Янги Ўзбекистон меъмори
Академик Саъдулла Искандаровнинг шу номли китоби ҳақида мухтасар мулоҳазалар
Сиёсий арбоблар, айниқса, давлат раҳбарлари фаолияти ҳақида ёзиш учун муаллиф, аввало, юксак салоҳият, илмий заковат, катта ҳаётий тажриба, теран иқтисодий-сиёсий тафаккур, шунингдек, кенг мустақил фикрлаш қобилиятига эга бўлиши керак. Таниқли олим, узоқ йиллик бошқарув тажрибасига эга раҳбар, фаол жамоат арбоби, академик Саъдулла Искандаровнинг “Янги Ўзбекистон меъмори: Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий портретига чизгилар” номли китобини мутолаа қилар эканман, энг аввало, Давлатимиз раҳбарининг юксак инсоний фазилатлари, ҳам илмий, ҳам раҳбарлик фаолиятидаги катта салоҳиятлари самимият ва холислик билан ёритилганига, бу борада муаллиф бемисл маҳорат кўрсатганига амин бўлдим.
Авваламбор, инсонларни сергаклантирувчи, чуқур мулоҳазага чорловчи, қалбимизда бугунги кунга бўлган шукроналик ва розиликни такрор ва такрор оширувчи мазкур асар муаллифи академик Саъдулла Искандаровга миннатдорлик билдираман. Сабаби, китобдаги ҳар бир мавзу жуда топиб, асослаб берилган. Муаллиф давлат раҳбарини яқиндан таниган ва ҳар томонлама ўрганган инсон сифатида ўз фикрларини баён этган. Ўйлайманки, асарни ўқиган ҳар бир китобхоннинг қалби ҳаяжонга тўлади.
Китоб тузилишига кўра, кириш, ўн бир боб ва хулоса қисмларидан иборат. Китоб боблари бир-бири билан узвий боғлиқ ва мазмунан ҳар бир боб ўзидан кейингисини тўлдириб боради. Муаллиф равон ва тушунарли услубда аниқ ҳамда асосли мулоҳазалар билан қалам тебратган.
Ҳар бир бобда ишлатилган донишмандларнинг ҳикматли фикрлари муаллиф таъкидламоқчи бўлган фикрни янада тушунарли қилган.
Масалан, “Инсонни қадрлаганни тарих улуғлайди” номли еттинчи боб Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг ҳазрат Алишер Навоий ғазалига боғланган мухаммасидан олинган қуйидаги байт билан бошланган:
Котибу давру рақам аввалгиларга ўхшамас,
Энди инсон қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас.
Ушбу байтни ўқиган китобхон кўз олдида, энг аввало, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилаётган, инсон қадрини юксалтириш, халқ манфаатлари устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари гавдаланади.
Дарҳақиқат, Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган, Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегиясининг туб мақсади ва негизида мужассам бўлган ғоя ва интилишлар бугунги кунда мард ва олижаноб халқимизнинг фидокорона меҳнати, ақл-заковати билан реал воқеликка айланиб бормоқда. Китобни мутолаа қилиш жараёнида бу ҳақиқатни янада чуқур ҳис этамиз, шу билан бирга, мана шундай тарихий ўзгаришлар даврида бу улуғвор ислоҳотларнинг нафақат гувоҳи, балки фаол иштирокчиси бўлиб яшаётганимиздан, албатта, фахрланамиз.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳар бир инсон Давлат раҳбарининг “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, деган қатъий иродаси ва принципига гувоҳ бўлмоқда.
Ўзбекистоннинг бугунги янги қиёфаси, мамлакатимизнинг жаҳон тараққиётида тутган ўрни ва мавқеи, муҳим халқаро ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол иштироки, долзарб масалалар бўйича илгари сураётган кўплаб ташаббусларининг мазмун-моҳияти ушбу кенг қамровли, фундаментал асарда чуқур таҳлил ва далиллар, аниқ фикр-мулоҳазалар асосида теран ёритиб берилган.
Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятининг маъно-мазмунига айланган, кейинги саккиз йил давомида мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг марказида бўлиб келаётган миллий мустақиллигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш каби эзгу тушунчалар мазкур китобнинг бош ғоясини ташкил этади.
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида иш бошлаган илк кунлардан бошлаб “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”, деган олижаноб ғоя ва мақсадларни илгари суриб, Ўзбекистондаги катта-кичик барча раҳбарлардан ўз фаолиятини айнан шу мезонлар асосида олиб боришни талаб этди. Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда юз берган туб ўзгариш ва янгиланишлар, юртдошларимиз ҳаётидаги ижобий натижалар ана шундай халқпарвар сиёсат самарасидир.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъияти, метин иродаси, одил ва халқпарвар сиёсати билан мамлакатимизда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотлар самараси давлатимизнинг Марказий Осиё минтақаси лидерига айланиб бораётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Ҳозирги замоннинг шиддатли ва зиддиятли тараққиёт тамойилларини мураккаб ва таҳликали давр нуқтаи назаридан тушуниш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, келажакка катта ишонч билан қараб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларида онгли ва бунёдкор фуқаро сифатида муносиб иштирок этишда, янги ватанпарвар авлодни тарбиялашда ушбу асарнинг аҳамияти беқиёсдир.
Акмал САИДОВ,
академик.