Сувнинг суврати
ёки “Ўзбекгидроэнерго” АЖ фаолиятидан кичик лавҳа
Сариосиё тоғлари орасида жойлашган “Тўполанг” гидроэлектростанцияси ҳудуди митти шаҳар кўринишига эга экан. Биз, пойтахтдан келган бир гуруҳ журналистлар замонавий типда қурилган “Анжуманлар уйи”га йиғилишиб ўтирибмиз. Камина “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти раиси Абдуғани Сангинов икки-уч ёрдамчиси ҳамроҳлигида узун столлар атрофида ўрнашса керак, дея хаёл қилардим. Кўз ўнгимда галстук таққан шамойили гавдаланди. Йўқ, ундай бўлмади. Оддийгина иш кийимида А.Сангиновнинг бир ўзи келди. “Курси опкенглар, журналистларга яқинроқ ўтирай, журналистлар — ҳаёт кўзгуси”, — дея мутойиба ҳам қилди.
— Йўл-йўлакай кўрган бўлсаларинг керак, тошларни тешиб, кўчатлар экканмиз, — деди у суҳбат орасида. — Келажак авлодлар буларни кўриб руҳлансинлар, биздан кўра яхшироқ ишласинлар!
Дарҳақиқат, тоғу тош ичкарисидан “мўралаётган” зумрад япроқлар шодасини томоша айлаб завқланганимиз рост.
Тўполанг дарёси, ГЭСи, сув омбори тўғрисида кўп ва хўб эшитган эдим. Аммо эшитган бошқа, кўрган бошқа.
… Янгиликсевар журналистлар билан “ичини тўлдирган” микроавтобус бурама йўлдан тепаликка кўтарила бошлади; сал юради — яна бурилади… Йўл юзасига қарамасангиз, самолётда учаётган каби бўлар экансиз. Арчалари, мевалари асносида кўзларни қувонтираётган станция боғи пастларда қолиб кетди; чўққилар сари қарасак, у жойларда ҳам дов-дарахтлар…
Манзилга “қўндик”. Чамаси, икки юз метрлар кўтарилдигов ўзиям. Очиқ чеҳрали бир киши: “Тўполанг сув омбори” раҳбари Ҳамроев Саидваққосман”, деди. Тепаликда ёқимли шабада эса бошлади.
Романтиканинг худди ўзи! Юксакликда жимирлаётган сув… Мовий захира. Олисдан шишадек тиниқ тортиб кўринади. Худди моҳир рассом чизган дилтортар картина янглиғ.
— Сув омборининг узунлиги 996 метр, эни 410 метр. Бу иншоотнинг қурилишига 1969 йилдаги сел сабабчи бўлган. Селни биласиз… Асов. Бир жабҳа олса, ҳеч кимнинг кучи етмайди. Қанчадан- қанча хушманзара қишлоқларни вайрон қилган шу сел. Хўш, нима қилмоқ керак эди? Кўриб турибсиз чора топилганини. Юқоридан сира пастга тушгиси келмаётгандек. Ширин балиқлариям бор — ширмойи ва гулмойи. Маринка балиқлар-да!
Тўғри, балиқ дейилганда гоҳо оғиздан сув оқади. Аммо-лекин кўпчилигимиз романтика асносида сувнинг сувратини кўраётганимизни тусмоллаш мумкин эди.
* * *
Расмий манбаларда қайд этилишича, 1940 йилларда серқуёш Ўзбекистонимиз аҳолиси олти миллион атрофида бўлган. Суғориладиган экин-тикин майдони икки ярим миллион гектарни ташкил этган. Бинобарин, аҳоли жон бошига 0,40 гектар тўғри келгани ойдинлашади. Бугун-чи? Бугун юртимиз аҳолиси ўттиз олти миллионга яқинлашмоқда. Уларнинг ризқи-рўзи далаларга сочилгани аён. Далалар эса сув сўрайди. Сув танқислиги воқеликка кўчса, дала-туз тошдек қотади. Оқибатда эл-улус бошқа минтақаларга кўчишга мажбур бўлади.
Айни даврда Сурхондарё чегарасида ерлари бошланадиган Афғонистоннинг аҳолиси биздан сал кўпроқ. Неча йиллардан бери уруш-жанжалдан боши чиқмаётган афғон халқи энди сокинлашди. Қўштепа каналини қазиб, ўзларининг ҳудудидан оқаётган Амударёдан мўл-кўл сув олиб, экин-тикинларини жонлантириш ҳаракатидалар.
Дарё суви камайиб борса, энг аввало, Сурхон воҳаси жабр тортади. Ўтган аср бошларида юз минг нафарнинг нари-берисидаги аҳоли умргузаронлик қиладиган Сурхондарё эл-улуси ҳозирда уч миллион бўсағасида.
Воҳанинг ҳаёт-мамоти Амударё билан чамбарчас боғлиқ. Қадимда Жайҳун номи остида жабҳа олган Марказий Осиёнинг энг серсув дарёси Тожикистондан бошланиб, Афғон юртидан айланиб келади. Туркманистон ерлари ҳам шу дарёга муштоқ.
