Ҳаж зиёратидан сўнг…
Ҳожиларни дабдабали кутиб олиш, катта зиёфатлар бериш нега авж олмоқда?
Муборак ҳаж ибодати — ислом динининг энг муқаддас ва шарафли амалларидан бири. Ҳар бир мўмин-мусулмоннинг кўнглида ҳаж зиёратига бориш орзуси бўлади. Аллоҳ таолонинг инояти билан бу муборак амални адо этганларга барчанинг ҳаваси келиши шубҳасиз. Муборак ҳадисларда: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Банда уч нарса: дил, тил ва бадан орқали амалга оширилган амаллар эвазига савобга эришади”, дейилади. Ҳамюртларимизнинг бу гўзал ниятлари заминимиздаги тинчлик ва хотиржамлик, фаровон ҳаёт туфайли ижобат бўлаётгани барчага аён.
Ҳар бир зиёратчи улуғ ҳаж ибодатига етказгани учун Аллоҳга беҳисоб шукроналар келтириб, ҳожилик мақомига муносиб бўлиш учун ибодатларни ихлос билан адо этишга, гўзал одоб ва ибратли фазилатларни қалбга жойлаб, шуларга хосу мос тарзда ҳаракат қилишга интиладилар. Шунингдек, ҳаж ва умра зиёратини адо қилганлар ибодатлари янада мукаммал бўлиши учун келгусида ибратли ҳаёт кечиришни, яъни ўз юртларига қайтгач, маҳалладошлари ва қавм-қариндошларига доимо ўрнак бўлиш, жумладан, хайрли ишларни давом эттириш, бева-бечоралар, ногиронлар ва касалманд кишилар ҳолидан хабардор бўлиш, қўлларидан келганча яхшилик қилиш, бошқаларни, айниқса, ёшларни эгри йўлдан қайтариш, тўғри ва ҳалол яшашга ундаш, инсонлар ўртасида дўстлик, биродарлик ва аҳилликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшишни ният қиладилар. Лекин кейинги пайтларда айрим ҳожи юртдошларимиз томонидан бу ибратли ва хайрли мақомни юқори мартаба билиб (албатта, ибратли ҳожи ота ва ҳожи оналардан узр сўраймиз), ўзларини бошқалардан ҳар жиҳатдан юқори тутиш, алоҳида иззат-ҳурмат талаб қилиш, айниқса, турли йиғинларда давраларнинг тўридан жой олиш, меъдага, асабга тегадиган ортиқча сўзамоллик ва насиҳатгўйлик қилиш каби ҳолатлар кўзга ташланаётганлиги турли эътирозларга сабаб бўлаяпти.
Шу ўринда ушбу амал билан боғлиқ бир жиҳатга алоҳида тўхталиш жоиздир. Ҳожиларни кутиб олиш, уларнинг хонадонларида ёки ҳашаматли тўйхоналарда катта тантаналар — эҳсон тадбирлари ўтказиш, йиғилганларга турли совға-саломлар тарқатиш каби ортиқча сарф-харажатлар, исрофгарчиликлар ҳақида уламолар, масжидларнинг имом-хатиблари, маҳалла фаоллари қанчалик гапиришмасин, барибир бундай ҳолатлар кун сайин ортиб бормоқда. Яқинда ҳожилардан бири эҳсон маросимига таклиф этди. Айтилган жойга бормаслик ҳурматсизлик саналади. Катта тўйхонадаги тадбир тўй ёки зиёфатдан сира қолишмасди. 400-500 кишилик тўкин дастурхонда ҳамма нарса бисёр. Ҳожи оталар ва ҳожи оналар даврани тўлдириб ўтиришибди. Дуолар айтилиб, тиловат қилингач, ҳаммага эҳсон-туҳфа тарқатилди. Бу дабдабага каттагина маблағ сарфлангани шундоққина кўриниб турибди.
Авваллари маҳаллаларда, масжидлардаги амри маъруфларда тўйлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатларни қисқартириш, тўй-тантаналарни ихчамлаштириш ҳақида гапириларди. Ҳозир эса мавзу бироз ўзгарди. Ҳаж зиёратидан кейинги дабдабабозлик ҳам бот-бот тилга олинаяпти. Жорий йилда ҳам минглаб юртдошларимиз ҳаж зиёратига бориб келишди. Кимлардир ушбу зиёратга бориш учун йиллаб меҳнат қилиб, бошқача айтганда, мисқоллаб йиғиб-териб маблағ тўплаган, кимларнингдир бориш-келиш харажатларини фарзандлари кўтарган ва ҳоказо. Ҳаждан қайтгандан кейинги сарф-харажатлар, аслида, нима учун? Турган гапки, ҳожилар ушбу маъракаларда тарқатиладиган эҳсон-туҳфаларни ўша қутлуғ жойлардан жомадонларини тўлдириб кўтариб келишмайди. Аслида, ўша арзимас матоҳларни уларнинг оила аъзолари юртимиздаги бозор ва дўконлардан харид қилиб, тайёрлаб қўйишади. Эмишки, йиғинларда улашилган, ҳожиларнинг қўли теккан бу буюмлар табаррук саналармиш. Шу сарфланган маблағ айтайлик, маҳалладаги муҳтож оилаларга, хаста ва ногирон кишиларга, етимларга сарфланса, янада савоблироқ иш бўлмайдими?
