Умрнинг бир саҳифаси

қутлуғ  80 ёшни қаршилаётган таниқли  фотожурналист  Ҳаким Солиҳов ҳаётидан бир лавҳа

Ёз кунларининг туни қисқа, киприкларингни  юмиб очгунингча тонг отганини ҳам сезмай қоласан. Саҳарда янграйдиган азон товуши ёки шарқираб оқаётган сув  бўйидаги кўкка бўй чўзган қайрағоч шохларида сайраётган қушчанинг овозидан кўзларинг “ярқ” этиб очилиб кетади. Бундай ҳолат,  айниқса, “қуш уйқуси” бўлиб қолган кексалар учун одатга айланади.  Қани энди қайта ухлай олсанг. Уйқу қаёқда, аксинча, хаёл тулпорлари  хотира қанотларида парвоз қилиб, умр саҳифаларини варақлай бошлайди…

Бундай вақтларда Ҳаким ота ортиқ ёта олмайди. Юз-қўлини ювиб, кийинади-да, умргузаронлик қилаётган кўп қаватли уйининг пойида оқаётган Қичқириқ  канали соҳилига тушиб боради. Қирғоқлари бетон билан мустаҳкамланган сув бўйидаги  ўриндиққа жойлашиб олиб,  мавжланиб оқаётган тўлқинлардан кўз  узмай  хотиралар уммонига ғарқ бўлади…

…Иккинчи Жаҳон уруши ғалаба билан тугаганига ўн йилдан ошган бўлса ҳам халқнинг аҳволи ҳаминқадар. Пойтахт аҳолиси учун ҳам қозонга ўт ёқиш, қишда уйларни иситиш учун  ўтин ва кўмир ғамлаш одатий ҳолга айланган. Дуркун гавдали,  ўн икки  ёшлар атрофидаги Ҳаким  фарзандларнинг каттаси бўлганидан  оиласига қўлидан келганича ёрдамлашиш учун тиним билмайди. Бошқа иложи ҳам йўқ. Отаси – Асил ака қурилишда  ғишт терувчи бўлиб ишлайди, онаси – Каромат опа эса уй бекаси, уч фарзанд тарбияси билан андармон.

Ёз кунларининг бирида Ҳаким Анҳор канали бў­йидаги қуриб қолган дарахт шохларини синдириб, чилвир билан боғлаб, кўтариб кетишга  кучи етмаганидан уйига судраб кета бошлади.  Шох-шаббалардан тўкилиб қолаётган барглар йўл бўйлаб сочилиб, чор-атрофни ифлос қилаётганини  ҳам сезмасди. Чилвирни елкасидан ўтказиб, ердан кўз узмай бор кучи билан ўтин судраб бораётган  болакай бехосдан қаршисидан чиқиб қолган икки кишини кўриб, қўрқиб кетди. Ўғрилик устида қўлга тушгандек вужудида титроқ қўзғалиб, кўзлари ерга қадалди. Анҳор канали бўйида чор-атрофни кўздан кечириб, нима ҳақдадир суҳбатлашиб келаётганлар чеҳрасида  норозилик  ифодаси  яққол сезилиб турарди. Улардан  бири – тик гавдали, сочи орқага силлиқ қилиб таралган, оқ кўйлак-шим кийган, нигоҳлари ўткир  киши Ҳакимни сўроққа тутди:

— Кимнинг фарзандисан?

— Асил аканинг ўғлиман, – деди Ҳаким  эшитилар-эшитилмас оҳангда кўзини ердан уза олмай.

— Қаерда турасан?

Савол бераётган кишининг  овози мулойимлашганидан анча ўзини тутиб олган Ҳаким дона-дона жавоб қайтарди:

— Кўприкнинг нариги бетида, Строительний кўчадаги  2-уйда, — деди-ю, нотаниш кишининг шериги ён дафтарига нималарнидир тез-тез ёзиб олаётганига кўзи тушди.  Аммо нима учун ёзиб олаётганига тушунмади.

Ҳаким айтган  манзил давлат идоралари жойлашган Қизил майдонни ажратиб турувчи Анҳор каналининг нариги бетида жойлашганди. Қиёт номи билан аталувчи маҳалла уйларининг аксарияти пахса, хом ғишт ёки гувала билан тикланган,  шароитлар ҳам  шунга яраша эди.

— Тўкилган баргларни супуриб қўяман, – деб пичирлади  Ҳаким жазодан қутулиб қолиш умидида.

Уни сўроққа тутган киши бир оз ўйланиб турди-да, шеригига нималарнидир тушунтирганча  йўлларида давом этдилар.

Савол-жавобнинг оқибати нима бўлишига  ақли етмай, уйига терлаб-пишиб етиб келган Ҳаким бўлиб ўтган воқеани онасига сўзлаб берди. Унинг   гапларини эшитиб, Каромат опани ваҳима босди. “Энди нима бўлади? Наҳот ўғлини қамаб қўйишса… Унда нима қиламан?” Бир неча кун юрак ўйноғида юрган она яна бир муаммога дуч келди.

Шундай кунларнинг бирида нотаниш  шофёр уйларининг эшиги тагига бир машина саксовул келтириб тўкди-да, қандайдир ҳужжатга қўл қўйиб беришларини сўради.  Бировнинг нинасига ҳам хиёнат қилмайдиган Каромат опа осмондан ёғилгандек остонасига тўкилган ўтинларни ҳарчанд  рад қилмасин, фойдаси бўлмади.

— Менга шу манзилга етказишни буюришган,  саксовулни  олганингиз ҳақидаги ҳужжатни  олиб бориб кўрсатишимиз керак, – деб оёқ тираб туриб олганидан сўнг, ноилож имзо чекиб берди…

Ҳаким ота сувнинг қирғоққа шалоплаб урилганидан чўчиб  тушиб, хаёлларини йиғиб олди. Болалигида нотаниш кишилар билан бўлиб ўтган кутилмаган учрашув таассуротлари  уни яна беғубор болалигига қайтаргандек бўлганди. Ўша вақтда ўзи билан савол-жавоб қилган саховатли  инсон – Ўзбекистон Коммунистик Партияси Марказий Комитетининг биринчи котиби  Шароф  Рашидов эканлиги етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди…

Ҳаким ота  сокин оқиб ётган сувдан нигоҳини узмай ўтирар экан, “Умр — оқар сув”, деган гап бежиз айтилмаслиги ёдига тушди. Кечагина эди кўчада тупроқ чангитиб, тенгқурлари билан футбол ўйнаб юрганлари, ёшлигида устози Абдуҳамид Усмоновдан фотоаппаратда расм олиш сирларини ўргангани. Кейинчалик Ватан олдидаги фарзандлик бурчини бажариб,  ҳарбий  хизматни ўтаб қайтгач, умрини  шу касбга бағишлаб кам бўлгани йўқ.  Мос­к­­­вада “Правда” газетаси нашриётида бир йил ўқиб, малака ошириб қайтди. Республикада чоп этиладиган “Тошкент оқшоми”, “Комсомолец Узбекистана”, “Театр”, “Фильмз” каби газета ва журналларда фотомухбир бўлиб хизмат қилди. Бир қатор таниқли давлат ва жамоат арбобларининг суратларини, юртимизда  юз бераётган янгиликларни тарихга муҳрлади.   Турмуш ўртоғи Холида опа Маҳмудова  билан тўрт нафар фарзандни тарбиялаб, олий маълумотли, оилали  қилди. Ўғли Зафарнинг умри қисқа экан, юрагининг бир парчасини узиб кетди. Аммо унинг фарзандларини кўриб, кўнгли бир оз таскин топгандек бўлади.  Ҳозир Наргис, Юлдуз, Шаҳноза исмли қизлари, бири-биридан ширин невара-чеваралари ардоғида. Уларнинг қувноқ чеҳраларига нигоҳи  тушар экан, беихтиёр яна болалигини эслайди. Баъзан Анҳор канали ёқасидаги асфальт йўлда ўтин  судраб келаётгани  кўз олдида жонланиб, саховатли инсон билан бўлиб ўтган учрашув, савол-жавоблар хотирасида қайта-қайта тикланади. Дарвоқе, Ҳаким ота касб тақозоси билан бағри кенг у инсон билан яна икки марта юзма-юз суҳбатлашиш бахтига  муяссар бўлганди…

Мавриди келса, бу ҳақда кексалик гаштини сураётган республикада таниқли фотомухбир, саксон ёшни қоралаётган Ҳаким ота Солиҳов умрининг нав­батдаги  саҳифаларида  сўз юритамиз…

Ғайрат РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × four =