Сурхондарё ёруғ ўзгаришларга юз тутмоқда
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Бердиқобилович ҚОСИМОВ билан суҳбат
Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудлари каби Сурхондарё вилоятида ҳам сезиларли ўзгаришлар, ислоҳотлар самаралари яққол кўзга ташланади. Бугунги Сурхондарё бундан 8-9 йил аввалги Сурхондарё эмас. Вилоят маркази Термиз ниҳоятда обод, чиройли ва гўзал шаҳарга айланган. Буни шаҳарда қад ростлаётган бир-биридан кўркам турли иншоотлар, уйлар, обод кўчалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Албатта, бу ишлар Президентимизнинг Сурхон воҳасига эътибори, кўмаги натижасида амалга оширилмоқда. Қолаверса, ислоҳотлар самараси, аҳолининг тадбиркорликка бўлган қизиқишлари қўллаб-қувватланаётганидан дарак беради. Аммо ҳаёт бор экан, унда ютуқлар билан бир қаторда ўзига яраша муаммолар ҳам бўлиши табиий.
Қуйида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Бердиқобилович Қосимов билан мулоқотимиз мавзуси кейинги пайтларда воҳада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни ва келгусида рўёбга чиқариладиган ишлар, ёруғ ва истиқболли лойиҳалар хусусида бўлди.
— Улуғбек Бердиқобилович, ўзингизга маълум, Сурхондарё ўзининг бой ва қадим ўтмишига, юксак маънавий илдизларига, меҳнаткаш ва танти элига эга бўлган юрт. Ушбу вилоятга биринчи раҳбар бўлиб тайинланганингиздан кейин ишни дастлаб нималардан бошладингиз?
— Дарҳақиқат, Сурхон воҳаси жуда қадим тарихга, маданиятга эга ўлкадир. Бу замин шунчалик қадимийки, ҳар бир қаричи мозийдан сўзлайди, десак, хато бўлмайди. Мактабда, сўнг олий таълим даргоҳларида ўқиган манбаларимиздан ҳам биламизки, қадим Сурхон-Бақтрия давлатчилигининг маркази ҳисобланган бу замин ҳатто инсоният яратилишига оид даврларда мавжуд бўлган цивилизация-тамаддун бешикларидан ҳисобланиши сир эмас. Мозий хилқатларидан ҳикоя қилинишича, Сурхондарёнинг Бойсун туманига тегишли Тешиктош ғоридан илк неандертал одам-бола суяклари топилган. Эски Термиздаги Фаёзтепа, Қоратепа ёдгорликлари ёки бугунги Шўрчи тумани ҳудудига тегишли Далварзинтепа, Денов туманидаги Қоратепа, умуман, Чағониён тарихига оид манбалар билан танишар экансиз, бу ўлка ўтмиши неча минг-минг йилларга бориб тақалишига имон келтирасиз.
Бундан анча йиллар олдин ўқиганим ҳали ҳам эсимда: Сурхондарёнинг табиатсевар ёзувчиси Менгзиё Сафаровнинг гўзал бир китоби бор эди. Адашмасам, “Она юрт қўшиғи” деб аталар эди. Унда ёзилишича, бутун жаҳонни зир титратган Александр Македонский (биласиз, халқда у Искандар Зулқарнайн деб аталади) юртимизга бостириб келганида, ўз қўшини билан Жайхун-Амударёдан кечиб ўтар экан, ҳайратдан лолу ҳайрон бўлиб қолибди. Қараса, бу қадим Бақтрия ерлари шу қадар гўзал, мафтункор, кўм-кўк далаларга, яйловларга эга эдики, у кўзлари ёниб шундай ўйлаган экан: “Наҳот оламда менинг Македониямдан ҳам гўзалроқ, ободроқ жойлар бўлса?!”
