Инсон руҳининг дўстлари

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик Абдулла АЪЗАМ билан суҳбат

Абдулла АЪЗАМ — ўзбек илм-фани ва адабиётининг турли йўналишларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшиб келаётган олимлардан бири, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби. Таниқли олимнинг аруз соҳасидаги кўплаб рисолалари, мутафаккир Алишер Навоий асарлари тўғрисидаги китоблари жуда қимматлидир. Хусусан, “Муножотнома”, “Аброрлар ҳайрати”, “Алишер Навоий асарларида ҳазил-мутойиба”, “Мирзо Бобур девонида аруз маҳорати” каби китоблари мумтоз адабиётимизни ўрганувчилар учун муҳим манба бўлиб қолмоқда.

Таниқли олим билан илм-фан, ижод, мутолаа маданияти, бугунги кун адабиёти ва бошқа мавзуларда суҳбатлашдик.

— Ҳурматли устоз, ўзингизга маълум, илм аҳлида, одатда, битта йўналиш устунлик қилади. Ёки иккинчиси биринчисига яқинроқ бўлади. Сизни эса ҳам математик-физик олим сифатида, ҳам адабиётшунос, навоийшунос, арузшунос сифатида яхши биламиз. Қайси соҳада ўзингизни эркинроқ ҳис этасиз: адабиётдами ёки математикада?

— Авваламбор, илм ва фан ўртасидаги фарқни белгилаб олайлик. Бу икки тушунча ўзаро боғлиқ, аммо алоҳида мазмунга эга. Илм (ўзбек тилига билим деб таржима қилинади) — йиғилиб борадиган маълумот (бу сўзнинг ўзи кўпликда). Илми кўп одам олим (кўплиги уламо), бир неча соҳанинг олими аллома дейилади. Фан тушунчаси эса илмий тадқиқотга, янги билим излашга нисбатан қўлланади. Камина фаннинг математика соҳаси бўйича мутахассис. Адабиёт, тарих, фалсафа — кўнгил иши. Тарихда бир неча соҳага қизиқувчилар жуда кўп, ҳозир ҳам оз бўлмаса керак. Киши бирор фаннинг бирор соҳаси бўйича мутахассисликка даъво қилса, у шу фаннинг илмий методологиясини ўзлаштирган бўлиши ва унга амал қилиши лозим (хусусан, математикада тушунчаларнинг қатъийлиги, теоремалар исботланиши, исботланганда ҳам, то қиёматгача ўз кучини сақлайдиган тарзда). Ҳозир тарихчилар жуда кўпайиб кетди. Тарих китобларини ўқиш осон-да. Тарихга оид кўп китоб ўқиган билан одам тарихчи бўлиб қолавермайди. Илмий методологияси бўйича тарих — фанларнинг энг мураккаби. Ахир бирор тарихий воқелик ҳақида мақола ёзган одам баён қилганларига шунчаки ишонадими ё бошқача ўйлайдиганларни ҳам ишонтира оладиган далиллар келтирадими — бу ўта мураккаб иш.

Бир мисолни эслатай. 2001 йил 11 сентябрь воқеаси ҳамманинг кўз олдида, таъбир жоиз бўлса, онлайн тарзда юз берди. Аммо унинг тарихи сир-асрорга тўлалигича қолмоқда. Шундай экан, тарихда бўлган воқеалар ҳақида ўз билганича даъволар билан чиқиш дуруст эмас, кўпинча кулгили ёки фожиали бўлади. Бу изоҳ бошқа соҳаларга ҳам тааллуқли. Зотан, ҳар бир фаннинг ўз методологияси борки, уни пухта ўзлаштирмагунча, “чумчуқ сўйишга ҳам пичоқ олмаган” маъқул.

— Барибир адабиёт оламига математика соҳаси мутахассиси бўла туриб янгиликлар, таҳлилий ва танқидий назарияларни тақдим этишингиз кўпчилик учун қизиқ-да. Бадиий ижодга қизиқиш сизда қачон пайдо бўлган ёки истеъдод қачон намоён бўлган?

