Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА: «Шиоримиз “Шахс муваффақиятидан университет муваффақияти сари” ёхуд журналистика — менинг ҳаётим»

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилганига 5 йил бўлди. Албатта, юртимизда бир асрдан зиёд тарихга эга бўлган ўқув даргоҳлари ҳам кам эмас. Аммо ушбу олий таълим даргоҳи ҳурматли Президентимизнинг ОАВ соҳасини етук кадрлар билан таъминлаш, журналистика соҳасини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилганлиги алоҳида диққатга молик. Биз ушбу сана олдидан ЎзЖОКУ ректори, профессор, таниқли журналист Шерзодхон Қудратхўжа билан суҳбатлашдик. Суҳбатимиз нафақат университет фаолияти, балки бугунги ўзбек матбуоти, унинг ютуқлари, муаммолари ва бошқа мавзуларда кечди.

— Шерзодхон ака, аввало, сиз раҳбарлик қилаётган олий таълим даргоҳининг  ташкил этилганига 5 йил тўлиши муносабати билан сизни, аҳил жамоангизни ва ушбу масканда таълим-тарбия олаётган талабалар яъни бўлажак ҳамкасбларимизни чин дилдан табриклаймиз. Тўғри, 5 йил бу — қисқа муддат. Аммо шундай бўлса-да, ўтган вақт мобайнида университет қандай ютуқларга, натижаларга эришди, олдинда, келажакда қандай режалар, амалга ошиши керак бўлган ишлар, довонлар турибди?

— Катта раҳмат табрик учун. Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон Миллий университети ташкил топганлигининг 105 йиллиги кенг нишонланди. Бизнинг олий таълим даргоҳимиз эса эндигина 5 ёшни қаршилади. ЎзМУ­­га солиштирганда орада роппа-роса  бир аср — 100 йил вақт турибди. Лекин шуни айтишим керакки, юз йил XX асрда бошқа ўлчов бўлган, бу катта вақт ўлчови XXI асрда бошқа ўлчовдир. Ҳа, бу жуда катта вақт. Айтмоқчиманки, университетимизнинг беш йиллиги биз учун бугунги глобаллашув, вақт тез ўтаётган паллага тўғри келмоқда. Ҳамма нарса интернетга, компьютерга ўтаётган жараёнлар. Биз бугун тўртинчи саноат инқилоби даврида яшаяп­миз. Одамлар бензиндан воз кечиб электромобилга ўтишмоқда. Уйимизда ҳам ҳамма нарсани замонавий техникасиз тасаввур қилолмаймиз. Муҳтарам Президентимиз томонидан бундан олти йилдан ошиқроқ аввал Ўзбекистонда янги ислоҳотлар, ўзгаришлар бошланди. “Бугун бизнинг медиа тайёрми?” деган масалани кўндаланг қўйдилар. Биз шу ислоҳотларни, жамиятдаги муаммолар, камчиликларни, жамиятни, тараққиётни ушлаб турган нарсаларни ёритиш учун, уни кўрсатиб бериш учун янги журналистлар авлодини тайёрлашимиз керак. Мана шу зарурат билан мазкур университет ташкил этилган, десам хато бўлмайди.

Журналистика ва оммавий коммуникациялар дорилфунунини ташкил этиш ташаббуси Президентимизнинг 2017 йилдаги халқимизга йўллаган Мурожаатларида эълон қилинган эди. Очиғини айтаман, йўл оғир бўлди. Ўтган беш йил — бу енгиллик бўлгани йўқ. Бу янги университет эди. Нафақат Ўзбекистонда, Марказий Осиёда, МДҲда. Биласизми, яқинда бизга Америкадан меҳмонлар келишди, улар ҳам айтишди: “Бизда — Америкада ҳам йўқ бунақа ягона журналис­тикага ихтисослашган университет” деб.

