Дилмурод Эргашев: «Ҳар бир оила мустаҳкам ва бахтли ҳаёт кечирсин»

“Доктор Д” деганда дарров кўпчиликнинг хаёлига машҳур шифокор ва таниқли актёр Дилмурод Эргашев келади. Бу бежиз эмас. Чунки у чиндан ҳам нафақат кучли мутахассис, балки актёр сифатида ўз иқтидорини намоён этган ватандошимиздир. Айниқса, уни “Шайтанат” сериалида ижро этган роли орқали кўпчилик яхши билади.

Англаганингиздек, бу галги суҳбатдошимиз шифокор ва актёр, “Доктор Д” хусусий шифохонасининг асосчиси — Дилмурод Эргашев.

Суҳбатдошимиз ҳақида мухтасар маълумот шуки, у 1959 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Пойтахтдаги физика–математика махсус мактабини имтиёзли диплом билан битирган. Аммо у ўз таҳсилини физика–математика йўналиши бўйича олий ўқув юртида давом эттириши учун имтиёзли имкониятдан воз кечиб, тиббиёт соҳасини танлайди. 1983 йили Тошкент давлат тиббиёт институтини битиради.

Бугунги кунда Дилмурод Эргашев Ўзбекистондаги етакчи репродуктолог шифокорлардан бири ҳисобланади. Тиббиётнинг ушбу йўналишини танлашига   эса яқинларидан бирининг узоқ йиллар фарзанд кўрмагани сабаб бўлганини айтади. “Тиббиёт олий ўқув юртида таҳсил олиб юрган йилларимдаёқ бепуштлик ва жинсий ожизликни даволаш бўйича Ўзбекистонда ҳали мутахассис йўқлигини билганман”, —дейди у.

Тиббиётнинг осон соҳаси йўқ, албатта. Дилмурод Эргашев ҳам ўзи танлаган соҳага оид билим ва тажрибаларини ошириш мақсадида Киев, Мос­ква, АҚШ ва Исроилда малака оширади. Илмий иш билан шуғулланиб, тиббиёт фанлари номзоди даражасини олади. “1993-1994 йилда Германиядаги хусусий шифохоналардан бирида амалиётда бўлиб қайтганимдан кейин “Нега шундай муассасаларни ўзимизда очиш мумкин эмас” деган саволни ўз-ўзимга бердим”, — дейди у.

У бир қанча халқаро тиббиёт академиялари ҳамда Оврўпо урологлари ва андрологлари ассоциацияси аъзоси ҳисобланади.

 

— Дилмурод ака, аввало, шуни айтмоқчи эдикки, бугунги суҳбатдан асосий мақсад “Доктор Д” клиникасини “реклама” қилиш эмас. Ўйлаймизки, клиникангизнинг бунга жуда катта эҳтиёжи йўқ. Негаки, кўплаб юртдошларимиз ушбу тиббиёт марказини яхши билишади, шифо истаб мурожаат қилаётганлар эса кам эмас. Шундай бўлса-да, халқимизда жинсий тарбия, бепуштлик, уни даволаш масалалари анча “нозик” мавзулар ҳисобланади. Лекин инсон бахтли яшаши учун, бахт­­ли оила бўла олиши учун ана шу мавзулар хусусида ҳам сўз юритишни жоиз деб билдик.

—Тўғри, ўзингиз ҳам айтяпсиз-ки, бизда бунақа мавзуларда гапириш жоиз эмас, ёки ўта нозик деб қаралади. Энди савол, дунёда миллионлаб, шу жумладан, юртимизда ҳам минг-минглаб одамлар турли жинсий касалликлар билан оғриётгани, яна қанча-қанча одамлар фарзанд кўриш учун неча-неча йиллар давомида касалхонама-касалхона сарсону-саргардон юрган экан, нега энди “бу нозик мавзу” дея қарашимиз керак. Тўғри, биз шарқона миллатмиз, унинг ўзига хос бўлган қадриятлари, қарашлари бор. Лекин кўпчилик ҳамон бу ҳақда “гапирмаслик керак, уят бўлади” деган қўштирноқ ичидаги қарашларимизни ахлоқ сифатида қабул қилиб, бу мавзуда сўз очишни лозим билишмайди. Айнан ана шу нарса қанча одамларнинг дардини ўз вақтида айтмаслиги, шифокорга вақтида мурожаат қилмаслиги сабабли тузатиб бўлмайдиган ҳолатларни вужудга келтираётганини биламизми? Ваҳоланки, жинсий ҳаёт тўғрисида муқаддас динимизда ҳам бир қатор оятлар, муборак ҳадислар мавжуд. Аммо диний уламоларимиз ҳам ўз амри маъруфларида бу хусусида кўпинча гапиришмайди. Ана шу гапирмаслик, одамларга тўғри маълумотлар етказиб берилмаганидан кейин уларнинг онгида, миясида турли-туман бўшлиқлар ҳосил бўлмайдими? Нима деб ўйлайсиз? Қаердаки бўшлиқ борми демак, унинг ўрнини тўлдиришга ҳаракатлар ва албатта маълумотлар ҳам топилади.