— Тахминан 5-синфда ўқиган йиллардан бошлаб адабиётга меҳрим тушган. 8-синфгача адабиёт тўгарагига қатнаганман, шеър, кичик пьесалар ҳам ёзганман. Кейин математикага берилиб кетдим. Аммо адабиётга қизиқишим ҳеч қачон сусаймаган. Аксинча, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган сайин ортиб борган. Адабиёт, китоб инсон руҳининг дўстларидир.

— Улуғ аллома Алишер Навоий ва унинг ижодий мероси ҳақида “Муножотнома”, “Аброрлар ҳайрати” каби рисолаларингизда чуқур изланишлар олиб боргансиз. Нега айнан Навоий фалсафасини танлагансиз?

— Айнан танлаган эмасман. Ҳамма қатори Навоий билан танишишни унинг афоризмлари, рубоий ва қитъаларидан бошлаб, сўнг ғазаллари, насрий асарларини ўқишга ўтганман. Ҳамма ҳам “Маҳбубул-қулуб” асари, девонларидаги фалсафий мазмундаги шеърлари, кўпинча ғазалларидаги атиги бир байтда нақадар чуқур тафаккур акс этганини пайқайди. Шу тариқа аста-секин “Навоий — биринчи навбатда даҳо файласуф, ўзбек халқига, ҳатто бутун дунё аҳлига мураббий” деган тушунча мустаҳкамланиб борди. “Хамса”ни ўқишга киришгач, бу тушунча эътиқодга айланди. Бу борада ҳали қилиниши лозим юмушлар ниҳоятда кўп. Ўнлаб, юзлаб йиллар давомида қилинадиган ишлар.

— Алишер Навоийни ёшларга ўргатиш ҳақида қимматли фикрларингиз бор. Балки, боғча ёшиданоқ, кейин мактабда Навоий ижодини, унинг ғояларини ўргатадиган дастур зарурдир? Бу борада сизда қандай таклифлар бор?

— О, қизим-эй, боғча ёшидан дейсиз. Ўрта мактаб тугул, ҳатто ўзбек филологияси факультетларининг кўпида Навоийнинг маънавий меросини ёшларга ўргатадиганлар, ўргата оладиганлар етарли эмас. Навоийшунослар кўп, алҳамдулиллаҳ. Аммо уларнинг аксари ана шу меросга академик ёндашади, ҳатто манфаатдан келиб чиқиб, масалан, диссертация ёқлаш мақсадида шуғулланади. Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан Давлатимиз раҳбари имзо чеккан муҳим қарор қабул қилинди. Унинг деярли ҳамма банди бажарилди. Аммо ёшларни Навоийга яқинлаштиришда сезиларли ўзгариш бўлдими? Билмадим. Қарорни бажаришга киришишдан аввал ва ундан кейин ижтимоий тадқиқот ўтказилганда яхши бўлар эди. Таклифларга келсак, биринчи навбатда ҳамма олий ўқув юртида Навоийнинг сиймосига шайдо, шу қадар шайдоки, дарс ўтганда, суҳбат қилганда тингловчиларга ана шу шайдоликни юқтира оладиган мураббийлар бўлишига эришмоқ керак. Бу жуда муҳим. Буюк бобомизнинг:

Одамий эрсанг, демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами, —

деган байтини билмайдиган ўзбек йўқ чиқар. Аммо турли бўғин раҳбарлари орасида “халқ ғамидан ғами борлар” кўп эмас. Чунки ўқиган, ҳатто ёдлаган билан юқмаса қийин-да.

— Бадиий китоблар мутолааси ҳақида ҳамиша танқидий ва оғриқли фикрлар айтилади. Қачондир китобхонлик юксалиши аниқ. Чунки кўп зиёлилар бу борада изланишмоқда. Сиз нима дейсиз?

