Мангу даъват

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, адиб ва таржимон

Қулман ОЧИЛ билан гурунг

 

Мўътабар унвон

 

— Устоз, кўз тегмасин-у, ғайратингизга, сермаҳсуллигингизга ҳавас қиламиз. Давлат хизмати масъулияти, йиллар юки ҳам ёзишдан ҳафсалангизни пир қилмади. Бу зўр иштиёқнинг сабабини қаердан излайлик?

— Шу саволингиз манзил-маконидан сал адашди-ёв. Ҳафсалаю иштиёқ масаласида менга эмас, масалан ана, амриқолик икки оқсоқол – Дональд Трамп билан Жозеф Байденга ҳавасингиз келсин!

Дональд бува саксон ёшнинг биқинига муштини ўқталиб турган бўлса, Жозеф дода тўқсонга қараб от солганига а-анча бўлган. Бирининг боши тергов билан суддан чиқмаётганига, иккинчиси равон ерда қоқилиб-суриниб юрганига қарамай, курси талашгани-талашган!.. Ана ғайрат, ана иштиёқ!..

Дунёнинг равишига сер солиб қарасам, баъзан танг қоламан-да, иним: нуфуси 335 миллионга етай деб турган шундай қудратли давлатда қарқарали курсига лойиқ биздаги каби қарсиллаган йигитлар йўқмикан-а?..

Майли, Ғарб дунёсининг ғаройиб ишларини қўйиб, ўзимизга қайтайлик. Ўзимдан гапирсам, ёзишга иштиёқимнинг сабабини юртимизда амалда бўй кўрсата бошлаган демократия, ошкоралик ва сўз эркинлиги каби тўтиёлардан изланг. Бир вақтлар тугатишга имконим етмай, ғаладонимда қолиб кетган машқларим бугун унда-бунда чоп этилаётган бўлса, сабабини жамиятимиздаги ана шу эмин эпкинлару эврилишлардан изланг.

Атоқли адибимиз Эркин Аъзам бир китобимга ёзган сўзбошисида “Завқи зўр, журъати зўр” деб лутф қилган ва бу менга беқиёс илҳом бағишлаган эди. Иштиёқимни менга муносиб кўрилган ана шу “мўътабар унвон”дан изланг.

Бир ҳақиқатни эрта англатгани учун шукр қиламан: бу дунёга лўлининг эркагидай ялпайиб ётиш, чойхонаю майхоналарда, гап-гаштакларда гап сотиш учун келмаган эканман. Бундай ўткинчи давраларга ёшлигимдан тоб-тоқатим йўқ. Мабодо тасодифан қўшилиб қолсам ҳам, ичимдан зил кетиб, еган-ичганим татимайди, надомат билан ўзимга: “Шунча иш-юмушинг қалашиб ётибди-ю, сенинг ялло қилиб юришингни қара!”, – дейман.

Ахир инсон умри нақадар қисқа, турмуш ташвишлари ва бандасини йўлдан урадиган кўнгилочар оҳанраболар нақадар кўп!

— Мухлисларингиз орасида талаба-ёшлар ҳам кам эмас. Келинг, талабалик йилларингизни эслайлик. Бугунги ёшларга навқиронлик даврингиздан гурунг берсангиз.

— Фақат бир истиҳолам бор-да: умримнинг ўша навқиронлик фаслидан кимдир берилиб тинглайдиган ғаройиб воқеанинг ўзи топилармикан? Гап шунда!..

Дарвоқе, уйимда бир сурат бор. Сочлари елкасига тушган йигитчанинг нигоҳи гўё узоқ-узоқлардаги баланд-баланд чўққиларга қадалган. Демак, унинг орзулари мўл. Шашти баланд. Ўта жиддий ва сипо. Кийинишиям шунга яраша: бўйнида ўша замон урфидаги ингичка галстук. Эгнида оқ кўйлак, қалин костюм. Сурат ҳошиясида “Студентлик – олтин даврим” деган тотли-мужмал сўзлар.

Сурат — йиқилиб-суриниб, талашиб-тортишиб Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетининг кечки бўлимига бир амаллаб илашган саҳройи боланинг орзуси ушалган севинчли-саодатли кунларидан эсдалик!

