Сўзга “зиқна”, ўзи сахий муҳаррир
Дунёда инсон томонидан қоғоз ихтиро этилганидан кейин орадан бир неча асрлар ўтиб, китоб дунёга келди. Китоб инсониятнинг энг муқаддас буюми сифатида асрлар оша яшаб келмоқда. У одамнинг энг содиқ дўсти. Шу сабабли ҳам инсон уни қадрлайди, эҳтиёт қилади, асрайди. Ўзи учун азиз бўлган китобини бировга бергиси келмайди, зиқналиги тутиб қолади. Яхши кўрган китобини йўқотиб қўйиб йиғлаганлар, топганда қувончини яширолмаганлар қанча…
Ҳозирги кунда китобга бўлган муносабат, унинг шакл-шамойили ўзгарди. Турли бичимдаги китоблар тури кўпайди. Шуни алоҳида қайд этишни хоҳлардимки, китобнинг қадри тушмади, балки ортди. Яхши китоб қидираётганлар, унинг қайта нашр бўлишини кутаётганлар аудиториясини ҳисобга олиб, шундай фикр билдирмоқдаман.
Масалан, “O‘zbekiston” НМИУ томонидан 2016 йилда детектив асарлари билан дунёга танилган машҳур инглиз адибаси Агата Кристининг “Изқувар Пуаро” номли китоби 5 000 нусхада чоп этилди. Тасодифни қарангки, ўша вақтда телевидениеда “Изқувар Пуаро” ҳақида кўп серияли фильм ҳам намойиш этилаётганди. Ҳикоялардаги қаҳрамонларнинг тақдири китобхонни ўзига маҳлиё қилиб қўйганди. Китоб қўлма-қўл бўлиб кетди.
Орадан бир йил ўтиб, китоб иккинчи маротаба 10 000 нусхада нашр этилди. Бунинг сабаби китобга талаб кўплигида эди. Китоб яхши таржима қилингани, содда ва равон тилда ифода этилгани сабабли ўқувчини ўзига тортди. Албатта, бунда ундаги ҳикоялар таржимони Иззат Аҳмедовнинг маҳорати ва меҳнатини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Буни ушбу китоб нашриётда тўрт марта нашр этилганининг ўзиёқ фикримни тасдиқлайди.
Иззат ака китобнинг ҳар бир нашрида матнга бадиий сайқал беришдан чарчамасди. Аслида, бу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Иззат Аҳмедов моҳир муҳаррир бўлганлиги унга асқотди, десак хато бўлмайди. У жуда синчков, сўзга “зиқна”, ортиқча сўз ишлатгиси келмайди. Сўзни ўз жойида ишлатишни яхши билади. Маълумки, сўз муҳаррирнинг энг кучли қуроли ҳисобланади. Иззат ака матбуот соҳасига кириб келганига ҳам бир неча ўн йиллар бўлди. Унинг дастлабки мақоласи 1974 йили Сурхондарё вилояти (ҳозирги “Сурхон тонги”) газетасида чоп этилганди. У шу йиллар мобайнида журналистиканинг турли жанрларида қалам тебратиб, республикамизда нашр этиладиган “Тошкент оқшоми”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” (ҳозирги “Жадид”), “Туркистон” (ҳозирги “Ёшлар овози”) каби газеталарда юздан ортиқ мақолалари билан иштирок этган.
Иззат ака 1991 йили ташкил этилган “Мулоқот” журналига ишга қабул қилинди. Журналда катта тажрибага эга ижодкорлар тўпланганди. Ёш изланувчан Иззат Аҳмедов ана шу тажрибали ижодкорлардан таржима ва таҳрир сирларини ўрганди. У журналда ишлаган уч йил мобайнида бир умрлик ҳаётий ва ижодий тажрибаларни тўплади, десак муболаға бўлмайди.
У 1993 йили янги ташкил этилган “Хабар” газетасига мухбирлик вазифасига ишга таклиф этилди. Газета жамоаси билан газетачиликнинг барча машаққатларини тотиб кўрди. Газетадаги 13 йиллик иш фаолияти давомида мухбирликдан бош муҳаррир ўринбосари даражасигача бўлган йўлни босиб ўтди. Албатта, унинг униб-ўсишида яхши инсонлар кўмаклашди, қўллаб-қувватлашди. Табиийки, бу ишлар ва меҳнатлар бесамар кетмади. Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги раҳбарияти Иззат Аҳмедовнинг камтарона хизматларини эътиборга олиб, “Ўз касбининг устаси” нишони ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирлади.
Шу йиллар мобайнида И.Аҳмедовнинг “Тожмаҳалдаги муҳаббат”, “Тоғларга қор ёққанда” номли китоблари дунё юзини кўрди. Шунингдек, “Дунё маликалари”, “Буюклар муҳаббати”, “Монте Кристонинг сирли хазинаси”, “Телефон қилган балиқ”, “Уммон остидаги дур”, “Харобадан чиққан машҳурлар” (1- ва 2-китоблар) каби тўпламларини тайёрлаб, нашр эттирди.
Иззат Аҳмедов 2011 йилдан бошлаб “O‘zbekiston” НМИУда аввал оддий, сўнг катта муҳаррир лавозимида ишлаб келмоқда. У нашриётда чоп этилган “Рус адабиёти дурдоналари” (100 жилдлик) китобларини нашрга тайёрлашдаги фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Бундан ташқари, у нашриётда чоп этиладиган сиёсий адабиётларнинг асосий муҳаррири ҳамдир. Иззат ака ўз билимини ёшларга ўргатишдан чарчамайди. Шу сабабли ҳам у “Устоз ношир” мақомига эга. Иззат ака 1995 йилдан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, 2022 йилдан эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳисобланади.
2023 йилда Иззат Аҳмедов таржимонлик соҳасида катта ишга қўл урди. У ўзи учун қадрдон бўлиб қолган Нодар Думбадзенинг “Қўрқманг, онажон” номли романини ўзбек тилига таржима қилди. Ушбу китоб Ғафур Ғулом номидаги НМИУда кўп минг нусхада нашр этилди. Китоб Нодар Думбадзе асарларининг мухлисларига муносиб совға бўлди. Иззат ака бунгача ҳам машҳур грузин ёзувчисининг бир нечта ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилиб, “Ҳисларимни қўзғама” номи билан нашр эттирган эди. Ўз касбининг билимдони, моҳир таржимон ва етакчи муҳаррир Иззат Аҳмедов ёшларнинг севимли устози ҳамдир. Ҳассос адибга ижод йўлингиз ҳамиша юксалаверсин, деймиз!
Баҳром АКБАРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.