Насиба ИБРОҲИМОВА: “Ҳеч қачон устозликка даъво қилмаганман”

Суҳбатдошимиз — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, олий тоифали диктор, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳибаси Ўзбекистон Миллий телевидениесининг устоз сухандонларидан бири бўлган Насиба Иброҳимова. Ҳа, ўзбек радио ва телевидениеси дикторлик мактаби асосчиларидан бири. Серқирра ижодкор сифатида 200дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильмларга овоз берган. Бир қатор раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борган. Биз Насиба опа билан катта ҳаёт тажрибалари, бугунги журналистика, инсон маънавиятида китобхонликнинг ўрни ва бошқалар хусусида суҳбатлашдик.

 

— Насиба опа, болалик инсон ҳаётининг инжа фаслидир. У пинҳонийликни ёқтиради. Келинг суҳбатимиз аввалида ана шу инжа туйғулар ва пинҳонийликка қайтсак?

 

— Болалик деганда биринчи галда кўз олдимга туғилиб ўсган кўчаларим, дугоналарим, опаларим билан уйимиздан узоқда бўлса-да, ҳар куни пиёда йўл босиб қатнайдиган қадрдон мактабим келади. Ўша кезлари, етти яшар қизалоқ эдим. Мактабга транспорт юрмасди. Тошкент шаҳридаги телеминора олдидан ҳозирги 20 сонли мактабга яёв келардик. Ўша пайтлар Серго Орджоникидзе номи билан аталарди. Кўпчилик мактаб номини айта олмас эди. Мен уни талаффуз қила олардим. Оилада етти фарзанднинг олтинчиси эдим. Уй ишлари менгача етиб келмас, опаларимдан ортмасди. Тошкентдаги зиёли хонадонлардан бири Исмоилхўжа ва Мукаррамхон Иброҳимовлар хонадонида дунёга келганман. Дадам Тошкентдаги 84-заводда ишлаган. Бу завод кейинчалик Чкалов номидаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси, деб аталди. Ота-онам барчамизни ўқитиб, олий маълумотли қилишган.

Мактабимизнинг юқори синф ўқувчиси Матлуба Исломова (кейинчалик “Дугоналар” радио­журнали асосчиси, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист) Ўзбекистон радиосида болалар учун эшиттиришлар ўқир эди. Бир куни бир гуруҳ қизларни радиога олиб борди. Эшиттириш­ларда чиқиб юрганимизда, радиода гапирадиганлар кўринаркан, деган гап бўлди. Ҳайрон бўлдик, қанақасига кўринаркин? Бу Ўзбекистонда телевидениенинг пайдо бўлиши эди. 1956 йил 5 ноябрь куни Ўзбекис­тонда илк кўрсатув эфирга чиққан. Шу йил декабрь ойидан бошлаб радиорежиссёр Неъмат Дўстхўжаев бошчилигида болалар кўрсатувларига жалб қилиндик. Ўшанда 7-синфда ўқирдим. Бир-икки йилдан сўнг устозимиз – муҳаррир Муқаддам Холиқова мени телестудия директори Мирсолиҳ Мираъзамов олдига олиб кирди. У киши ўзим, оиламиз тўғрисида суриштирди. Бир неча кундан сўнг режиссёр Бобо Хўжаев “Эртага мактаб форма, ленталарингни ечиб кел”, деди. “Нимага”, десам, “Катталар учун эшиттиришларда чиқасан”, дедилар. Ана шу кундан бошлаб катталар учун эшиттиришларда чиқа бошладим. Бўйим пастлик қилиб, стулнинг оёқларига ғишт қўйиб қў­йишарди.

