Эҳтиром

Шукур ҚУРБОН

Муаллиф ҳақида:

Шукур ҚУРБОН — 1951 йилда Балиқчи туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини битирган.

Унинг “Оққушлар кўли” (1978), “Нафас” (1982), “Ёз кунлари” (1986), “Ёри жоним” (1986), “Байрам — болаларники” (2006), “Бир қалб манзараси” (1990), “Сизни Худо етказди” (1995), “Арбаъин” (2002), “Озорингни соғиндим” (2011) ва бошқа 30 дан зиёд шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.

Ф.Петрарка, А.Пушкин, Р.Ҳамзатов, Ж.Превер сингари шоирларнинг асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

(Париж-2024. Олимпиада таассуротлари)

1

Олис Фарангистонда, кузатдингизми,

Ўзбек ўғил-қизлари нелар қилишди?

Афсонавий Олимп чўққиларига

Ватанимиз байроқларин илиб келишди.

 

Хаёлан майдонга тушолдингизми,

Биргалашиб, юрак ютиб, жим?

Жўшишганда сиз ҳам жўшолдингизми,

Билдингизми, уларнинг рақиблари ким?

 

Зафар қозонганда, хурсандчиликдан —

Кўз ёш қилишганда, йиғладингизми?

Фахрланиб ўзбек эканингиздан,

Сездингизми бахтиёр инсон, деб ўзни?

 

Балли! Мен ҳам тушдим шундай ҳолатга,

Кўрдим ютоққанча ҳамма-ҳаммасин.

Бошқаларга халал бермаслик учун

Ҳаттоки ичимга ютдим нафасим.

 

Улар орасида менинг болам йўқ,

Болам каби азиз билдим ҳар бирин.

Ҳар бирин ашаддий мухлиси бўлдим,

Қўйдим баҳоларин ҳакамдан бурун.

 

Бошқача бўлиши мумкинмасди ҳам,

Акс ҳолда, мен — лоқайд, бефарқ, бегона,

Бетаъсир бўлардим, басир бўлардим,

Акс ҳолда, не дерди мени юрт — она!

 

2

Дунё халқларининг шан намойиши —

Олимпиадада бундай қатнашмоқ —

Насиб этавермас ҳамма халққа ҳам…

Янги Ўзбекистон сабаб бунга. Оҳ!

 

Бинобарин, Аллоҳ қўллади бизни,

Акс ҳолда, бунча файз бўлмасди сира.

Ҳар бир иштирокчи қучган зафарин

Аллоҳдан, деб, кўкка қилди ишора.

 

Баҳодир Жалол-чи? Рингга майкасин

Ёйиб, саждага бош қўйди, чўкиб тиз.

Мўмин-мусулмоннинг ишин қилди у,

Ўзбекнинг ишини қилди у, шаксиз.

3

Ҳаммамиздан олдин, хабардормисиз,

Қутлади уларни Президентимиз.

Қайси юрт раҳбари йўл тутар шундай,

Ахир, юмуши кўп, вақти ҳам тиғиз.

 

Давлат ишларидан, демак, муҳимроқ

Улар қилган ишлар, англаяпсизми?

Сайлаб ва ишониб улус номидан

Юборганди эл-юрт бу ўғил-қизни.

 

4

Биламиз: баъзи бир спортчиларга

Ўхшамас бу ёшлар — ақлли анча.

Ҳолбуки, дўст-ёрлар орасида ҳам

Ҳасадгўйлар қанча, душманлар қанча!

 

Барчасига чидаб, барчасин енгиб,

Оламшумул зафар қучиб келдилар.

Самолётда эмас, Ҳумо қушида,

Шодлик қанотида учиб келдилар.

 

5

Берилажак совға-саломни эмас,

Юртимиз шарафин ўйлашди улар.

Ватан мадҳияси янграгани чоғ,

Кўзда ёш, жўр бўлиб куйлашди улар.

 

Калтак бу — уни ёд билмаганларга,

Ватан учун амал қилмаганларга,

Бахтидан шод-хуррам кулмаганларга,

Дардларин назарга илмаганларга.

 

6

ЙПХ ходимлари, “Президент совғаси”

Ёзувли мошинлар ўтса, йўл беринг!

Мингандир уларни Ватаннинг асл

Фарзандлари, тўсманг, бўлмасин гаранг!

 

7

Ва ниҳоят, имкон берилди бизга

Билмоқ учун қандай ўстирмоқдамиз

Фарзандларимизни — қора кўзларни.

Бугун, мана, шодон ўй сурмоқдамиз.

 

Спорт саройлари ва мактаблари

Бежиз қурилмабди бу юртда, демак.

Демак, Алпомишлар ва Гўрўғлилар

Шунчаки чўпчакмас, бор гаплар, бешак.

 

Бизлар ўшаларнинг авлодларимиз,

Осмондан осилиб тушганимиз йўқ.

Бунинг исботи, бас, олимпиада,

Қандай далил керак, хўш, бундан ортиқ?!

 

8

Дунё тан олмоқда Ўзбекистонни,

Менинг Ватанимни — жаннат маконни.

Ҳайратга солмоқда янгиланиб у

Эскирган, шалағи чиққан жаҳонни.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 18 =