“Адабиёт қисматимга айланган”

Шоира Санобар Mеҳмон ва ёзувчи Шаҳодат Исахонованинг “Hurriyat” газетаси учун суҳбати

 

Бугунги суҳбатдошим – юртимизнинг таниқли ижодкорларидан бири, кейинги йилларда адабиётимизнинг локомотиви бўлган романчилик жанрида баракали ижод қилаётган таниқли ёзувчи — Шаҳодат ИСАХОНОВА. Суҳбатимиз аввалини насрда ҳам, назмда ҳам ўқувчилар қалбини бирдай ром этаётган севимли адибамизга оид айрим муҳтасар маълумотлар билан танишинг:

Шаҳодат ИСАХОНОВА — Самарқанд вилояти, Иштихон тумани, Шайхлар қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факулътетини тугатган. Ўзбекистон Давлат радио эшиттириш ва телевидениесида, “Сао­дат” журналида муҳаррир, “Ёш гвардия”, (кейинчалик “Камалак” нашриёт-матбаа бирлашмаси деб номланган) нашриётида бўлим бошлиғи, Бош муҳаррир ўринбосари, Бош директори вазифаларида ишлаган. 1994 йилдан — эркин ижодкор.

Ёзувчининг ҳикоя ва қиссалардан иборат қатор тўпламлари “Кечиккан бахт”, “Она”, “Сирли тилак”, “Илинж”, “Лайлаклар”, “Ўч”, “Антиқа зиёфат”, “Ойиси айтиб берган эртак”, “Эшим даллол”, “Қирқ кокилли келинчак”, “Заветное желание” (рус тилида), “Ҳикоялар” (араб ва инглиз тилида), “Тош нок” (ҳинд ва инг­лиз тилида), “Антиқа зиёфат” (индонез ва инглиз тилида) каби номларда чоп этилган.

Кейинги йилларда эса адиба “Бибихоним”, “Султон Жалолиддин ёхуд Чингизхон тузоғига тушган малика”, Нодираи даврон” ва “Гавҳаршод бегим” номли тарихий романлари билан китобхонлар қалбига янада чуқурроқ кириб борди.

Самарқанд давлат драма театрида “Бибихоним”, Мудофаа вазирлигига қарашли “Турон” театрида “Ўлан”, “Султон Жалолиддин”, “Қирқ кокилли келинчак”, Қозоғистон республикасининг Чимкент давлат драма театрида “Тановар” спектакллари саҳналаштирилган.

Адиба қаламига мансуб “Болакай” номли ҳикоялар тўплами, “Жўралар” номли қиссалар тўплами ва икки тарихий романи — “Чингизхон тузоғига тушган малика” ва “Турон маликаси” инглиз тилида, дунё интернет тармоғига қарашли машҳур “Амазон” китоб савдоси дўконларида дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатлари ўқувчилари эътиборига ҳавола этилди…  

 

— Шаҳодат опа, келинг, суҳбатимизни қалбингизга нафис адабиёт сеҳрини олиб кирган муҳитдан — болалигингиздан бош­ласак…

— Болалигида эртак эшитмаган, эртакларни яхши кўрмаган бола бўлмаса керак. Мен ўзим улғайган даврни назарда тутаяпман… Чунки бизнинг болалик пайтларимизда ота-оналаримизнинг бисотида эртакдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.

На свет, на телевизор, на телефон бор эди… Кун келиб шундай   нарсалар пайдо бўлишини айтишса, биз болаларни қўйинг, ҳатто, катталар ишониши тугул, тасаввур ҳам қила олишмасди. Лекин китоб бор эди, бугунгидай кўп бўлмаса-да, бор эди. Мактаб кутубхонасидан нав­бат билан китоб олиб келиб, ўқирдик. Китоб биз учун сеҳрли бир дунё эди ва ҳалигача у менинг энг яқин ҳамроҳим.