Расман ишга қабул қилиш зарурати бўлгану балоғат ёшига етмаганим сабабли расмийлаштиришмаган. Натижада “Иброҳимова диктор амалиётчи лавозимига қабул қилинсин”, деб буйруқ чиқади. Мактабни тугатиб, балоғат ёшига етгунимга қадар маошимни Рихсихон опам олиб юрди. Мактабни тугатиб, Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика бўлимига кирмоқчи бўлдим. Журналистикага қабул қилишда жуда қатъий талаблар қўйиларди. Матбуотда материаллари чиққан, лоақал туман газетасида ишлаб, қалами чархланган ёшларнинг ҳужжатлари қабул қилинар экан. Менда эса на стаж, на тажриба бор. Бироқ университет ректори, академик Обид Содиқов қабул ҳужжатларини кўриб, бу қизнинг ҳужжатларини қабул қилинглар, депти. Чунки бу олим мен олиб борган бир неча эшиттиришларда иштирок этган эди. Имтиҳонлардан ўтдим. Кундузи ўқиб, кечаси ишладим. Назария билан амалиёт бир бўлиб, ўқишни имтиёзли тугатдим.

 

— Ерга қадалган ниҳолнинг тўғри униб ўсиши, ривожланишида албатта тўғри парвариш зарур. Шу маънода инсон камолотида тарбиянинг ўрни катта. Насиба Иброҳимованинг бугунгидек улуғ мақомга эришишида қайси устозларнинг ўрни катта бўлган?

 

— Ҳаётимда биринчи галда оиламизнинг ўрни жуда катта. Дадам раҳматли ўқимишли инсон бўлганлар. Нафақат диний, балки дунё­вий илмни ҳам чуқур билардилар. Ундан ке­йинги энг катта мактаб бу радио, телевидение ҳамда дубляж бўлган. Ва албатта, газета-журналлар. Бирорта манба унинг ўрнини боса олмайди. Илм олишда, таҳрир санъатини ўрганишда, саводли қилиб тарбиялашда газета-журналларга тенг келадигани йўқ. Мактабдаги биринчи устозим Мукаррамхон Қодирова. Радиода Матлуба Исломова, Иффат Раҳмонқулова, Неъмат Дўстхўжаев. Мана шундай инсонлар билан замондош бўлганим учун, сабоқ олганим учун, улар билан бир даврада, жамоада ишлаганим учун тақдирдан миннатдор бўламан. Бундан ташқари, Ўлмас Умарбеков, Латиф Маҳмудов, Фарҳод Мусажонов, Қодир Мирмуҳамедов каби улуғ таржимонлар қўлида билим олдим. Албатта, буларнинг ҳаммасининг ўз ўрни, роли бор. Яна бир катта устозимиз, бизга радио, телевидение, дубляж, таҳрир нималигини ўргатган, сабоқ берган Убай Бурҳон эди. Улардан кўп нарса олдик. Шахсан мен таҳрир борасида сўз юритадиган бўлсам, Убай Бурҳон бизга катта устозлик қилганлар. Сўзларини кам, маъносини кенг қилиб ифодалаш услубини улардан ўзлаштирганмиз. Классик дубляжда Борий Хайдаров, Сўфия Имонқулова, Собир Искандаров, Собит Саидовларни катта эҳтиром билан хотирлайман.

 

— Насиба Исмаиловна, шу ўринда бир жумбоқли саволимга ҳам жавоб олиб кетсам дегандим. Сиз дубляждаги фаолиятингиз давомида асосан ўғил болалар образига овоз берган экансиз?

 

— Тўғри. Масалан мен 200 га яқин фильмларга овоз берган бўлсам, деярли барчаси ўғил болалар образи эди. Икки қиз образига овоз берганман. 10-14 ёшларимда овоз берган фильмлардаги титрда “Н.Ибрагимов” ёзилган. Сабаби ўғил болаларга овоз берганман. Бадиий кенгаш олдидаги масъулиятни сезган ҳолда ижодий гуруҳ буни яшириб, “а” ҳарфини кейин қўшиб қўямиз, дейишгану бироқ қўшишмаган. Яқинда Россия элчихонаси бир тадбир ўтказди, унга мени ҳам таклиф этишди. Тадбир давомида россиялик бир мутахассис мендан “Қизлар”да Тося, “Чол ибн Ҳат­тоб”да Женяга сиз овоз берганмисиз”? деб сўраб қолди. “Ҳа” дедим. “Нега унда Ибрагимов деб ёзилган?” деди. “Билмасам” дея жавоб бердим. Фильм бадиий кенгашда аъло баҳо олган, камчиликлар бўлмаган, ўз-ўзидан ҳаммаси жойида бўлгани боис ҳам “а” ҳарфини қўйиш уларнинг ёдларидан чиқиб кетган бўлса керак. Мен ҳам буни суриштирмаганман. Бунга зарурат ҳам бўлмаган.

 

— Радио ва телевидение. Гўёки улар эгизаклардек. Таъбир жоиз бўлса, сиз ана шу икки даргоҳнинг нафақат ҳаёт қозонида, илм, ижод, касб қозонида ҳам пишиб етилгансиз. Шунинг учун ҳам сизга профессионал касб эгаси сифатида қаралади. Нозик хилқат вакили сифатида сизга қийинчилик қилмаганми?

 

— Биласизми, биз соҳага унинг қийинлигини ҳам англамаган пайтда кириб келганмиз. Қолаверса, унинг сир-асрорини билмасдик у пайт­лари. Ёш эдик. Шундай даврларда радио, телевидение, дубляжга кириб келгандик. Лекин биз сиз айт­гандай шу муҳитда қайнадик, пишдик, улғайдик.

1956 йилнинг 5 ноябрида Ўрта Осиёда биринчи бўлиб Тошкент телевизион маркази ишга тушди. Тошкент вақти билан соат 18:00 да телекўрсатувлар эфирга чиққан. Телевидениенинг биринчи режиссёри Армуғон Муҳамедов, биринчи оператор Феруз Олимов, биринчи овоз режиссёрлари Фотиҳ Сафоев ва Оқилхон Валиев. Биринчи дикторлар Иқбол Олимжонова ва Юнона Столирова. Дикторлар эфирда биринчи айтган “Салом ўртоқлар! Тошкент телестудияси эшиттиришларини бош­лайди” матнининг муаллифи Жонрид Абдуллахонов. Биринчи эфир куни Носир Васлиев, Пўлат Расулов, Бобо Хўжаев, Неъмат Дўстхўжаев, Мирсолиҳ Мираъзамов, Убай Бурҳон кабилар “пульт”да бўлишган.

Телевидениенинг ватани – Тошкент. Армуғон Муҳамедов икки қисмдан иборат “Телевидение Тошкентга қайтди” деган ҳужжатли фильм олган. Телевидение тарихидаги энг қадр­­ли осори-атиқа шу ҳужжатли фильм. Чунки унда ватани Тошкент бўлган телевидениени яратган ихтирочилар ҳаётлик пайтида суратга олинган. Мазкур фильмда ихтирочиларнинг бири билан Армуғон Муҳамедов Бишкекда, мен эса уларнинг бир сафдошлари билан Тошкентда интервью олганман.

Биласизми, бугун радио деярли юз ёшга, телевидение 65дан ошган бўлса-да, уларнинг тарихи ҳанузгача етарли тадқиқ қилинмаган. Тадқиқотчи радиожурналист Баҳром Рихсиев Ўзбекистон радиоси тарихи ҳақида “Тўлқинлар қанотида” деган тадқиқот-рисола ёзди. Анатолий Есин ҳам радио ва телевидение ҳақида тадқиқот олиб борган. Авваллари телекўрсатувлар эшиттириш дейиларди. Жонрид Абдуллахонов Москвада малака оширишдан қайтгач, эшиттириш деб аталган маҳсулот кўриш воситаларига эга бўлганлиги сабабли кўрсатув деб атала бошланди. Ўша кундан эътиборан устоз Жонрид ака таклифи билан телевидение маҳсулотлари кўрсатув дейиладиган бўлган.

 

— Инсон тафаккурининг камолга етиши ва ақлу заковатининг чархланиши учун, энг аввало, қандай илм керак деб ҳисоблайсиз?

 

— Мутолаа илми, китобхонлик илми. Давлат раҳбари чиқишларида илм, билим, муаллим деган сўзларни кўп такрорлайдилар. Китоб ўқимас эканмиз, биз ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Мен ҳар куни ўн-ўн бешта газета-журнални кўздан кечираман. Тўғри, ҳаммасида ҳам ўқийдиган манба бўлмаслиги мумкин. Лекин уларни варақлаб, мана буниси ўқиш учун яроқли, буниси эса яроқсиз деб саралаш ҳам бир дарс эмасми, аслида. Ўқийдиган нарсаларим бисёр. Баъзиларига бир неча марта мурожаат қиламан. Қўлимда қалам ва қоғоз билан қайта ва қайта ўқийман.

Бир пайтлар уйида китоб сақлаганлар, китоб ёзганлар ҳибсга олинган, қатл қилинган бўлса, бугун китоб ўқиганлар рағбатлантирилиб, ҳатто машина совға қилиняпти. Китобни улуғлаганнинг ўзи ҳам улуғ бўлади.

 

— Бугунги ўзбек журналистикасининг ютуқ ва муаммолари ҳақидаги фикрларингизни ҳам билмоқчи эдик. Нима учун одамлар борган сари телевидение, радио ва газета-журналлардан узоқлашиб боришмоқда?

 

— Мени энг кўп ранжитадиган нарса кўрсатув ва эшиттириш олиб борувчиларнинг тилга эътиборсизлиги. Чиройли кўрсатувларда ғализ, ҳатто қўпол хатолар учрайди. Бошловчилар “Ҳукуматимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлди”, дейди. Ваҳоланки, гап давлат мукофоти ҳақида боряпти. Бир кўрсатувда бош­ловчи “Бобокалонимиз Алишер Навоий “Умрлар бўладики, тиригида ўликдир, умрлар бўладики, ўлигида тирикдир”, деб айтганларидек…” деди. Бу сатрлар Мақсуд Шайхзодага тегишли-ку! Биз ишлаган даврда бунақа хато учун камида ишдан ҳайдалар эди. Бу каби кўрсатув олиб борувчилар ҳамон хатоларини давом эттириб юришибди. Малака ошириш марказида журналистларга “Қурилиш материали нима, қурилиш маҳсулоти нима?” деб савол бераман. Саволларим жавобсиз қолади. Қурилиш материали – мих, шифер, цимент ва ҳоказо. Қурилиш маҳсулоти – бино. Қаерда ўтқазилди, қаерда ўтказилди феълидан фойдаланишни билишмайди. Оқибатда кўчат ҳам ўтқазилади, йиғилиш ҳам ўтқазилади. Кулгили эмасми?! Сенат билан Қонунчилик палатасининг   фарқига боришмайди. Афсуски, бунақа хатолар кўп.

Санъат ва маданият институти ўқитувчиларининг илмий ишига тақриз ёздим. Мавзулар саҳна нутқига бағишланган экан. Институтда саҳна нутқи ўргатилади, афсус, эфир нутқи эмас. Иккаласининг фарқи жуда катта. Мен кўрсатувларни шунчаки кўрмайман. Сўзга бефарқ бўлолмайман. Мана булар (бир неча дафтарни кўрсатади) кўрсатувлардаги ғализликларни ёзиб борган дафтарларим. Бу учтаси. Бундай дафтарлар ўндан зиёд. Бу давлат, нодав­лат каналларнинг деярли барчасига тегишли. Тинг­ловчи ва томошабин саводли нутқ кутади.

Саводли журналистларни тайёрлаш учун бир йўла 8-9 олий ўқув юртлари сафарбар этилган. Бироқ бу нозик соҳа мутахассисларини шунча олий ўқув юртида сифатли тайёрлаш учун педагог ўқитувчиларнинг сифат ва сон потенциаллари етарлимикин?

