“3 ойда IELTS 7+”! Йўғ-э?!
Cир эмас, бугун дунёда инглиз тилининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрича 90 та давлатда инглиз тили иккинчи тил сифатида нуфузга эга. Мамлакатимизда ҳам бу тилни ўрганишга бўлган интилиш, иштиёқ баланд. Эндиликда тил ўрганмоқчи бўлганларнинг билим даражасини аниқлашнинг энг кенг тарқалган тури эса бу — IELTS ҳисобланади.
IELTS инглиз тилидан билим даражасини баҳолашнинг Халқаро тизимидир. Ҳозирги кунда кўплаб мактаблар, лицей, коллеж, Олий ўқув юрти битирувчилари ҳамда тажрибали мутахассисларга маълумки, хорижда ва мамлакатимизда яхши меҳнат шароитига эга бўлиш ёки чет элда ўқиш учун IELTS сертификатини олиш жуда муҳим саналади.
Хўш, IELTS сертификатига эга бўлиш учун қанча вақт талаб этилади деб ўйлайсиз?
Эътибор берсангиз, кейинги пайтларда турли хил шов-шувли – “40 кунда IELTS 6+”, “3 ойда IELTS 7+”, “Тез ва ишончли IELTS 8” каби тил ўрганишга қизиқувчиларни чорловчи эълонларга кўзингиз тушади. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Шу ва шунга ўхшаш саволлар кўпчилик ўқувчиларни, айниқса, ёшларни қизиқтирса керак. Инглиз тили фани бўйича яхшигина малакага эга, “IELTS 8+” натижасини қўлга киритган, Тошкент шаҳар “EVEREST” ўқув марказининг инглиз тили ўқитувчиси Моҳинур Абжалилова билан айнан шу мавзуда суҳбатлашдик.
— Ассалому алайкум! Сизнингча, тил ўрганишни энди бошлаган ўқувчи IELTSда қониқарли даражага эга бўлиши учун қанча вақт талаб қилинади?
— Ваалайкум ассалом! Аслини оладиган бўлсак, инглиз тилини “ноль”дан ўрганишни бошлаган ўқувчининг қониқарли баҳо олиши учун қатъий белгиланган бирор-бир муддат йўқ. Лекин тилни сифатли ўқиш, белгиланган дарсликларни ўрганиш, бу тилда маълум даражага кўтарилиш учун бир, бир ярим йил яхши муддат. Лекин бу ҳаммага ҳам тўғри келмаслиги мумкин. Чунки кимдадир тилни тезроқ ўзлаштиришга қобилияти юқори бўлади, кимдадир эса аксинча. Баъзилар маълумотларни жуда тез қабул қилади ва мавзуларни осонгина ўзлаштира олади. Баъзиларда эса бунинг акси. Хуллас, ҳамманинг маълумот олиши, уни ўзлаштириши ҳар хил бўлгани учун юқоридаги вақт 100 фоиз натижага эришиш мумкин бўлган муддат, дея олмаймиз. Бизнинг марказимиздаги бир ўқув курси ҳам 1 ярим йил аниқроғи 1 йил-у 3 ойни ташкил қилади. Ўша вақт ичида ўқувчи яхши натижага эриша олиши мумкин. Аммо бир гуруҳ ичида шу вақт мобайнида бирга ўқиб юқори ва паст натижага эришувчи ўқувчилар ҳам бор. Демак, ҳаммаси ўқувчининг ҳаракатига ва қизиқишига ҳам боғлиқ.
— “3 ойда IELTS 7+” ваъда қилаётган эълонларга қандай қарайсиз? Ҳақиқатда ҳам IELTS дан хабари бўлмаган ўқувчи 3 ойда IELTS 7+ сертификатини олиши мумкинми?