Акам биринчи синфга борганида, “мактаб халтасида”ги китобларни кўриб, “мен ҳам мактабга бораман, менга ҳам китоб олиб беринг” деб жанжал қилганман. “Мактаб халтаси” деганимга ҳайрон бўлманг, у пайтларда сумка, папка деган нарсалар йўқ эди ёки бор эдими билмайман ё бўлмаса ота-­оналаримизнинг қурби етмаганми, ишқилиб, ҳамма ўқувчилар китобларини онаси тикиб берган бўз халтачаларга солиб боришарди. Ойим жанжалимдан безор бўлиб, бир куни мени ҳам мактабга олиб борган. Лекин акамнинг ўқитувчиси, ҳали ёшим етмаслигини айтиб, бизни қайтариб юборди. Шундан кейин ойим акамнинг китобларидаги эртаклардан менга ҳам ўқиб бера бошлади. У даврда ҳали ўзбек адабиёти дарсликлари у қадар ранг-баранг ва бой эмасди. Ёзувчи ва шоирларимизнинг кўпи Сталин даври қурбонига айланган, асарлари яшириб ўқиларди. Менинг эсимда муҳрланиб қолгани Толстойнинг “Филипок”и бўлди. Филипок мени адабиётга олиб кирди деб ўйлайман. Чунки ана шу Филипок орқали Толстойни танидим, унга муҳаббат қўйдим. Улғайганим сари унинг асарларини ахтара бошладим ва аста-секин Чеховга, Гоголга, Тургеневга, Достоевскийга ва дунё адабиётига ошно бўлдим.

 — Қўлингиз илк бор тутган қалам қоғозга нималарни тўкиб солган эди. Ўша дамларни қандай хотирлайсиз?

— Менимча, ҳамма қаламкаш ижодини шеър ёзишдан бошлайди. Шеър, наср, умуман, қораламалар учун кўприк воситасини ўтайди деб ўйлайман. Менинг ҳам биринчи машқим шеър бўлган. Албатта, унинг даражаси ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Лекин ўқитувчим Яхшигул муаллим роса мақтаган… “Зўр шоира экансан-ку, жим юрганингни қара, уни эртагаёқ эълон қиламиз” деган. У пайтлари мактабда деворий газеталар чиқазиш расм эди. Эни икки қулоч, бўйи бир қулоч, четлари кашталанган, ҳозирги плакатларга ўхшаш газета ҳар ҳафтанинг душанба куни мактабимизнинг асосий деворига илинарди. Шеъримни деворий газетада кўриб, қувонганимни яширмайман. У тамоман бошқача қувонч эди, уни тасвирлаб беролмайман… Лекин ҳар сафар нимадир ёзиб тугатсам, кўнглимда ҳамон ўша қувончни туяман…

Ижодини шеърдан бошлаган ижодкорнинг насрий асарларга қўл уриши энди бу бошқа масала. Чунки наср яхшигина меҳнат талаб қилиши билан бирга сиздан маҳорат ҳам талаб этади. Маҳорат эса албатта, истеъдод билан боғлиқ.

 — Адабиёт Сиз учун нима: қисматми, кўнгил эрмагими ё дунёда из қолдириш воситасими?

— Диний қораламаларда қайд этилган “Бу дунё синов майдони, бандалар бу фанога синов учун юборилган…” деган ақидалар илгари онда-сонда қулоққа чалинарди, бугунги кунда бу мулоҳазаларни аксарият одамларнинг тилидан ҳам бемалол эшитиш мумкин. Агар ҳаётдаги инсонларнинг касбига, шуғулланаётган юмушига, қисматига разм солсангиз бу гапларда жон борга ўхшайди. Яъни, яратиқ ҳисобланмиш ҳар бир инсоннинг вужуди, зуваласи бирор-бир касбга нисбатан меҳр, мойиллик, бадиийроқ қилиб айтганда истеъдод билан зийнатланган. Йўқса, ҳамма инсон бир хилда, шеър ёза олиши, расм чизиши, қўшиқ айтиши, устачилик, тикувчилик ва ҳоказо ҳунарларни қойиллатиб бажариши мумкин эди. Демак, бул фанонинг меҳмони бўлмиш биз бандаларнинг елкамизга ўзимизнинг лаёқатимиз етадиган алоҳида юмуш юкланган ва ўша юмушни моҳирона бажариш вазифаси қўйилган…

Юрагимда адабиётга ва ижодга муҳаббат кучли экан, демак, у менинг қисматим… Мактабни тугатаётганимда журналистика факультетига топширишимни эшитган яқинларим менга тиббиёт институтига киришимни маслаҳат беришган эди. Чунки физика билан химия ва тарих фанини ҳам яхши кўрардим ва фақат аълога ўқирдим. Шу ерда бир нарсани таъкидлашни истайман. Қайси фанни яхши кўрсангиз ва аълога ўқисангиз билингки, бу сизнинг эмас ўқитувчининг меҳнати ва таъсиридан. Ўқитувчи сизда ўша фанга нисбатан муҳаббат уйғота олган. Ва менда ҳам шундай бўлгани табиий.

