Мунчоқдек китоб завқи
Шахсият ва шеър
Ҳар кишига Яратган бир табиат берган. Кимдир ҳазилга мойилроқ, бошқа биров — ўта жиддий. Баъзи кимсаларга сўзларнинг маъноси кўпроқ қизиқ, бошқаларга — шаклий жиҳати ҳам.
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййидни илк бор кўрган киши “ўта жиддий раҳбар экан” деб ўйлаши мумкин. Унча-мунчага кулавермаслиги бу фикрни яна ҳам қувватлайди. Ҳолбуки, зоҳирда ҳар қанча жиддий кўринмасин, унинг феълида ҳазилга мойиллик ҳам кучли, у сўзларнинг шаклига ҳам бефарқ эмас.
Яқинда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Бобурнома”нинг итальян тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Унда шу китобни чиқарган жаҳонга машҳур нашриёт уйининг директори Сандро Тетти ҳам иштирок этди. Сочлари бўлиқ, тикка-тикка; жуда ўстириб юрар экан. Сирожиддин Саййид ҳам сўзга чиқиб, охирида: “Аммо-лекин меҳмонимизнинг сочларига ҳавасим келди”, деди. Бутун залда бир ажиб кайфият пайдо бўлди. Чунки, шоиримизнинг сочлари тўкилган-да. Табиатида ҳазилга мойиллик бор одам ўзини ҳам аямас экан-да…
Ана шу икки хусусият, яъни ҳазилга мойиллик ва сўзларнинг шаклий жиҳатлари, оҳангдошлигига кучли қизиқиш, улардан маҳорат билан фойдаланиш бу шоир ижодида ҳам тез-тез намоён бўлиб туради. Бироқ, унинг “Сўзмунчоқ” номли китобчаси тамоман шундай ҳазиломуз ва лисоний гўзалликлар асосига қурилган шеърлардан ташкил топган, десам, ишонаверинг.
“Кичкина” деманг бизни
Мунчоқдеккина “Сўзмунчоқ” китобчасини қайта-қайта ўқидим. Лекин коптокни таърифлашдан кўра мунчоқни таърифлаш қийинроқ эканини энди билдим.
Китобчада бирорта катта шеър йўқ. Энг катта шеър — “Кўнгил”. У 19 қатор. Аммо, унинг биринчи қатори 1, иккинчи қатори 3, қолган сатрлари 2 сўздангина иборат. Жами 39 тагина сўз, холос. Битта 12, битта 11, битта 8, иккита 6 мисрали, ўттиз учта 2 мисрали шеър ҳам бор. Қолган бари тўртлик. Улар жами 64 та.
Ахир кўп асрлик мумтоз шеъриятимизда фард ёки рубоий каби кичик шеърлар ҳам бор-ку.
“Костюмингиз” демай, кўйлагингиз чўнтагига ҳам сиғиб кетаверадиган бу жажжи китобчадан жами 114 шеър ўрин олган. “Муаллифдан” деб битилган сўзбоши ҳам ҳажман шу шеърчаларга мос ихчамгина. Унда шоир бу битикларининг яралиш тарихини китобхондан сир тутмайди.
Сўз ясаш иштиёқи
Тилни халқ яратган. Қалам аҳли янги-янги сўзлар қўллайверади. Халқ тарафидан қабул бўлганлари яшаб қолади ҳам.
“YouTube”да сўз ясалиши (лотинча “деривация”) бўйича йирик мутахассис бўлган бир рус профессорининг чиқишини кўриб қолдим. “Ҳар қандай тилда сўз ясалишининг таппа-тайёр қолиплари бўлади. Шунга асосланиб, янги-янги сўзлар ясайвериш керак. Тил шу тариқа бойиб боради”, деди у.
“Сўзмунчоқ” муаллифи бу тўпламга кирган аксар шеърларида шу йўлни маҳкам тутган. Кўплаб янги сўзлар ихтиро қилган. Майли-да. Бу ҳам бир ижодкорлик эмасми? Шоир кўнглида ҳамма вақт сўз ясаш иштиёқи жўш уриб туриши лозим.
Эҳҳе, Навоий бобомиз қанча янги сўз ясади экан? Буни қайсидир бир фидойи тадқиқотчи унинг ижодини ўзидан олдинги адабий манбаларга қиёсан махсус ўрганиб, аниқлаб бериши зарур.
Гап фақат “сўзмунчоқ” калимаси устида кетмаётганини пайқаган бўлсангиз керак. Тўпламдаги шеърларда учрайдиган “зарлагач” (Б. 21), “тушхабар” (Б. 36) каби сўзлар ҳам шундай ясалган.
Тилимизда “газета” деган сўз бор, лекин “газ-газ эта” қўшма сўзи шоирнинг ихтироси:
Бутун дунё кундаликдир,
Воқеалар — газета.
