Журналистлар ҳам Ватан ҳимоячилари

Ҳар биримиз ўз оиламиз, туғилиб ўсган қишлоғимиз, шаҳримиз, бир сўз билан айтганда, Ватанимиз ҳақида гап кетса, беэътибор бўлолмаймиз, негаки, киндик қонимиз тўкилган гўша – ота макон, она юртни ардоқлаш ва улуғлаш табиатимизда мужассам. Ватанни асраб-авайлаш, севиш, уни ҳимоя қилиш шу азиз макон ҳар бир фарзандининг, жумладан, журналистларнинг ҳам муқаддас бурчи.

Тўғри, журналист ҳарбийлар каби қўлига қурол олиб Ватанни қўриқламайди. Аммо қўлидаги қалами билан юртини ҳимоя қилади. Шу боис айтиш мумкин, журналистлар ҳам Ватан ҳимоячиларидир. Дунёда юзага келган нотинчликлар, авж олаётган қарама-қаршиликлар ана шу муқаддас бурчга садоқат масъулиятини ошириш баробарида ҳар биримизни, айниқса, медиа соҳа вакилларини ахборот хуружлари катта таҳдидлардан бирига айланиб бораётган бугунги кунда янада огоҳ ва ҳушёр бўлишга ундайди.

Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтказилган навбатдаги “Ватан манзумаси” номли адабий-маърифий кеча намойишига мамлакатимиз марказий оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида фаолият олиб бораётган бир юз эллик нафарга яқин журналистлар ҳам таклиф этилди.

Санъат саройи фойесида тартиб билан жойлаштирилган ҳарбийларнинг машқ майдонларида олинган суратлар, “Туркий адабиёт дурдоналари” туркумидан китоблар кўргазмаси, спорт милтиқ ва моделчилик жиҳозлари эътиборни тортади.

Бир ярим соат давом этган кеча дас­туридан ўрин олган ранг-баранг чиқишлар – эл суйган  санъаткорларнинг Ватанни, онани, аёлни, дўстликни, табиатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари, устоз ва навқирон шоир ва шоираларнинг оила, элу юрт, тинчлик, севги-муҳаббатга оид одамни ўйга толдирадиган чуқур маъноли, қалбларни жунбишга келтирадиган шеърлари, ҳарбийларимиз фаолиятига доир мазмунли,  кўтаринкилик, фахр-ифтихор бахш этувчи лавҳалар – барча-барчаси кишига завқ-шавқ бериш баробарида чуқур ўйга толдиради, фикрлашга, мушоҳада  қилишга ундайди. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ўз-ўзидан таъминланмаётгани, уни қадрлаш, сақлаш ҳар қачонгидан ҳам устувор аҳамият касб этаётганини янада теран англайди киши.

Тадбирда қадим ўтмишда элу юрт тинчлиги ва осойишталиги учун курашган Тўмарис каби жасур момоларимиз, яқин тарихимизда моҳир мерган сифатида ном қозонган  Зебо Ғаниева сингари хотин-қизларга бағиш­ланган шеърлар янгради. Бугун ҳам миллий армиямиз тизимида уларнинг юзлаб издошлари Ватанимиз хавфсизлигини таъминлаш йўлида йигитлар билан ёнма-ён хизмат қилаётгани таъкидланди.

Мудофаа ва Маданият вазирлик­лари, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган адабий-маърифий кечада, айниқса, ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган Ватан ҳимоячиларининг фарзандлари – оталари касбини танлаган йигит-қизларнинг чиқишлари, дил сўзлари барчани таъсирлантирди.

Давлатимиз раҳбарининг “Барчамиз, энг аввало, Ватан ҳимоячиси, тинч­лик посбони бўлишимиз зарур!” деган чуқур маъноли сўзлари саҳнада намойиш этилган бадиий-мусиқий чиқишларнинг бош ғояси бўлди.

— “Ватан манзумаси” тадбири менга мамлакатимиз аҳлининг кучли инсоний туйғулари намойишидек таассурот берди. Бу туйғулар доимо уйғоқ бўлиши керак, – деди “Қишлоқ ҳаё­­ти” газетаси бош муҳаррири Чори Латипов. — Шуни назарда тутганда маърифий уйғонишлар юз бераётгандек. Бу тадбирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан зиёлилар, хусусан, журналистлар таклиф этилганлиги, шунингдек, залда Ватан ҳи­моясида бўлган ҳарбий либосли йигитларимизни кўриб, тадбирнинг мо­ҳияти юксак эканлигини чуқурроқ ҳис қиласан. Зотан, бундай тадбирлар иштирокчиларда Ватан муқаддаслиги ҳиссини янада мустаҳкамлайди.

Ушбу тадбир шу ном остида ўтган йили бўлиб ўтган кечага монанд тарзда ташкиллаштирилган бўлса-да, бу йилги намойишлар  ўзига хос жиҳатлари билан алоҳида ажралиб туради. Таъкидлаш жоиз,  бундай маърифий тадбирларга зарурат ва эҳтиёж борлиги, бу сингари кечаларни доимий ўтказиб бориш лозимлиги равшанлашмоқда.

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б.,

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 3 =