Бошқаларни билмадим…

ёки Грузиянинг чекка бир қишлоғида кўрганларим…
Сарпи қишлоғи — Грузиянинг Туркия давлати билан қўшни жойларидан бири. Қизиғи, чегаранинг нариги томонидаги Туркия қишлоғи ҳам Сарпи деб аталаркан. Бунинг сабаби, бир пайтлар катта бойнинг мулки бўлган бу ҳудудни унинг икки ўғли бўлиб олган, кейинчалик ўртага давлатларнинг чегараси тортилган экан. Аммо айтмоқчи бўлганларим — бошқа гаплар.
Биз шу кунларда дам олиш ниятида Грузиянинг Сарписидамиз. Тошкент шаҳрининг энг кичик туманидан ҳам камроқ майдонни эгаллаган бу қишлоқнинг текисликдаги этагини Қора денгиз ювиб туради; шу жойнинг ўзиданоқ кўтарилиб бориб тоққа туташиб кетган ерлардан бошлаб, ҳув, баландликлардаги ям-яшилликлар орасидан кўриниб турадиган икки-уч қаватли чиройли, пишиқ иморатларни кузатаркан, беихтиёр ўйлайсиз: “Баъзида теп-текис жойлардаги иморатларниям қурувчиликнинг оддий талабларига жавоб бермайдиган қилиб тиклайдиганлар оз эмас. Булар тоғлик жойга шунча қурилиш анжомларини қандай олиб чиққан экан? Йил бўйи қаттиқ ёғингарчиликлар оддий ҳолат бўлган айни ҳудуднинг шароитига чидамли бундай пишиқ уй-жой қурганлардан кўп нарса ўрганса бўларкан”. Ҳатто маҳаллий аҳоли вакилларидан сўрадим: “Бу йўллардан шунча оғир, катта қурилиш материалларини тоғнинг тепасигача олиб чиқиш осонмасдир?” Жавоб лўнда бўлди: “Олиб чиқилади”. Барибир, тасаввур қилолмадим. Чунки деярли ҳар ўн-ўн беш метрда ўнгга, чапга кескин бурилишлари бўлган тош йўлларга биттагина машина сиғади, холос. Уям бўлса, енгил уловлар ёки махсус йўловчи ташувчи кичкина автобуслар. Одамлар, аниқроғи, ҳайдовчиларнинг ана шу йўллардаги ўзаро муносабатлари диққатимни тортди.
Бу ерга келганимизга уч ҳафтадан ортибди. Денгиз ва тоғ оралиғидаги айни қишлоқда ҳозир саёҳатчилар кўп бўлгани учун, пастлик билан юксакликни боғлайдиган илон изига ўхшаш бу тор, иланг-биланг йўллардан тинмай енгил машиналар қатнайди. Ўйлаб кўрсам, ўтган муддатда бирор марта маҳаллий ҳайдовчиларнинг ё йўл талашиб, ё ножўя ҳаракат билан тортишиб, баҳслашиб қолганини кўрмадим, ўзимизга ўхшаган меҳмонлардан ҳам бу ҳақда эшитмадим. Тор йўлларнинг у ер-бу ерига битта машина жуда эҳтиёткорона ҳаракат билан кириб туриши мумкин бўлган “чўнтакча”лар қилиб қўйилган. Қарама-қарши чиқиб қолган ҳайдовчиларнинг бири сўзсиз машинасини орқага тисариб “чўнтакча”га киради, ҳамкасбига йўл бўшатади. Пастдан тепага зўриқиб чиқиб бораётган машинанинг ҳайдовчиси ҳам, тепадан эҳтиёткорлик билан тушиб келаётган ҳамкасби ҳам “Сен менга йўл бер!” деган маънода тикилишиб, ўйланишиб турмайдилар. Улар бир-бирига рўбарў келганда, нимадир дейишади, юзларининг ифодасидан ҳазилнамо лутф бўлса керак, деб ўйлайман.
Деярли ҳамма хонадоннинг эскими-янгими енгил машинаси бор. Эски машиналарнинг урилган, қирилган жойлари кўп. Буниям ўзимча тушундим: икки машина иложсиз бир-бирига жуда яқинлашиб ўтиши керак бўлганда, ҳайдовчидан заргарона маҳорат талаб қилиниши турган гап, ҳаммаям ҳар доим ҳам уловни шундай бошқаролмаслиги мумкин. Хуллас, тоғ тошларини йўниб солинган кенглиги беш метр келар-келмас (қадамлаб ўлчадим) мана шу йўлларда ўзимизнинг бирваракайига олти, саккиз, ўнталаб машиналар сиғадиган йўлларимизни ўйладим: онасининг тор қорнига сиққан юртдошларимизнинг кенг, теп-текис кўчаларда йўл талашиб, бир-биридан олдинроқда юриш учун иззатталаблик билан сўкишиб, вақти келса ёқалашиб, бир-бирларини чеккага судрашиб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб уришиб, судлашиб юришларини ўйлаганим сайин… муҳим билан номуҳимнинг фарқига етмасликнинг моҳияти, ҳикмати, оқибатлари билан боғлиқ ҳаётий воқеалар дилимдан ўтди.
