Бугенвиллия
Анталия сайёҳлар учун севимли бўлган дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бири. Соҳиллари шаҳарга туташган Ўрта Ер денгизи (маҳаллий аҳоли бу денгизни Оқ денгиз деб ҳам атайди) дам олиш учун ташриф буюрганларни қандай завқлантирса, табиат манзаралари гўзаллиги қаршисида улар ҳайратини яшира олмайди. Бу шаҳарнинг нафақат боғлари, кўчалари ҳам гулларга кўмилган.
Анталияда бошқа юртларда кам учрайдиган манзарали ва мевали дарахтлар шаҳарни яна ҳам файзли қилиб турибди. Биноларидан баланд пальмалари-ю ва бошқа кўплаб дарахтлар номларини санаб адоғига ета олмайсан, киши. Шундай дилтортар манзаралар оғушида худди олтин узукка ёқут кўз қўйгандай бугенвиллия гули ажралиб туради. Бу гул япроқлари аёл қалби каби нозик. Майин шаббодада титраб турган гул япроқлари гўзаллиги қаршисида лол қолмай иложингиз йўқ. Япроқлар майда гулчасини гўё фарзандидек эркалаб-қучоқлаб олган. Кўз ўнгимда бу нафис ва латофат уфуриб турган гул япроқчалари ўз фарзандини зурриётларига безавол асраётгандай гавдаланади. Бу табиатнинг бир мисқол мўъжизасидир.
Бу гулнинг асл ватани Жанубий Америка. Бугенвиллияни Ўрта Ер денгизи афсонаси деб атагим келди. Унинг нозик хусусиятларидан бири — денгиз об-ҳавосини ёқтиради, қаттиқ шамолга бардошсиз, гуллари тўкилиб кетади. Тўкилганда ҳам бир ўзакка бирлашган гул япроқлари ажралиб кетмайди. Шаббодада ер юзасида у ёқдан бу ёққа енгилгина ҳилпираб бориб келиши ҳам завқ беради.
Бугенвиллия бинафша, оқ, пушти ва қизил рангларда учрайди. Бинафша рангли бугенвиллияга тикилсангиз, илҳом беради, хаёлларга ботасиз, руҳий тетиклик оласиз. Оқ ранглиси покизалик, яхшилик ва адолат рамзидек бўлиб туюлади. Бир қарашда диққатингизни ўғирлаб қўядиган пушти ранглиси эса кишини орзулар оғушига етаклаб кетади. Туйғуларни жунбишга келтирувчи қизил рангли гуллар қалбларни ўзига ром этади. Турфа хил рангли бу гуллар инсон вужудига ва руҳига қувват беради.
Анталиянинг қуёшли, нам ва мусаффо ҳавосини яхши кўрувчи бугенвиллияга шаҳарнинг ҳар жойида нигоҳингиз тушади. Мўъжизавий гулчамбарлар инсон баҳри-дилини шунчалар яйратиб юборадики, бу гулларни парвариш қилаётганларга тасанно айтгингиз келади.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ.