Ўзликнинг барҳаёт ўзанлари

Дунёдаги энг чиройли мато атлас бўлса, унинг тайёрланишига сарфланадиган меҳнат, маҳорат, заҳмат, қаноат, меҳру муҳаббат даражалари ҳам шунга яраша. Бу четдан қараган одам — менинг фикрим.

Атласнинг кашф этилиши, нақш-гуллари билан боғлиқ ҳикоятлар, афсоналар кўп. Шу билан бирга, кузатувларимга асосланиб айтаман, аксарият ўзбек аёлининг ҳаётида атлас билан боғлиқ орзулар, воқеалар, унутилмас лаҳзалар оз бўлмаса керак.

Энг қуюқ ранглардаги ҳақиқий камалакларни Марғилон кўчаларида болалигимдан кўриб ўсгандекман. 1960-йиллар… “Янги боғ” маҳалламиздан катта кўчага чиқиб икки километрлар масофада бўлган мактабим томонга юрсам ҳам ёки унга қарама-қарши томон шаҳар марказига йўлим тушса ҳам, пиёдалар билан автоуловлар йўлини ажратиб турадиган каттаю кичик дарахтлар қатори бўйлаб тортилган ипаклар боғламларини, уларни текислаб, тароқлаб юрган чаққон, юзлари нурли отахонларни кўрардим. Майин сочдек ингичка-ю ҳарир ипак толаларидан тайёрланган бу боғламларни “абрбанд” дейишарди; яъни “боғланган булутлар” маъносида. Нега бундай аташган, ахир булутлар фақат оқ, кулранг бўлади-ку!

Балки, ҳунарни санъатга айлантирган косиб аждодларимиз булутларни қуёш нурлари ёриб ўтганда ҳосил бўладиган камалакка қиёсан атлас тўқишга тайёрлаб банд-банд қилиб қўйилган ипаклар бойламларини шундай аташгандир.

Асрлар давомида ҳамма жараёнлари хонадон шароитида бажарилган бўлса-да, ранглар мутаносиблиги, гуллару нақшларнинг жой-жойига тушиши, ипагу арқоғининг мислсиз бежирим ва текис тўқилгани билан дунё гўзалликсеварларини ҳайратга солиб келган хонатлас — ХХI асрда ҳам ўзбекнинг, Ўзбекистоннинг бетакрор, бетимсол бир қиёфаси.

…Мадраса таълимини олган, ёшликдан косиб бўлган отам мулла Муҳаммадхон Марғилон “Aтлас” ишлаб чиқариш бирлашмасида ишлаганларида, кечки пайтлар овқат олиб борардим. “Галантер цехи” дейишарди, тўқилиб тайёр бўлган атлас матолар бу цехда, содда қилиб айтганда, дазмолланарди. Қулоч етмас иккита темир чўғдек ғалтаклар бир-бирига ишқаланган ҳолда айланар, оҳор ceпилган матолар уларнинг орасидан ўтиб, иккинчи томонидан ойнадек ярақлаб чиқарди. Бу баланд, ишлаб чиқариш асбобу ускуналари тиғиз бўлган хонада нафақат темир анжомлар, ҳаволаргача ёнаётганга ўхшарди. Ишчилар тинмай муздек сув ичишарди. Дадам ўша вал (ғалтак) лардан чиқаётган атласларни ҳар куни ўн соатлаб кузатиб, тўғрилаб, тахлаб турардилар; нафақага чиқадиган йиллари баҳорда қизилўнгач саратонига учраб, ёзда вафот этдилар.

Бугун битта чит матонинг бўёқларда босиладиган гулига ёнғоқдек катталикда янгилик киритганга ҳам муаллифлик ҳуқуқи берилади. Кўз ўнгимдан Марғилон бозорларида, “Атлас” ишлаб чиқариш бирлашмаси кўргазма залида кўрганларим ўтади: “Барги карам”, оқ-қораю қизил, сариқ “Ябас”, “Намозшомгул”, “Кремль”, “Шохмот”, “Яҳудий”, “Наврўз”, “Товус”… Биргина қадимий “Барги карам”нинг гулини, нақшини, рангини асрлар давомида аёлу қизларга бирдек севимли бўладиган даражага келтиргунча, қанча косиб боболаримиз меҳнату изланишда бўлган эканлар?

Лекин бизнинг авлодга айни атлас ярашадиган йилларда “Кремль”, “Шохмот”, “Яҳудий”, “Товус” номли шоҳи атласларни туманларда раислар, райком секретарларининг хотинлари, шаҳарларда йирик корхоналару шаҳар партия қўмиталари котибларининг маликалари, уларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари эгнидагина кўрардик.

Кейинги ўн йилликларда атлас, асосан, саҳналарда қолди. Аслида, айрим тадбирларда миллийлик ифодаси сифатида кийиладиган, кўргазмаларга қўйладиган бўлиб қолган мумтоз атлас матоси маданиятимиз, ҳунармандчилигимизнинг ўрнини бошқа ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган ноёб бойлиги, қадрияти. Ёши катта бувилар, оналар айтганларидек, афсуски, “ҳозирги атласларнинг тўқилиши, ранглари, чидамлилиги ўтган асрнинг атласларидек эмас”. Аммо Марғилон, Наманган шаҳарларида ота-боболарининг косиблик ҳунарини давом эттираётган сулолалар вакиллари бор. Балки уларга катта авлоддан қолган тажрибаларни тиклаш, ишлаб чиқаришга жорий этиш, ҳунар сирларини ёшларга ўргатиш учун ёрдам, қўллаб-қувватлаш керакдир?! Бугун атласу адрас матолардан асл ўзбек хотин-қизлари ҳеч қачон киймайдиган ажнабий бичимлардаги либослар тикиб, хориж хонимларига намойиш этгандан кўра (улар ҳеч қачон атласнинг қадрини билмайди, қадрига етмайди!), Республика Маданият вазирлиги атлас нусхаларини кўпайтириш, сифатини ошириш, соҳага оид тажрибаларни қайта тиклашга хизмат қиладиган танловлар уюштирса, амалий семинарлар ўтказса, ҳунармандлару халқнинг миннатдорчилиги ёғиларди!

Мамлакатимиз собиқ тузум даврида емирилган иттифоқнинг пахта плантациясига айлантирилгани, боғу роғлар, полизлардан тортиб уйларнинг остонасигача пахта экилганига қарамай, халқимиз пахтадан тўқиладиган табиий матолар, унинг чигитидан олинадиган маҳсулотларга ҳеч қачон ёлчимагани ҳақида кўп гапирганмиз, эшитганмиз. Ўйлаб қарасам, ўша йиллари бобою бувиларимиз, ота-оналаримиз қиш чиқар-чиқмас уйларини ипак қурти боқиш учун бўшатиб, ўзлари бола-чақаси билан айвонларда, ҳовлиларда касалликларга нишон бўлиб яшаб тонна-тонна пилла етиштирган, мустабид тузумнинг ҳарбий саноатини ғоят қимматли маҳсулот билан таъминлаган, ипакдан ер юзини ўраб қўйишгаям етгулик атласлар тўқиган бўлса-да, меҳнаткаш халқимизнинг ўзи ҳеч қачон ёлчиб атлас киймаган экан.

МЕН КЎРМАГАН АТЛАС КЎЙЛАК

Онам (Аллоҳ раҳматларига ғарқ этсин!) тўқсон ёшда омонатларини топширганлар. Ўшанда мен эллик ёшда эдим. Онам билан ярим аср яшаб, билганим шуки, бутун ҳаёти давомида Маликахон ойимнинг иккита атлас кўйлаги бўлган. Ҳа, кийган эмас, бўлган.

Онамнинг хотираларидан:

— Қаҳатчилик йиллари янги келинчак эдим (демак, 1930 йиллар — муаллиф). Уйимизда сотиб, макка, арпа нонга алмаштирилмаган нарсанинг ўзи қолмади. Охири ўтирган кигизимизниям бир киши арзимаган пул бериб олиб чиқиб кетди. Келинлик сепим бўлган олти тепкили атлас кўйлагим, битта тилла узугим билан тилла исирғам қолди. Даданг бир куни энди шуларни сотиб, егулик олиб келмоқчи эканликларини айтганда… ёш эканман-да, ичимда буни хоҳламадим. “Мен онамдан сўраб келай”, деган баҳона билан ота уйимга кетдим. Бориб бўлган гапни онамга айтдим, хафа бўлдим. “Куёв ўзи олиб берган нарсасини ўзи сотадими?” — деб ўпкалади онам. Лекин шу заҳоти ташқарида хомток қилаётган акам биз ўтирган уй остонасига келди, у ҳамма гапимизни эшитиб турган экан. “Муҳаммадхон ўзи олиб берган нарсасини, бошқа иложи бўлмаса, сотади. Яна имкон топганда, яна олиб бераверади, — деди шартта. Кейин менга буюрди. — Хўпми? Боринг уйингизга!”

Воқеанинг давомини онам кулиб гапирардилар:

— Соддаликни қаранг, ўзим сотилишини истамаган нарсаларни шундоқ токчада қолдириб кетган эканман. Уйга қайтиб келсам, уларнинг ўрнида ярим халтачада маккажўхори уни турарди.

МЕН КЎРГАН АТЛАС КЎЙЛАК

Ҳою ҳаваслар кўчасидан умуман ўтмаган онам эллик ёшга етмасданоқ тўқ рангли сидирға матолардан тикилган кўйлакларга ўтиб олди.

Ҳаммамизнинг кийимларимиз тахланиб турадиган иккита токчали, бир қулоч келадиган жавонимизнинг чап бурчагида онамнинг оқ-қора рангли саккиз тепкили атлас кўйлаги тахланиб турарди. Бу либос тўйлар, маросимларда кийишга атаб тикилган, онамнинг эгнида бир марта кўрганман. Ўшанда тоғамникига тўйга кетаётгандик. Оёғига ялтиллаган ковуш-маҳси, эгнига ўша оқ-қора атлас кўйлагини кийган онам кўзимга жуда чиройли кўринган, унинг доим шундай қиёфада юришини истардим.

…Ўшанда ҳали мактабга бормасдим. Эридан кўнгилсиз бўлиб қайтиб келган, бизникида яшаётган Отикахон аммамнинг кўзи ёриди, қизалоқ туғилди. Аммам сариқ касалига чалинган экан, дарди кучайиб кетди. Дўхтирлар чақалоқ соғлом, уни уйга олиб кетиш мумкинлигини, аммо онасининг аҳволи оғир, анча даволаниши кераклигини айтишибди, буни катталар ташвиш билан гапиришарди. Чақалоққа Обида деб исм қўйилди. Унга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олинса, уйга рухсат бўларкан. Бироқ аммам эриникидан ўз ихтиёри билан кетиб қолгани учун, почча мурғак қизалоғи ҳақида гаплашишниям истамабди.

Шундан сўнг дадам билан онам чақалоқни ўзларига еттинчи фарзанд қилиб ҳужжатлаштиришди, Улуғова Обидага туғилганлик ҳақида гувоҳнома олинди. Онам икки яшар синглимга қўшиб Обидахонгаям оналик қила бошлади. У пайтдаги ҳолатларни яхши эслайман, онам оёғида бешик тебратиб, дўппи тикарди, дўппини сотиш учун бозорга кетганда, мен соатлаб бешик тебратардим. Кўзларининг оқигача сап-сариқ бўлиб кетган аммам узоқ вақт шифохонада ётди.

Шундай вазиятда онам кутилмаганда янаям серташвиш бўлиб (кўчага жуда кам чиқадиган одам), кун-кун ора бошига оқ рўмолини ташлаб, қаёққадир бориб келадиган бўлиб қолди. Кечки овқатдан кейин дадам билан узоқ-узоқ нималарнидир гаплашишар, бизга умуман эшиттиришмасди. Ҳозир биз аёлларнинг кўча, бозору дўкон, хиёбонларда шунчаки айланиб келишимиз ҳеч кимни ажаблантирмайди. Лекин ўшанда онамнинг қуруқ бўйи билан соатлаб қаердадир юриб келишидан мен ҳам ҳайрон эдим. Сингилларим баъзан ухламай инжиқлик қилишар, шундай пайтларда бетоқатликдан йиғлагим келарди. Бу ҳолат анча давом этди. Ниҳоят, бир куни онажоним дарвозадан ҳориган, аммо хотиржамроқ кириб келди. Мен зимдан унинг юзини кузатардим. Шу дақиқаларда энг яқин дугонаси, қўшнимиз Момохон холам кириб қолди. Онамни кўрибоқ:

— Нима гап? — деб сўради холам.