Медицина инсон ҳаётида асосий роль ўйнашини яхши тушунаман. У ҳар томонлама, ҳатто, иқтисодий жиҳатдан энг бозоргир касб ва жуда кўпчилик ота-оналар фарзандининг шифокор бўлишини хоҳлайди. Лекин мен ижодни танладим. Демак, юрагимда адабиётга ва ижодга муҳаббат кучли бўлган ва у мен учун қисмат қилиб берилган. Зеро, ўша пайтдаёқ мен учун ижодсиз ҳаёт маъносиз, файзсиз ва зерикарлига ўхшаб туюлган. Ёзган шеърларим, ҳикояларим газета, журналларда босилмай, худди етим болалар каби қаерлардадир қолиб кетишини тасаввур қилиб, юрагим ачишганини яширмайман ва бу танловимдан ҳозир афсус чекмайман… Биласиз, адабиётнинг вазифаси, ёзувчининг бурчи инсониятга эзгулик тарқатиш, инсонлар қалбида яхшилик уруғини ундириш, уларни эстетик руҳда тарбиялаш… Бу эса Ватан келажаги, элимиз шон-шавкати, миллатимиз қисмат-қадарини белгилашда адабиётнинг ўрни нечоғли муҳим эканлигини билдиради. Тасаввуф оламининг даҳоларидан бири Нажмиддин Кубро ҳазратларининг таъбири билан айтганда “Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида — таянч, ёлғизликда — йўлдош, бахтиёр дақиқаларда — раҳбар, қайғули онларда — мададкор, одамлар орасида — зебу зийнат, душманга қарши курашда — қуролдир…”

— Мен Сизнинг ижодингизни китобга ошно бўлган давримдан бошлаб кузатиб келаман. Сизнинг қаҳрамонларингиз, асосан, аёллар. Уларнинг оламини шунчалик табиий тасвирлайсизки ўқиётган китобхон аёл беихтиёр, ўзининг ҳаётини, ўзининг дардини ёки ўзининг қувончларини туйгандай бўлади…

— Шундай бўлиши табиий, чунки ўзим ҳам аёлман… Бизни, қалбимизда кечаётган кечинмаларни, нозик ва инжа туйғуларни ҳеч бир эркак, ҳатто, энг истедодли руҳшунос ҳам тасаввур қила олмайди. Шу сабабдан бўлса керак, эркак ёзувчиларимиз ҳам кўпинча аёллар образига келганда тасвир ва баён билан чекланиб қўяқолишади. Аёллар образига мурожаат қилишимнинг яна бир сабаби эркак қаҳрамонлар, ҳукмдорлар ҳақида кўплаб асарлар ёзилган. Лекин ақли, фаросати, жасорати, тутими эркак­лар билан   тенг, улар билан елкама-елка туриб юрт ривожи, фаровонлигига ҳисса қўшган, маърифатли, мадрасаю масжидлар, шифо уйлари, работлар қурган, йўллар солган қаҳрамон аёлларимиз, момоларимиз ҳақида кўнгил тўларли бадиий асарлар ёзилмаган. Тарихчиларимиз улар ҳақида қўл­ёзмалардагина қайд этиб кетишган холос. Шу сабабли Бибихоним, Туркон хотун, Нодирабегим, Гавҳаршодбегимлар каби улуғ момоларимизнинг севинч ва изтиробга тўла ҳаётлари, қилган ишлари, ютуқлари, бизга сабоқ бўлувчи хатолари ҳақида ўзларига муносиб бадиий асарлар ёзишга қўл урганимдан фахр туяман…

— Сизга шўро даврида ёзиш осон кечганми ёки мустақиллик даври ҳисобланмиш кейинги ўттиз йилдами?

— Мен учун алоҳида бир даврнинг аҳамияти йўқ. У хоҳ мозий, хоҳ совет даври ва ёки ҳозир бўлсин менинг учун асосий мезон ўша давр одамлари. Мен уларни кузатаман… Ўқувчи ўрганиши, ўрнак олиши ёки сабоқ чиқариши учун уларнинг эзгу ишларини, ютуқларини, камчиликларини рўйирост қоғозга туширишга ҳаракат қиламан. Чунки ёзувчи ҳар бир даврда ўзига хос янги олам, янги одам, янги бадиий қаҳрамонлар яратиши, давр моҳиятини ўқувчига очиб бериши керак. “Шўро даври” деб баъзан кинояли иддао билан гапирамиз. Лекин у даврнинг ҳам ўзига хос бўлган, ўрнак оларли томонлари кўп эди. Тартиб-интизом, иш юритиш услуби, одамларнинг бир-бирига муносабати, қонун устуворлиги булар қоғоздаги гаплар эмас, айни ҳақиқат эди. Ёзувчилар уюшмасида, газета ва журналлар, нашриётлар таҳририятларида, радио ва телевидениеда (ўзим ишлаганим ва гувоҳ бўлганим учун мисол келтираяпман) асарлар қатъий навбат билан ва сифат даражасига қараб босилар ёки эфирга узатиларди. Дунё юзини кўрган янги асар у хоҳ шеър бўлсин, хоҳ роман, адабиётшуносларнинг диққат   эътиборида бўларди ва Ёзувчилар уюшмасида ҳар бирига муносиб баҳо бериларди. Лекин шуни эътироф этишим керакки, шўро даврида тарихий асарлар ёзиш қийин кечарди. Устоз ёзувчилар Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодировлар “Улуғбек хазинаси” ва “Юлдузли тунлар” тарихий асарлари учун қандай захмат чекишганидан ўзимнинг хабарим бор.

Мустақиллик ҳаммамизнинг орзуимиз эди… Албатта, кечиш даврининг ўзига хос қийинчиликлари, яхши ва ёмон томонлари бўлар экан. Лекин бунга давр эмас, ўша давр эгалари, шахслар сабабчи. Кейинги йилларда яратилаётган жуда кўп имкониятлар сўз эркинлиги, ижод эркинлиги, ижодкорларга яратилаётган шароитлар… Булардан кўз юммаслигимиз керак.

— Бугун юзлаб дўконлар орасида харидор ЭНГ кам кирадиган бир дўкон бор, унинг номини яхши биласиз? Ҳолбуки, ўсадиган миллатнинг қўлидан китоб тушмайди. Одамларимиз шунчалик танбалми ёки китоб ўқишни хуш кўрмайдиган миллатга айландикми?

Собиқ иттифоқ даврида аҳоли жон бошига китоб сотиб олиш жиҳатдан Қўқон шаҳри мамлакатда биринчи ўринда бўлган. Ҳозир шаҳарнинг узун кўчасида Муқимий уй-музейини ўсмоқчилаб сўрасангиз, 99 фоиз аҳоли Худаёрхон ўрдасини кўрсатади. Натижа аянчли: илгари қаҳрамонларингиз яшаган Қўқон ҳозир жиноятчилик бўйича мамлакатимизда энг пешқадами экан. Китобхонлик билан жиноятчилик даражаси ўртасида ўзаро боғлиқлик бўлиши мумкинмикан?

