида янги услуб-воситаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишдан иборат.
Лойиҳанинг асосий вазифалари эса, ташкилотлар ва аҳолига хизмат кўрсатадиган замонавий илмий-инновацион марказ ташкил этилиб, ветеринария, чорвачилик, биотехнология, агротехнология ва агроиқтисодиёт соҳаларида фаолият олиб бораётган изланувчиларни жалб қилиш, илмий кадрлар тадқиқотлари натижаларидан олинган ишланма ва илмий янгиликларни ишлаб чиқариш амалиётига жорий этиш, буюртмачилар билан манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, республиканинг қишлоқ хўжалик кластерлари учун юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш ҳамда университетнинг молиявий мустақиллигини босқичма-босқич таъминлаб, илмий салоҳиятни кескин кўтаришдан иборатдир.
Лойиҳа иштирокчилари томонидан бугунги кунга қадар олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижалари асосида 100 дан ортиқ мақола, тезислар “Scоpus”, “Web of Science”, “Impact factor” каби халқаро ва республика илмий журналларида, илмий-амалий конференциялари тўпламларида чоп эттирилди.
Университетнинг Нукус ва Тошкент филиаллари учун ветеринария ва чорвачилик соҳалари бўйича юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаб бериш, илмий кадрларнинг илмий тадқиқотлари натижалари бўйича олинган ишланма ва илмий янгиликларни республиканинг ветеринария, чорвачилик, биотехнология ҳамда агротехнология соҳалари бўйича ишлаб чиқариш амалиётига жорий этиш, юқумсиз ва инвазион касалликларга тезкор ташхис қўйишни ташкил этиш ва ушбу касалликларнинг олдини олиш ва даволашнинг замонавий, самарали усулларини ишлаб чиқиш, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсидан олинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини доимий назорат қилиш орқали инсонлар учун хавф туғдирувчи омилларни юқори аниқликда илмий таҳлил қилиш ва амалиётга илмий асосланган ҳолда тавсиялар бериш орқали кўзланган натижаларга эришилмоқда.
Лойиҳа доирасида бугунги кунда 38 нафар профессор-ўқитувчи (22 нафари фалсафа доктори (PhD), 16 нафари фан доктори (DSc)), “Устоз-шогирд” тизимида 5 нафар магистратура мутахассислиги ҳамда 7 нафар бакалавриат босқичи талабалари ўз илмий-тадқиқот ишларини олиб боришмоқда. Тадқиқотчилар 14 хил ҳайвон турлари (от, йирик шохли қорамол, қўй, эчки, асалари, курка, товуқ, бедана, қуён, балиқ каби) устида тажриба ўтказиб, изланишларини давом эттиришмоқда.
Республикада наслли эчкичиликни йўлга қўйиш, уларнинг бош сонини кўпайтириш, эчкичиликнинг наслчилик-селекция соҳаларида илмий, услубий ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, фундаментал ва амалий тадқиқотларда фойдаланишни ташкил этиш мақсадида 2023 йилда Россия Федерациясидан 10 бош “Оренбург” зотли, жорий йилда эса 10 бош “Ангор” зотли эчкилар олиб келинган бўлса, яна Россия Федерациясининг Олтой ўлкаси ҳамда Монголиядан 10 бошдан зотдор эчкилар олиб келиниши кутилмоқда.
Мегалойиҳа доирасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган изланувчиларнинг тадқиқот объектларидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳайвон тури бўйича сардорлар тайинланди ҳамда олиб борилган ишлар ва эришилган натижалар бўйича ўзаро фикр алмашиш мақсадида семинарлар ташкил этилиб, илмий-тадқиқот ишлари натижаларининг апробациялари махсус апробация комиссияси иштирокида муҳокама қилинмоқда.
Юқори малакали кадрларни тайёрлаш учун лойиҳа иштирокчиларидан 10 нафарга яқини дунёнинг нуфузли 1000 талигига кирувчи олий таълим муассасаларида, жумладан, Туркия давлатининг Докуз Эйлюл университети, Қозоғистон давлатининг Қозоқ миллий аграр тадқиқотлар университети ва Мухтор Авезов номидаги Қозоғистон университетларида ҳамда илмий тадқиқот институтларида қисқа муддатли малака ва стажировка ўтаб келишди. Шунингдек, лойиҳа иштирокчиларини Туркия, Беларусь, Россия, Латвия, Португалия каби хорижий давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртларига малака ошириш учун юбориш кўзда тутилган.
Умуман олганда, мазкур мегалойиҳа ва ундан кутилаётган натижалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 февралдаги Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур”нинг мақсадли параметрлари ва асосий йўналишлари — аҳолини чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда чорвачилик ва унинг тармоқларида ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, ушбу соҳада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Асосийси, мегалойиҳадан кўзланган мақсад, глобал масалалардан бўлган озиқ-овқат хавфсизлиги, чорвачилик ва биотехнология соҳалари бўйича мутахассис — юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш, шунингдек, чорвачилик соҳасида сифат назоратини кучайтириш, экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, чорвачилик ва ветеринария соҳасида инфратузилма хизматларини ўз ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш каби энг устувор тамойилларни амалга оширишда илмий-тадқиқот ишларини холис тажриба ва синовдан ўтказишдан иборатдир.
Худайназар ЮНУСОВ,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар
университети ректори,
биология фанлари доктори, профессор.