— Бор, укаларингнинг олдига кир, — деди онам менга. Очиқ деразадан унинг гаплари ичкаригаям эшитилди. — Худога шукр, бўлди. Энди тинчиса керак. Ҳалиги атлас кўйлагим бор эди-ку, шуни суддаги… опага (ўтганларнинг билиб-билмай қилган гуноҳларини Аллоҳ афв этсин! — муаллиф) обориб бердим.

Секин бориб кийим жавонини қарадим: онамнинг атлас кўйлаги йўқ эди.

Аммам шифохонада кўп ётди, ундан кейин уйимизга келганидан кейин ҳам эҳтиётини қилишди. Обидахон бизга туғишган сингилдек бўлиб қолди.

Йиллар ўтиб, улғайганимда эшитдим: ўшанда атрофимиздаги яқинлардан бири “Булар чақалоққа бериладиган 3 сўм суюнчи пулини олиш учун бировнинг боласини ўзларига фарзанд қилиб ҳужжат олишди”, — деб отам билан онамни судга берган экан…

ЎЗИМНИНГ АТЛАС КЎЙЛАГИМ

Дадам “Атлас” фирмасида ишласалар-да, атлас дунёсида бўлсалар-да, ўсмир ёшимгача бу матодан кўйлак киймаганман. Қизларини “сиз”лаб улғайтирган дадажоним ҳар куни иш жойида юз, минг метрлаб бири-биридан чиройли атласларни кузатаркан, шулардан бир кийимликкина бизга олиб беролмаётганидан ҳар куни армонда юрган бўлса, эҳтимол.

Еттинчи синфда ўқиётганимда, олти тепкили атласдан кўйлак қилиб беришди. Қанчалик қувонганим, унинг ранглари, тикувчига олиб борганларимиз… ҳайитми ё байраммиди, атлас кўйлагимни кийиш учун тезроқ келишини кутганларим ҳеч эсимдан чиқмайди.

Яна бир ажойиб оқшом! Кечки ишларни саранжом қилганимиздан кейин маҳалладаги қизлар дугонамнинг ташқи ҳовлисида тўп ўйнардик. Бир куни берилиб тўп отаётгандим, кўзим ташқи дарвоза ёнидан ўтиб кетган дадамга тушиб қолди. Ўша заҳоти кўчага отилдим, дадамга етиб олдим, қўлларига ёпишдим. Дадам жудаям хурсанд эдилар, бунинг сабаби ўша лаҳзадаёқ маълум бўлди: отажоним йўл-йўлакай қўлларидаги қора сумканинг ичидан қоғозга ўралган нарса олдилар, менга бир томонини очиб кўрсатдилар: кўпчилик яхши кўрадиган, сариқ ранглари ярақлаб турадиган “Ябас” атласи эди.

— Сизга, — дедилар.

Меҳрлари товланиб, уйга киришимизни ҳам кутмай, мени тезроқ хурсанд қилиш учун отам ўша пайтда деярли ҳамма қизларнинг орзуси бўлган саккиз тепкили атласни қўлимга берган лаҳзалар ўсмирлигим билан ёшлигим ўртасидаги жонли сурат бўлиб қолгандек…

Йиллар билан умр фасллари ўзгаради, аёллар умрининг барча фаслларига муносиб атласлар бор. Чиройли бўлгани, кўпчиликдан қолмаслик учун, кирчимоллиги, қулайлиги, ноёблиги… жисмоний ва маънавий эҳтиёжлар талабларига мослаб кийган кийимларимнинг сон-саноғи йўқ. Уларнинг аксари ёдимдан чиққан. Лекин ҳаётим давомида менга насиб этган барча атлас кўйлакларим, уларнинг бичими, эгнимдаги файзу таровати ҳеч ёдимдан чиқмайди.

Эгнингдаги либос умринг, юрак томирларинг, қалб дунёларинг билан боғланиб, уйғунлашиб кетган она халқнинг меҳнати, меҳри, ижоди, санъати намунаси бўлса, унинг кўрку таровати, ифтихори, муҳаббати ҳам тенгсиз бўларкан.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × four =