Ҳа, шундай эди. Бу юрт тарихи ҳақида кўп гапириш мумкин. Неча минг-минг йилликлар замирида не-не кечмишлар, топишишлар-у йўқотишлар ётганини бир ўйлаб кўрайлик. Алпомишлар юрти бўлган Сурхондарё XIII асрнинг бошларида Чингизхоннинг ҳалокатли босқинига учрайди. Ундан олдинги тарихи Кушонлар даврида, Сосонийлар даврида, сўнг араблар истилоси, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар… эҳҳе, не-не босқинларни бошидан ўтказмаган дейсиз. Аммо она юртимиз афсонавий Қақнус қуши каби қайта тирилиб, юксалишда давом этаверди. Қизиқиб ўқиганим юрт тарихи хусусида ҳатто Амир Темур саройига келган Кастилия қироли Генрих III нинг элчиси Клавихо кундаликларида ҳам кўп қизиқ маълумотлар айтилган…
— Қойил, Улуғбек Бердиқобилович, ҳокимларнинг тарихдан бу қадар чуқур маълумотга, билимга эга эканлигининг гувоҳи бўлиш жуда ҳайратли ва таҳсинга лойиқ, очиғи…
— Юрт тарихи ҳақида сўз кетса, ҳар қандай киши “тарихчи” бўлиб кетишига сал қолади ўзи. Энди саволингизнинг энг муҳим қиррасига жавоб берадиган бўлсам, Сурхондарё вилоятига муҳтарам Президентимиз томонидан билдирилган юксак ишонч туфайли 2022 йилнинг декабрь ойидан бошлаб аввал вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи, 2023 йилдан эса ҳоким сифатида фаолият юритиб келмоқдаман. Биринчи галда Юртбошимиз томонидан қўйилган вазифа вилоят аҳолисининг қувончу ташвишларига шерик бўлиш, бор имкониятларни ишга солиб, воҳа иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, бандлигини кўтариш, даромадлари ошишига эришишдир. Яхши биласиз, вилоятимиз Ўзбекистоннинг жануби-шарқий нуқтасида жойлашган бўлиб, Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари билан чегарадош ҳисобланади. Энг муҳими, муҳтарам Президентимизнинг Сурхон элига бўлган чексиз меҳри, ҳурмати туфайли вилоятимизга доимий эътибор қаратиб келинаётгани туфайли энг оғир масалалар ҳам ечиб берилмоқда. Мен эса биринчи иш кунларимни вилоятдаги энг оғир масалалар ҳисобланган аҳолига кўпроқ иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш, ёшларимизнинг замонавий шарт-шароитлар асосида сифатли таълим олишига доир масалалар, халққа бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланишига доир муаммоларга ечим топиш, вилоятга чет эл ишбилармонларининг сармоя киритишларини қўллаб-қувватлаш, бунинг учун ҳар томонлама қулай муҳитни янада яхшилаш, воҳанинг олтинга тенг заминидаги ўзлаштирилмаган табиий конларни ўзлаштиришга доир кўпдан-кўп масалаларни ҳал қилишни биринчи галдаги вазифам деб эътибор қаратдим.
Албатта, ҳамма ишларни, аввало, кадрлар ҳал қилади. Шунинг учун ҳам вилоят тарихида авваллари юз бермаган имкониятни Давлатимиз раҳбари яратиб бердилар. Деярли барча шаҳар ва туман ҳокимлари янгидан тайинланди. Энди улар билан ҳамжиҳатликда бор имкониятларни ишга солиб, Сурхондарёни энг обод вилоятга айлантиришимиз — бош вазифа.
— Жуда тўғри таъкидладингиз, Президентимиз томонидан Янги Ўзбекистонни юксалтириш асносида Сурхон юртини ҳам янада ривожлантириш, Сурхон халқининг турмушини янада фаровонлаштириш мақсадида кейинги йилларда давлатимиз ғазнасидан жуда катта-катта маблағлар ажратилаётганидан хабардормиз. Ана шу борадаги амалга оширилаётган амалий ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
— Боя айтиб ўтганимдек, фаолиятимнинг илк кунлариданоқ ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратган ҳолда ҳудудларда боғча, мактаб, маданият уйлари ва шифохоналарга бирма-бир кириб чиққанимда, таълим муассасалари ва шифохоналарда зарур шароитларни яратиш борасида бир қатор муаммоларни ҳал қилиш лозимлигига шахсан гувоҳ бўлдим.
Айтайлик, мактабларда парта етишмаслиги, боғчаларда иситиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, аҳолига тезкор тиббий хизмат кўрсатишда замонавий транспорт воситалари камлиги ва уларга талаб юқорилиги, маданият муассасалари узоқ вақтлардан буён эътибордан четда қолаётганлиги, спорт объектларининг ачинарли ҳолатга келиб қолганлигини кўриб, ушбу муаммоли масалаларни ечиш борасида алоҳида тизимли ишлар ташкил этилди ва ана шу масалалар кейинги уч йил давомида тубдан ижобий томонга ўзгартирилишига эришилди. Шубҳасиз, бундай катта имкониятлар бевосита Давлатимиз раҳбарининг эътибори, қўллаб-қувватловлари туфайли амалга оширилди. Айниқса, охирги бир-икки йил давомида вилоятда том маънода қурилиш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш йили бўлди, десак, адашмаган бўламан.