— Албатта, боғлиқ. Чунки барча жоҳилликлар, гумроҳликлар, мутаасибликлар саводсизликка ва чаласаводликка бориб тақалади. Ўқимаган тафаккури очилмаган ёшларни, ҳатто, катталарни ҳам ҳар қандай разилликка осонгина йўналтириш мумкин. Чунки уларнинг қалби яхшилик билан ёмонликни ажрата олиш салоҳиятидан узоқ бўлади. Айниқса, бугунги кунда, оммавий маданият ва мафаатлашган қарашлар ўнг планга чиқаётган глобаллашув жараёнида унинг муҳимлиги яққол аён бўлмоқда. Туркий давлатчилигининг беназир асосчиси, соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор берганини хотирга олсак, бу масала янада ойдинлашади. “Темур тузуклари”да Улуғ Амир ёш авлодни ёш ниҳолга қиёслайди ва уларни тарбиялашда эҳтиёткорлик билан ёндашишни ва уларга, энг аввало, илм бермоқни зарур, деб ҳисоблайди. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларни ўқиб, юрагинг увишади. Чунки бугунги кунда ёшлар, ҳатто, ёш болалар ҳам эътиборсиз қолмоқда. Ҳамманинг қўлида телефон, ҳамманинг хаёли олди-қочдиларга тўла экранда. Ота ўзи билан, она ўзи билан, ҳеч ким билан ҳеч кимнинг иши йўқ… Бунинг охири қандай бўлишини ҳеч ким ўйламайди… Оқибат эса кўриб турганингиздай фожиа билан тугайди. Буни ҳамма ҳис қилади, ҳамманинг ақли етади. Лекин бу қисмат ўзининг эмас, бошқанинг бошига тушишини тахмин қилади… Шунинг учун ҳам Юртбошимиз аввал-бошдан китоб мутолаасини, фикрни тўғри шакллантиришни, тафаккурни чархлашни ҳар қачонгидан ҳам долзарб ва сиёсий даражадаги зарур масала сифатида кун тартибига қўйганлиги бежиз эмас. Бу масалани фақат биз — ота-оналар чуқур англамоғимиз, “аттанг” деб қолмаслик учун фурсатни ўтказмаслигимиз, этагимизни йиғиштириб олмоғимиз ва “Зарарни қайси томонидан дўнсанг-да, фойда бор” деган ота сўзга амал қилмоғимиз керак бўлади.

— Тарихий мавзуда асар ёзиш қийинми ёки замонавий мавзуда?

— Албатта, замонавий мавзуда асар ёзиш осонроқ. Чунки улар сенинг замондошларинг. Улар билан бир ҳаводан нафас оласан, ташвишу муаммоларидан, қувончу ютуқларидан воқифсан. Еганини ейсан, кийганини киясан, кўрганини кўрасан ва ҳоказолар… Тарихий асар эса бошқа бир дунё. У давр сенга мутлақо бегона. “Қирқ йилда қозон янги, тўқсон йилда тил янги” дегандай даврларнинг ўзи ҳам бир-бирига ўхшамайди. “Султон Жалолиддин ёхуд Чингизхон тузоғига тушган малика” номли романимдаги Хоразмшоҳлар даврининг давлат тузуми билан “Бибихоним” романимдаги Темурийлар салтанатининг давлат тузуми, тутими, ясо-юсун, қонун-қоидаю урф одатлар бир-биридан мутлақо фарқ қилади. Ёки “Нодираи даврон” романимдаги даврни олинг. VIII аср бошларида Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилган Аштархонийлар давлати таназзулга учрайди. Аштархонийлар Ҳожи Тархондаги хонлар сулоласи бўлиб, Бухорода ҳукмронлик қилган Жўжи авлодларининг вакиллари эди. Улар Шайбонийлар сулоласини маҳв этиб, ўз салтанатларини қурган эдилар.

Аштархонийлар салтанатини барбод қилган манғитлар Бухорода ўз амирлигига, манғитлар Хоразмда, минглар эса Фарғона водийсида хонликларига асос солишди. Энг қизиғи, Ҳўқанд хонлиги-ю, Хева хонлиги ва Бухоро амирлиги бир даврда яшаган, гуллаб-яшнаган ва бир-бирлари билан яқин муносабатда бўлишига қарамасдан, давлат тузими, тутуми, қонуни, ҳатто қўшин сони ва лашкарларининг тартиби, лашкарбошиларнинг мансаби, мавқеи, рутбаси ва унвонлари бир-биридан мутлақо фарқ қилар эди. Шунинг учун тарихий асарга қўл урган ёзувчи давлат тизимининг моҳиятини очиб берувчи қурол-яроғларнинг номланишидан тортиб, урф-одатлар, расм-русм, озиқ-овқат, кийим-кечак, ҳатто, оддийгина кўринган муносабатларни ҳам яхшилаб ўрганиши лозим. Қаҳрамонлар масаласида эса янада диққатли бўлиш талаб этилади. Бунда диққат ва масъулиятдан ташқари биринчи галда иқтидор ва маҳорат, бадиий тафаккур, мантиқий мушоҳада ва хулосалар чиқара олиш қобилиятигина сизга ёрдамчи бўлиши мумкин.