Тонгдан шомгача қурилишда бетон қориб, оқшом Талабалар шаҳарчасидаги дорилфунунга оёғини судраб кириб борадиган тингловчининг туриш-турмуши қайдан “олтин давр” бўлсин! Тун ярмидан оққанда Чилонзорнинг машҳур Қатортол кўчасидаги қурувчилар ётоқхонасига трамвайга осилиб келиб, оч-наҳор “тарракдай қотган” ўша чивиқдан хипча боланинг кечмишлари қайдан ҳам “олтин давр” бўлсин!..

Шу ҳолига, ўша “муллақилтириқ” тонгларда туриб, беш-олти чақирим масофага югурганига, жони кўзига кўринмайдиган тенгдошлари билан машғулотларда аёвсиз муштлашганига, бўйидан баланд дорга пишиқ ғиштни осиб, ким тепиб синдирар ўйнаганига ўласизми! Каратэни қойиллатмоқчи бўлган-да!..

Тошкентдаги китобфурушлар билан қалин ошно тутинган ўша каратэчи корандалар дам олиш кунлари дўконма-дўкон санғиганини, пулни кўрса гиргиттонга айланадиган сотувчи-букинистларга чойчақани мўл бериб, камёб китоблар, газета-журналларни севиниб-севиниб хариду мутолаа қилганларини айтмайсизми!..

Танқислик ҳукмига олган замонда прописка деб аталмиш “оёққа боғланган харсангтош”нинг дастидан кечки бўлим мусофирлари, йигит бўлса– қурилиш корхонасида ёки аэроплан заводида, қизлар тўқимачилик комбинатида ишлашга мажбур эди.

Оҳ, яширмайман! Кундузги бўлимга кўнглим суст кетган. Жуда-а кетган! Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз, ахир! Пешинда дарсдан чиқиб, ётоғида мириқиб ухлайдиган, стадионни чангитиб тўп тепадиган, сабоқдош қизлари билан кинога тушиб, чақчақлашиб юрадиган тенгдошларимни кўрсам, эгнимдаги дағал коржомам, оёғимдаги зил-замбил кирза этик, бошимдаги суякдан қаттиқ каскамга қараб, хўрсинган кунларим кўп бўлган.

Бригадамизда 28 ишчи эдик. Турли миллат, турли тил, турли сажияли ўша қора-қура корандалар жамоасидан ҳеч бир мактаб, ҳеч бир дорилфунунда ўқитилмайдиган ҳаёт сабоқларини олдим. Улар орасида қотилликда айбланиб йигирма йилча “ётиб чиққан” шоввозлардан то нуфузли кенгашларнинг депутатларигача, сўнгги чақасини ҳам лотерея чиптасига сарфлаб, оч-наҳор юрадиган қиморбоздан то қўлидан китоб, тилидан оят тушмайдиган художўйларгача бор эди. Бугун мен ҳайрат ва ҳавас билан эслайдиганим – уларнинг ҳаммаси оғир эмгакнинг остидан чиққан, заҳматкаш одамлар эди.

Кейинчалик англадимки, меҳнатим куймаган. Холиқи азал суягим қотар-қотмасидан мени ана шундай қийинчиликлар, ўртанишлар ва маҳрумликлар сари йўллаб, улуғ марҳамат кўрсатган экан. Турфа одамлар даврасидан баҳраманд қилиб, умримга рос­такам “олтин давр” ҳадя этган экан!

Амин бўлдимки, бу дунёда нимагадир эришмоқ истасанг, албатта нимадандир воз кечмоғинг даркор. Гардуни дунда бирор-бир иморат йўқки, бир-йўла унинг ҳам эшигидан, ҳам тешиги – деразасидан чиқа олсанг! Менинг жайдари фалсафам – шу. Ҳаётда муҳимни номуҳимдан ажрата олиш – улкан омад.

 

Улғайиш азоби

 

— Устоз, бу хотираларни эслаб эзилган юрак­ларни яна бир ғижимладингиз-да. Майли, нима ҳам дердик, рост гапларни айтдингиз. Яна чин гап­лардан бири ўтган асрнинг 80-йиллари – қайта қуриш даври Сизнинг навқиронлик чоғларингизга тўғри келган. Ўшанда журналистика жамиятдаги ҳал қилувчи кучлардан бирига айланган эди.

Шу боис, икки жиҳат ҳақида сўрамоқчиман. Нега кейин журналистиканинг ўша вақтлардагидек мавқеи сақланиб қолмади? Ошкоралик йилларида соҳа вакиллари томонидан қандай камчиликларга йўл қўйилган эди?

