Тўкинчилик яхши, аммо…
Табиат борлиқ оламнинг кўрки бўлса, мевали дарахтлар она табиатнинг зийнатидир. Айниқса, баҳор, ёз, куз, қиш — тўрт фасл ҳам ўз мўъжизаларини тўла намоён этиши учун қулай табиий имкон ва шароит мавжуд бўлган бизнинг юртимизда мевали дарахтларни парваришлаш ҳар томонлама фойдалидир.
Ватанимизнинг сахий қуёшида барча мевалар ғарқ пишади. Уларни боғларда, ҳовлиларда, кўча ва йўлаклар четида учратишингиз мумкин. Афсуски, кўча ва йўлак четларида ўсган мевали дарахтларнинг ҳосили кўпинча нест-нобуд бўлади.
Ҳар куни шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири бўйлаб ишга қатнайман. Кўчанинг бир томонида турли хил манзарали, мевали дарахтлар экилган. Шу кунларда ўрик ғарқ пишиб, тагига, йўлакларга тўкилган. Йўловчилар эса пишиб тўкилган мевани босиб ўтишади. Ҳар куни шу манзара такрорланади: мевалар тўкилади, ер сарғаяди, увол бўлган мева супуриб олинади. Эртаси куни эса яна шу аҳвол: тўкилган мевалар яна топталади. Витаминларга бой мевани териб оладиган одам топилмайди. Ахир мева ҳам неъмат, увол эмасми?
Шундай ҳолатларни инобатга олиб, кўча ва йўлаклар четига мевали дарахтлар эмас, манзарали дарахтлар экилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Каштан, қайин каби дарахтлар баҳорнинг илк кунларида гуллаб, чиройли ифор таратса, ёз жазирамасида соя беради.
Шу ўринда ўқувчилик йилларим ёдимга тушади. Ёзги таътилда бобомларникига борардик. У ерда тўйиб мева-чева ердик. Ҳа, қишлоқда ҳам ўриклар, олмалар ерга тўкилади. Аммо қишлоқ одамлари ердаги меваларни увол қилмасдан териб, қуёшда қуритиб, мева қоқи қилишади. Маълумки, мева қоқининг инсон саломатлигига фойдаси кўп. Бобом кимнинг юрагида саломатлик билан боғлиқ муаммо бўлса, ўрик шарбатидан тановул қилишни тавсия этардилар. Сабаби, ўрик шарбати юракни бақувват қилиб, инсон саломатлигига ижобий таъсир қилади. Бундан ташқари, ўрик данагининг мағзи асаб тизими учун даволовчи восита экан.
Шаҳар кўчаларида кезиб, айрим жойларда тут ҳам ерга тўкилган ҳолатларни кўрасиз. Аслида, тутнинг ҳам инсон учун фойдали томонлари бисёр. Масалан, улуғ бобокалонимиз Абу Али ибн Сино оқтут баргини ангина, тиш оғриғида тавсия қилган.
Шуларни инобатга олиб, бир таклиф: Ободонлаштириш бошқармаси ходимларига қўшимча елим халталар берилса, улар тўкилган меваларни териб, қайта ишланадиган махсус жойларга топширишса, нур устига аъло нур бўларди. Зеро, табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлашга ҳар биримиз бурчли ва масъулмиз. Ахир табиат неъматларидан келажак авлод ҳам баҳраманд бўлиши керак.
Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