— Ҳозирда интернетда ёки кўча- кўйдаги эълон пештахталарида яққол кўзга ташланувчи “3 ойда IELTS 7+”, “40 кунда IELTS 6+” каби “реклама”ларга эътибор қилмай қўйганимга анча бўлган, тўғрисини айтсам. Лекин афсуски, одамлар орасида шунақа эълонларнинг тарқалганлиги сабабли нотўғри тушунчалар пайдо бўлади. “Демак бу осон нарса эканда, шунақа деб ёзиб қўйишибдику”, каби. Чунки шу каби эълонларни кўрадиган ҳар бир одам бу йўналиш бўйича етарлича тушунчага эга бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам ҳамма бунга реал кўз билан қаролмайди. Лекин бу “реклама” IELTS дан умуман хабари бўлмаган одам учун ҳақиқатга тўғри келмайдиган гап.
Бунда, аввало, IELTS ўзи нима деган савол туғулиши табиий хол. IELTS бу – Internatsional English Language Testing Sistem, яъни инглиз тилини билиш даражасини текширувчи тизим. Ёки IELTS фақатгина имтиҳон. Сизнинг билим даражангизни аниқлаб берадиган ҳужжат. Бу сертификат ҳозирги кунда анчайин оммалашди.
Чунки бу ўқишда ва ходимларнинг иш жойида каттагина имтиёз яратиб бера олади.
Инглиз тилини ўрганишда муайян босқичлар мавжуд. Булар инглизча номларда:
- Beginner;
- Elementary;
- Pre-Intermediate;
- Intermediate;
- Upper-Intermediate;
- Advanced
кабиларга бўлинади. Инглиз тилини ўрганувчилар учун ишлаб чиқилган босқичлар шулар. Умумий инглиз тили, яъни “General English”да айтиб ўтилган даражалардан ўтиш керак. Бунинг ичига сўзлар, грамматик қоидалар ҳар бир босқичда ўқувчининг билим даражасига мос ҳолда ўрганилади.
Аслида IELTS тузилишини, структура қурилишини ўрганишни бошлаш маъқул бўлган даража Intermediate ва Upper-Intermediate даражалари ҳисобланади. Ўша даражада IELTS топшириш учун тайёрланишда мантиқ бор. Қанчалик умумий инглиз тилини билиш даражаси юқори бўлса IELTSда юқори даража олиш шунчалик кафолатланади.
Юқорида қисқа муддатда IELTS сертификатини ваъда қилаётган ўқув марказларнинг асл “мақсади”ни бориб суриштирадиган бўлсак, кўпинча бу одамлар ўртасида қизиқиш уйғотувчи “жозибадор реклама” бўлиб чиқади. Савияли ўқув марказлари, аввало, бунақа рекламалар ваъда қилмайди (бу менинг шахсий фикрим). Чунки тил ўрганишга қанча вақт кетиб, қандай босқичлардан иборат бўлишини сифатли таълим беришни ўзига мақсад қилиб қўйган ўқув марказлар билишади.
IELTSда катта имкониятларни берувчи даражалардан бири еттилигини ҳисобга оладиган бўлсак, ўша даража билан “мижоз”ларни ўзига жалб қилади. Танганинг икки томони бўлгани каби бу эълонларнинг ҳам тагида маълум талаблар бор. Нисбатан яхшироқ ўқув марказлари бўлса, албатта. Агар сизнинг умумий инглиз тилини билиш даражангиз бўлса, юқоридаги Elementary, Intermediate, Upper-Intermediate каби босқичларда яхшигина база мавжуд бўлса, ваъда қилинган муддат ичида сизга IELTS тузилишини, IELTS имтиҳони структураларини ўргатиб беришлари мумкин. Лекин бу каби эълонларни кўриб, ҳали IELTSдан хабари бўлмаган ўқувчи “Мен қисқа муддат ичида IELTS олишим мумкин. Бу жуда осон экан” деган нотўғри фикрга бориб қолади. Аслида эса умуман бундай эмас!