— Саксонинчи йилларда газета-журнал, радио­-телевидение қайнаб ётган қумғонни эслатарди. Халқ “зангори экран”дан фильмлар четда қолиб, партия қурултойлари, парламент сессиялари, недир комиссияларнинг мажлисларидаги баҳс-мунозараларни ютоқиб томоша қилган. Ҳая­жонланган, асабийлашган, тортишган, қўлига қалам олиб, фикрини эринмай ёзган.

Зиёли аҳли – журналистлар, адиблар, олимлар, ўқитувчиларнинг дадиллигини, аҳиллигини ва бирдамлигини кўрсангиз эди!

Вақт-соати келиб, эл дардига ҳарорат билан кутилган малҳам инди: Ватанимиз истиқлолга эришди! Ўша саодатли кунларга, тарихий лаҳзаларга гувоҳ бўлган диллар обод! Ахир истибдод, зулм тугади! Маъмурий буйруқбозлик силсиласи барҳам топди. Буёғи энди – озодлик. Ҳаммаси ўз қўлимизда. Яратганнинг назари тушган, беҳиштмонанд она заминимиз бор, она заминимизда қазилма бойликларимиз бисёр. Халқимиз тезда бойиб кетади!..

Назаримда, тенгсиз курашларда эришилган ғалабанинг изидан келадиган мислсиз масрурлик – эйфориядан кейин пайдо бўладиган бўшашиш, сўлжайиш, паришонлик сезилган эди. “Темир қафас”дан нарини – дунёни кўрмаган шўрлик миллатга энди тажрибасизлик панд бера бошлади. Ишимиз келишинқирамай қолди.

Қарабсизки, кўздан нари йўқолгандай туюлган маъмурий буйруқбозлик силсиласи тағин тўрга чиқиб олган: амалдорнинг гапи – гап, ҳақиқатни Чиялининг бозоридан топ!

Она замин бағридаги умид қилинган маъданларга бозор иқтисодиёти шароитида ҳамманинг ҳам қўли етмас, ҳамма бирдан бойиб кетмас экан. Истибдоддан мерос муаммолар эса тоғдай қалашиб ётарди.

Буларни кўриб, раъйи қайтган боладай шалвираб қолганлар бўлди. Ҳамма ўқиш-ўрганишдан юз ўгиргандай: кеча талабгорлар кўплигидан пуфакдай ёрилиш даражасига етган олий таълим муассасалари энди абитуриентларнинг дийдорига зор. Ишонинг, айнан шундай – университетлардан ёшларнинг қадами деярли узилиб қолган йиллар бўлган. Тирикчилик ғамида кўпчилик ўзини бозорга урган ва шукрки, бари тезда изига қайтган.

Гўё миллатнинг димоғига дорийи баҳуш теккан. Ҳарқанча мўл-кўл бўлмасин, табиий бойликларга орқайин яшаш – гумроҳлик. Нажот фақат илму урфон ва тафаккурда эканини англаш бошланди. Жаҳоний тараққиётнинг хароб бир кунжагида қолиб кетмаслик учун ақлни пешлашдан ўзга чора йўқ эди.

Эл ўз дардини эркинсиб айтолмайдиган, бўғилиб-биқтирилган муҳитда озод ва обод Ватан барпо этиш амри маҳол. На мамлакат равнақ топади, на халқ рўшнолик кўради.

Бундай иқрорномаларни азалдан кўп эшитганимиз ва юракларимиз зада бўлиб кетгани учунми, ҳаётда адолатни маъюс кўрганимизда сўқирнинг йўқолган ҳассаси ҳақидаги нақл ёдга тушаверади: “Наҳотки? Тағин-а? Ахир “энди асло ортга қайтмаймиз”, дейилган эди-ку?”

Учинчи Ренессанс пойдеворини таълим ва илм-фанни ривожлантириш орқали барпо этиш ғоясини илгари суриб, бугунги ёшларни, демак миллатни “ректорларнинг бункери”дан озод қилгани учун Президент Шавкат Мирзиёевдан миннатдор бўлишимиз керак. Юзлаб замонавий мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳлари, ўқув марказлари миллионлаб йигит-қизлар учун эшикларини ланг очмадими!

Бир маҳаллар қирқ минг студентимиз бор деб қайқайиб юрган ўлкада бугун талабаларнинг салмоғи миллионга етди. Ҳазилакам гапми!