Журналистика янги йўналиш бўлмасада унга шиддат билан ривожланаётган жамият катта талабларни қўймоқда. Шу нуқтаи назардан юксак билимли педагог­ларни бир нуқтага жамлаб ўқитилса мақсадга мувофиқ бўлармиди? Зеро, ҳамма олий ўқув юртларининг моддий-техник базаси ҳам талаб даражасида эмас.

Бу кетишда биз эртага журналистикамизга қандай кадрларни қолдирамиз? Соҳамизда ким ишлайди? Боя тепада айтиб ўтган давлат ва ҳукуматни фарқлай олмайдиган, қурилиш материали билан маҳсулотни ажрата олмайдиган, ёш болага ота-онасининг олдида “Отанг­­ни кўпроқ яхши кўрасанми ёки онангни” деган муж­мал савол берадиган, давлат мукофотини ҳукумат мукофоти дейдиган кадрларними?

Матбуотдан одамларнинг узоқлашиб кетаётганига келсак, асосий сабаб номутасаддилик, шунингдек, ёритилаётган мавзуларнинг майдалашиб кетганлиги. Қайта очилаётган нашрлар ҳам ўзини оқлай олганича йўқ. Газеталарда саҳифа тўлса бўлди. Аксарият нашрларда: “Мана бу материал кетиши керак, буни фалон киши илтимос қилганди, буни эса яна кимдир айтган эди” деб, нари-бери, қўл учида ёзилган, таҳрир қилинмаган, орфографик ва стилистик хатолардан холи бўлмаган чучмал мақолалар ҳам чиқиб ётибди.

 

— Нима учун Насиба Иброҳимова устоз­ликка даъво қилмайди. Муносиб шогирдлар йўқми ёки…

 

— Мен бир суҳбатимда айтган эдим. Мен устозликка даъво қилмаганман. Ва бундан кейин ҳам қилмайман. Устозлик — жуда улуғ мақом. Унинг юки ҳам залворли. Олиб юриш осон эмас. Қўлимдан келганча, имконим борича ёшларга ўргатдим, ҳамон ўргатаман. Ва бундан чарчамайман. Бироқ мана бу менинг шогирдим, демайман. Мени устоз билганларга ташаккур. Мени ғойибона устоз деганлар ҳам кўп. Анча йиллар олдин “Гулистон” журнали муқовасида бир қизнинг сурати чиққан. Кўриниши, сиполиги дикторларга ўхшаркан. “Муқовада” деган жо­йини топиб ўқисам, Душанбе телевидениесининг диктори Мусаллам Муродова экан. Журналда шу қиз ҳақида мақола чоп этилган. У “Менинг биринчи устозим Ўзбекистон телевидениесининг диктори Насиба Иброҳимова”, дебди. Кўп бошловчиларнинг суҳбатини ўқиб қоламан. “Устозим Насиба Иброҳимова”, дейишади. Мен шогирдим демаганимнинг боиси – устозликнинг рутбаси баланд.

 

— “Hurriyat”чиларга тилакларингиз…

 

— Таҳририятнинг саралай билиш маҳоратига қойил қоламан. Жуда ўринли, мулоҳазали, долзарб мавзуларни олиб чиқади. Талаб­чан таҳририят. Шахсан мен саводли газета тарафдориман. Ана шундай нашрлардан бири бу сўзсиз “Hurriyat”дир. Буни сиз билан суҳбат қилаётганим учун эмас, жуда кўп давраларда ҳам қайта-қайта айтаман. Тавсия қиламан. Ким нима деса, десин, ҳозирги кунда рейтинги энг баланд газеталардан бири бу сўзсиз “Hurriyat”ингиз. Таҳририятнинг келгусидаги ишларида омад тилайман.

Ислом АСИЛБЕКОВ

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 1 =