Хусусан, кейинги бир йил давомида вилоятда жами 1823 та объектда қурилиш ишлари учун республика ва маҳаллий бюджетдан жами 2,6 трлн сўм маблағ ажратилди (2022 йилда 258 та объектга 1,8 трлн сўм берилган. Ўсиш 144 фоиз).
Қурилиш ишлари олиб борилган объектлар сони ҳам олдинги йиллардагига нисбатан 7 баравар кўп бўлиб, шундан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган ижтимоий соҳа объектларининг ўзи ҳам охирги 3 йилда амалга оширилганидан ортиқни ташкил этади.
Агарда ўтган 2023 йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини келтирадиган бўлсак, бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 104,4 фоизга ўсиб, 40,9 трлн сўмни ташкил этди. Аҳоли жон бошига ялпи-ҳудудий маҳсулот ҳажми эса 14,4 миллион сўмга етказилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102 фоизга ўсиши таъминланди.
Ўтган йили 438 миллион АҚШ доллар ҳажмида хорижий сармояларни ўзлаштириш белгиланган эди, амалда эса 461 миллион долларни ташкил этди. Бу борада режа ижроси 105 фоизга уддаланди. Давлат инвестиция дастури доирасида қиймати 503 миллион долларлик 17 та йирик лойиҳа ишга туширилиб, айнан шу орқали 900 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
Мисол учун, Бойсун туманида “PRB INVESTMENT CO” хорижий кўшма корхонасининг қиймати 19 млн доллар бўлган қуввати 72 минг тонна цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди.
Аҳолини электр энергия билан таъминлаш учун Тўпаланг ГЭС модернизация қилинди, Зарчоб-2 ГЭС ҳамда Шеробод туманида Саудия Арабистонининг Масдар компанияси томонидан йилига 500 МВт фото электростанцияси ишга тушди.
Жорий йил давомида эса 802 млн долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилади (2023 йилга нисбатан ўсиш даражаси 174 фоизни ташкил этади).
Сариосиё, Ангор ва Жарқўрғон туманларида 2 330 МВт электр энергия ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.
30 дан зиёд йирик лойиҳалар бўйича ишлар бошланган бўлиб, уларнинг аксарияти, насиб бўлса, жорий йилда ишга тушади.
Хусусан, Бойсун туманида “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ заводи ишга туширилади, Бандихон, Қумқўрғон ва Денов туманларида пахтани чуқур қайта ишлаш корхоналари ташкил этилади, Шеробод, Бойсун, Олтинсой, Денов ва Узун туманлари тоғли ҳудудларида 30 дан ошиқ конларни ўзлаштириш ҳисобига кўмир, мис, калий ва бошқа кўплаб маҳсулотлар қазиб олиниб, уларни қайта ишлаш корхоналари ташкил этилади.
Умуман, бу масала алоҳида назоратга олинган бўлиб, ҳали вилоятимизда ўрганилмаган ҳамда фойдаланилмаётган конларимиз захираси анчалиги — бу борада салоҳиятимиз юқорилигидан далолатдир.
Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида аҳоли муаммоларини ҳал этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва фуқароларнинг турмуш даражасини юксалтириш бўйича амалга ошириладиган катта-катта лойиҳаларимиз кам эмас.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ўтган 2023 йил юртимизда сурхондарёликлар йили бўлди, десак, адашмаган бўламан.
Хусусан, ўтган бир йил давомида Давлатимиз раҳбари вилоятимизга 3 марта ташриф буюриб, аҳолимизнинг йиллар давомида тўпланиб қолган кўплаб муаммоларини ҳал қилиб бердилар.
Амалга оширилган ишлар бўйича ҳам қисқача тўхталиб ўтсам.
Бу жараёнда аҳолининг асосий муаммолари ҳисобланган йўл, ичимлик суви, электр энергия таъминоти масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, 484 км автомобиль йўллари асфальт қилинди, 1 200 км тупроқ йўлларга тош ётқизилди ва 14 та кўприк таъмирланди. 2022 йил билан солиштирадиган бўлсак, биргина йўл бўйича 3 баробар кўп ишлар амалга оширилди.
Ўтган йили қиш ойларида электр энергиядаги муаммоларни ҳисобга олиб, электр таъминотини яхшилашга катта эътибор қаратдик.
Жумладан, 823 км электр тармоғи тортилди, 376 та янги трансформатор ўрнатилди, 2040 км электр узатиш тармоқлари ва 580 дона трансформатор мукаммал таъмирланди.