Хорижда таҳсил олаётган қоракўзларни айтмайсизми! 150 мингдан ошибди! Миллатнинг энг бебаҳо бойлигиям, давлати-ю савлатиям ўшалар, билсангиз! Эсланг, ўтган асрнинг аввалида Оврупада таълим олган ва бугун биз жадид боболаримиз деб фахрланадиган бор-йўғи йигирма чоғли йигит-қиз – маърифатпарвар фидойилар мудраб ётган бутун Туркистонни ўйғотиб юбормаганмиди!..

Эндиликда жамиятимиз бошидан кечаётган эркинлик жараёнлари миллий юксалиш сари қўйилаётган дадил қадамлардир.

Неча буриму неча қурим, қанча хато-ю қанча улоқиш ва йўқотишлар истиқлол бахтига эришган ҳар бир миллатнинг бошидаям, қошидаям бор. Бу жараённи донишманд Эркин Воҳидов “улғайиш азоби” деб атаган. Тоғ йўли текис эмас!

 

Энг улуғ неъмат

 

— Беш-олти йилдан буён блогер деб аталмиш қавм ҳаммани оғзига қаратган. Журналистлар бўлса гўё пана-пастқамда ғимирлаб юришгандек. Сизнингча, бу ҳол жамиятда нималарни ўзгартирди? “Фуқаролик журналистикаси” ҳақида фикрингиз?

— Қонун тили билан айтганда, ижтимоий тармоқда саҳифа юритувчи борки, ҳаммаси — блогер. Эл-юртни бугун шу қавм ўз оғзига қаратаётган эканми, билингки, айтаётган гапининг ҳаммаси ҳам тузсиз-намаксиз эмас.

Кимдир фуқаролик, кимдир халқ журналистикаси деб атаётган бу янги йўналишнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мавқеи тобора ошмоқда.

Аслида, эл-юрт дардини дадил ва асослаб айтаётган блогерларнинг кимлигини суриштириб кўрсангиз, яна ўша жасур ва фидойи журналистлар, адиблар ва олимлар бўлиб чиқади.

Янги асрда афкор омманинг – муаллифу муштарийларнинг босма нашрлардан электрон оламга “буюк кўчиши” юз берди. Бутун дунёга хос бундай ялпи ҳижрат асносида аҳли олам интернет деб аталмиш ҳудудсиз қўрғонга ҳайрат ва ҳавас билан бошини суқди. Суқди-ю, назаримда, эс-ҳушидан айрилиб, мубтало бўлди-қолди!

“Пана-пастқамда ғимирлаб юрибди” деб гинадор бўлаётганингиз эса “сносга тушган” кўҳна қўналғасини ўша қўрғонга алмаштиришга юраги дов бермай, аросатда қолаётган жабрдийда ҳамкасбларимиз.

Баъзан ўйланиб қоламан. Куни келиб, бирор ёш тадқиқотчи истиқлол йилларининг матбуотини таҳлил элагидан ўтказишга жазм қилса, қандай хаёлларга борар экан? Жадид боболаримиз “миллат ойи­наси” деб атаган газета-журналларимизнинг бугунги сифат-савиясига қандай баҳо берар экан? “Маҳлиё бўлдим санга” қабилидаги битикларимизни ўқиб, ўша олим боланинг дами ичига тушиб кетмасин-да дейман, ишқилиб.

— Бўлажак журналистлар шахсиятида қандай фазилату кўникмаларни ривожлантиргани маъқул?

— Қани энди, ижодга мойил кўнгил борки, барига Худойим, аввало, оташ солса, дард солса. Ўша дардга қўшиб фидойилик, фидойиликнинг ёнида журъат, жасорат солса. Эл-юртига, инсонга таъмасиз муҳаббат, адолатга сидқи садоқат солса.

Ўзи ёнмаган юрак бошқаларга тутантириқ беролмайди.

Соҳа синчилари журналист қавмини уч тоифага бўлиши сабабсиз эмас. Дейлик, бир иморатда ёнғин чиқса, саёз мухбир ўша ҳодиса ҳақида жўнгина хабар беради. Ўртамиёна хабаркаш ёнғин қандай юз берганидан, кимлар жабрланганию қанча зарар етганидан огоҳ этади. Журналистнинг закийси ҳеч жойда, ҳеч қачон ёнғин чиқмаслиги учун нималар қилиш зарурлигини таҳлилу тафаккур торозисига солади. Хулосалар чиқаради, ҳатто муаммонинг ечимларини кўрсатиб беради.

Заранг ерни баронада шунчаки тирнаш билан омоч-плугда палахса-палахса қилиб шудгорлаш ўртасида қандай фарқ бор? Айнан шундай! Ажратиб олаверинг.

