Уйнинг ўчмас чироғи

журналист Шаҳзода Акбарова портретига чизгилар

Инсон умрини оқар дарёга қиёслашади. Ҳақ гап. Куни кечагина туман марказидаги 1-ўрта мактабда ўқиб, журналист бўлишни орзу қилиб юрган қизча бугун нафақа ёшига етиб, таниқли журналист, тележурналист, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси сифатида юртдошларимизнинг эътиборида, эътирофида.

Ҳавас

Нозиккина жуссаси билан тиним нима билмайдиган, устозларига савол беравериб, тинч қўймайдиган, қўлидан китоб, газета тушмайдиган Шаҳзода Акбарова ўшанда мактабнинг саккизинчи синфида ўқирди. Туман “Меҳнат байроғи” газетасининг биноси мактабга яқин масофада эди. Дарсдан сўнг у таҳририятга борар, газета ходимларидан маслаҳатлар олар, топшириқлар беришса, албатта, бажариб келарди. Газета саҳифаларида босилган ҳар бир кичик хабар, мақола унинг журналист бўлиш истагини янада оширарди.

Ота-она учун ҳали ўн еттига тўлиб улгурмаган қизларини Тошкентдай азим шаҳарга ўқишга юбориш осон бўлмаган, албатта.

Унинг Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида ўқиб, иш фаолиятини бошлаганига ҳам 33 йил бўлибди!

Садоқат ва фидойилик

Ўқишни тамомлаб, фаолиятини Наманган вилоят телерадиокомпаниясида сухандонликдан бошлаган қаҳрамонимиз туман “Меҳнат байроғи” газетасига ишга таклиф қилинди. Бир пайтлар ўзи ҳавас қилиб, журналистиканинг дастлабки сабоқларини олган даргоҳда мухбир, масъул котиб вазифаларида ишлади. Ғайрати, сўзамоллиги, одамлар дарди, муаммоларини нафақат газета саҳифаларига олиб чиқиш, балки, уларни бартараф этишда кўмаклашиши, ҳар бир фикрини аниқ, лўнда, ўқувчи қалбига етиб борадиган тарзда ёзиши билан тилга тушди, меҳр қозонди.

Кейинчалик вилоятдаги “Аёл ва жамият” газетасида фаолият юритди. Ўқишли, ранг-баранг мавзудаги мақола, очерклари билан республика миқёсида ҳам танилди. Мамлакат миқёсида ўтказилган турли танловлар ғолиби, совриндори бўлди.

Бугун вилоятимиз туманларининг қайси бир гўшасига борманг, Шаҳзода Акбаровани яхши танишади. Сабаби — у ўз қаҳрамонлари ҳақида хонасида ўтириб ёзмайди, балки, туманларнинг ўша олис қишлоқларига бориб, топади, мулоқот қилади.

— Журналистнинг нони ҳалол, – дейди қаҳрамонимиз. — Устозларим ўгитларига амал қилиб яшайман. Оқни оқ, қорани қора дейиш керак. Кўрганларимни ёзаман. Бу касбга хиёнат қилиб бўлмайди.

Ҳа, Шаҳзода Акбарова бугун нимагаки эришган бўлса, бу унинг касбига бўлган садоқати, фидойилиги туфайли.

Ташкилотчилик

Бу ҳаммада ҳам бўлавермайдиган фазилат. Қаердаки тадбир бўлса, у ерда Шаҳзода Акбарова иштирок этса, албатта, мазмунли, қизиқарли савол-жавоблар билан, эсда қоларли ўтади. Унинг ҳар бир фикрини ўз ўрнида қўллаши, нутқи, ҳар бир инсоннинг кўнглини топа билиши, муомала маданиятига ҳавас қилгулик. Бу қобилиятни пайқаган вилоят телерадиокомпанияси раҳбари М.Мақсудов Шаҳзодани ишга таклиф қилиб, янглишмаганди.

Унинг “Олтин замин” радиосига раҳбарлиги даврида тайёрлаган ранг-баранг эшиттиришлари, бош муҳаррир ўринбосари лавозими пайтидаги фаолияти, тайёрлаган кўрсатувлари ҳамиша рағбат олган.

Мана, бугун ҳам у яшаб турган Вали Аҳмедов кўчасидаги хонадонда чироқ ўчмайди. Ҳамма тинч уйқуда, кўчалар сокин бўлган паллада Шаҳзода эртага эфирга узатиладиган кўрсатув матнини ёзади, овозлаштириш билан банд бўлади.

Режадаги материаллар Поп, Чуст, Мингбулоқнинг олис қишлоқларидан бўлса, у жойларга етиб бориш, қаҳрамонни топиш, суҳбатлашиш, суратга олиш вақт олади. Шу сабаб тунда ҳам ишлашга тўғри келади.

— Кўрсатув эфирга узатилгач, у ҳақда илиқ фикрлар эшитганимда, барча чарчоқларим, қийинчиликларим унутилади, — дейди қаҳрамонимиз.

Жасорат

Бу сўзни маълум тоифадаги кишиларгагина қўллаймиз. Ваҳоланки, атрофимиз жасоратли инсонларга тўла.

Шаҳзода Акбаровани жасорат, сабр-бардош тимсоли, дегим келади. Унинг ҳаёти бир текис, равон, осуда, тинч кечгани йўқ. Аксинча, ҳар бир лаҳзада у кўплаб синовларга дуч келди. Лекин ҳеч қачон нолимади, шукур қилди.

Маст ҳолда руль бошқариб, тунда она-болани уриб, қочиб кетган йигит туфайли ойлаб касалхоналарда азоб чекиб ётишса-да, унга даъво қилмади. Пандемия пайтида ҳам жонбозлик кўрсатиб ишлади, турли кўрсатувлар тайёрлашдан тўхтамади. Бахтга қарши, вирус балосидан азият чекиб, вилоят шифохоналарида ётди. Бу дардни ҳам енгди.

Юртимизда тараққиёт босқичлари осон кечмагани ҳаммамизга маълум. Журналистнинг ойлик маоши ҳозир ҳам ҳаминқадар. Айниқса, давлат органлари нашрлари ва телерадио тизимида маош кам. Шаҳзода ҳасратни, нолишни асло ўзига эп кўрмайди. Унинг жасорати — кўпчилик қатори ўзи ҳам ўртаҳолгина яшаса-да, ўзидаги тийиқлик ва шукроналикни атрофдагиларга ҳам юқтира билиши.

Раҳматли турмуш ўртоғи ўзига муносиб иш тополмаганидан тушкунликлар гирдобида қолди. Шаҳзода рўзғордаги вазминликларни ҳам табиий яшаш тарзи сифатида қабул қилди. Ўша кезлар тўрт ўғлонининг ейман, ичаман, кияман деб турган айни ўсиш, ўтиш даври эди. Шаҳзода фарзандлари руҳиятига йўқчилик, танқислик, танглик зарбаларини етказмади. Аксинча, моддиятдан баланд маънавий, маърифий интилишлар эҳтиёжини тарбиялади.

Ҳали болалари оёққа турмаган пайтда умр йўлдошидан айрилиш қанчалик оғир бўлмасин, ўзини қўлга олди. Янада иродали бўлди. Болаларига ҳам ота, ҳам оналик меҳр-эътибори билан қаради.

Фарзандлари ўзидан кўпайишмоқда. Тўрт фарзанднинг онаси бугун икки келиннинг суюкли қайнонаси, набираларга меҳрибон бувижон. Ҳасанбой — Наманган давлат университетида фаолият юритади. Ҳусанбой — тадбиркор. Жамшидбек Тошкентда олий ўқув юртини тамомлаб, IT соҳасида ишлайди. Кенжаси — Рихситилла НамДУнинг тарих факультетида таҳсил олмоқда.

Шаҳзоданинг бир одати борки, рости, кўплар ҳавас қилади. Бўш вақт топдими, яқинлари, ҳамкасблари ҳолидан хабар олади. Зарур бўлса, ёнида туради. Уни излаб, эшигига ёрдам сўраб келган ҳар бир инсон ноумид бўлмайди. Қўлидан келган ёрдамини аямайди.

У қачон бир қийинчиликка ёки тўсиққа дуч келса, асло силтанмайди. Бунда ҳам Яратганнинг бир ҳикмати бордир, дейди. Унинг бу ҳаётий қоидаси “Катта йўлга туташ сўқмоқлар” (2001, ҳаммуаллифликда) китобидаги қатраларида, ҳаётий кечинмаларидан иборат “Оқ тулпорлар” (2010) китобида ҳам ўз ифодасини топган.

Шаҳзода Акбарова бугун ҳам Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, элимиз фаровонлиги йўлида ўз сўзи, қалами билан хизматда. Бу йўлда унга, аввало, соғлиқ, узоқ умр, фарзандлари роҳатини кўриб яшашдек бахт тилаймиз.

Лобар РУСТАМОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 3 =