“Турон маликалари” сериясига кирувчи “Гавҳаршодбегим” номли тўртинчи романим Хуросон салтанатини қирқ йил бошқарган хоқони саид Шоҳрух мирзонинг бош маликаси, ўзи ҳам Шоҳруҳ мирзо қабатида туриб жиловбардорлик қилган малика маҳди улё Гавҳаршодбегим ҳаётига бағишланган. Маликанинг сўнгги йиллардаги, аниқроғи, умрининг охиридаги 5-6 ойига урғу берган бўлсам-да, унинг ёш шаҳзода Шоҳрух мирзо билан илк танишувидан бошлаб умрининг охиригача кечган саксон йиллик ҳаётидаги энг эсда қоларли, ибратли ва шарафга дохил лаҳзаларини кўрсатишга ҳаракат қилганман. Гавҳаршодбегим образи ниҳоятда мураккаб. Малика ҳақида ижобий фикрлар билан бирга салбий, деди-қўйдилар ҳам мавжуд. Деди-қўйдилар илмий асосга эга бўлмаган, қулоқма-қулоқ, оғизма-оғиз эшитилган гаплар. Лекин аслида ҳам Гавҳаршодбегим феъл-атвори жиҳатдан бошқа маликалардан фарқ қилади. Найман уруғига хос бўлган шаддодлик, тўғрисўзлик, жангарилик каби хислатлар унинг олижаноб қалби, раҳимдил кўнглига раҳна солмайди, аксинча, салтанат жиловини маҳкамроқ тутишида, сарой аъёнлари билан тил топишишида яхши восита ролини ўйнайди. Шоҳрух мирзо шунинг учун ҳам шаҳзодалар тарбиясию ҳарам масаласидан тортиб, салтанатга дохил ташвишларигача, маҳди улё билан маслаҳатлашиб иш кўрган. Ҳатто, айрим масалаларда Гавҳаршодбегимнинг шахсан ўзи ҳал этувчи қарорлар ва фармони олий чиқазиши учун салтанат муҳрига эга бўлган.

Ҳарб илмида беназир бўлган ва ўспиринлик чоғидаёқ “Баҳодир” лақабини олган Шоҳрух мирзонинг феъли бошқа шаҳзодаларга нисбатан сокин эди. У динга ва диний илмларга кўпроқ рағбат кўрсатар ва салтанатини ҳам исломий аҳкомлар асосида бош­қаришга мойил эди. Гавҳаршодбегим эса диний таълим билан бирга, дунёвий билимлар олиниши тарафдори бўлган. Ибратли томони шундаки, Гавҳаршодбегим қурдирган мадрасанинг боғ ва экинзордан иборат ер қисмидан олинадиган даромадлар таълим масканининг барча харажатларини қоп­лаган. Яхши ўқиган толиби илмларга ҳар ойда 24 тиллодан маош, йилига беш юк ошлик (1 юк ошлик тахминан 60 кило) тўрт мавсумга мувофиқ 1 сидрадан бепул уст-бош берилган. Малика қизларнинг таълимига алоҳида эътибор қаратган ва мадрасаларни илм-маърифат, одоб-ахлоқ мактаби деб билган.

Гавҳаршодбегимнинг маърифий қарашлари таъсирида улғайган Улуғбек мирзо билан Бойсунғур мирзо ҳам хотин-қизларнинг илм олишига рағбат кўрсатишган. Улуғбек мирзо Бухорода қурдирган мадрасаси пештоқига ҳадиси шарифдан олинган “Илм талаб қилиш барча муслим ва муслималар учун фарз…” деган муборак сўзларни китоба қилдириб ёздирган.

Шундай фактлар эса ёзувчи учун асос бўладиган ягона қурол ва ишончли манбаа ҳисобланади. Ўша давр ва салтанат тарихчиси, маликанинг ҳаёт йўлига бевосита гувоҳ бўлган   Абдураззоқ Самарқандийнинг ушбу таърифи “Гўзал хулқли, муборак соя­­ли, баланд мартабали, олий ҳислатли, иноят нигоҳли, илм ва маърифатни ўзига фарзи айн ва айни фарз деб билган маҳди улё…” деган калималари эса битикларимизни муболағадан холис эканлигини тасдиқлайди.