Таҳлили чуқур, қўли пок, шижоати баланд журналистнинг саъй-ҳаракати билан амалдаги қонун-қоидалар, одатлар, дунёқарашлар, демак жамият ўзгаради ва юксалади.

Аммо айтишга осон. Ўкинч ҳам йўқ эмас: калласи жойида одам бу серғалва кўчага кирмайди. Кириб нима қилади. Топгани қорнидан ортмаса. Ҳақ сўзни айтса, ёқмаса.

Қаламни ўтинга – қозон қайнатиш воситасига айлантириб умрни зое кетказгандан кўра, тирикчиликнинг бошқа йўлини тутган маъқул. Ишини қўл тегди, косов тегди йўсинида бажариб, самараю барака, обрў-эътибор топган одамни кўрмадим.

Эски замонлардан мерос бир хасталик миллатимизнинг қонида ва тутумида қолиб кетгандай. Унинг номи – аласин-паласин. Кун ўтса бўлди! Каттадир-кичикдир гарданидаги вазифани шунчаки, номига, кўзинг қарғамасин учун бажаришга кўникиб қолган. Йўқса, ҳар йили экилаётган миллионлаб дарахт кўчатлари бугун ўрмондек шовуллаб, кўзимизни қувонтириб турмасмиди.

Бурунгилар айтмишларки, журналистикаси хароб халқ фақат ягона фикр – ҳукуматнинг расмий ахборот-тарғиботини тинглашга маҳкум. Муқобил ва мустақил фикрга йўл йўқ жойда фақат битта ғоя, битта фикр, бир хил дунёқараш тўр ташлайди. Бу тўрга тушган жамият лоқайдлик, лаббайчилик, ришватпарастлик ботқоғига ботади. Қаллоблик раҳбариятнинг кўзига чўп тиқиш воситасига айланади. Шўролар жамиятининг бели чиқиб кетгани шундан.

Журналистликнинг этагини маҳкам тутган фидойининг олдида очилмайдиган эшик, дардини ёрмайдиган кўнгилнинг ўзи бўлмайди. Бўлмагани учун ҳам, уни гоҳ разведкачига, гоҳ ер қаъридан маъдан изловчига, гоҳ жиноятчиларнинг додини берадиган изқуварга менгзайдилар.

Ҳар не бўлганда ҳам, бузрукларимиз васият қилиб кетганларидек, “ҳеч қачон эришган даражам етарли демасдан, куч борки, ҳаёт борки, олдинга интилиб яшамоғимиз керак!”

— Насрий асарларингиз адабий жамоатчиликнинг эътиборини қозонган, жаҳон адабиётидан таржималар қилгансиз. Журналистика-ю арбобликка сарф бўлган умрингизни адабиётга бағишласам бўларкан, деган ўйлар ўтганми ҳеч?

— Бирор жойда бозимнинг баландлиги сезилган бўлса, арбоблик таъмасидан эмас. Қаламимнинг ғамидан. Ҳар ким ҳаддини ва жойини билгани дуруст.

Имконим бўлганида, бошимга юпқагина кепка, эгнимга одмигина кўйлак, елкамга енгилгина сумка илиб, эркин қуш каби юрт кезардим. Кезардиму “қўшнисидан бошқа ҳеч ким танимайдиган” одамларнинг гурунгини олардим. Сумкамда дафтарчаму қаламим, ихлос қўйган китобим бўларди. Мен киролмаган эшик, сирини билолмаган одам бўлмасди. Тилини топардим! Шу пайтгача топганман, ахир!

Устозимиз, раҳматли Одил Ёқубов “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига раҳбарлик қилган саксонинчи йилларнинг аввалида бошланган ва завқ-шавқларга тўла мухбирлик баҳорим тушдай тез – уч йилда ўтди-кетди. На юрт кезиб, на тўйиб ёза олдим.

Хонанишинлик йўлига кириб, муҳаррирлик, яъни раҳбарлик курсисига эртароқ ўтирдим… Ол-а, топган гапимни қаранг! Раҳбарлик эмиш! Ношукрликка йўймангу, газета-журналга бош бўлиш ҳавас қиладиган ишми? Ишонмасангиз, шундай савдо чекига тушганлардан сўранг. Раҳматидан кўра, миннати, ғурбати кўп, қип-қизил дахмаза!