Лекин бу борада ҳали муаммоларимиз кўп: вилоят бўйича 2,2 мингта (34 фоиз) трансформатор таъмирталаб, 317 мингта устундан 152 мингтаси (48 фоиз) ёғоч устунлар бўлиб, шундан 46 мингтаси (15 фоиз) яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
Ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун Юртбошимиз томонидан 16 ноябрь куни Тўполанг лойиҳаси доирасида 1-босқичига старт берилиб, 4 та туманнинг 1 млн га яқин аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Бу ишларни давом эттириш учун ҳурматли Президентимиз зарур маблағлар ажратдилар, 2024 йил якунигача тоза ичимлик сувини Термиз шаҳрига қадар етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, давлат дастури доирасида жами 1200 км тармоқ тортилди ва 174 та ичимлик суви иншооти қурилди.
Натижада, 32 та маҳалладаги 58 минг аҳоли илк бор шаффоф ичимлик суви билан таъминланди, 272 та маҳалладаги 390 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш учун 2023 йилда 88 та (шундан “Янги Ўзбекистон” массивларида 49 та) кўп қаватли уйлар қурилди ва 3400 та оила янги уй-жойли бўлди. 2000 нафар фуқарога ипотека субсидиялари ажратилди.
Термиз шаҳрининг 37 та маҳалласида ободонлаштириш ва туманлар марказини замонавий кўринишга келтириш бўйича ишлар амалга оширилди.
4 та маҳаллада, хусусан, Бойсун туманидаги “Дуоба”, Шўрчи туманидаги “Хушчекка”, Музработ туманидаги “Боғи эрам” ва Узун туманидаги “Янгийўл” маҳаллаларида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш ишлари амалга оширилиб, 18 мингга яқин аҳоли учун шароитлар яхшиланиб, 43 та ижтимоий ва аҳолига хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилди.
2024 йилда ҳам бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 175 та аҳоли пунктида 470,4 км ичимлик сув тармоқлари тортилади, 3 та ичимлик сув сақлаш иншооти қурилади, 1,4 минг км 27 та автомобиль йўллари ва 10 та кўприк таъмирланади;
8400 км электр узатиш тармоқлари ва 2150 дона трансформатор пунктлари таъмирланади.
Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 6700 хонадонга эга 153 та кўп қаватли уй қурилади.
Бундан ташқари, жорий йилда ҳар бир тумандан 5 тадан шароити оғир маҳаллалар танлаб олиниб, ободонлаштириш ишлари бошланди, ўзининг биносига эга бўлмаган 100 та маҳаллага янги бинолар қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан вилоятимизга алоҳида эътибор қаратилиб, ижтимоий соҳа ва инфратузилмани яхшилаш учун қарийб 200 млн доллар маблағ ажратиш бўйича қарор қабул қилинди. Хусусан, “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи, Денов, Сариосиё, Узун, Бойсун туманига Жаҳон банкидан 100 млн доллар ажратилди.
Бунинг ҳисобига:
— 331 км ичимлик сув тармоғи ва 6 та иншоот қурилади ҳамда 4 та ичимлик суви сифатини назорат қилиш бўйича лабораториялар ташкил этилади;
— 100 км оқова сув тармоқлари ва 9 та иншоот янгидан бунёд этилади;
— 56 та махсус техника етказиб берилади;
— 320 км йўл таъмирланади, 45 км пиёдалар йўлаклари қурилади ва таъмирланади, 1,4 мингта кўча ёритиш тизимлари ўрнатилади.
“Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида эса Ислом тараққиёт банкининг 97 млн доллар маблағи ҳисобидан Шеробод, Музработ, Ангор, Бойсун ва Термиз туманларидаги 60 та маҳалла комплекс ривожлантирилади.
Аҳолига кўрсатилаётган тез ёрдам хизматини яхшилаш учун 90 та янги замонавий автомашина олиб келинди.
Тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш учун Давлатимиз раҳбари томонидан 50 млрд сўм маблағ ажратилиб, вилоятга замонавий тиббий жиҳозлар олиб келинмоқда.
Бундан ташқари, тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш учун алоҳида эътибор қаратилиб, Ангор туманида тажриба сифатида патронаж тизими жорий этилди. Бу тизим вилоятнинг бошқа туманларида ҳам йўлга қўйилмоқда.
Бунинг учун вақтинча ишламай турган 44 та оилавий поликлиникани таъмирлаш ишлари бошланди.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича “Ёшлар дафтари”га киритилган 28,1 минг нафар ёшларга турли ёрдам кўрсатилди, 17 мингга яқин ишсиз ёшлар ва 21 мингга яқин мактаб битирувчиларининг бандлиги таъминланди.