Аслида жинсий тарбия нима ўзи? Чапани қилиб айтганда, жинс дегани бу ўғил бола, бу эса қиз бола жинсига мансуб дегани. Шундай экан, ҳаммаси ўз вақтида ва ўз меъёрида бўлиши, яъни ўсмирликдан фарзандларимиз жинсий тарбия, жинсий касаллик­лар ва уларнинг олдини олиш ҳақида етарлича маълумотга, тиббий даражага эга бўлишлари зарур.

– Тўғри, сиз айтгандай жинсий тарбия, жинсий маданият ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиш муҳим. Аммо ўсмир ўғил-қизлар маълум ёшга етгандан кейин қандайдир йўриғи, маданият билан олиб борилиши керак эмасми? Бугун эса турли ижтимоий тармоқларда ёшларнинг, ҳатто ҳали вояга етмаган болаларнинг “кўзини очиб ” юборадиган тарздаги турфа хил кўрсатувлар, докторларнинг чиқишларидан одам ҳижолат.

– Албатта, фикрингизга қўшиламан. Аввало, ҳар қандай касалликнинг илк давоси бу профилактика ҳисобланади. Ўз вақтида эътибор қаратиш лозим. Шу билан биргаликда айтиб ўтганимдек, нафақат болаларда, керак бўлса катталаримизда ҳам жинсий тарбия кўникмасини шакллантириш ҳам жуда муҳим омилдир. Жинсий тарбия деганда бу жинсий алоқа эмас, аксинча жинсга хос нарсаларни болаларимизга сингдиришимиз, уларнинг онгига киргизишимиз, ўғил бола қанақа кийинади, қанақа ўйин ўйнайди, қанақа қилиб гапиради, гаплашади, қайси мавзулар унга қизиқ бўлади, қиз бола эса қанақа қўғирчоқлар ўйнайди, уларга қандай кўйлаклар тикишни, қизларга хос бўлган сифатларни ўргатиш билан ҳам уларда аста секин жинсий тарбия намоён бўлади. Биздагилар нима қилишади, жинсий тарбия бўйича тузукроқ кўникмаси, тушунчаси йўқ. Онгида бу борада етарлича тасаввури йўқ, болангни жинсий тарбия қил дейишса дарров хаё­лига нотўғри фикрлар, қарашлар келади. Ахир, бу ножоиз нарса-ку. Боя айтдим, биз ўзимизча ахлоқий қарашлар деган тушунчани ниқоб қилиб олганмиз. Барибир болаликдан фарзандларимизга тиббий жиҳатдан ҳам тўғри тарбия беришимиз керак.

Мана яқинда Youtube тармоғидаги саҳифамда яна бир марта педофиллар тўғрисида гапирдим. У қаердан келиб чиқади, сабаблари нимада каби саволларга жавоб бердим. Нимадан келиб чиқарди, биринчи галда жинсий тарбия йўқлигидан, нотўғри тарбиядан. Агар мактабга жинсий тарбия фани кириш керак де­йилса, ота-оналар “Войдод, болага ҳам жинсий тарбия бериб бўладими” дейишади. Ҳа, сиз ўзингиз биласизми, ўзи жинсий тарбия нима? Уларнинг хаёлида болаларга жинсий алоқани ўргатиш деган тушунча бор. Бу нотўғри. Яна бир маълумотни қўшиб кетмоқчиман, ўғил болаларни ўз вақтида суннат қилдириш ҳам ана шу тарбияга кириб кетади.

— Яқинда бир маълумотни ўқиб қолдим.   Қарийб 20 фоиз эркаклар жинсий заифликдан азият чекар экан. Бу қанчалар тўғри? Ушбу дарднинг асл сабаблари нимада?