— IELTS олишни хоҳлайдиган, аммо дарс қилишга иштиёқи йўқ, ҳар куни эрта бошлайман, индин бошлайман, деб юрганларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
— IELTS олишни жуда хоҳлайдиган, лекин дарс қилишга иштиёқи йўқ инсонларга маслаҳат беришни ёқтирмайман. Менимча, IELTS олишни жуда хоҳлайдиган одам дарс қилишни эрта-индинга суриб ўтирмайди. Мантиқан қараладиган бўлса, бирор нарсага чин дилдан эришишни хоҳлаган киши нима қилиб бўлса ҳам ўша нарсага эришишга ҳаракат қилади.
Ҳозирда ёшлар орасида трендга чиққан “мотивация” етишмаябди деган тушунча ҳам аслида йўқ нарса. Мотивация бу бирор ишни қилишга сабаб деган маънони билдиради. Энди IELTSга келадиган бўлсак, ўқишга хоҳиши йўқ инсоннинг номига ўқув марказига ҳужжат топширишига не ҳожат? Ён-атрофидаги дўстлари, танишлари, қариндошларининг IELTS олганини кўриб, бундан илҳомланиб, мен ҳам олсам яхши бўларди, менга ҳам керак бўлиб қолар деган фикрлар кимлардадир пайдо бўлиши мумкин. Аслида жуда ҳам керак бўлса, менимча, ҳеч ким ўқишни эрта-индинга суриб ўтирмайди. Лекин ишга жойлашиш учун ёки қайсидир суҳбатда “Шу сертификатингиз бўлганда ҳозир яхшироқ имкониятга эга бўлардингиз. Афсуски йўқ экан…” деган гапни эшитишса жуда aфсусланади. Вақтим бор эди, имкониятим бор эди, нимага шуни қилмадим деган фикр келади. Буни ўзи тушуниб турган бўлса ёки талаб қилинаётган бўлса, аммо ўзида иштиёқ топа олмаётган бўлса, шунчаки сабабини ўйлаб кўриш керак.
Одатда инсон бирор натижага эришиши учун унга қўрқув ёрдам беради. Яхши оқибатни ўйлагандан кўра, ёмон тарафини ўйлаш ўша одамни яхшироқ ва кучлироқ ҳаракат қилишга ундайди. Лекин IELTS сертификати билан бу нарсани солиштириш 100 фоиз ҳам тўғри келавермайди. Чунки IELTS сертификатини ололмаган тақдирда ҳам тилни маълум даражада ўзлаштиргани фойда бўлади.
Тўғри, баъзида энергия ёки хоҳиш етишмай қоладиган пайтлар бўлади. Лекин инсон олдига қўйган мақсади у амалга ошмагунича туради. Менинг ўйлашимча, IELTS олишни жуда хоҳлайдиган, лекин ўқимаётган одам аслида IELTS керак бўлмаган одамдир. Улар юқорида келтирилган саволларга ўзида жавоб тополса, ҳаракатини бошлайди. Мақсад фақат IELTS сертификатини олиш эмас, дунёқарашни кенгайтириш ва яна бир тил ўрганишга астойдил бел боғлашдадир!
— Мустақил IELTS ўрганмоқчи бўлганларга қандай йўл-йўриқлар берган бўлардингиз?
— Мустақил IELTS ўрганмоқчи бўлганларга, аввало, General English (умумий инглиз тили даражаси)ни яхшилаб кўтариб олишини маслаҳат берардим. Аввало, кунлик режа тузиб, IELTS билан шуғулланишни шу режанинг бир қисмига айлантириш зарур. Бир кун дарс қилиб, бир кун ташлаб қўйса ўсиш бўлмайди. Ўқувчи ишончли ресурслардан фойдаланиши зарур. Расмий IELTS билан боғлиқ бўлган Cambridge, British Council каби сайтлардан маълумот олиш мумкин. IELTS топширган танишлари билан маслаҳатлашиб ҳар куни speaking билан шуғулланиш керак. IELTSда reading, writing, speaking, listeningда бир хилда ишлаши керак. Қайси бирида ўсиш кўпроқ бўлса, ўшанисига урғу бериб, қолганларини четга суриб қўйиш керак эмас.
Дилдора ДЎСМАТОВА
суҳбатлашди.