Шу ўринда зиёрат учун тўплаган маблағларини хайрли ва савобли юмушга сарфлаган саховатли инсонлар ҳақида тўхталсак жоиз бўлса керак. Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги “Наврўзобод” маҳалласида истиқомат қилаётган Бону ҳамда Абдиқул Маматовлар 2020 йили умра сафарига отланишган чоғларида юртимизда коронавирус туфайли карантин эълон қилинди. Хонадон соҳиби ва соҳибаси тўплаган маблағларини савобли ишларга сарфлашга аҳд қилдилар, яъни китоблар харид қилиб, хонадонларида маҳалладошлари учун “Бону опа зиё маскани” номли кутубхона ташкил этдилар. Бундан ташқари, карантин тугагач, шаҳардаги бир гуруҳ (12 нафар) ногирон болаларни тўплаб, пойтахтга саёҳатга олиб борди. Саховатпеша инсонлар бу хайрли ишини ҳалигача давом эттиришмоқда.
Яқиндагина муқаддас ҳаж зиёратидан қайтган ҳожи оналардан бири — Мирзаобод туманидаги “Ҳақиқат” маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Гуландом Номуродова билан шу мавзуда суҳбатлашдик.
— Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги муқаддас жойларни, жумладан, Каъбатуллоҳни зиёрат қилиб, барча ҳаж амалларини адо этиб, қалбан покландик, дилларимиз равшан бўлди, – деди Гуландом ҳожи она. — Бунинг учун Яратганга шукроналар айтаман. Мен ҳам бир ҳожи она сифатида сафардан қайтгач ўтказиладиган катта йиғинлар, эҳсонлар, ортиқча харажатларга қаршиман. Аввало, менга ҳам шундай имкон берилгани, табаррук манзилларга бориб келиш насиб этгани учун Аллоҳга беадад шукрлар қиламан. Президентимиздан, ҳукуматимиздан миннатдорман. Оила аъзоларим, фарзандларим мени оддийгина кутиб олишди, яқинларим, қўни-қўшнилар ва жамики йўқлаб келувчиларга бир пиёла чой узатиб, улар билан сафар таассуротлари ҳақида суҳбатлашдик. Яратгандан уларга ҳам шундай кунлар насиб этишини сўраб, дуолар қилдик. Сафаримиз чоғида элликбошиларимиз (раҳбарларимиз) ҳам бу ҳақда кўп марта айтишганди. Муфтий ҳазратлари ҳам суҳбат ўтказганларида, маърузаларида шу мавзуда гапирган эдилар. Ҳаж зиёрати инсонни кўп нарсага, яъни шукрона айтиш, билиб-билмай гуноҳ қилишдан тийилиш, одамларга яхшилик улашиш, муҳтожларга имкон қадар кўмаклашиш ва бошқа эзгу амалларни адо этишга ўргатар экан. Ўзим ўттиз йил ҳамшира бўлиб ишлаганман. Тўрт нафар фарзандимнинг ҳаммаси олий маълумотли мутахассис. Катта ўғлим ҳарбий хизматчи. Уч фарзандим шифокор. Саккиз нафар набирам бор. Бизнинг маҳалла ҳам 2020 йили Сардоба сув омборида бўлган тошқиндан катта талафот кўрган эди. Ўша оғир кунларда маҳалладошларимнинг ёнларида бўлиб, мушкулини осон қилишда иштирок этганман. Насиб этса, бундан кейин ҳам маҳалламиздаги хайрли ва савоб юмушларда янада фаол қатнашаман. Яратгандан ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини тилаб, дуолар қиламан.
…Ҳа, ҳожи онанинг ушбу сўзлари ва унинг эзгу ишлари бошқаларга ҳам ибрат бўлишига ишонамиз. Зеро, ҳожилик мақоми энг гўзал инсоний фазилатлар билан янада сайқал топиб, пок ва ҳалол ҳаёт кечириб, эл-юрт учун хизмат қилишга даъват этмоғи керак.
Холида ПАРДАБОЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист.