Матонат

Паралимпия чемпионларига

Рустам МУСУРМОН,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

Қорақалпоғистон халқ шоири.

Муштдек бирлашмоқни истади жаҳон,

Олимпиадага интилди олам.

Париж — “Барча учун кенг очиқ майдон!”  —

Кенгликка чорлади оламни бирдам.

 

Тенглик ва эркинлик керак инсонга,

Она Ернинг меҳри дарё, бағри кенг.

Замин эгнидаги битта чопонга

Бир халқ ёқа бўлар,

Бир халқ бўлар енг.

 

Чемпионлар зафар қозонган чоғи

Ёғилди миллатлар фахриялари,

Кўкка кўтарилди халқлар байроғи,

Янгради давлатлар мадҳиялари.

 

Баҳодирларимнинг қонида даҳо,

Фахр этаман, менинг миллатим илғор.

Олтин юлдуз сочди неча бор само,

Байроғимни ўпди осмон неча бор.

 

Ким ҳам шон-шуҳратга, ахир, ўч эмас?!

Адолатли ҳакам бўлди диёнат.

Юзма-юз курашда ёвуз куч эмас,

Ғалаба қозонди мардлик, матонат.

 

Ботирлар майдонга тушди ор учун,

Сездим матонатнинг зўр нафасини.

Шону шавкат учун, ифтихор учун

Қутлайман матонат ғалабасини!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − three =