Биз газета чиқаргаймиз —
Дунёни газ-газ эта (“Газетачилик”. Б. 50).
Бир қарашда енгилгина, ҳазилнамо шеърга ўхшайди. Аммо, бу ерда зимдан газеталарда ҳаётнинг аччиқ-аччиқ ҳақиқатлари, турмушнинг ечимини кутаётган долзарб муаммолари кўтарилиши зарурлиги таъкидланмаяптими?
Илгирлик
“Муаллифдан” деб берилган, шеърларнинг ўзидек ихчам сўзбошида: “Турли вақтда, турли ҳолат ва кайфиятда кўнгилга келган-у, шу алфозда баъзилари бадиҳа тарзида қоралаб қўйилган, айримлари ёддан ҳам чиқиб кетган, ҳар хил дафтар ва дафтарчалар, қоғоз ва қоғоз бўлаклари аро паришон кунларим ва тунларим мисол сочилиб ётган бу сўзмунчоқларни бир жойга жамлаб-чамалаб қарасам, дардчил ва ғаройиб манзара ҳосил бўлди” (Б. 5).
Ана шу дардчиллик ўқиганларга юқади.
Сўзбошининг яна бир нозик жойи бор. “…Туркумдаги кўп ҳикматнамо гаплар ва мақолларни волидам айтганлар. Худойим умрларини узайтирсин”, — дейди шоир (Б. 7-8). Беихтиёр Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминовнинг оталаридан қолган нақллар асосида яратган “Бир аср ҳикояти” деган ажойиб китоблари ёдга тушади.
Лекин шоир-ёзувчиларнинг “отамнинг гапи” ёки “онамнинг гапи” деганига кўп ҳам ишонаверманг. Чунки, эҳтимол, ўша ота ёки онанинг гапи ҳали хомашё, яъни адабий материалдир, холос. Сиз ўқиган асарда эса отаси ёки онаси ёнида моҳир қалам соҳиби бўлган ўғил турибди-да. Ахир отаси ё онасидан доно гаплар эшитиб улғайган одам камми бу оламда? Аммо, уларни илғаб, қоғозга тушириб, оммага айтиш учун билгирликнинг ўзи камлик қилади, илгир ҳам бўлиш керак.
Тажнисийлик
Агар кимдир: “Бу шеърчаларда қайси бадиий санъат энг кўп қўлланган?” деб сўраса, ҳеч иккиланмасдан: “Тажнис”, деб айтишга тўғри келади. Чунки, тажнисийлик тўпламнинг бошидан-охиригача сизга “шерикчилик” қилади.
Мана, қаранг, “Адабиёт” тўртлигидаги “абадий ёд” ва “адабиёт” сўзлари ўртасидаги оҳангдошлик шоирга бир муҳим ҳаётий ҳақиқатни айтиш имконини берган:
Инсон бу дунёда абадий ёддир,
Гоҳо ободдир-у, гоҳо барбоддир.
Гоҳо хасдан ҳам паст, гоҳ тоғдай баланд,
Шуларнинг барчаси Адабиётдир (Б. 9).
Шеърлар орасида “қайд қил, қайд, адир” — “қайдадир” (Б. 13), “штаб айлаб” — “шитоб айлаб” (Б. 14), “тандир” — “тан — тандир” (Б. 20), “булдирчин” — “булдир чин” (Б. 52) каби тажнислар бисёр.
Туюқ руҳи
Навоий бор-йўғи 13 тагина туюқ битган. Улар “Хазойин ул-маоний”нинг “Бадоеъ ул-васат” девонига киритилган. Туюқ, биласиз, шаклдош сўзларни қофияга олиш орқали битилади. Бу жанр намунасини яратиш учун тилдаги мавжуд шаклдош сўзлар — омонимларга суянишнинг ўзи камлик қилади. Сунъий равишда бўлса ҳам, бир неча сўз иштирокида бўлса ҳам, тажнис ҳосил қилиш шарт. Масалан, улуғ бобомиз “ё лабдурур”га “ёлабдурур”ни, “ёқилур”га “ё қилур”ни, “гулгунасиз”га “гулгуна сиз”ни, “бу тун”га “бутун”ни, “ўт чақилғуси”га “ўтча қилғуси”ни қофия қилганлар.
Шуни ҳам эслатиб ўтайликки, туюқ фақат туркий шеъриятда мавжуд жанр. Чунки, туркий тилнинг тажнис яратиш имконияти жуда кенг. Забонимизнинг айни шу жиҳати Сирожиддин Саййидга айрича илҳом бағишлаган.
Шоир анъанавий туюқ ёзмаган. Чунки, бу жанрнинг муҳим талабларидан бири — унинг фақат рамали мусаддаси маҳзуф (ёки мақсур), яъни “фоилотун фоилотун фоилун” (ёки фоилон) вазнида битилиши шартлиги. Лекин бу тўпламдаги асарларнинг аксари туюқнамо шеърлар.
Гарчи жанрнинг мумтоз шеъриятимиздаги вазний талабига жавоб бермаса ҳам, китобчага туюқни ёдга соладиган бир нечта тажнисий тўртлик киритилган:
Болалик чоғларга қайтгил, қайт, адир,
У мовий дамларни қайд қил, қайд, адир.
Қайтмас онларимга мени қайтаргил,
Болалик қайдадир, ёшлик қайдадир? (“Соғинч”, Б. 13).
Қатор мижгонларинг хатида сурма,
Мана, сурма сенга, кўзингга сур, ма.
Кўзу қошларингга ёндош яшайин,
Мени мижгонларинг қатидан сурма (“Сурма”, Б. 21).
Аввал язув, кейин ёзув, язиқдир,
Язиқ бўлиб олам кезгач — язикдир.
“Язик” деса, улар тилин кўрсатур,
Бизда эса манглайдаги ёзиқдир (“Тил ва ёзув”, Б. 22).
Бор жоминг олиб, Жомбойга бор,
бор, Жомига боргил,
Жомбой била Жом номида бир жом бор,
бор, Жомига боргил.
Жомбой била Жом жомлари ҳам
жоми дилингни
Тўлдирмаса, бор жоминг олиб бор,
“Боржоми”га боргил (“Жом” ва “Боржом”, Б. 27).
Ҳар сатрингга дил ўтидан ол маёқ,
Ул маёқни Вақт сендан олмаёқ (“Ёш шоирга”, Б. 28).
Оҳу кўзлар йиғилсалар —
оҳузор бўлгай,
Ошиқларнинг юрагида
оҳу зор бўлгай (Б. 43).
Кўнгил кўнгилга муштарий,
обунадир,
Бу қандайин обунадир,
о, бу надир? (“Мавсум”, Б. 48).
Китобчадан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Тарди акс
Мусулмон Шарқи мумтоз адабиётшунослигида “тарди акс” деган бадиий санъат бор. Бунда камида икки ўринда сўзлар ё ифодаларнинг жойини ўзаро алмаштириб ишлатиш орқали бадиий гўзаллик барпо қилинади. Шу тариқа ўқувчига табъий (эстетик) завқ улашилади.
Ҳозирги ўзбек шеъриятида бу бадиий воситага унчалар эътибор берилмай қўйган. Бўлса ҳам, жуда кам ишлатилади. Лекин таҳлил этилаётган тўпламда мазкур санъатнинг гўзал намуналарини учратамиз:
Давру замон юракларга
Ўз нақшини солгайдир —
Биз тарихда қолмасак ҳам,
Тарих бизда қолгайдир (“Давр”, Б. 32).
Бу ерда “биз” ва “тарих” сўзларининг ўрин алмашиши тарди аксни юзага чиқарган.
Қоши ёси ёдга келса,
Осиёси эсга тушар.
Осиёси ёдга келса,
Қоши ёси эсга тушар (“Осиёбону”, Б. 50).
Бу ерда “қоши ёси” билан “Осиёси” ўзаро жой алмаштирилган ҳолда ишлатилган.
Инсон фақат бир бор тушар назарга,
Тушса, фақат бир бор назардан тушар (“Инсон”, Б. 17).
Тўртликнинг бу сўнгги икки сатридаги “тушар назарга” билан “назардан тушар” сўзларига қурилган тарди акс доно бир ҳикматни баён этишга хизмат қилган.
Шеър ўқувчига маъно-мазмунни табъий (эстетик) завқ бағишлайдиган даражада етказиши зарур. Бадиий санъатлар шунга хизмат қилади.
Ўзмунчоқ
Митти сўзбошиси охирида шоир камтарлик билан: “Хуллас, кўзмунчоқларим сўзмунчоққа айланди. Мақтангулик жойим йўқ. Буларни мен “шеър” деб айтолмайман. Лекин, йилларки, жисму жонимда қадалиб, мадда бойлаб ётган, киприкларни худди тиконлардай, зирапчалар мисол юрак-юракларимдан зирқиратиб суғуриб олганларим, ҳар қалай, рост бўлса керак”, деб ёзади (Б. 8).
Агар “рост бўлса”, демак, бу жажжи шеърлар кўзмунчоқ ҳам, сўзмунчоқ ҳам эмас — ЎЗМУНЧОҚ!
“Изланиш” шеърида бунга ишора ҳам бордек:
Қидир доим. Излайвергин.
Ҳаракат қил. Ахтаравер.
Бу дунёда, ҳеч бўлмаса,
Ўз сўзингни топгайсан.
Ўз қалбингни кеча-кундуз
Қатлам-қатлам ағдаравер.
Қатлам-қатлам қалб қаъридан
Сен ўзингни топгайсан (Б. 45).
Шундай!
Бу жажжи шеърларда шоирнинг ўзи — шахсияти бўртиб турибди.
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.