Мен нима учун “HURRIYAT”ни ўқийман?
Биз ёшлик пайтимизда, шаклланаётган пайтларимизда журналистикага, адабиётга яқинлашиб кириб келаётган чоғларимизда ҳамма йўл-йўриқлар, муаллим-устозликни газеталардан олар эдик. Ўша пайтларда, айниқса, адабиёт газетаси, яъни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси муаллимларимиз, ўқитувчиларимиз ҳеч қаерда айтмаган мавзуларни, муаммоларни кўтариб чиқар эди. Бошқа газеталарда ҳам замонга мос қизиқарли нарсалар чиқар эди. Шу нарса бизга сингиб қолган.
Йиллар ўтиб, мана энди ёзма матбуотнинг ўрнини бугунги замонавий “матбуот” аста-секин эгаллай бошлади. Яъни бу интернет, ижтимоий тармоқлар кўп одамларни ёзма матбуотдан узоқлаштириб, ўзига тортиб кетди. Бунинг сабаби, у ердаги тезкорлик, у ердаги ёлғон-яшиқдир, ростдир, аралаш-қуралаш материаллар ва бошқа илгари ўзбек матбуотида кузатилмаган ҳодисалар, қарашлар, эркинликлар кўпчиликни ҳам ҳайрон қолдирди, ҳам йўлдан оздирди, ҳам ўзига кўпроқ жалб қилди. Ҳатто матбуотимизга масъул бўлган айрим кишилар ҳам ёзма матбуотдан кўра интернетга кўпроқ эътибор қаратишга ҳаракат қилишди. Бу ҳаракат ҳозир ҳам тўхтаган эмас. Ана шундай бир пайтда ўзининг йўлини сақлаб қолган “Hurriyat” – мустақилликнинг илк йилларида пайдо бўлган севимли нашрларимиздан бўлди. Бу нашрнинг ўзига хос тарихи бор, албатта. Лекин бу бошқа масала. Муҳими, “Hurriyat” мамлакатимиз босма нашрлари ичида ўзининг қиёфасини, яъни биз кутган, биз орзу қилиб юрган қиёфасини асраб қолди ва шу қиёфада бугун ҳам мавжуд. Мана шу биринчи ҳолат, яъни газетанинг чин маънодаги газеталигини биз айнан “Hurriyat” орқали кўриб турибмиз. Масалан, мен шундай кўраман.
Шунинг учун биринчи навбатда “Hurriyat” газетасини яхши кўраман. Бу нашрни биз, одатда, “журналистлар органи” деб атаймиз. Лекин тепасида ундан каттароқ жойи бор: “Мустақил газета” деган. “Hurriyat” мустақил газета эканлигини исботлаб келмоқда. У ерда одамларни эркинликка ундайдиган, эркин фикрлашга чорлайдиган, масалаларга шаффоф назар ташлайдиган, яхши таҳлил қиладиган материаллар, шукурки, кўп. Бугун ижтимоий тармоқларни ёки ўз номи билан айтадиган бўлсак, интернет соҳасидаги ахборот тармоқлари билан қандай қилиб ижодий рақобат қилиш мумкин? Уларда узуқ-юлуқ, тезкор, рост-ёлғон гаплар кетяптими, энди ўқувчини олдинги пайтлардаги даражада чиқадиган газета билан овутиб бўлмайди. Бугунги ўқувчини таҳлил билан, йирик мавзуларни ичига кириб очиб беришлар билан ва айни пайтда, масалан, маънавият муаммоларини, бунга тўсқинлик қилаётган муаммоларни, урф-одатларимиз, ўзимизнинг менталитетимиздан узоқлашиб кетаётганликларимизнинг сабабларини очиб берадиган материаллар орқали ўқувчини ушлаб қолиш мумкин. Айтайлик, “Америкада сув тошди” ёки “қаердадир ёнғин бўлди” деганга ўхшаш хабарлар билан газеталар ўзини сақлаб қололмайди. Сабаби, газета буни олиб чиққунча, бу гапларни дунёнинг ярми эшитиб бўлади. Унинг қадри ҳам, қизиғи нариги томон, яъни ўзларини “тезкор матбуот вакиллари” деб биладиганлар газеталар қиладиган ишни уддалай олишмайди. Чунки у ердаги журналист, блогерларда бундай истеъдод, ҳатто бундай хоҳиш ҳам йўқ. Негаки, улардаги 60-70 фоизи журналистикага умуман алоқаси йўқ одамлар деб ҳисоблайман. Ўзига хос, ўзини ўқувчиларини йиққан, масалага чуқур, тирик кўз билан қарайдиганлар ҳам озчилик бўлса-да, бор у соҳада. Лекин чуқур таҳлил қиладиган журналистлар йўқ. Улар кўпроқ тезкорликка интиляпти. Бир гапни айтиш керак, айрим газеталарнинг мақолаларидаги сарлавҳасини ўқиган заҳоти нима демоқчилиги аён бўлади. Баъзи газеталарни икки дақиқага етмасдан «ўқиб» қўйиш мумкин. Сабаби битта: ўша газетани чиқараётган одамлар кўпроқ қуруқ сўзларни ишлатишади. Воқеаларни тасвирлашда бир хиллик, юзакичилик устунлик қилади. Одамнинг юрагига тегадиган, ҳеч бўлмаса, халқ мақолларидан фойдаланилган мақолаларни ҳам топиб бўлмайди. Хайриятки, бугунги кунда “Hurriyat”да “таҳлил қилиш мактаби” сақланиб турибди. Мен бу газетани фақат журналистларнинг, ёзувчи, шоирларнинг газетаси эмас, бутун халқимизнинг суюкли газетаси бўлишини истайман. Худо хоҳласа, шундай бўлади ҳам. Кейинги йилларда газета обуначиларини янада кўпайтириш учун тарғиботни ҳам кучайтириш керак, деб ўйлайман.
Яна истардимки, “Hurriyat” газетасида яхши мақолалар, яхши фикрлар, ҳаётни узоқ ўйлашга мажбур қиладиган мақолалар кўпайиши керак. Шунингдек, воқеаларни шунчаки таъкидлаш, таҳлил қилиш эмас, муаммолардан чиқиш учун қандай хатоликларга, қандай сунъий тўсиқларга дуч келинаётганлиги ва уни қандай енгиш мумкинлиги бўйича ҳам газета муштарийлари, газетхонлар ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини айтадиган минбар бўлиши керак. Газетани ўқувчи билан яқинлаштирадиган рукнлар очиш зарур. Газетани ҳаётга янада яқинлаштириш, унинг ичида яшайдиган қилиш керак. Мана, одамлар нима учун интернетсиз яшай олмайди. Шуни газеталаримиз ҳам ўйлаши керак-да. “Нима қилсак, одамлар газетасиз яшай олмайдиган бўлади?” деган фикр устида кўпроқ бош қотирадиган давр келди. Чунки чиндан ҳам бугун интернетдан бошимизни кўтара олмаяпмиз. Бунга сабаб газеталарнинг савияси ана шунга қайсидир маънода йўл очиб бераяпти. Матбуот нашрлари замондан олдинроқ юрадиган, интернет қила олмайдиган ишларни топиши шарт. Жумладан, “Hurriyat” ҳам. Тўғри, талқин қилишга келганда баъзида нотўғри фикр билдирадиган одамларнинг этагини тутиб эргашиб кетиб қоламиз. Буларни журналистлар, айниқса, “Hurriyat” одамларни хато қилмасликка, тўғри фикрлашга ундайдиган рукнларни топиши керак.
Дарвоқе, мен келгуси йил учун “Hurriyat”га аллақачон обуна бўлганман. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жамоаси ҳам ушбу газетани ўқиб боришни истайди.
Абдусаид КЎЧИМОВ,
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист