Гўзал шаҳрим
Мустақиллик шарофати туфайли юртимизда жуда кўп ўзгаришлар юз берди. Ушбу йиллар мобайнида Ўзбекистонимиз юксалиб, ривожланиб борди. Юртимиздаги бунёдкорлик ишлари Ватанимиз чиройига янада кўрк қўшди.
Азим шаҳрим Ангренда ҳам сўнгги йилларда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шаҳримизга кўпдан буён келмаган меҳмон ҳозир келса, ҳайратланиши тайин.
Кўп қаватли бинолар таъмирланиб, шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турибди. Кўчалар ободонлаштирилиб, экилган ранго-ранг гуллар ифори дилларни яйратади. Яшил табиати кўнгилларни қувнатади. Албатта, Ангрен шаҳрига жуда кўп меҳмонлар ташриф буюради. Бу жойнинг тоза ҳавоси, сўлим гўшалари барчани ўзига чорлайди. Бир марта ташриф буюрган одам яна шу ерга келишни истайди.
Ангрен шаҳри тоғли ҳудуд бўлгани сабаблими, ёз фаслида ҳам нисбатан ҳаво салқин, тоғларидан оқиб тушувчи зилол сувлари томчилари ҳавони янада салқинлаштиради. Тоғ ён бағирларида сиҳатгоҳлар ва меҳмонхоналар барпо этилган бўлиб, ҳамиша меҳмонлар билан гавжум.
Ангрен шаҳрида турли миллат вакиллари яшайди. Уларнинг бари меҳнатсевар.
Шаҳар марказида “Дельфин” номли дам олиш масканининг қурилиши унинг янада кўркамлашишига замин бўлди. Тоғ ёнбағридаги сиҳатгоҳлар, дам олиш масканлари ҳар мавсумда меҳмонлар билан гавжум. Ангреннинг одамлари меҳнатсевар бўлганлиги боис, бозорлари турли хил ноз-неъматларга бой. Ангрен шаҳрида яна бир эътиборга сазовор маскан — Маънавият хиёбони барпо этилган. Маънавият хиёбонидаги алвон гуллар ва манзарали дарахтлар, дам олиш учун мўлжалланган ўриндиқлар, ранго-ранг нур таратувчи фавворалар каттаю кичикни ўзига жалб этади. Меҳнаткаш халқ иш ва юмушлардан сўнг сокин оқшомда мароқли ҳордиқ чиқаради.
“Афсона” номи билан аталувчи афсонавий майдонда оқшомлари нафақат Ангрен аҳолиси, балки бошқа ҳудудлардан ҳам одамлар келиб дам олишади. Мафтункор манзара касб этган ушбу маскандаги ўйингоҳлар болалар кулгиси ва шодлиги билан тўлган. Мусиқа садолари остидаги рангли нурлар ёғдусида майдон марказидаги фавворанинг суви мавжланиб туради. Фаввора атрофидаги ўриндиқларда одамлар маданий ҳордиқ чиқаришади.
Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Раимов халқ орасида юриб, одамларнинг дардини тинглайди, муаммоларига ечим топади. Шаҳар янада чирой очиши учун жон куйдирмоқда. Обод кўчалар, қад кўтарган кўркам бинолар шаҳарнинг чиройига чирой қўшганлигидан завқланади.
Шаҳарда таълим соҳасига ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу ерда университет, ИДУМ, касб-ҳунар мактабларида ўқиб, таълим олаётган ёшларимиз республика танловларида, спорт мусобақаларида нуфузли ўринларни эгаллаб, юртимиз байроғини баланд кўтармоқдалар.
Хулласи калом, Ангрен шаҳрида яшаётганимдан фахрланаман. Янада кўркамлашавер, жонажон шаҳрим!
Гулсуной ЖАМОЛОВА,
Ангрен шаҳар ММТБга қарашли
34-ИДУМ маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.