Маълумки, Янги Ўзбекистонда 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.
Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида Термиз шаҳрида “Ёшлар кичик саноат зонаси” ташкил этилди ва бошқа туманларда ҳам бундай зоналар босқичма-босқич ташкил этилади.
Яна Президентимизнинг алоҳида қарори билан вилоятда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 40 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ресурслари ажратилди.
Тошкентдан катта тадбиркорларни таклиф этиб, ёшларга бизнесни юртиш бўйича ўз тажрибалари бўйича бизнес-форум ўтказдик.
— Президентимиз маънавият ва маърифат соҳасидаги ишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимизда “Маънавият сектори” фаолиятини Сурхондарё вилояти тажрибасидан бошлаш ҳақида ташаббус қилдилар. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
— Дарҳақиқат, Президентимиз ўтган йилнинг 16-17 ноябрь кунлари вилоятимизга қилган ташрифи давомида вилоятимиз тажрибаси мисолида “Маънавият сектори”ни ташкил этиш топшириғини берган эдилар. Бу биринчи навбатда Сурхон элига, унинг маърифатли халқига, зиёлиларига бўлган эътибори ва ишончи туфайлидир. Бу ҳақда Давлатимиз раҳбари ўтган йили 22 декабрь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Негаки, ҳозирги долғали даврда аҳолининг маънавий даражасини янада ошириш, айниқса, ёшларнинг онгу тафаккурини ўстириш хусусида сўз юритиб, “Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шарт!” дея таъкидлаб ўтдилар.
Чунки бугунги глобаллашув шароитида маънавият, маърифат, таълим-тарбия, илм-фан ютуқларисиз юксак чўққиларни забт этиб бўлмайди.
Аждодларимиз ҳам бежиз таълим ва тарбиянинг энг муҳим омили сифатида маънавият ва маърифатга алоҳида аҳамият беришмаган. Маънавиятли авлод ҳеч қачон ёт ғояларга оғишиб, ўз Ватанидан, ўзлигидан кечмайди.
Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятларнинг ижтимоий моҳиятини таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг аксарияти маънавий қашшоқлик оқибатида юзага келаётганлигига гувоҳ бўламиз.
Инсон онгида юзага келадиган маънавий кемтикликни иқтисодий йўл билан тўлдириб бўлмайди. Шундай экан, маънавият оқсаса, жамият таназзулга юз тутади.
Ёшлар тарбияси ўта мураккаб ва масъулиятли, шу билан бирга, натижаси аниқ иш бўлиб, бу ҳар бир ота-онадан ўз устида мунтазам ишлашни, фарзандлар тарбиясига оид барча маълумотдан бохабар бўлишни талаб этади. Тарбия ўз-ўзидан бўлиб кетаверадиган иш эмас. Айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шунинг учун ҳам Давлатимиз раҳбари ёшлар тарбияси, инсон капиталини ривожлантириш, маҳаллада аҳоли ўртасида мунтазам тарғиботни йўлга қўйиш, маънавий-маърифий ишларни тизимли амалга ошириш зарурлигини таъкидлаб, Термизийлардек буюк алломаларга бешик бўлган кўҳна заминда “Маънавият сектори”ни ташкил этишда Сурхондарё тажрибасини яратиш зарурлиги бўйича топшириқ бердилар.
“Маънавият сектори”нинг асосий вазифаси шаҳар ва туманлар, ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини таъминлаш бўлиб, бу борада тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг кўмаклашувчи коллегиал ишчи тузилмаси ҳамда ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгашларининг Ишчи органи ҳисобланади.
Аниқроқ айтганда, ушбу сектор оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, шу асосда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини юритади.
Шунингдек, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсиз ёндашиш каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширади.
Таълим муассасалари, маҳалла, ташкилот ва идораларнинг маънавий-маърифий йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш билан бирга, миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган ёт ғоялар ҳамда дабдабабозлик, маънисиз расм-русумлар ва урф-одатларга қарши курашиш ташаббусини илгари суради.
Бир сўз билан айтганда, бу каби саъй-ҳаракатлар маънавий таҳдидларнинг моҳиятини, аҳолининг турли қатламларига таъсирини ўрганиш ҳамда тушунтириш ишларини амалга оширишга хизмат қилади.
— Улуғбек Бердиқобилович, вилоятда ишсизлик масаласи энг оғир муаммолардан бири ҳисобланиши сир эмас. Бу борадаги муаммоларни ижобий томонга яхшилаш мақсадида қандай амалий қадамлар ташланмоқда?