Бироқ надоматга не ҳожат! Балки бошимдан ўтган шу кечмишларим – ўрганганларим, орттирган таж­рибам ўлароқ бугун бадииятга дахлдор нималардир ёзгим, таржималар қилгим келаётгандир.

— Маърифатпарвар дарғаларнинг жамиятдаги ўрни қандай? Халқимизнинг уларга муносабати хусусида мулоҳазаларингизни билмоқчимиз. Нима деб ўйлайсиз, инсонни лоқайдликдан қандай қутқариш мумкин?

— Маърифатнинг ўзи нима? Сўз ва аъмол бирлиги. Қонунга итоат ва қонун олдида барчанинг тенг­лиги. Қилмиш учун жазонинг муқаррарлиги. Буларсиз, минг чиройли бўлмасин, қолгани пуч гаплар.

Одамга беписандлик давлат сиёсати даражасига кўтарилган шўролар замонини кўрдик. Юксак ғоя­ларни байроқ қилиб ҳокимиятнинг бошига келган “меҳмонлар” – бир тўда лўттибоз ва уларнинг издошлари халқни оламонга, подага айлантириб қўймаганмиди? Ўша тўда амал қилган аянчли ақидани эслайлик: халқни қаёққа бошласак, ҳайдасак, олдимизга тушиб, ўша ёққа йўртиб кетаверади…

Алҳосил, одамлардаги ташаббус, маърифат аҳлига хос фикрлаш сўниб, ишлар чаппа-роста бўлди. Фикрлайдиган одамдан жамият аҳли ўзини олиб қочадиган, қўрқадиган, ҳатто нафратланадиган даражага етди. Халқнинг қулоғи битди. Ўнгатойларнинг куни туғиб, айши ниҳон авжига чиқди.

Томири ҳақсизликдан шарбат ичадиган лоқайд­лик эпидемияга айланди. Зеро, учаласи қондош-­эгизак. Адолат қаҳрнок раҳбарнинг душманидир. Бундай салтанат аҳли ҳукмдорга, ҳукмдор халққа ҳамду санолар айтарак сарсари кун кўради.

Кўҳна тарих сабоқ берадики, инсон иродасининг эркинлиги топталган жамият, сиёсат аҳли ҳар қанча тараққос айламасин, қоқигул каби тўзишга маҳкум. Алал оқибатда пешонаси шўрликка дўнган давлати бесоҳиб – шўролар иттифоқи бунга яна мисолдир. Бир умр букчайиб яшаб бўлмайди.

Шижоатли сиёсий ирода маҳсули — Янги Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтиришга устувор вазифа деб қаралаётгани маърифатли жамият сари қўйилаётган эзгу қадамлардир.

— Кўп йиллардан буён сиёсий давраларга бегона бўлмаган шахс ўлароқ сиёсат ҳақидаги умумий хулосаларингизни билсак бўладими? Бу ҳам бир гурунг-да.

— Ёлғончи дунёда ҳамма нарса омонат. Сиёсат ҳам, сиёсатдонлар ҳам. Фақат эзгу ишлар мангуликка дахлдор. Ана шу ўткинчи “камалак” олдида ақчаю бўғчани деб ялтоқланмасдан, турланмасдан, тусланмасдан, ўйинчоққа айланиб қолмасдан айтилган ҳақ сўзга эга чиқиш, эътиқодда қойимлик – машаққат. Машаққат аҳлининг жонига тўзим берсин!

Нақл борки қулни озодликка чиқ, деб ҳар қанча қистаманг, қимирламайди. Лекин унга инсоний эрк ва озодлик қандай улуғ неъмат эканини кўрсатиб, тасвирлаб берсангиз, оёққа қалқийди.

Бандаси бу ёруғ оламга зиммасига юкланган муайян миссия билан келади. Ўша вазифани бажариб бўлган куни сафари қарийди. Табиатан ҳудбин яратилгани важидан у энг ёмон ғаними нафси эканини англаб етолмайди. Етганида кеч ва ҳеч бўлади. Азал ва абад ўртасидаги жамики кулфату кўргилик­ларнинг таг-заминига разм солсак, ҳакалак отган қулдорни – нафсни кўрамиз.

Санъат, адабиёт ва журналистиканинг иши – инсонни ана шу дарди бедаводан мудом огоҳлантириб, мукаррамлик сари мангу даъват этишдан иборат.

— Бор бўлинг, устоз! Мангу даъват йўлида асло толманг!

 

Сирожиддин ИБРОҲИМ

гурунглашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 20 =