Ўтган йили… кўп қаватли yйимизнинг олди томонига қўйиладиган машиналар кўпайиб кетгани, жой қолмагани учун орқа томондаги кенгликнинг бир чеккасига машина қўйдик. Эртасига эрталаб орқа томондан бизга рўбарў уйнинг биринчи қаватида яшовчилар югуриб чиқишди, “Бу ер бизга тегишли, машина қўйманглар”, — деб жанжал бошлашди. Қонун бўйича кўп қаватли уй атрофидаги жойлардан шу ҳудуддаги уйлар аҳолиси бирдек фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини ҳеч тушунтириб бўлмади. Ота-она, ўғилу келин бир бўлиб Аллоҳнинг, жамоатчиликнинг ерига эгаликларини даъво қилдилар. Уларга ҳеч ким тенг келолмади.
Ҳудудга масъул бўлган ички ишлар ходими ортиқ бошини оғритгиси келмади… Машина қўйгани-ку жой топилмай қолмади. Аммо қонун билан кафолатланган, кўп қаватли бинолар атрофидаги бўш жойлардан шу уйда яшовчиларнинг ҳаммаси бирдек фойдаланиш хуқуқига эга эканлиги ҳақидаги оддий тартиб-қоиданиям жорий эта олмаганимиз алам қилади. Ҳозир ўша ер ҳеч кимга фойдаси тегмай ётибди…
Бу ерда, Сарпи қишлоғида, уйлар саҳнидаги кичкина жойларга ҳам, агар бўш бўлса, қўшними, бошқами, вақтинча машинасини қўйиб туриши оддий ҳолат экан. Яна хаёлимдан кўп қаватли уй атрофидаги (каттами, кичикми) очиқ майдонларнинг атрофини пастки қаватда яшовчилар ўраб олишлари, имкон бўлса, йўлаклардан ҳам чегириб “ўз огородлари”га қўшиб олишлари ўтди. Ундайлардан биронтаси бунинг учун юқори қаватдагилардан рухсат сўраганларини, ўзларига қай бир жиҳатлари билан ёқиб турган мана шу жойдан фойдаланишга бошқаларнинг ҳам эҳтиёжи бор ёки йўқлигини сўраганини эшитмадим, кўрмадим. Йил сайин шахсий машиналар кўпаймоқда, уларни қўйишга жой муаммоси ортмоқда. Лекин юзлаб яшовчиларнинг ҳақи бўлган ерларни ўраб олганлардан холис бир ташаббускор чиқиб: “Мана шу жойдан энди ҳамма фойдалансин”, — деб панжарасини олиб ташлаганига гувоҳ бўлган одам топилармикин? Мундоқ ўйлаб қарасанг, бир оиланинг ҳаммага дахлдор жойга чодир тикиб олиб, фақат ўз оиласи билан фойдалангани қайда-ю, жамоатнинг еридан жамоат фойдаланиши кераклигини тан олиб, давлат ва инсонийлик қонунига ҳурмату амал билан яшашнинг ҳикмати, савобу ажри қайда?!
Айни борада на ҳуқуқшунослар, на диний уламолар тузук-қуруқ сўз демайдилар, билиб-билмай нотўғри иш қилаётганларни қонунбузарликдан, гуноҳдан қайтармайдилар.
…Болаларимиз ёшлигида уларни кўп қаватли уйлар орасидан ўтадиган йўлдан боғчага олиб борардик. Улғайишди, мактаб, олийгоҳ кўчалари бошқа томонда эди. Беш йиллар муқаддам ўша боғча йўли тарафга ишим тушди. Борсам, “дом”нинг биринчи қаватида яшайдиган бир хонадон атрофни панжаралаб, йўлниям қўшиб олибди, нариги томонга ўтиб бўлмайди. Хуллас, илгари икки уй орасидан ҳамма ўтиб-кетиб юрган, нариги кўча билан боғлайдиган юз метрча келадиган йўл йўқ, энди қўшни кўчага ўнг томондан ҳам, чап томондан ҳам камида бир километрча масофани босиб, айланиб бориш керак эди. Ëш бола ўйнаб юрган экан, уйда катталар бор-йўқлигини сўрадим. Ичкаридан катта ёшли эркак чиқди. Мен бу икки уй орасидан ўтган йўлни тўсиб, одамларга ноқулайлик яратилгани яхши эмаслигини, бу ишнинг ҳисоб-китоби борлигини, қонунга ҳам тўғри келмаслигини гапирдим. Лекин, биласизми, ҳалиги одам қарийб беш йил давомида ҳафта, ой, йиллаб шу оралиқ кўчадан қатнаган одамни — мени ёлғончига чиқарди. Шундай гапирдики, кўп қаватли уйнинг атрофи азалдан шу кишига хатлаб берилгандек!