— Бу дардли аҳвол ҳар қандай эркакда бўлиши мумкин, аслида. Чунки вақтида шифокорга мурожаат қилишни билмаймиз. Бизда шундай кўникма борки, агар докторга борадиган бўлсак, уни ҳамма қўли билан ажратиб кўрсатадигандек. Мана шундай қарашларни ўзимизга қабул қилиб олганмиз. Ўз вақтида шифокорга бормаймиз, борсак ҳам унинг қабулига қўрқиб-қўрқиб кирамиз, “бу гаплар кўчага чиқиб кетмайдими, ҳеч кимга айтмайсизми, барчаси сир бўлиб қоладими” деган хавотирли саволларни беришади. Нима, биз улар билан гаплашгандан кейин қўлимизга микрофон кўтарволиб кўчага чиқиб гапириб юрамизми? Одамлар ҳам қизиқ-да.

Ўзи бутун дунё бўйича 10 фоизгача эркакларда жинсий заифлик бор деб айтилади. Бу қаерда кам бўлади, нуфузли давлатларда, мутахассисга ўз вақтида бориб, даволаниб юрган бўлса ўша ерда камроқ кўрсаткич бўлиши мумкин. Агар шифокорга бормаётган, яшириб юрган бўлса кўрсаткич бундан ҳам кўп бўлиши табиий, албатта. 20 фоиз дегани бу ҳар бештадан биттаси шундай заифлик касалига эга дегани. Одатда биз мутахассислар жинсий заифлик деганда яқинликка ярамайдиган эркакни деб биламиз. Аммо жинсий касалликларнинг турли даражалари бор.

Биласизми, йилдан-йилга бу касалликлар кўпайиб бораверади. Бу биринчи навбатда бизнинг экологиямиз билан ҳам боғлиқ. Унинг бузилиши, емоқ-ичмоғимизнинг турли туман сифатсиз маҳсулотлар билан аралашгани. Ҳар хил гармонлар. Антибиотиклар… Мана ҳозир гўштларни олайлик, таркиби бузилмаслиги учун ҳар хил гармонлар қўшишади. Мева-чеваларнинг генлари бузилган. Буларнинг барчаси келгусида жинсий заифликка таъсир қилмай қолмайди. Шунинг учун дунёда 2 фоиздан 4 фоизгача ҳар йили ҳам бепуштлик, ҳам жинсий заифлик ошиб бормоқда деган статистика айтилади. Уни даволаса бўладими десангиз, ҳа бўлади. Бу касалликнинг даволаб бўлмайдиган тури йўқ. Фақат касални ўз вақтида билиш керак. Бунинг учун нима қилиш керак? Биринчи нав­батда уялмаслик керак, шифокорга бориш керак, керак бўлса дардини “дастурхон қилиш”ни ҳам билиш керак. Ана ундан кейин даволашга ўтса бўлади. Бизда яна бир муаммо шундаки, ушбу касалликни даволовчи мутахассисларнинг деярли йўқлиги. Аслида беморнинг уруғини даволаш керак. Бизникилар эса қаерга боради, тўғри урологга боришади.

– Уролог бу соҳанинг мутахассиси эмасми?

– Шундай. Уролог ким? Уролог сийдик чиқариш йўлларини ўрганувчи хирург. У бепуштликни даволайдиган, жинсий заифликни тўлақонли тушунадиган мутахассис эмас. Эсласангиз, бир пайтлар виагра чиққан маҳалда уни сотиш керак бўлган. Улар нима қилишди, барча урологларни йиғишди-да, “келинглар, мана шулар орқали доримизни сотамиз” деб уларга тушунча беришди. Урологлар эса кимда шикоят бўлса, ана шу дорини бераверди. Аслини олиб қараганда бу тижорат учун чиққан нарса эди. Шундан кейин барча урологга чопадиган бўлиб қолди. Аслида бу касалликни сексапатологлар даволайди. Бизда эса бу соҳадагиларни тайёрлайдиган ҳанузгача на таълим бор, на факультет бор. Умуман йўқ. Мана энди биз тиббиёт институти қошида алоҳида факультет очаяпмиз. Иншааллоҳ, буни йўлга қўямиз ҳам. Масалан, биз бу соҳани Москвада ўқиганмиз. Буни чуқур ўрганиш учун кетма-кет 5-6 йил кетади. Сексапатология ўзига бир неча йўналишларни олган соҳа бўлиб, ўзида андрология, урология, эндокринология, психиатрия каби фанларни жамлайди. Шунинг учун уни халқаро фанлар илми деймиз. Унинг мутахассиси эса камчиликни ташкил этади.