— Рост, ишсизлик масаласи катта муаммо. Бу нафақат Сурхондарё вилоятида ёки мамлакатимизда, балки дунёнинг барча юртларига ҳам тегишли долзарб муаммолардан бири десак хато бўлмайди. Аммо биз биринчи навбатда ўзимизнинг ана шу борадаги масалаларни имкон қадар ва тобора ижобий хал қилиш учун барча зарур чора-тадбирларни ишга солишга ҳаракат қилаяпмиз, десак, ишонаверинг. Шубҳасиз, бу масалада Президентимизнинг, айниқса, жорий йил 9 январь куни қабул қилинган “2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида”ги ПҚ-7-сонли қарори дастуриламал бўлмоқда. Унга кўра жорий йилда вилоят бўйича 377 минг 714 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича МФЙлар кесимида режалар ишлаб чиқилган. Шунингдек, 152 200 нафар кишини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича мавжуд имконият ва дастур доирасида тақдим этилаётган молиявий манбалар ишга солинади. Ўзини-ўзи банд қилган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Бизнесга биринчи қадам” лойиҳаси асосида банк-пластик карталари орқали ҳар бир эҳтиёжмандга 5 миллион сўмгача имтиёзли кредит бериш ва жами шу йўлда 75 миллиард сўм микрокредитлар ажратиш режалаштирилди. Ҳозирги кунгача тижорат банклари томонидан 3 минг нафарга яқин фуқароларимизга ана шу асосда 17 миллиард 250 миллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратиб берилди. Аҳолини иш билан таъминлаш бўйича ҳудудларда касаначилик фаолиятини янада кенгайтириш, аҳолига хизмат соҳасини ривожлантириш, деҳқон хўжалиги учун ижарага узоқ муддатга ер олган аҳолини кооперативларга бирлаштириш ва агригатор тизимини йўлга қўйиш, бўш бино-иншоотлар ва ер майдонларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, энг муҳими, иш ўринлари ҳисоботини доимий юритиш, норасмий иш ўринлари ва тадбиркорларни солиқ базасига киритиш, яширин иқтисодиётни камайтиришга алоҳида эътибор қаратиш, тадбиркорларни қоғозда эмас, амалда қўллаш ва бошқа зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Тўғри таъкидладингиз, ишсизлик масаласи, аҳолининг меҳнатга лаёқатли қисмини иш билан тўлиқ таъминлаш масаласи жуда муҳим ва оғир муаммо. Лекин ҳар бир инсон ишли бўлишга ҳақли. Бизнинг гарданимизда эса ана шу муаммони йилдан-йилга камайтириш, ечиш масаласи турибди.
— Умуман, сизни раҳбар сифатида вилоятдаги яна қайси муаммолар кўпроқ банд этаяпти? Уларнинг ечимлари нималарга боғлиқ?
— Вилоят аҳолисини қийнайдиган ҳар қандай муаммо — биринчи галда менинг муаммомдир. Эҳтимол, бу бир баландпарвоз гапдек туюлар. Аммо чиндан ҳам шундай деб ҳисоблайман. Узоқ йиллар давомида Сурхондарё халқи тоза ичимлик суви билан таъминланмагани учун қийналиб келди. Лекин юқорида айтганимдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсий иродаси туфайли бу муаммога ечим топиб берилди. Биринчи навбатда аҳолининг ижтимоий муаммолари: ишсиз одамларни иш билан таъминлаш, тиббиётга оид масалалар, таълим-тарбия, йўллар масаласи ёхуд саноат ва қишлоқ хўжалигидаги энг оғир масалаларни айтамизми? Бугун экологик масалалар ҳам ҳар қачонгидан устувор аҳамиятга эга. Буларнинг бари билан ҳар куни, ҳар доим шуғулланишга тўғри келади. Қолаверса, Президентимиз томонидан, ҳукуматимиз томонидан қўйилаётган ҳар бир масала, топшириқ ва қабул қилинаётган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш бу муаммо эмас, балки бизга юклатилган юксак масъулият, ишонч десам бўлади. Афсуски, узоқ йиллар давомида Сурхондарё вилояти бу масалаларда анча эътибордан четда бўлиб келган эди. Гарчи бу заминда жуда катта имкониятлар, салоҳият, энг муҳими, мард ва танти, меҳнаткаш одамлар яшаса-да, турли сабаблар рўкач қилиниб, йирик лойиҳаларнинг амалга татбиқ этилишига имконият берилмаган. Ўйлаб кўрилса, бундан 7-8 йил аввалги даврда ўтган йигирма йилда ҳам воҳада деярли кўзга кўринарли саноат корхонаси бунёд этилмаган. Вилоят фақат қишлоқ хўжалигига ихтисослашган аграр вилоят бўлиб қолаверган. Бугун эса Россия, Германия, Австрия, Хитой каби ривожланган давлатлар билан ҳамкорликда янгидан-янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Авваллари ўйлаб топилган баҳона “Сурхондарё чегара ҳудудда жойлашган” деган “айб” бўлган. Қизиқ, инвестицияни ривожлантиришга халақит беришга чегара ҳудуднинг нима алоқаси бор экан? Аксинча, бир қанча мамлакатлар билан чегара ҳудудда бўлиш, аслида, имконият эшикларини ҳам очиб бериши мумкин-ку. Бу имконият Шавкат Мирзиёев Давлат раҳбари бўлгандан кейингина Сурхондарёга насиб этди. Ўтган етти йил давомида Янги Ўзбекистонда Сурхондарё ёруғ ўзгаришларга юз тутди. Лекин ҳали қиладиган ишлар жуда кўп.
