Журналистнинг умр мазмуни

Журналистика шунақа касб, соҳага қадам қўйдингми, ундан кўнгил узиб кетиш қийин. Бу гапни бежиз айтмадик. Дилором Исмадиёрова ҳам ана шундай касбига меҳрли, садоқатли ҳамкасбларимиздан бири. Йўқса, салкам 45 йилдан бери шу соҳада меҳнат қилмаган бўларди. Яна шуниси эътиборлики, Дилором журналистиканинг турли йўналишларида фаолият кўрсатиб (раҳбарлик лавозимларича бўлган йўлни босиб ўтди) кўзи пишди, тажриба орттирди ва бугунга келиб, вилоятдаги энг тажрибали журналистлардан бирига айланди. У 1981 йили ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлагач, йўлланма билан Сирдарё вилоят телевидениесида оддий мухбирликдан вилоят телерадиокомпанияси бош муҳаррири, раис ўринбосари, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи муовинигача бўлган йўлни босиб ўтди. Шунингдек, “Янгиер” ва “Гулистон янгиликлари” газеталарида мухбир, масъул котиб, “Регион.уз” нашрининг ҳудудий бўлими, “Сирдарё ҳақиқати” газетаси мухбири сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатди.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Д.Исмадиёрова матбуот соҳасидаги хизматлари, тажрибаси туфайли вилоят хотин-қизлар қўмитасига, кейинроқ вилоят ҳокимлигидаги масъулиятли вазифаларга ишга таклиф этилди. Лекин идорада ўтириш, қоғозбозлик унинг иши эмаслигини англаб етди-ю, яна журналистикага, бошқача қилиб айт­ганда, ижодига қайтди. Телевидение ва газета мухбири сифатида вилоятнинг унинг қадами етмаган қишлоғу маҳаллалар қолмаган десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, телевидениеда ишлаган кезлари баъзан зарур топшириқлар билан узоқ туманларга бориб, тасвирга олиш ишлари чўзилиб, оқшомгача қолиб кетган пайтлари кўп бўлган. Бундай кезларда қайнонасидан яхшигина танбеҳ эшитганлари ҳамон ёдида. У хизмат сафаридан кеч қайтганида кўз касалликлари шифокори бўлган турмуш ўртоғи Бозорбой Қаршиевнинг (охирати обод бўлсин) бироз жаҳли чиқса ҳам, аёлининг ўз касбини яхши кўришини чин дилдан тушунарди.

Дилором, аввало, миллий қад­риятларимизни қадрлаган, қуймақулоқ бувижониси Марзия момо ҳамда Фармонбиби каби “генерал қайнона” деб ном олган қайнонаси Минсиз момонинг (ҳар иккисини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) ўгитларини, дуоларини олиб, ўзбекнинг ибратли келинларидан бирига айланди. У катта оилага келин бўлиб тушди (улар беш овсин эдилар). Лекин ўқимишли, журналист бўлгани учун унинг оилада ўз ўрни бор эди. Қайнонаси ўқимишли келинни кўп тергамас, лекин мухбир келин учун ҳам унинг айтгани — айт­ган, дегани — деган бўлган.

Дарвоқе, Марзияга момодан эшитган эртаг-у ривоятлар, ҳикояларни тинглаб вояга етгани унинг иқтидорли, қатъиятли, сўзга чечан журналист, истеъдодли адиба бўлишига ёрдам берди. Унинг мавзу танлашида, масалага ёндашишида, муаммони очиқ, шаффоф ёритишида касб маҳорати, тажрибаси асқотса, ёзиш услубига келганда болалигида, ёшлигида бувисидан ўрганганлари, ҳар бир сўзни чертиб-чертиб танлаши ва уларни “михлаб қўйиш”и билан кўпчиликнинг назарига тушарди.

— Менинг журналист бўлишимда энамнинг ўрни катта, – деди Дилором. — Кечалари ёнига олиб айтган эртаклари, ривоятлари, айниқса, Зоминча жайдари айтимлари, матал ва мақоллари қулоғимга қўрғошиндай қуйилиб қолган. Ўшанда вақти келиб, энамнинг айтиб берганларини бир китоб қилиб чиқараман деб дилимга тугиб қўйганман. Йиллар ўтиб, ниятимга етдим.

Айни пайтда Дилором Исмадиёрова Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлимида мутахассис бўлиб фаолият олиб бормоқда. Ушбу вазифага та­йинланишида ҳам унинг юқорида қайд этганимиздек, катта тажрибаси, масъулиятлилиги, ташкилотчилиги, ташаббускорлиги, шунинг­дек, гўзал инсоний фазилатлар (у ҳар қандай феъл-атворли суҳбатдоши билан тез тил топишиб, кўнг­лига йўл топади) эгаси эканлиги назарда тутилди. Ўтган 5-6 йил давомида Д.Исмадиёрованинг ташаббуси билан уюшманинг вилоят бўлимида бир қанча хайрли ишлар амалга оширилди. Жумладан, бугунги матбуот олдига Давлатимиз раҳбари қўйган талаб ва вазифаларнинг бажарилиши (ОАВнинг ҳозиржавоб, тезкор, шаффоф, холис ва ҳаққонийлигини таъминлаш) билан бирга журналистларнинг касб маҳоратини, тажрибасини ошириш, шунингдек, уни ижтимоий ҳимоя қилиш, қадрини улуғлаш, хизматларини муносиб тақдирлаш, медиатурлар, хотира кечалари ташкил этишда унинг хизмати катта. Шунингдек, юртимизнинг бир неча ҳудудлари ҳамда қўшни давлатлар (жумладан, Тожикистоннинг Сўғд вилояти)га саёҳатлар уюштиришнинг ташаббускори бўлган.

Д.Исмадиёрованинг хизматлари муносиб тақдирланган. У ўтган йили “Шуҳрат” медали ҳамда “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунинг­дек, у “Атиргул” мукофоти совриндори, бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг, республика телевидениесининг, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

Тиниб-тинчимас журналистнинг ғайратига, шижоатига кўпчиликнинг ҳаваси келади. “Hurriyat”, “Янги Сирдарё”, “Ойдин йўл” ва бошқа газеталарда турли мавзудаги ўқишли мақолалари чоп этилган. Журналист ибратли оила бекаси, уч нафар фарзанднинг онаси, 9 нафар набиранинг суюкли бувижониси. Фарзандлари ўқимишли, олий маълумотли, ўзлари танлаган касблар бўйича етук мутахассислар. Дилором Исмадиёрова юқорида таъкидлаганимиздек, насрда ҳам самарали ижод қилмоқда. Унинг “Сирдарёча тўй қиламиз”, “Сирдарёга қўниб ўтинг, дўстларим” номли китоблари чоп этилган.

Мана, яна бир мунаввар тонг отди. Қаҳрамонимиз яхши ниятлар билан янги кунни бошлар экан, дуогўй энасининг гапларини ёдга олади. Энди ўзи ҳам ўғли ва келинини ишга, набираларини мактабга, боғчага кузатар экан, шу дуоларни такрорлайди.

Холида ПАРДАБОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × three =