— Бу борада шўро тузумида улғайган биз зиёлиларда ўша давр муҳитини қўмсаш бор. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” билан ёшлар газеталари, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Гулистон” журналлари ҳар бирининг тиражи неча юз мингга чиққан эди. Жамланса икки-уч миллионга боради, аҳоли сони эса ўшанда 20 миллионга ҳам етмас эди. Хоҳлаймизми-йўқми, у давр ўтиб бўлди, қўмсашдан наф йўқ, керак ҳам эмас. Бозор шароитига мос, пул топиш ғояси биринчи ўринга чиққан муҳит билан уйғун усуллар излаш керак. Конкрет таклиф: шўро даврида “Китоб савдоси” деган давлат ташкилоти бўлар эди. У бозор иқисодиётига мослаша олмай ёпилиб кетди. Бирор маънавиятли тадбиркор замона зайлига мос, муваффақият билан ишлайдиган хусусий фирма очса, қанийди. У ҳеч бўлмаса 5 йилга ҳамма солиқлардан озод этилса ва шу билан тежалган маблағи эвазига ҳамма шаҳар ва йирик қишлоқларда китоб дўконлари очишига имкон яратилса, айни муддао бўлар эди (бир пайтлардаги китоб дўконлари аллақачон хусусийлаштирилиб бўлган).

— Китоб нашри ва уни мамлакатимизнинг барча жойига бир вақтда етказиш ҳам бугунги кунда муаммолидир. Чунки аҳоли сони кўп бўлса-да, китоблар кам нусхада чиқаётир. “Китоблар яратилса, бир кун ўқилади”, деган таскин сизни ҳам овутадими?

— Йўқ, овутмайди. Аксинча, бугунги аҳвол — ҳолва. Бошини интернет сайтларидан кўтармайдиган авлод етиша бошладики, у китоб ўқийдиган авлод ўрнини батамом эгаллагач, китоблар — макулатура бўлади (ишонмасангиз, макулатура пунктларига бир бориб кўринг). Баъзилар: “Мана, айрим Ғарб давлатларида китоб ўқишга қизиқиш ортмоқда-ку”, дейишади (THGM ташкилоти 2022 йилда Шимолий Америка ва Европанинг 56 та мамлакатида ўтказган сўровномага жавоб берганлардан АҚШда 39 фоиз, Буюк Британияда 44 фоиз бир йилда 20 тадан зиёд китоб ўқиганини айтишган, шундан тахминан чораги − бадиий адабиёт). Ижобий анъаналар ниҳоятда қийинлик билан тарқалади, салбийлари эса ёруғлик тезлигида. Ёшларимиз Ғарбдан китоб ўқишни ўрганмаса ҳам майли, ғарбона маданиятга тақлидни юқтирмай туришининг ўзи катта гап.

Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор. Холиқи эгам бани башарни тўғри йўлга солиш учун йўриқнома ва пандномаларини китоб тарзида нозил қилган, компьютерлар, гаджетлар тарзида эмас. Демак, китобда бир тилсимли қувват бор ва ўз кучини албатта кўрсатади.

— Бугунги кун адабиёти, хусусан, адабиётшунослик ва адабий танқиднинг аҳволи ҳақида қандай фикрдасиз? Кўпларнинг “наср оқсаяпти”, “драматургия ўлди”, “танқид йўқ” деган хулосалари, сизнингча, тўғрими?

— Наср, драматургия, адабий танқид ва бошқалар ўлган эмас, ҳеч қачон ўлмагай. Ҳатто эртак жанри ҳам. У ёки бу жанр қанчадир йиллар мудроқ ҳолга тушиши мумкин. Бир вақт келиб, истеъдод чақмоғи чақнаб, момақалдироқдай жанрни мудрашдан уйғотиши мумкинлигига тарихда мисоллар кўп. Балки, ҳозир шундай истеъдодлар вояга етаётгандир?! 1960 йилларда Қашқадарёнинг Некўз қишлоғидан “Абдулла Орипов” деган портлаш чиқишини ким кутган?

— Миллат қиёфасини сақлаш йўлида оғриқли муаммолардан бири она тилимизни ривожлантириш бўлиб қолмоқда. Навоийга бағишлаб ёзган “Аброрлар ҳайрати” эссе-тадқиқот китобингизда “Алишер Навоий инсоният тарихидаги биринчи она тили патриотидир”, дегансиз. Ростдан ҳам, инсоният тарихида ўз тилини ҳимоя қилишга уринган бошқа шахс чиндан ҳам йўқми?

— Она тилимиз ривожлантиришга муҳтожми, йўқми — билмадим. Лекин бугун уни асраб-авайлаш, бузувчилардан, менсимаётганлардан ҳимоя қилиш долзарб. Тил патриотизмига келсак, Навоий — бу борада дунёда биринчи. Балки ягона ҳам бўлса керак. Чунки у форс тилида ёки араб тилида ижод қилганида, довруғи ўз даврида камида ўн баробар кўпроқ ҳудудга тарқалган, бугун эса юз баробар кўпроқ халқларнинг қалбу шуурини забт этган бўлар эди. Аммо у ўз она тили мавқеи учун бундай шуҳратдан онгли равишда воз кечган. Тарихда ҳам, бугун ҳам бунинг акси — ўз она тили қолиб, бошқа, кенгроқ тарқалган халқ тилида ижод қилган адиблар кўп.

— Биз — бугунги кун ўзбеклари Алишер Навоийга тил борасида издошликни қанчалик уддалай оляпмиз?

— Ҳазрат кўрганларида роса йиғлаган бўлар эдилар.

— Наманган давлат университетида ректорлик қилган йилларингизда шоир Усмон Носир хотирасига бағишлаб “Усмон Носир қаерда?..” пьесасини ёзгансиз. Пьеса тақдири ҳақида сўзлаб берсангиз. Сизни бунга нима ундаган? Уни бугун ҳам томоша қилса бўладими?

— Пьеса баҳонасида замондошларимга савол бермоқчи бўлдим: “Усмон Носирдай адабиёт соҳасида Нобель мукофоти соҳибларидан кам бўлмаган истеъдод эгасини қаерга гумдон қилдингиз? Бугуннинг тирик усмон носирлари қадрига етяпсизми?” Афсуски, жавоб бўлмади.

Пьеса Наманган давлат университетининг ҳаваскорлар саҳнаси учун ёзилган бўлиб, бир тажриба эди. Ундан режиссёр, Ўзбекистон санъат арбоби Карим Йўлдошев фавқулодда руҳиятли спектакль яратди. Бу пьеса муаллифининг яъни каминанинг фикри, албатта. Унда кўтарилган масала долзарблигича қолади, деб ўйлайман.

— Ғазалларингиз, аруздаги шеърларга боғланган назиралар сизнинг бу вазн ва мумтоз шеър санъатларини ҳам чуқур билишингиздан дарак беради. Аруз илми бўйича ҳам шогирдларингиз борми?

— Битта арузшунослик илми ишқибозига, тўрт-бешта арузнавислик ҳаваскорига озми-кўпми ёрдам берган чиқарман. Истовчилар кўп эмас.

— Ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларингизда жамият муаммолари, оила масалалари, юртдошларимиз турли соҳаларда эришаётган ютуқлар, муаммолар ҳақида холис фикр билдириб келмоқдасиз. Шу ўринда бир савол. Зиёлиларимиз миллат маънавиятини сақлаш, бошқаларга ўрнак бўлиш тўғрисида ёппасига йўл қўяётган хатолар нечоғлиқ? Ана шулар ҳақида нима дея оласиз?

— Бунақа қийин савол берманг-да, жавоб беролмаган академикка уят бўлади.

— Устоз, майлими, бироз лирик чекинсак? Инсон ҳамиша табиатни англашга, ҳис қилишга уринади. Кузги гуллар ҳақида “Кузни баҳорга айлантирувчилар” деган ажойиб жумлангизга дуч келдим. Дарҳақиқат, инсон қалби ва тафаккури дунёсида гулларнинг қандай ўрни бор деб ҳисоблайсиз?