— Вилоятда асосан миллий кураш, бокс, шахмат сингари спорт турлари ривожланган. Буни спортнинг ушбу турларида эришилаётган натижалар ҳам айтиб турибди. Бироқ назаримизда, футбол бўйича сурхондарёликлар бугун мақтана олмайди. Бир замонлар анча машҳур бўлган “Сурхон” клубининг бугунги даражаси ва эртаси ҳақида ўйлаб кўрдингизми?
— Айтиш жоизки, ўзбек футболи ривожида Сурхондарё вилоятининг ҳам ўз ўрни бор. Сурхон воҳасидан етишиб чиққан таниқли футболчилар ўз даврида мамлакатимизнинг етакчи клубларида тўп суришган. Жумладан, Равшан Бозоров, Бахтиёр Бозоров, Алишер Бозоров, Абдумажид Таиров, Масъуд Таиров, Отабек Шомуродов, Илҳом Шомуродовлар ўз вақтида Ўзбекистон чемпионатларида тўп суриб, ўзбек футболи ривожига ўз ҳиссасини қўшган.
Бугунги кунда Италиянинг “Кальяри” клубида тўп сураётган Элдор Шомуродов кўрсатаётган ёрқин ўйинлар мамлакатимизнинг, миллатимизнинг барча мухлисларини бирдек ҳурсанд қилиб келмоқда.
Афсуски, Сурхондарё салкам 15 йил давомида катта футболдан узоқда қолиб кетган эди. “Сурхон” жамоаси сўнгги бора 2005 йили Ўзбекистон чемпионати Олий лигасида иштирок этган ва молиявий қийинчиликлар сабаб, мусобақаларни тарк этган.
2019 ва 2023 йиллари “Сурхон” жамоаси Ўзбекистон Суперлигаси баҳсларида иштирок этиб, ўз тарихида илк бора фахрли 6-ўринни қўлга киритди. Бундан бутун Сурхондарё халқи хурсанд бўлди.
2022 йили Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Сурхон” футбол клуби бош ҳомийси этиб “Эриеел” компанияси тайинланди. Ушбу компания раҳбари Бахтиёр Шуҳратович Фозилов ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ҳозирги пайтда вилоятимизда спортнинг футбол турига жуда катта эътибор қаратилмоқда.
Жаҳон футболида яхши ва сифатли футбол — бу, албатта, биринчи навбатда сифатли ўйин майдонини талаб қилади. Иқтидорли футболчиларимиз эса кам эмас. Шу боис, “Сурхон” футбол клуби уй учрашувларини ўтказадиган “Сурхон” арена ўйингоҳини ОФК талабига жавоб берадиган бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Жумладан:
— “Сурхон” футбол клуби жаҳондаги энг илғор компания ҳисобланадиган “PHILIPS” компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, “Сурхон” арена ўйингоҳи ёриткичлари ОФК талабларига мос тарзда таъмирланганини таъкидлаб ўтишим жоиз. Айни пайтда “Сурхон” арена ёритиш тизими 1800 люксни ташкил этмоқда. Бу бевосита ОФК талабига мос деганидир. Шу кунгача стадионнинг ёритиш тизими 128 люксни ташкил этган эди. Энди бемалол футбол учрашувларини кечки пайтда ҳам ўтказиш имконини беради. Учрашувларнинг кечки пайтда ўтказилиши эса, стадионга мухлисларни кўпайтириши табиийдир. Бундан ташқари “Сурхон” аренасидаги ўриндиқлар тўлиқ янгисига алмаштирилмоқда. Ўриндиқлар Хитой давлатидан келтирилди ва ҳозирги кунда ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, майдон чими ҳам бутунлай янгисига алмаштирилди. Майдон чими бўйича “Навбаҳор”, “Андижон”, “Сўғдиёна” ва бошқа ўйингоҳларни ОФК талабига мос равишда таъмирлаган Ўзбекистондаги энг кучли мутахассислардан бири Учқун Тиллаев билан яқиндан ҳамкорлик қилинди. Бугун майдон чими жуда идеал ҳолатга келтирилган ва бу футболчилар тўп суриши учун жуда қулайдир;
— “Сурхон” жамоаси уй учрашувларини ўтказадиган “Сурхон” арена ўйингоҳида мезбон ва меҳмон жамоа учун мўлжалланган кийим алмаштириш хонаси ҳам ОФК талабига мос равишда қайта таъмирдан чиқарилди. ЎзПФЛ мониторинг ишчи-гуруҳи томонидан ўтказилган текширувда кийим алмаштириш хонасидаги замонавий ўриндиқларга юқори баҳо берилган. Учрашув ҳакамлари ва учрашув комиссар хоналари ҳам қайта таъмирдан чиқарилди.
Бир сўз билан айтганда, “Сурхон” арена ўйингоҳида жуда кенг кўламдаги ишлар давом этмоқда. Яхши ўйин учун шунга муносиб шароит ҳам керак. Биз ишонамизки, яқин йиллар ичида вилоятимиздан янги Шомуродовлар, Тоировлар, Дўрмоновлар чиқади.
— Сурхондарё, юқорида айтганингиздек, юксак маънавий илдизларга эга юрт. Шунингдек, юксак иқтидорли инсонларни камолга етказган воҳа ҳисобланади. Вилоятда етишиб чиққан маънавият фидойилари, иқтидорли инсонлар ҳақида нима дея оласиз?
— Ҳа, улуғ Термизийлар ватани бўлган Сурхон вохасидан жуда кўп иқтидорлар, шоир ва ёзувчилар, рассомлар етишиб чиққан. Ўзбек адабиётида Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод, Теша Сайдалиев, Рўзи Чориев, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Менгзиё Сафаров, Норқул Ҳайитқулов, Сирожиддин Саййид, Нодир Норматов, Шафоат Раҳматулла Термизий, Мирза Кенжабек, Эшқобил Шукур, Азамат Ҳотамов сингари эл таниган ёзувчи-шоирлар, мусаввирлар ёки Маҳмуд Намозов, Ҳосила Раҳимова, Сайёра Қозиева, Равшан Намозов, Сайёра Қосимова, Самандар Алимов сингари машҳур санъаткорлар, Шоберди бахши Болтаев, Хушбоқ бахши Мардонақулов, Абдуназар бахши Поёнов каби бир қанча Ўзбекистон халқ бахшиларини санаб ўтсак арзийди. Ўйлаймизки, бугунги кунда ҳам кўплаб ёшларимиз орасида иқтидорли ҳамюртларимиз кам эмас. Уларнинг ижоди билан ҳамиша фахрланамиз.
— Бугун матбуот нашрларига турлича муносабат билдирилади. Шу жумладан, бу ҳақда турли раҳбарларнинг фикрлаши, муносабати ҳам ҳар хил. Сизнинг матбуотга, хусусан, газета-журналларга муносабатингиз қандай?
— Матбуот нашрларига муносабатим ижобий. Тўғри, бугун тезкор давр. Интернет мисли кўрилмаган даражада ривожланган. Бир пайтлардагидек янгиликларни одамлар газета ва журналлардан ўқиб билишмайди. Ҳозир саноқли сонияларда дунёнинг нариги чеккасида содир бўлган воқеадан қўлингиздаги телефон орқали хабардор бўлишингиз мумкин. Аммо бу дегани газета ва журналлардан, китобдан воз кечиш керак дегани ҳам эмас. Юртбошимиз шу сабабдан ОАВларни доимий қўллаб-қувватлаб келмоқдалар деб ўйлайман. Газета ва журналларнинг ўрни барибир бошқа. Уларни мутолаа қилган киши интернет ва ижтимоий тармоқлардан баъзи ҳолларда устун бўлган жиҳатларини, фарқини дарров билади. Билим ва тафаккурни чархлайман деган киши, албатта, вақтли матбуотни, китобларни ўқиб бориши керак. Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, мамлакатимиздаги етакчи нашрларни доимий кузатиб, ўқиб бораман.
— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.
Суҳбатдош:
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тоштемир ТУРДИЕВ.