Ҳозирча аниқ бир статистика йўқ. Тирикчилик учун ҳамма доктор “мен даволайман” деб даволашга киришиб кетади. Бу соҳани тушунса тушунмаса, менман дейди. Буни сизга яна ҳам қишлоқча қилиб айтадиган бўлсам мана мардикорларни олайлик. Бозорга борсангиз сизнинг олдингизга югуриб келишади “биз ҳамма ишни қилишни биламиз” деб. Уларга ишониб уйингизга олиб борасиз, иш берасиз. Иш якунланганидан кейин эса натижани кўриб ҳафсалангиз пир бўлади. Мана аҳволимиз қанақа?

— Туғма бепуштлик хасталигига сабаб нимада?

— Туғма бепуштлик мавжуд. Афсуски, ушбу касаллик билан оғриганлар ҳар йили 4 фоизга кўпайиб боряпти. Бепуштликни даволаш бўйича бизда қонун бўлмаган. Бу бўйича сизга ўзимга оид бир мисолни айтиб бера қолай. Биз 2012 йили Америкага кўчиб кетгандик. Негаки, бу ерда давлат томонидан хусусий тиббиётга бўлган эътибор йўқ эди. Ҳамма жойни текширувчи идоралар назорат қилиб, холи жонимизга қўйишмасди. Биз эса ҳаммасини ёпиб кетворишга мажбур бўлгандик.

2017 йилда ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев Америкага бордилар. У ерда ҳамма тадбиркорларни йиғиб, “Мана мен сизларга кафолат бераман, ҳеч ким безовта қилишмайди, ватанга қайтиб унинг номини кўтаринглар” дедилар. Биз эса шу сўзлардан руҳланиб ортга қайтдик. Барибир ўз юртингда, ватанингда ишлаш бошқача. Келганимиздан кейин Исроил билан ҳамкорликда қўшма корхона очдик. Эндиликда эса боя айтганимдек, институт қошида махсус факультет очаяпмиз. Бундан ташқари сунъий уруғлантириш — ЭКО бўйича қонунни амалга жорий этишда бош-қош бўлдик. Биласизми, охирги тўрт-беш йил ичида юртимизда бепуштликни даволаш борасида мисли кўрилмаган ишлар қилинди. Унчага бу соҳа бўйича ҳеч нарса қилинмаган эди. Ўзбекистонда аҳоли кўп экан, егани нони йўқ экан деган гаплар юрарди, бепуштликни даволашга эса зимдан қарши ҳаракатлар ҳам бўлган.

Ана энди шукрки, бизнинг соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар бўлаяпти. Мана яқинда янги вазиримиз келди. Улар ҳам эртаю-кеч порахўрликка, боқимандаликка, ўтирволиб фақат статистика билан шуғулланадиган, давлатга ҳеч қанақа фойда келтирмайдиганларга қарши курашмоқда. Биз ҳам илмий марказ очиб бепуштликни илмий хулосалаб, унинг келиб чиқиш сабабларини халққа кўрсатиб бераяпмиз. Унинг ҳам туғма омили, генетик омили бор. Ёки ҳаёти давомида орттирилган омиллари бўлиши мумкин. Илмий кенгашимизда эса уни ҳам илмий ўрганамиз, ҳам илмий адабиётлар орқали ёзиб тушунтириб берамиз. Ўзим республикада репродуктологлар ассоциациясини ташкил эттирдим. Насиб бўлса, яқин ойлар ичида бутун дунёдан, нуфузли, ўз соҳасининг етакчи репродуктологлари халқаро анжуманга келишмоқда. Бунақаси тарихда бўлмаган! Айнан бизнинг йўналишда. Улар юртимизга биринчи навбатда ўзларининг узоқ йиллар давомида олган тажрибаси билан ўртоқлашиш, илмий мақолалар, адабиётлар чоп этиш учун келишмоқда. Бундан ташқари уларнинг ичида катта катта инвесторлар ҳам бор. Келишади. Кўришади. Танишишади. Исташса узоқ йиллар фойдаланилмаётган жойларни олиб   клиникалар ташкил этишлари, хоҳлашса давлат билан ҳамкорликда, йўқ десалар ўзлари мустақил иш бошлашлари мумкин. Уларга ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди. Буни давлатимиз раҳбари ҳам кўп бора айтганлар.