— Лирик чекиниш учун ташаккур. Шундай фикрдаман: табиатда одамзоднинг қўли тегмаган ҳамма нарса гўзал. Масалан, тоғда қийшайиб ўсган, шамол синдирган арча шаҳардаги қайчилаб сунъий сарвга айлантирилган арчадан беқиёс даражада гўзал (соатлаб томоша қилиш мумкин). Албатта, одам ҳам гўзаллик яратади, аммо табиий гўзаллик ўз номи билан табиий-да. Шу жумладан, гуллар. Аллоҳнинг мўъжизаси. Дарвоқе, китоблар, спектакллар, мусиқа ва тасвирий санъат асарлари, архитектура ва иншоотларнинг ҳам гуллари бўлади.

— Бугунги кун матбуоти ҳақида нима дейсиз? Газетани ёшлар ўқимаётгани қандай натижа беради деб ўйлайсиз? Балки, газета нусхалари кўпайса, нархи арзонлашиб, обуна масалалари ечилармиди…

— Афсуски, кўз қуввати тушиб кетган (нури “Бобур энциклопедияси”ни икки марта нашрга тайёрлашга тўкилган). Газета, умуман, майда ҳарфли матнларни лупа билан ўқишга тўғри келадики, маза топмайсан. “Facebook” тармоғида фаоллигимнинг сабабларидан асосийси ҳам шу — катта экранли компьютерга матнни йириклаштириб олиб ўқийман. Ана шу сабабли бугунги даврий матбуот ҳақида бирор жўяли гап айтолмайман. Буни, яхшиси, социологлардан сўраб кўриш керак. Мабодо “Тафаккур”чи деган сўзни учратмаганмисиз? Камина ҳам “Тафаккур”чи. Ўйлайманки, қайси нашрнинг чин мухлислари бўлса, демак, у яшашга ҳақли.

— “Hurriyat” газетасининг ҳам ўзига хос тарихи бор. Уни кузатиб борасизми? Бугун у сиз кутгандек чоп этиляптими? Қандай таклифларингиз бор?

— Янги нашр этила бошлаганида, матбуот майдонида портлаш содир этган, ҳамманинг оғзига тушган эди. Дўстим Хуршид Дўстмуҳаммад бош муҳаррир бўлган йилларда газетадан маънавий қарздор ҳам бўлганман. Ҳозир ҳам бу туйғу ўз кучида. Газета раҳбариятига толмас изланувчанлик, ёш ижодкорларига шижоат, илҳом, юксакликка интилишда ҳориб-чарчамаслик тилайман. Интилганга толе ёр.

Газета номи табаррук сўздан олинган: юрт мустақиллиги, миллат тафаккурининг эркинлиги, инсон онгининг озодалиги. Ўз касбим тақозоси, қизиқишларим туфайли ёшлар билан доимий мулоқотдаман (орада баҳслашиб ҳам турамиз). Ким нима деса деяверсин, аммо мен Президент Шавкат Мирзиёев орзу қилаётган Учинчи Ренессанс рўёбга чиқишига ишонаман, кучим етганича ҳисса қўшишга тиришаман. Ҳамкасбларим ёзнинг жазирамасида Кисловодскка бирга боришга ундашганларида, вақтимни қизғандим. Ҳали халқим олдида, айниқса, ёш математиклар ва Навоийга интилувчилар қаршисида адо этишим лозим бўлган қарзлар кўп. Қарангки, фанда, ижодда инқилобий натижаларга эришиш учун тадқиқотчининг тафаккури ҳур бўлиши лозим. Умид қиламанки, “Hurriyat” газетаси ҳам бу борада ўз ҳиссасини қўшади.

— Қадрли устоз, самимий суҳбат учун ташаккур! Сизга сиҳат-саломатлик тилаймиз.

Суҳбатдош:

Гулнора ШЕРМАТОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × four =