— Гавҳаршодбегим шахси ҳақида гап кетганда, аксарият ҳолларда унинг ҳаётидаги фожиаларни саидларнинг дуоибади билан боғлашади. Бу воқеа манбааларда аслида, қандай талқин қилинган ва бунга асос борми?

— Тўғри, “дуоибад” масаласида ҳар хил фикрлар мавжуд. Шу ўринда, такидлаш лозимки, саййидларнинг “дуоибад”и ҳақида ҳам, жазони беришда ҳам Гавҳаршодбегимнинг роли ва рағбати ҳақида на Шомий ва на Яздийнинг “Зафарнома”ларида, ҳатто ўша воқеалардан воқиф бўлган Абдураззоқ Самарқандийнинг асарида ҳам аниқ бир сўз айтилмаган. Лекин “дуоибад” қилингани тахмин этилаётган воқеалар тафсилоти берилган ва воқеа шундай бўлган. Шоҳрух мирзонинг набираси бўлмиш шаҳзода   Султон Муҳаммад мирзо, яъни Бойсунғур мирзонинг ўғли, бобосининг бетоблигидан фойдаланиб ёки баъзи бир фитначиларнинг қутқусига учибми, ўзига берилган мулкларга қаноат қилмасдан, бобосининг қўл остидаги Исфаҳон вилоятига босқин уюштиради. Бундан жаҳли чиққан Шоҳрух мирзо бетоблигига қарамасдан унга қарши лашкар тортади ва Шерозда енгиб, шаҳзодани гиж-гижлаган “маслаҳатчи”ларни ўлим жазосига ҳукм қилади. Улар орасида бир гуруҳ саййидлар билан бирга Амир Темурнинг тарихчиси машҳур Ғиёсиддин Али Яздий ҳам бор эди. Шоҳрух мирзо тарихчининг кексалигини ҳисобга олиб, унинг қонидан кечади. Лекин саййидларни жазолайди. Шу боис, мен мантиққа асосланиб ўша воқеаларни асаримда жонлантирдим ва бу “қоралов”ни Гавҳаршодбегимнинг бўйнидан “соқит” қилдим. Чунки бошқа бир воқеада шаҳзода Бойсунғур мирзо қаттиқ жазоламоқчи бўлган соҳиби девон Саййид Фахруддинни Гавҳаршодбегим ҳимоя қилганида Самарқандий бу воқеани “саййидларга эътиқоди баланд маҳди улё уни ўз паноҳига олиб, жазодан қутқазди” деган сўзлар билан баён этиб кетган. Ана шу фикрдан мантиқий хулоса чиқарилса, саййидларни Гавҳаршодбегим эмас, Шоҳрух мирзонинг ўзи уларни салтанатга қилган хиёнатлари учун жазолаган бўлиб чиқади ва бу хулоса тўғридир. Чунки ижрочи ким бўлишидан қатъи назар гуноҳи ва айби учун қонун олдида жавоб бериши керак. Шоҳрух мирзо салтанатининг нурашига “дуоибад” эмас, балки шаҳзодаларнинг ноиноқлиги, бир-бирига нисбатан риёкорлиги, хиёнати, кўрнамаклиги сабаб ва бундан бош­­қа яна жуда кўп омиллар борки, буларни ҳисобга олмасдан туриб хулоса чиқариш мумкин эмас…

— Шаҳодат опа, самимий суҳбатингиз учун ташаккур, бундан кейинги ижодингизга ҳам муваффақиятлар тилаб қоламан. “Hurriyat” ўқувчиларига тилакларингиз…

— “Hurriyat” газетаси ўз ижодий фаолиятини аввалбошдан ҳур фикрлиликка таяниб бошлаган. Гарчи ҳар хил тазиқларга, қарама-қаршиликларга учраса-да, ўз муштарийларига собитқадамлик билан ҳақ ва ҳақиқатдан сабоқ бериб келаяпти. Бу йўлда уларга куч-қувват ва сабот тилайман. Зеро, саодат йўли ҳақиқатдадур…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =