Журналистлар маскани ёрдамга муҳтож

Маълумки, журналистика, оммавий ахборот воситалари ижтимоий ҳаётни акс эттириш, уни билиш, тадқиқ қилиш ва жамиятга қайтадан таъсир кўрсатишнинг муҳим воситасидир. Инсоният тарихи ва ривожи билан чамбарчас боғлиқ бўлган бу ижтимоий соҳа тамаддунга эришган ҳар бир халқ ва жамиятнинг ҳаётида муҳим ўрин тутиб келмоқда. Инсоният оламида ва ривожланган ҳар қандай мамлакатда бирорта ижтимоий-сиёсий воқеа журналистиканинг, оммавий ахборот воситаларининг иштирокисиз бўлиб ўтмайди.

Бутун жаҳон олами юқори илмий ва техникавий тараққиётга эришиб, янада бир-бирига яқинлашиб, глобаллашиб бораётган ҳозирги даврда оммавий ахборот воситаларига бўлган талаб тобора ошиб бормоқда. Газета ва журналлар, радио ва телевидение каби оммавий ахборот турлари ҳамда кейинги даврда вужудга келган интернет тармоқларидан иборат бўлган медиамакон жамият ҳаётида бениҳоя муҳим роль ўйнамоқда ва ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқада турли хабарлар тарқатиб, инсонлар онгини тарбиялаш, унинг ижтимоий-сиёсий, маънавий эҳтиёжларини қондиришда катта роль ўйнаб келмоқда.

Мазкур муҳим ва зарур соҳа учун мутахассислар тайёрлашда илм-фаннинг йирик ўчоқлари бўлмиш университетлар асосий ўрин тутиши одатий ҳолдир, илло, бутун дунёда журналист кадрлар, асосан, университетларда ўқитилиб, тайёрланиб жамиятга етказиб берилмоқда.

Шу ижтимоий қоидага биноан республикамизнинг етакчи дорилфунуни бўлмиш Миллий университет қошида ўтган асрнинг эллигинчи йилларида ташкил этилган журналистика бўлими ўзбек оммавий ахборот воситалари учун кадрлар етказиб беришда муҳим роль ўйнаганлиги барчага маълумдир. Ўша пайтдаги Ўрта Осиё давлат университетида бир бўлим сифатида ташкил этилган бу маскан ижтимоий-тарихий эҳтиёж натижасида кейинроқ алоҳида факультетга айлантирилган эди. Бу факультетнинг ташкил топишида республикамизнинг атоқли олимлари Тўғон Эрназаров, Анвар Шомақсудов ва бошқа зиёлиларининг хизматлари катта бўлган. Ўтган давр мобайнида мазкур факультет юқорида таъкидлаганимиздек республикамиз оммавий ахборот воситалари учун минглаб етук журналист кадрларни етказиб бердики, улар то ҳозиргача марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари — газеталар, журналлар, радио, телевидение ҳамда интернет нашрларида фаолият юритиб келмоқдалар. Улар орасида ўз қалами, идроки ва ижодий меҳнати билан танилган, халқимиз маънавий эҳтиёжи учун чин дилдан хизмат қилиб келаётган журналист кадрлар кўпчиликни ташкил этади. Республикамизнинг қайси бир — хоҳ марказий, хоҳ маҳаллий газета ва журналлар, радио ва телеэшиттириш марказларига борманг, бу ерда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаган журналист кадрларни кўрасиз.

Айтиш жоиз, кейинги даврларда бу соҳа янада ривожланди, янги Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди ва айрим вилоятлардаги олий ўқув юртларида ҳам журналистика бўлимлари иш олиб бора бошлади. Аммо бу соҳанинг бош маскани, “альма матер”и бўлган журналистика факультети бу борада асосий ўрин тутиб келаётганлиги сир эмас. Мазкур факультет кейинги даврда янада ўсди, ривожланди, замонавий талабларга мос янги кафедралар очилди ва ушбу соҳанинг энг янги талабларига мос равишда фаолият олиб бормоқда. Чунки республикамиз раҳбарияти мазкур факультетнинг юқори савияда фаолият кўрсатиши учун доимий ғамхўрлик қилиб келди, факультет янги бинога кўчиб ўтди ва медиа соҳасидаги янги илғор техникавий база билан таъминланди. Ҳозир бу ерда шу соҳанинг етук намояндалари — ўнлаб фан докторлари, профессорлар, доцентлар ва иқтидорли амалиётчилар дарс машғулотларини олиб бормоқдалар. Факультетда босма, аудио-визуал журналистика, интернет журналистикаси каби муҳим соҳалар билан бир қаторда, замон талаби бўлмиш жамоатчилик билан алоқалар ва реклама соҳасида ҳам кадрлар тайёрлашга киришилди. Факультет жамоаси ҳозирги замон талабларига жавоб берувчи рақобатбардош журналист кадрлар тайёрлашни ўзининг бош вазифаси деб билиб, бу борада доимий жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Аммо ҳозирги кунга келиб мазкур факультетнинг университетдаги ўзбек филологияси факультети билан қўшилиши ҳақида узунқулоқ гаплар тарқалди. Тўғри, филология, яъни тил ва адабиёт журналистика билан айрим умумий хусусиятларга эга бўлса-да, уларни сунъий равишда бирлаштириш мақсадга мувофиқ эмас деб ўйлаймиз, чунки филология факультети, асосан, мазкур соҳа учун педагог кадрлар тайёрласа, журналистика факультети эса оммавий ахборот воситалари учун журналист кадрларни тайёрлайди ва шу боис университетнинг ҳар иккала факультети алоҳида фаолият кўрсатиши мақсадга молик бўлур эди. Дунёдаги барча йирик мустақил университетлар таркибида бошқа соҳалар қаторида алоҳида журналистика факультетлари мавжудлиги ва уларнинг тобора такомиллашиб бораётганлиги фикримизнинг далилидир.

Ўтган йили журналистика соҳасида “Олтин қалам” XVII Миллий мукофоти халқаро танловида бош миллий мукофот — Президент соврини айнан Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетига топширилган эди. Бу юксак эътирофдан кейин бир йил ўтиб, факультет тугатилиб, бошқа факультетга бир бўлим сифатида ташкил этилиши жуда ғалати бўлмайдими? Қолаверса, ушбу факультет журналистика соҳасининг ривожида, кеча ва бугунида, керак бўлса эртасида ҳам асосий пойдевор ҳисобланади. Ана шу жиҳатларни ҳисобга олиш зарур. Жоиз бўлса, қатор олий ўқув юртларида янгидан ташкил этилаётган журналистика факультетларининг ўрни, эҳтиёжи масалалари, таълим-тарбия беришда етакчи кадрлар масаласи  қайтадан ўрганиб чиқилса, бу бошқа масала. Аммо ЎзМУнинг журналистика факультети ҳар жиҳатдан мақомига, нуфузига эга маскан. Шу сабабдан ҳам юртимиз ижодкорлари, кўп минг сонли журналистларининг мактаби бўлган факультетнинг сақланиши жуда катта аҳамият касб этади.

Тўғри, ҳозирча факультет тугатилиб, бўлимга айлантирилган эмас. Аммо ЎзМУда шу ҳақдаги гап сўзлар, шов-шувлар кўпайгандан-кўпайган. Ҳар қалай, халқимизда “шамол бўлмаса, дарахтнинг шоҳи қимирламайди” деган гап бежиз айтилмаган. Қолаверса, мамлакатимизда олиб борилаётган оламшумул янгиланишлар юз бераётган ва кенг миқёсда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий ислоҳотлар олиб борилаётган ҳозирги даврда журналист кадрларга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда, шу боис Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида журналистика факультети сақланиб қолиши ва мазкур масканга алоҳида эътибор қаратилиши зарур деб ҳисоблаймиз.

Мухтор ХУДОЙҚУЛОВ,

филология фанлари доктори,

профессор,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

ёшлар мураббийи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + seventeen =