Сарпида денгиз бўйида болалари билан дам олаётган, чўмилаётган маҳаллий аҳоли вакиллари кўп. Аммо кўчаларда, уйлардан болаларнинг йиғиси, каттaларнинг бақир-чақир овозини бирор марта эшитмадик. Кийимлариям соддаю сипо. Гуллар чаман бўлиб очилган, тўрт фаслда ҳам апельсин, мандарин, лимон мевалари шохларидан аримайдиган дарахтларга сероб кўчаларда, денгиз соҳилида, сабзавоту ҳўл меваларнинг турлари бизникига қараганда анча камроқ бўлган бозорлардаги қисқа мулоқотларда маҳаллий аҳоли вакилларидан “Ëрдам керак бўлса, тортинмай сўрайвер” деган гапни кўп эшитдим. Инсонни ўраб турган табиий шароит унинг феълу атворига ҳам таъсир қилади, дейишади. Мамлакатлар иқтисоди, маданиятини боғлаб турган халқаро йўл бўйида яшасалар-да, ҳаёт тарзи, юриш-туришларида миллий қадриятлари акс этиб турган бу масканликлар қалбида қирғоқларига тўлқинлари урилиб турган мовийдан-мовий денгиздек бағрикенгликни, тўрт фасл яшилликка бурканган тоғларнинг чиройини ҳис этасан. Биз қадрдон бўлиб қолган хонадоннинг айвони шифтига қалдирғочлар қурган ин нимадир сабаб билан тушиб кетган экан, уй бекаси инни яна жойига маҳкамлаб, пастига уни ҳимоялайдиган қутича ҳам ўрнаштираркан, деди: “Яна қулаб, боласи ерга тушиб кетмасин. Мен у дунёда буларнинг уволи учун жавоб беришдан қўрқаман”.
Дунё тамаддунига олтин ғиштлар қўйган улуғ аждодларнинг авлодимиз, Янги Ўзбекистонни қуриш йўлида катта ишларга бел боғлаганимиз ҳақида ишонч билан гапиряпмиз, хайрли мақсадларимизга мос қадамларимизни дунё аҳли кузатиб, кўриб турибди. Юқоридаги мулоҳазалар кимларнингдир наздида майда, арзимас, ҳаттоки кулгили туюлиши мумкин.
Улуғ уламонинг давлат хизматидаги вақти тугаши билан, шахсий ишларига ўтишдан олдин хизматхонасининг шамини ўчириб, ўз пулига сотиб олган шамни ёқиб олгани ёдингиздами? Ҳа, битта нинами ёки катта бойликми — кўпчиликнинг ҳақи ҳеч кимга буюрмайди. Агар ҳозирча буюриб турган бўлса, демак, бу синовнинг кундан-кунга оғирлашиб бораётганидан дарак, муқаррар ҳисоб-китоби олдинда. Ўзаро муносабатлардаги кенгфеъллик ёки бадфеъллик, диловарлик ёки дилозорлик, рози-ризолик ёки норозилик, тушунувчанлик ёки жоҳиллик, камтарлик ёки манманликнинг ҳисоб-китоби ҳам худди шундай шубҳасиздир. Бир ишимиз битганига, қандайдир мақсадимиз амалга ошганига қувонмоқдан олдин бу муваффақият, ютуқ, даромад, омад кимнингдир ҳақини поймол қилиш, хафа қилиш эвазига келмадими — токи мана шу савол олдида қалбимизу юзимиз ёруғ эмас экан, халқнинг улуғ ниятлар йўлидаги мард йўлдоши бўлолмаймиз. Эзгуликнинг, хайрнинг, савобнинг, яхшиликнинг кўлами, салмоғи қалбдаги ихлоснинг нечоғлиқ самимий, чин эканлиги ҳамда унинг амалдаги рўёби билан ўлчанади ва каттаю кичик ишларнинг барчасида бирдек намоён бўлади. Шоири замон Огаҳий ёзганидек:
Ким меҳр нурин тенг солур
вайрону обод устина.
Бошқаларни билмадим, аммо мен элнинг ҳақини хурмат қилмаган, одамлар ҳақидан қўрқмаган, ўзига лойиқ деб билган афзалликлар, қулайликлар, яхшиликларга бошқалар ҳам худди ўзи каби муносиб, ҳақдорлигини тан олмаганларнинг Ватан тақдирига дохил улуғвор ишларга сидқидилдан ҳисса қўшганини кўрмадим, эшитмадим.
Муҳтарама УЛУҒОВА.
2024 йил 18 июль,
Грузиянинг Сарпи қишлоғи.