Агарда ана шу ишларни амалга оширсак, кейин биз аниқ бир хулосага келишимиз мумкин. Юртимизда неча фоиз бепуштлик касали билан оғриганлар бор. Уларнинг қанчасини даволаса бўлади-ю, қанчасини йўқ. Ўзи дунё бўйича бутун иттифоқ врачлар уюшмасининг статистикасига кўра, 7 фоиздан 15 фоизгача деб хулоса беришади. Бу эса жуда кўп рақам. Ўнта одамдан биттадан кўпроғи бепушт деганидир. Халқимиз болажон, битта бола билан ўтгиси келмайди. Иккита қизи борлар ўғил фарзанд кўргиси келади. Ўғиллилар эса қизли бўлгиси келади. Шунинг учун диагностика замонавий бўлиши керак. Мана менинг ўзим ҳам шу соҳага янада яқинроқдан фойдам тегсин деб бир китоб ёзаяпман. Бу ўқув қўлланма-­адабиёти эркакларнинг бепуштлик сабабларини ўрганиш бўйича замонавий ёндашувларни ўзида жамлаган катта китоб бўлади. Китобда мендан ташқари Ҳиндистон, Швециялик профессорларнинг илмий хулосалари, тавсиялари ўрин эгаллайди. Насиб бўлса, китоб тез орада нашр қилинади. Ишонаман, ушбу китоб нафақат Ўзбекистонда, Ўрта Осиёда, дунёда кўпчиликка фойдаси тегадиган қўлланма бўлади.

— Бугунги кунда ажралишлар сони кўпайиб бормоқда. Агар ҳужжатларга, статистикаларга қарайдиган бўлсак бунга асосий сабаб қилиб икки тараф ҳам хиёнатни кўрсатишади. Аслида-чи, гап фақат хиёнатдами…?

— Гап шундаки, ана шу хиёнат ҳам ўзидан ўзи бўлиб қолмайди. Унга олиб келадиган жуда кўп омиллар бор. Биринчиси, боя айтиб кетганимиз заифлик бўлиши мумкин. Бизда учта нарсаси бўлмаса эркак киши импотент (жинсий ожиз, заиф) деб айтилади. Булар тили, қўли, эркаклик қуввати бўлмаса. Ҳар қандай ажрашишнинг тагида эркакнинг аёлига бўлган муносабати, уни аёл сифатида кўрмагани, аксинча, аёлнинг ўз эридан эмас бегона эркакдан ширин сўз эшитиб, меҳр олиб оқибатда унга меҳри тушиб вазият хиёнатгача келиб қолганини кўришимиз мумкин. Аёлларнинг эмоцияси кучли бўлгани боис ҳам кўпинча баъзи бир аёллар ўзининг эрига хиёнат қилиб қўяди. Эркаклар эса уйида меҳр ололмаса уни кўчадаги ҳар хил аёллардан излаб қолади. Оқибатда кимгадир илакишади, сохта хушомад, ширин сўзларга учади. Кейин эса кўриб турибсизки бир оила барбод бўлиб турибди.

Кейингиси, эркак кишининг оиладаги зўравонлиги, аёлини уриши, сўкиши каби нотинч вазият. Яна бир ҳолат борки, мен уни моддий зулм деган бўлардим. Эркакларнинг аёлига ёрдам кўрсатмаслик, зиқналик ҳолатлари. Аёл кишининг кўчага зинога киришига асосий сабаблардан бири ана шу моддий йўқчилик ҳам бўлиши мумкин. Қўлида болалари етим қолган, эри ташлаб кетган, бор бўлса ҳам тузук-қуруқ ёрдам бермайди. Аёл кишига эридан ташқари отаси ёки акаси ҳам доим моддий томондан қўллаб туриши керак деб ўйлайман. У бечора пул топсинми, болаларга қарасинми, уй ишларини қилсинми. Ҳар қандай сабрнинг ҳам ниҳояси бўлади. У бир куни портлаши мумкин. Ажрашиш бўйича дунёда турлича статистика бор. Биз Финландияга борганда 50 фоизгача ажралишлар борлигига гувоҳ бўлдик. Шунинг учун ҳам кўп Европа, Америка давлатларида никоҳдан ўтмасдан яшаш одатий жараён бўлиб кетган. Буни (Гражданский брак) дейилади. Уларда эса статистика бўлмайди. Бир-бирини танлаб яшаб кўришади, маъқул келмаса исталган пайтда бошқасига ўтиб кетаверади.

— Ёш йигитларнинг ҳали ёш пайтиданоқ турли хил дори дармон ичиб жинсий яқинлик қилиши, қувват оширувчи таблеткалар қабул қилиши, никоҳдан кейин илк кечага қандайдир қувватлантирувчи дорилар истеъмол қилиб киришлари ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар келгусида бепуштликка олиб келмайдими…

— Олиб келади. Биринчи бўлиб бу жараён спорт машғулотларига борганида, тренерларидан қоматини янада келишган, чиройли қилиб кўрсатишни сўраганида бошланади. Улар ҳар хил дорилар ичишади, фигурамни яхши қилай, қизларга чиройлироқ кўринай деб гармонлар қабул қилади. Мураббийлар ҳам бор бўлишсин, унинг пулини олишга ишқивоз, билса билмаса дорилар, гармонларни олиб ичиш кераклигини айтишади. Бу эса ўша болада келгусида бепуштликка олиб келиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Бугун ижтимоий тармоқлар орқали қарасангиз бундай дориларнинг рекламаси жуда кўпайиб, урчиб кетган. Мендан сўрасангиз уларнинг ҳаммаси зиён, фойдасиз дорилар. Буни кўрган болалар нима қилади, ўз кучидан қониқмайди, реклама қилинган дорини олиб ичади. Билиб қўйинг, рекламанинг ўзи ҳар қандай дорини тўғридан-тўғри қабул қилиш керак дегани эмас. Беморни аввал доктор кўради, текширади, ташхис қўяди ва зарур бўлган керакли дориларни ўзи ёзиб беради. Яна бир ҳолат бор. Йигитларимиз тўйдан кейин биринчи кечага дори ичиб кириши бугун кўп­лаб учрамоқда. Менга бу бў­йича ҳам кўп мурожаат қилишади.

— Юқорида айтганингиздек, ҳозирги кунда фарзандли бўлиш мақсадида “сунъий уруғлантириш” (ЭКО)дан фойдаланиш кўпайган. Мутахассис сифатида бу бўйича қандай фикрдасиз?

— Ҳа, олдинлари мамлакатимизда бундай имкониятлар йўқ эди. Энди эса бор. Бу тиббий жараёнга қонуний рухсат бўлганига 4 йилча бўлди. Ҳозирда бутун республика бўйича 14 та экоклиникалар очилди. Бизда барчаси шаръий, рухсат этилган тартиблар асосида қилинади. Ортиқча воситалар, дорилардан фойдаланишмайди. Бегона уруғдан олиш қатъиян ман этилади. Фақат ўзининг қонуний турмуш ўртоғидан уруғ олиб аёл ҳомила бачадонига уруғлантирилади.

ЁРТ (Ёрдамчи репродуктив технологиялар) эркак ва аёлнинг ихтиёрий розилиги асосида репродуктология ихтисослиги бўйича фаолиятни амалга оширувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилади. Бу ҳақда белгиланган шаклда тегишли ариза берилади. Таомилни амалга ошириш чоғида клиникалар шифокорлик сирини ва ахборотнинг махфийлигини сақлайди. Бепуштлик сабабларини аниқлаш ва ЁРТдан фойдаланиш мақсадида биринчи навбатда беморлар бирламчи текширувлардан (жами 5 та тур) ўтишади. Текширувлар давомийлиги – 6 ойдан кўп бўлмаган муддат. Бепуштлик сабаби аниқланган беморларда даволаш (консерватив ва жарроҳлик) ўтказилгандан сўнг 9-12 ой давомида ҳомиладорлик кузатилмаса, улар ЁРТ ёрдамида даволанишга юборилади. 35 ва ундан катта ёшдаги аёллар шифокорлар консилиумининг қарори бўйича ушбу муддат ўтгунга қадар даволаш босқичини четлаб ўтиб, ЁРТга юборилади.

Текширув натижаларига кўра, беморларга экстракорпорал уруғлантириш, сунъий уруғлантириш, хэтчинг, криоконсервация ва сперматозоиднинг интрацитаплазматик инъекцияси каби ЁРТ усуллари та­йинланади.

— “Доктор Д” хусусий клиникаси фаолияти давомида кўплаб оилаларга фарзанд кулгусидек бахтни ҳис қилишга, йиллар давомида ушалмаган орзуларнинг ушалишига ҳиссасини қўшиб келаётгани қувончли. Унинг очилиш тарихи ва бугунги жараёнлари ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз.

— Бизнинг клиникамиз очилганига 32 йил бўлди. 1991 йил декабрь ойида очилган. Билсангиз, менинг туғишган акам ҳам бепушт бўлган. Узоқ йиллар олдин уйланганига қарамасдан, фарзанд кўришмаган. Шундан кейин мен Киевга кетиб, ўқиб мутахассис бўлиб келдим. Биринчи беморим эса ана шу акам бўлди. Худога шукр, улар даволанишди, 2та фарзандли бўлишди. Ҳозирда катта қизлари тиббиёт соҳасида ишламоқда. Яқинда Бухорода филиал очаяпмиз. Ҳамкорларимиз Самарқандда, Жиззахда фаолият олиб боришади. Улар бизнинг технологиялар асосида ишлашади. Биз билан уларнинг моддий боғлиқлиги йўқ. У ерда ҳам шогирдларим ишлашади. Бундан ташқари Москвада, Лос-Анджелес, Туркияда кичик филиалларимиз бор. Улар ҳам моддий жиҳатдан мустақил, бизга бўйсунмайди. Барчаси билан ҳамкорликда ишлаймиз, холос.

— Халқимизнинг аксари сизни “Шайтанат” сериалида ижро этган ролингиздан кейин таниганлар, десак муболаға бўлмайди. Кино ва тиббиёт. Бу иккисини тенг олиб бориш қийин эмасми. Негадир охирги пайтларда кинода кўринмай қолдингиз?

— Ҳа, бирга олиб бориш қийин. Юртимизда бизнинг йўналишда ишлаш бўйича қонун бўлмагани, бир қатор муаммолар бўлгани, қолаверса, вақтим кўплиги учун Голливудга кетиб шу соҳада ишладим. Бир нечта фильмларда, киноларда роль ўйнадим. Аммо 2017 йилда Ватанимга қайтгандан кейин эса ўзимни буткул соҳамга қаратдим, шу бўйича ишлаяпман. Ҳозир кинога вақт йўқ. Ишлар кўп, соҳада ўз ечимини кутиб турган муаммолар етарлича. Ишонасизми суткасига 4-5 соат ухлайман холос. Қолган пайтлари фақат иш, иш, иш. Малака ошириш бор, болаларни тайёрлаш бор. Адашмасам, охирги 4-5 йилда бирорта кинода роль ҳам ўйнамадим, шекилли…

— Сизнинг Youtube даги “Жинсий ҳаёт!” каналингизни ўртача бир миллионта одам кузатиб борар экан. Ушбу каналда кўпинча тавсиялар, маълумотлар очиқроқ айтилади. Шу боис эътирозлар ҳам кам эмас. Нима бўлганда ҳам биз мусулмон элимизда одоб, уят, ибо деган нарсалар кучли. Балки чиқишларингизни сал пардалаган ҳолда, “қоғозга ўраб” айтиш керакмикин?

— Жуда ҳам қизиқ савол айтдингиз. Канал яъни дастур номини “жинсий ҳаёт” деб қўйибман. Ўз-ўзидан у ерда жиддий мавзулар кўтарилишини ҳар бир киши яхши билиши керак. Мана масалан, сувни сув, боғни боғ дейиш керак. Тўғрими? Уни бошқача ном билан айтсангиз ҳеч ким тушунмайди. Мен канални очиб, уларни қийнаётган муаммоларни, бизга келаётган саволларга жавобларни чапани тилда, халққа тушунтириб бериш учун гапираман. Агар мен илмий тилда гапириб берадиган бўлсам кўпчилик тушунмаслиги мумкин. Баъзан илмий гапирсам “Доктор қиш­лоқча қилиб тушунтиринг” дейишади. Бу пайтгача телевидение, радиода бу соҳада ҳеч ким очиқ гапирмаган. Лекин ҳаётда бор нарса. Лекин гапирилмайди. Шу боис ортиқча “қоғозга ўраб” гапириб ўтиришимга ҳожат йўқ деб ҳисоблайман.

– Умуман гапирмаслик керак демоқчи эмасмиз. Аксинча, Youtube бугун истаймизми, йўқми турли ёшдагилар қарайдиган жуда катта тармоқ. Шу боисдан, озгина парда билан гапиришни, маълумот беришнинг иложи йўқми демоқчи эдик. Сабаби, бугун ҳамманинг қўлида телефон. 7 ёшли боланинг ҳам, улуғ ёшли инсонларнинг ҳам. Парда билан гапирилса, ҳар қандай инсон ҳам барибир сиз айтган маълумотларни тушуниши мумкин-ку?

– Айтиб ўтганимдек, сувни сув, боғни боғ дейиш керак. Боғдорчилик ҳақида гап кетганда ҳеч қачон шифокорлик ёки косиблик тўғрисида гапирмайсиз-ку. Қолаверса, ана шундай гапирмаслик, айтмасликдан келиб чиқади кўпгина салбий жараёнлар. Масалан, педофилларни олайлик. Ўша каналга қаранг педофиллар тўғрисида мен қачон гапирган эканман. Буни халқимиз битта қизни ўлдириб кетмагунча билмади, эътибор қаратмади. Транссексуаллар ҳақида, унинг жамиятимиз учун катта хавф эканлиги, иллат эканлиги тўғрисида ҳам аллақачон гапирганман. Неча марталаб гапирганман. Бизда нима қилишади, кун келиб боши тошга текканда войдод деб қолишади. Аслида халқ билиши керак буларни. Халқимизни тиббий саводхонлигини ошириш керак. Буни оқибатида оила мустаҳкам бўлади. Давлатни ячейкаси нима, мустаҳкам оила. Эру-хотин иккиси бахт­­ли бўлса, алоқалари мустаҳкам бўлишса уларнинг кўзига бошқа нарса кўринмайди. Хиёнат деган иллат бўлмайди. Яна бир нарса, одам қанча соғлом бўлса, ҳам руҳий ҳам жинсий ҳаётида мустаҳкамлик бўлса шунча кўп узоқ умр кўриши тиббиётда тасдиқланган. Акси бўлса импотенция кузатилади. Кейинчалик эса семириш, диабет, инфаркт каби иллатларни орттириб олиши мумкин.

Мен каналда ҳар бир бераётган маълумотларни шаръий томондан кўрсатиб бераман, ҳаром йўлни айтмайман, ҳеч қачон зинога бошламайман. Илмий асос­лаб, нотўғри йўлларга кириб қолишдан огоҳликка чақирамиз. Уй шароитида даволаш деган нарса йўқ, доктор маслаҳатисиз ўзича дорилар ичиш йўқ, ўзини ўзи даволаш, ўзига (олатига) нарса юбориш мумкин эмаслигини айтамиз. Кеча биттаси келди, уй шароитида шприсда маргансофка қилиб олатига юборишни ўргатишган, у эса юбораверган. Оқибатда аъзо куйиб кетган. Аҳволи ёмонлашгандан кейин дод, доктор ёрдам беринг деб келди. Ҳозир даволанаяпти. Бунақалар қанча дейсиз. Бизнинг мақсадимиз битта: оилалар мустаҳкамлиги ва бахтли ҳаёт тарафдоримиз…

— Ўзбекистондаги етакчи репродуктолог шифокорлардан бири, қолаверса, шу соҳада бир неча йиллик тажрибага эга малакали, дунё таниган мутахассис сифатида ёшларга, ёш оилаларимизга қандай маслаҳат, тавсиялар айта оласиз?

— Биринчиси, ҳар қандай ўзгариш сезсангиз албатта шифокорга бориш керак. Ўтиб кетар, яхши бўлиб қолар деган гаплар энг ёмон нарса. Ўзингизни ўзингиз алдаманг!

Иккинчиси, уй шароитида ҳеч қанақа даволаниш йўқ. Рекламани кўриб дори ичиш керак эмас. Фақатгина мутахассис тавсияси билан дориларни қабул қилинг.

Учинчиси, шифокорга борганда дардингизни тўкиб сола олишингиз, тортинмай, яширмай айтишингиз керак. Яширсангиз ўзингизга душманлик қилган бўласиз. Ёшларимизга соғлом турмуш тарзида яшашларини тилайман. Имкони борича ширинликларни, шўр ва аччиқ маҳсулотларни камроқ истеъмол қилиш лозим. Барчага мустаҳкам соғлик, ширин ва бахтли ҳаёт ёр бўлсин.

– Фойдали маълумотлар ҳамда очиқ фикрларингиз учун сизга раҳмат.

 

Ислом АСИЛБЕКОВ

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − two =