Техника тобора ривожланган ҳозирги замонда нима бўлишини тусмоллаш амримаҳол. Бир маҳаллар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири рутбасида “жавлон урган” давлат арбоби Маркс Жуманиёзов қаламига мансуб “Эсимда қолган онлар” номли китобда мазкур сатрларни ўқигандим: “…Илгарилари Амударёдан, Тожикистонни ҳисобламаганда, Хоразм воҳасидан бошқа жойлар сув ичолмаган. Чунки, у вақтларда ҳозиргидек сув чиқазадиган насослар бўлмаган. Амударё бутун воҳа орқали қадимда Каспий денгизига, кейин эса Орол денгизига оққан. Бу асов дарёни жиловлаш қийин бўлган. Хоразм тупроқлари қумоқ бўлгани сабабли дарё ўзани тез-тез ўзгариб турган” (Маркс Жуманиёзов. “Эсимда қолган онлар”. 2008. 11-бет).
Ҳақ гап. Жайҳун ўзанини кескин ўзгартиргани оқибатида Урганч (Хоразмнинг аввалги пойтахти, айни вақтда осори-атиқалари Туркманистон Республикасининг Кўҳна Урганч вилоятида қад ростлаб турибди) теварагидаги унумдор ерлар қақраб, экин-тикинга ярамай қолгани тарихдан маълум. Оқибатда пойтахт Хивага кўчирилган.
Тасаввур қилиб кўринг. Образли зайлда айтсак, қадимда Жайҳун йўлбарс янглиғ тажовузкор эди, эндиликда мушукдай юввош тортганки, уни ҳар кўйга солмоқ мумкин. Чунончи, айни даврда Аму сувига Тожикистон ҳам, Афғонистону Туркманистон ҳам бирдек даъвогар бўлмоғи мумкин. Ҳа-да, техника жадал тараққий этаётган замонда шундоққина ёнингдан ўтаётган сувни томоша айлаш асноси ила кифояланиш лоқайдларнинг амали. Устига-устак, эл-улус ейман, ичаман деб турса?!
Хўш, нима қилмоқ керак? Уддабурон улус ибораси билан айтганда, пайпаслаб ишнинг кўзини топмоқ жоиз. Японияда ер кам экан — сувнинг устига тахта ўрнатиб, тупроқ сочиб шу жойга уруғ қадар эмишлар. Шунга қиёсан айтганда, бизда имкониятнинг кўп турлари мавжуд. Энг чўққиси — сув омборларини кўпайтириб, захирани мўл-кўл қилишдир. Сув жамғариш олтин йиғишдан ҳам аъло амал.
Шу онда Абдуғани Сангинов — сувчиларнинг пири айтган гаплари ёдга тушади. “Хитойдан ибрат олайлик. Шунча сонли аҳолисини сувга ҳам, электр энергиясига ҳам зориқтирмаяпти. Хитойда олти мингдан ошиқ йирик электростанциялар мавжудлигини биласизларми?”, деган эди у. Хулласи калом, машойихлар айтганидек, қаловини топсанг қор ёнур.
* * *
“Тўполончи” (дарвоқе, Амуни “Жайҳун” деганлар) дарёга дохил иншоотларни кўриб, томоша айлаб келганимизга ҳам ярим йил бўлибди. Айни пайтда декабрь — сарҳисоб ойи рўпарасидамиз. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ 2023 йил якунлари бўйича куни кеча катта матбуот анжуманини ўтказди. Мазкур ташкилот Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 майдаги 5044-сон Фармонига асосан ташкил этилган. Сўнгги олти йил ичида серқуёш Ўзбекистонда ГЭСларнинг умумий сони 2017 йилдаги 35 тадан 58 тага ҳамда ўрнатилган қуввати 1 856 МВт. дан ҳозирги 2 233 МВт.га етказилиб, қўшимча равишда қарийб 400 МВт. қувватлар воқеликка кўчирилди. Ушбу натижа МДҲ давлатлари орасида ҳам катта кўрсаткичлардан бири эканлиги қайд этилган.
Ҳозирги кунда Инвестиция дастурига мувофиқ жами қуввати 749 МВт.га тенг бўлган 13 та инвестиция лойиҳаси доирасида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда экан. Ҳисоботда таъкидланишича, 2023 йилда Тошкент, Андижон, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 190 МВт.га тенг 8 та ГЭС, шу жумладан, 3 та йирик ГЭС ва 5 та микроГЭС ишга туширилган. Тошкент вилоятидаги Испайсой микро ГЭС, Андижонда Завроқ, Хонобод микро ГЭСлари, Самарқанддаги Шаудар ва ПК 102 + 00 ГЭС, Сурхондарёдаги Тўполанг ГЭС ва Исфара-1 микро ГЭС лойиҳалари шулар жумласига мансубдир.
Яқиндагина Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида “Исфара микроГЭС-1”нинг очилиш маросими бўлиб ўтгани мамлакат сув иншоотлари йилномасига зарҳал ҳарфлар ила ёзилди, дейишимиз мумкин. Буларнинг ҳаммаси сув сурати-да ахир!
Эски китобларда нақл этилишича, сув, аввало, юлдузларда яралиб, сўнг пастга энган. Бу тусмолларда жон бордек. Негаки, сувнинг “юлдузи” одамларнинг “юлдузлари”га монанд келиб турибди.
Таъкидлаш жоизки, бутун мамлакатимиз аҳолисини тоза ичимлик суви билан, узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлашдек залворли юмушларга Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бош раҳнамо, ғамхўр, ташаббускордир. Бундай эзгу амалларни рўёбга чиқариш учун эса республикамизда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва унинг тизимлари, айтиш мумкинки, тиним билмай изланишда, ҳаракатдалар.
Баҳром РЎЗИМУҲАММАД,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.