Бу бирлашган, уникал олий даргоҳ ҳисобланади. Референдум пайтида университетимизга ўн иккита давлатдан делегациялар келди. Чиндан ҳам бу ўзига хос университет бўлди. Ректорнинг вазифаси эса университетнинг бугунги кунигина эмас, балки унинг келажаги билан кўпроқ шуғулланишини талаб этади. Биз кейинроқ ва янада кенгроқ тушундикки, журналистикани, умуман,  медиа оламини сиёсатшуносликдан, социологиядан, психологиядан нари тасаввур қилиб бўлмаскан. Шу боис, университетимизда чуқурлаштирилган мана шу учта йўналиш ҳам очилди. Бир пайтлар сиёсатшунослик ёпилиб кетганди. Бизнинг университет нафақат медиа олийгоҳ, балки гуманитар университетга айланди. Биз илк фаолиятимизни 119 нафар талаба билан бошлаганмиз. Кейин уларнинг сони 300 га яқин бўлди. Ҳозир эса талабаларимиз 3355 нафарни ташкил этади. Олий таълим даргоҳимизда 350 нафар профессор-ўқитувчилардан иборат педагогик жамоа бор. Келажакда журналистика қандай бўлади, унинг ўрни қай даражада бўлади, бугун уларга ҳам рақиблар пайдо бўлган. Бу блогерлар. Бизда етишиб чиқаётган кадрларимиз қаерларда ишлайди, деган саволлар бизни доим ўйлантириши лозим. Очиғи, бизнинг журналистикада ҳанузгача ихтисослашув йўқ. Биз кутаётган довон — бу ихтисослашув. Яъни, битта журналис­тимиз минтақашунос-шарқшунос бўлиши керак, яна бири туркияшунос, айтайлик, яна бири америка, бошқа бири эса ҳиндшунос ё японшунос бўлсин. Ўша тилларда бемалол гапирсин, ижод қилсин. Юртимизни дунёга танитишда ўз ҳиссасини қўшсин.

— Айтмоқчисизки, жаҳоннинг кўплаб юртларида ўз журналистларимиз, мухбирларимиз фаолият олиб борсин…

— Ҳа, албатта-да. Бугун Ўзбекистон дунёга очилмоқда. Дунё Ўзбекистонга. Камида 20-30 та энг ривож­ланган мамлакатларда Ўзбекистонимизнинг ўз мухбирлари бўлиши лозим. Биз хорижда бўлаётган воқеаларни чет эл медиасидан эмас, ўзимизнинг мухбирлардан билишимиз лозим, эмасми? Мана, шу ҳафта якунида Туркия­­да президентлик сайловининг иккинчи босқичи бўлади. Унда ким ғолиб бўлади, келаётган йили Америкадаги сайловларда-чи? Оқ уйга ким ғолиб бўлиб киради? Ёки Россия-Украина можароси қачон интиҳо топади, Ўзбекистон-Хитой, Ўзбекистон-Европа давлатлари муносабатлари каби мавзуларни хашаки журналист эмас, балки чуқур, ихтисослашган, ўша хорижий тилларда бемалол фикрини етказа оладиган журналист уддалай олади. Иқтисодий-сиёсий мавзуларда чуқур таҳлилий материаллар тайёрлай билади. Собиқ СССР пайтида яхши жиҳат — Халқаро журналистлар мактаби бор эди. Масалан, Марказий телевидениенинг араб тилини биладиган, араб давлатларида ишлайдиган Фарид Сейфуль–Мулюков, Японияда Владимир Цветов деган мухбири бўлган. Цветов тўла-тўкис японча гапирган. Мулюков эса татар миллатига мансуб бўлиб, араб тилида араб раҳбарлари, қироллари билан бемалол гаплашган. Бугунги вазифамиз ана шундай журналистларни тайёрлаш керакки, ўша мамлакатнинг президентидан тортиб, оддий фуқароси билан унинг тилида бемалол сўзлаша  олсин. Яна бир масала бор, медиа оламига сунъий интеллект кириб келаяпти. Журналистикада фактчекинг қилишни, материал тайёрлашда хоҳлайсизми йўқми, сунъий интеллект билан ишлашингизга тўғри келади. Бизнинг яна бир муҳим вазифамиз: сунъий интеллект ва ахборот технологияларини биладиган, уни соҳага олиб кириб, янгидан-янги материаллар тайёрлай оладиган журналист кадр­ларни тайёрлаш эҳтиёжи тобора сезилиб қолмоқда.

— Сиз раҳбарлик қилаётган олий илм ўчоғида иқтидорли ёшлар талайгина. Бунга шубҳа йўқ. Чунки бизнинг таҳририятга ҳам амалиётга боришади. Қалами яхши, истеъдодли ёшлар эса бизни ҳам жуда қувонтиради. Умид қиламизки, шу даргоҳни тамомлаган кадрлар келгусида сиз айтган халқаро майдонларда ўз сўзига эга бўлган журналистлар бўлиб ишлайди. Навбатдаги саволимиз ҳам шу мавзу билан чамбарчас боғлиқ: нега шу пайт­гача бизнинг медиа оламда айнан сиз айтган халқаро даражадаги жараёнларни ёритиб борадиган кадр­ларга эътибор қаратилмади? Ахир Тош­­ДУ — ҳозирги ЎзМУда ёки Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетидаги журналистика факультетлари бор эди-ку? Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

— Бунинг илдизини нафақат ўтмишимиздан, балки яқин тарихимиздан ҳам қидиришимиз керак. Ахир мамлакатимиз мустақил бўлганига 30 йилдан ошди. Лекин дастлабки 25 йил бизда бу билан жиддий шуғулланилмади. Яхши кадр масаласи бу олий ўқув юрти билан боғлиқ, албатта. Барчамиз ТошДУ ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олганмиз. Биз 16 та факультетнинг бири бўлганмиз. Техник базаси яхши бўлмаган. Ўзи бундоқ олиб қараганда кучли журналистга эҳтиёж ҳам бўлмади. Ҳаминқадар бўлсин, фақат мақтасин, яхши нарсани ёзсин де­йилди. Чет элга чиқишимиз ёпиқ бўлди. Шунинг учун ҳам Президентимиз дастлабки 2016 йилда ўз фаолиятини бош­лаш арафасида сайлов пайтининг ўзидаёқ билдиларки, Ўзбекистонда медиа олами деярли бўм-бўш. 25 йил давомида медиада аччиқ гапирадиган одамлар керак эмасди. Албатта, нимага эҳтиёж бўлмаса, унга талаб ҳам бўлмайди. Бозор қонунияти шундай. Соҳада ойлик-маош кам бўлди. Хавф-таҳдид эса юқори бўлди. Журналис­тика эмин-эркин фаолият олиб боролмади. Келажагини ўз соҳасида кўролмади. Сиз билан биз таҳсил олганда беш йил ўқиб олган дипломимизга фақат “журналист” деб ёзиб берарди. Бугун эса бизнинг олийгоҳимизда 18 та йўналишда диплом берилади. Яъни  бизда ихтисос­лашувга энди-энди эътибор берилмоқда.

— Ихтисослашган журналистика эҳтимол яхшидир. Аммо мана шу сиз айтаётган соҳаларнинг кўплиги, уларни тармоқларга бўлиб юбориш ўта майдалашиб кетиш бўлмаяптими? Негаки, ҳаётда соҳалар кўп, тармоқлар кўп. Айтайлик, қурилиш соҳасига — қурилиш журналисти, маданият соҳасига — маданият журналис­ти, тиббиётга, таълимга ва бошқа ҳар бир соҳага “тегишли” журналист етиштириш қанчалик тўғри бўлади? Ҳақиқий журналист, аввало, профессионал бўлиши керакдир балки?

— Сиз айтаётган журналист бу универсал журналист. Сиз билан биз шунда яшадик. Бугун фермер билан гаплашиб, эртага шифокор билан гаплашиш барибир нотўғри. Бу менинг шахсий фикрим. Фермернинг ўз масаласи бор, шифокорнинг ўз масаласи. Биз дунёдаги ҳамма соҳани қамраб ололмаймиз. Аслида биздаги 18 та йўналиш-ихтисослашув ҳали  бу жуда кам. Дунёда меҳнат бозорини эшитсангиз классификаторда 100, 200 соҳа, касб бор. Мана, масалан, қаранг Ўзбекистон тарихи уч ярим минг йиллик тарихга эга. Лекин уни очиб бериш учун Самарқанд­­га, Регистонга борганда ўша ердаги сопол буюмларга қараб у нечанчи асрга мансублиги, у қандай тайёрлангани, қайси даврда қилинган, бу бино қайси асрда қурилганини, ундаги ёзилган битиклар гуллар эмас, аксинча қадимий битиклар ёки хаттотлик санъатининг маҳсули эканлигини керак бўлса тушуна оладиган журналистлар керак.

— Олдинлари журналистикага ўқишга кирмоқчи бўлган талабгор ёшлар ҳужжат топшириш жараёнида ҳам “имтиҳон” қилинарди, яъни суҳбат. Бугун эса исталган одам бу соҳага топшириши мумкин, унда иқтидор, қизиқиш борми, йўқми бу иккинчи даража бўлиб қолди назаримда. Нима деб ўйлайсиз, сони бор сифати йўқ кадрлар шаклланиб қолмаяптими, эҳтимол ўша тизимни тиклаш керакдир?

— Жуда тўғри масалани кўтардингиз. Одатда, бизда қои­даларни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ Давлат тест маркази) белгилайди. Биз жараёнларда шуни сездикки, баъзида хужжат топшираётган абитуриент доим ҳам қўлида кўтариб келаётган ижодий ишларини ўзи ёзмаган бўлади. Кимгадир ёздирган ёки кўчирган бўлиши ҳам мумкин. Бизнинг олийгоҳга ҳужжат топшираётган абитуриентларнинг битта имтиёзи бор, масалан, “Hurriyat”да биронта мақоласи чиқди дейлик. Ёки телеканалларда  учта кўрсатуви чиққан бўлсин. Биз уларга ўзи билан бирга ижодий имтиҳонга шуларни олиб келишини айтамиз. Ёки ўқиган жойида 10 та фахрий ёрлиқ, сертификат олган бўлиши мумкин. Ҳаммасини олиб келиб олдимизга қўяди. Комиссиядагилар эса уларни кўради ва савол беради. “Хўш, укам мана бу мақола сизники экан, қани унда қайси масалани илгари сургансиз, қандай муаммони кўтаргансиз?”. Агар абитуриент шу ерда саволга аниқ жавоб беролса, ёзганларини ўзи ҳимоя қилиб беролса, яхши балл­­ни олиб чиқиб кетади. Акси бўлса, паст балл олиши тайин. Унинг ўқувчилик давридаги ҳамма ютуқлари эътиборга олинади. Лекин унинг ижодий ишларини, ҳужжатларини биз ёки университет расман қабул қилиб ололмайди. Чунки унинг жавобгарлиги бор, сақлаш керак, йўқолиб қолмаслиги керак ва ҳоказо масалалар бор. Суҳбат жараёнида бемалол ўзидаги бор иқтидорни кўрсатиб бериши мумкин. Бу борада бизда ҳеч қанақа муаммо йўқ.

— Ҳурматли Шерзодхон Тожиддинхон ўғли, сизнингча журналистикада миллийлик ва замонавийлик уйғун бўлиши шартми?

— Ўзбекистон муҳитида яшар эканмиз албатта, унинг неча минг йиллик тарихи, урф-одатлари, қадриятлари, анъаналарига риоя қилишимиз шарт. Кейин ёзилмаган одоб кодекслари бор, бу умуман шарқда шундай, бирорта бир муҳим хабарни ёки маълумотни керак бўлганда “қоғозга ўраб” бериш маҳорати бўлиши керак. Сўзсиз равишда миллий қадрият зарур. Одамнинг шахсиятига тегмаган ҳолда савол бериш ҳам маҳорат. Биласизми, ўринли берилган саволнинг ўзиёқ эллик фоиз муваффақият саналади. Ахир бизда каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишдек эзгу одатлар мавжуд. Ғарбда эса бемалол ўз отасига ҳам тик қараш, нима қандай бўлса шундайлигича баён қилиш одатий ҳол ҳисобланади. Аммо бу деганим журналистикамиз ҳақиқат ва адолатни ҳаспўшлаши керак, очиқ гапирмаслик керак деганим эмас. Ўз сўзини юксак маҳорат ва қонун доирасида айта билиш, кўрсата билиш албатта лозим. Бунинг учун нафақат ўткир қалам, маҳорат ва албатта жасорат ҳам талаб этилади.

— ЎзЖОКУда таҳсил олаётган талабаларнинг неча фоизи келгусида ўз соҳасида фаолият юритади, деб ўйлайсиз?

— Бугунги куннинг ўзидаёқ биринчи босқичда ўқиётган   30 фоиздан зиёд талабаларимиз ўз соҳамизда  иш билан таъминланган. Ўйлаб кўринг, эндигина биринчи курсда ўқиётган  талабаларимиз “kun.uz” сайти, “Zo`r TV” каби нуфузи бор таҳририятларда ишлашади. Ёки респуб­ликамизнинг етакчи газета ва журналларида ҳам ўриндошлик асосида меҳнат қилаётганлари қанча.  Тасаввур қил­япсизми? Эсингиздами, биз олдинлари ўқиб юрган давримизда телевидение­­да ишлашга ҳавас қилардик. Бизни телевидениега киритишмасди. “Бор, сен ҳали студентсан”, де­йишарди. Монтажга кирмасдик, қўлимизга камера, мик­рофон берилмасди. Ёки нотўғрими? Бугун бизда ишга жойлашиш 60-70 фоиздан ошаяпти. Университет билим беради. Дунёдаги етакчи университетлар талабага мақсадни кўрсатади ва унга бориш йўлини ўргатади. Талабада мус­тақил таълимни ривожлантиради. Талаба эса ўзининг устида кўп ишлаши керак. Биз талабага фақат “конспект қил” дейишимиз нотўғри. Бу эскича ёндашув. Мана, бизда қора доска ва бўрдан воз кечилган. Унинг ўрнига флепчат билан ишланади. Проектор қўямиз. Мультимедиа воситаларига бой интерактив панелдан фойдаланилади. Бепул интернет, wifi  зоналари бор. Талаба хоҳласа дарсини Zооm орқали амалга оширади, турли-туман мавзуга оид тақдимотлар тайёрлаши мумкин. Ҳамма имконият етарли. Устозларимга доим айтаман, “Сизлар талабага мотивация беринглар, уларга мақсадига етишиш йўлини ўргатинглар. Бориш йўлини ўзи қилсин” дейман. Ҳаммаси талабага боғлиқ. Бизнинг кутубхона 53 та халқаро нашрларга электрон обуна бўлинган. Масалан, ўша машҳур “The New York Times”, “Washington Post”, “The Economist” дейсизми, ҳаммасига обуна бўлинган. Улар бугун чиқдими ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас талабаларимиз бемалол уларни ўқиши мумкин. Агар ўқишга қийналсалар, уларни эшитиш имкони ҳам мавжуд. Барчаси бир вақтнинг ўзида овозлаштирилган.

— Чиқишларингиздан бирида “бугунги босма нашрлар ўз фаолиятини ўзгартириши керак, бўлмаса интернет унинг ўрнини босиб кетади, энди газета-журналларни қоғоз шаклида чиқаришдан маъно йўқ”, деган  мазмунда гапирган эдингиз.  Сиз айтган ўша электрон нашрлар ёки сайтлар босма ОАВ ўрнини қай даражада боса олади? Қолаверса, шундай экан нима учун университетингизда Босма нашрлар факультети фаолият кўрсатяпти?

— Сизлар (кулиб) бу гапимни ҳеч унутмайсизлар экан-да. Албатта, бугун газетачилар олдида муаммолар талайгина. Мен  кўпроқ ана шуни назарда тутиб гапирган бўлсам керак. Аммо газетчилар муаммоси фақат уларнинг   муаммоси бўлиши керак эмас. Бизнинг  ҳам муаммоимизга айланиши керак. Ўйлаб кўрайлик, газеталарни бугун ким ўқийди? Албатта,  муштарийлар ўқийди. Жамият эса тобора  рақамлашиб бормоқда. Албатта, талаб ва таклиф ҳам роль ўйнамоқда. Бизда жамият ҳам шуни исташи керак. Олдинлари меҳмонхонага борсангиз эрталаб ҳамма қаҳва ичиб, газета ўқирди. Бугун ҳамманинг қўлида планшет ё телефон. Яқинда бир немис билан гаплашдим. “Бизда, Германияда қайтиш бўлаяпти. Ҳозир одамлар газета ўқияпти”, деди. Эҳтимол бизда ҳам шунга қайтилар. Одамлар газета ёки журнални соғинишар. Одамларимизда интернетдан чарчаш бўлар. У ердаги бўлар-бўлмас хабарлар, гап сўзлар уларнинг ҳам жонига тегиб, кейин нашрларга қайтар. Бугун биз пулга ҳиссиётни сотиб олаяпмиз. Яхши кайфият олиш учун пул тўлаяпмиз. Яқинда Туркияда бўлиб қайтдим. Эрталаб телевизорни ёқсам, “Газеталар шарҳи” деган дастури бор экан. Умуман бошқача форматда, янгича услубда ишланган. Ёндашувлари ҳам бошқача. Бизга ўхшаб бир жойга ўтирволиб газета “ўқимайди”. Кўрсатув эса жонли. Аввал ёзиб олиб, монтаж қилиб, кейин эфирга беришмайди. Газеталарда чиққан мақола ҳақида қисқа-қисқа лавҳалар шаклида узатаяпти. Биз буни ўзимизда ҳам жорий қилишимиз керак. Уйда ота газета ўқиса, бола газета ўқийди, ота ўтирволиб пиво ичса, бола ҳам шундай қилиши мумкин.

Газеталар биргина ўзи учун ўзи ёниши керак эмас, аксинча, юқорида айтганимдек, уларни телевидение, бутун жамият — ҳаммамиз қўллашимиз керак. Масалан мен газеталарни доим кузатиб бораман. “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “Hurriyat”, “Ишонч”, “Миллий тикланиш”, “Ўзбекистон овози”ни ўқиб бораман. Улардаги яхши, долзарб, керакли мақолаларни ўқитувчиларимга бўлиб, белгилаб бераман. Кўпинча “Мана бу мақолани талабаларга ўқиб беринглар” дейман. Агар кутубхонамизга кириб кўрсангиз менинг имзоим турган газеталарни кўришингиз мумкин. Бизда газеталарни сақлаб олиш учун коллоборация-узвийлик, бир-бирини қўллов тизими керак.

— Булар учун катта раҳмат сизга. Шу ўринда газетхонлик масаласида яна бир одамни хафа қиладиган мисолни айтмасак бўлмайди. Чунки гап, мавзу тўғри келиб қолди.

— Бемалол. Нима гап экан?

— Яқинда “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик компанияси раҳбари Даврон Сафаров билан суҳбатлашиб қолдик. У одамларнинг газетадан узоқлашиб бораётганига мисол сифатида қизиқ бир гапни айтиб қолди. У дедики, сизларнинг газетангиз муаммо қилиб кўтаргандан кейин бизнинг компания Журналистика университетининг шундоқ эшигига туташ жойида бир газета дўконини жойлаштирдик. Ҳар қалай, бу ерда журналистикага тааллуқли инсонлар меҳнат қилишади, бўлажак журналистлар таълим олишади. Албатта, киоскадан янги газета-журналларни сотиб олишади, деган мақсадда. Лекин бир ойдан сўнг ушбу газета дўконини бошқа жойга кўчиришга мажбур бўлдик. Негаки, ишонмайсиз, шу икки ой ичида бирорта нашрни бу ерда ҳеч ким сотиб олмади…

Тўғриси, бу гапни эшитиб вужуд музлаб қолди. Наҳотки! Демак, сизларда ўқиётган уч мингдан зиёд талабаларни айтмай турайлик, юзлаб устозлар ҳам  газета-журналлардан “воз” кечишган экан-да?

— Тўғри, сизларда мақола чиққандан кейин киоск олиб келиб ўрнатишди. Очиғи, бу харажат билан боғлиқ бўлди, шекилли. Бизнинг университет бизнес қилмайди. Адашмасам улар ижарага пул сўрашди. Киоск бир ой эмас икки ой турди. Қарасам, улардаги  газеталар сарғайиб кетибди. Балки чиндан ҳам ҳеч ким сотиб олмагандир. Бу менга қоронғу. Биласизми, бу риторик савол. Баъзан ҳамма саволларга ҳам жавоб бериб бўлмайди. “Нега шундай бўлди” деган саволга келсак, биринчиси жамият, талаб ва эҳтиёж шунақа. Иккинчидан, юқорида айтганимдек, мен ўзим шу университет учун бир неча номдаги газеталарга обуна бўлганман. Ҳар куни улар бизга келади. Ҳатто журналларни ҳам четда қолдирмаганмиз, уларни ҳам оламиз. Қолаверса, одамларнинг ўзи ҳам бюджет пулларини тўғри йўналтира олиши керак назаримда. Масалан, менинг ўзим ойлик олганда уни ҳисоблаб, тақсимлаб чиқаман: буниси кийим-кечакка, буниси озиқ-овқатга, бунчаси бола-чақага, яна бир қисмини эса албатта китоб сотиб олишга ажратаман. Уларнинг орасида газета-журналлар ҳам албатта бор. Кутубхонамизга 100 га яқин газета-журнал келади. Нима демоқчиман, бугун одамларимизнинг ўзи ҳам пулини фақат гўшт, картошка қатори керакли бўлган газета-журналларга ҳам ажратса яхши бўларди. Ва албатта, ўз навбатида нашрларимиз ҳам бу талабга жавоб бера олиши даркор. Нега газеталарда зўр-зўр мавзулар кўтарилади, танқид қилинади. Лекин бирорта ташкилот унга муносабат билдирмайди. Олдинлари нима бўларди, биласизку, бирорта ташкилот ёки муаммоли ҳолат кўтарилдими, ўша куннинг ўзидаёқ муносабат билдирилар эди. Негадир, бугун бепарволик ҳукмрондек. Ёки кўриб кўрмаганликка олишади. Нима газета ўқишмайдими? Менинг фикрим, бу борада халқимиз, шу жумладан, ёшларимиз ҳам албатта ўйлаб кўришлари керак.

— Сиз учун журналистика нима?

— Журналистика бу — менинг ҳаётим. Ўзимни ундан узоқда тасаввур қилолмайман. Университетимизга келаётган устозларга битта шарт қўяман: “Агар уч йил ичида илмий иш қилмасангиз, сиз билан хайрлашамиз”. Баъзан айримлари келиб, “Ариза ёзиб кетаман” дейишади. Кейин мен уларга айтаман, “Шунча йил ўқидингиз, изландингиз, кетсангиз қаерда ишлайсиз?”. Мисол учун стомотолог битта поликлиникадан кетса, уни юзта жой кутиб олиши мумкин. Аммо журналистни ким кутиб турибди?! Журналистика бу виждон амрига қулоқ солиш. Журналистика бу ўзини қийнаш. Масалан, мен ҳозир жонли эфирга чиқишим керак. Лекин ўз навбатида сизларга интервью ҳам беришим лозим. Биласизми, мен уч йил янги йилни Мўйноқда кутиб олганман. “Зарилга зарил, сенга нима зарил” деган гап бор. Эртаси куни соат 10.00да Пресс-клуб бўлиши керак. Бир пайтлар 66 метр чуқурликда мавж уриб турган, аммо ҳозирда қуриган денгиз тубида ўтирганмиз. Атрофда 100 км.гача ҳеч ким йўқ. Электр йўқ. Фақат Турсинхон ака (Президент маслаҳатчиси Т.Худайбергенов) қўйган дизелли генератор ишлаб ётибди. Алоқа йўқ. Телефон ишламайди. Оролнинг энг тубида ўтирганмиз. Кечаси муздек совуқ хонада ухлаганмиз. Лекин эфирда бўлган 3-4 соатнинг завқи ҳаммасини ювиб кетган. Бугун кўпчилик мен билан кўришиб қолса “Мўйноқдаги кўрсатувингиз зўр чиққан” дейишади. Ёки ўтган йили Афғонис­тонга чиқиб келдим. У ерга бориш орзуим эди. Жуда кўп мамлакатларда бўлганман. Африкада ҳам бўлдим. Лекин қўшни мамлакат — афғон давлатида бўлмагандим.

Журналистика бу армонлар, орзулар, ёруғ муждалар касби. Ёшликдаги ўқиган китобларингизнинг ижобатини намоён этувчи  касб. Ҳаётга ўзингни, бутун борлиғингни  бахшида қила олиш касби. Биласизми, Афғонистонни ўз кўзим билан кўриш учун ўшанда Ҳокимдан илтимос қилдим, Ҳайратон кўпригини кўрсатинглар деб. Аллоҳга ният қилиб чиқиб кетдим. “Сурхондарё тв”.дан эски камера ва энг ёши катта операторни олиб кетдим. Мабодо қайт­масак ёшлар завол бўлмасин деб. Афсус, жонли эфирлар қилолмадим. Кўприкдан ўтиш масала бўлди. Бир соатда ўтдик. Илтимос қилиб маҳаллаларга, бозорларига кирдик. Уч соат ўша ерда юрдим. Ёнимда олти нафар бош-оёқ қуроланган қўриқчилар бор, зирҳли машинада олиб юришди. Оддий одамлар билан гаплашдим, бозор айландим. Ортимга қайтгандан кейин яқинларимга, ота-­онамга айтдим. Шундагина армоним босилди. Ўша ерда тайёрлаган видео лавҳаларни ижтимоий тармоқларда 5 миллиондан ортиқ одам кўрибди. Эҳтимол ундан кўпдир. Менинг касбим шу. Шу орзулар учун яшаяпмиз.

— Сизнингча блогер — ким улар?

— Биласизми, мен яқинда Туркияда бўлдим. “Сизларда блогерлар борми” дедим. Бир-бирига қараб мени  тушунишмади. Мен саволимни ҳижжалаб тушунтирган бўлдим.  Кейингина улар айтди: “Ҳа, бизда ҳам блогерлар бор, фақат улар торгина доирани ёритади. Лекин журналистчалик овози, ўрни  йўқ”. Бугун уларнинг баъзи ҳолларда биздан ўзиб кетишида ўзимизнинг айбимиз бор. Айтайлик, улар ҳам ўзининг ишини қилаяпти. Бугун биз журналистлар блогерлар сингари аччиқ гапиришни, тўғри гапиришни унутиб қўйдик. Ўзбекистон халқ шоири Шукруллонинг бир гапи бор эди: “Қўрққан одам ҳар куни ўлади”. Бизни мана шу томирларимизга Сталин давридан қўрқув жойлаштирилган. Шу ҳали бери ўтиб кетмайди. Президентимизга раҳмат айтаман, улар “Журналистлар бу менинг кўзим, улар менинг ёрдамчим, матбуот муаммони фош қилсин, менга ёрдам берсин” дедилар. Танқид қилайлик, фақат буни журналистик касб доирасида, қонун бузилиши бўлса уни жиноят кодексларидан келиб чиқиб таҳлил қилишимиз, ёритишимиз керак. Айбсиз одамни айбдор деб қўймаслик, уни ҳақорат қилмаслик шарт. Блогер муайян бир соҳани танлаган одам. У аслида  техник бўлиши мумкин, деҳқон, дурадгор ёки ҳунармандчилик соҳаси вакили бўлиши мумкин. Лекин ижодкор, креатив одам. Унинг ҳам ўзининг минбари, қизиқишлари бўлиши мумкин.

— Демак, блогер ҳам матбуот вакили, журналист демоқчимисиз?

— Йўқ, албатта. Блогер журналист эмас. Уларни  шунчаки жамиятдаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаган одам десак тўғри бўлади. Журналистиканинг эса ўрни, мавқеи жуда баланд. Гап унга садоқат ва жасорат билан хизмат қилишдадир.

— Биламизки, ижтимоий тармоқларда жуда фаолсиз. Ўз аудиториясига эга медиа соҳа вакиллари қаторида турасиз. Сиз айниқса, ИИБ ходимларига “Феррари”лар олиб бериш керак, улар юқори тезликда ҳаракатланувчи автомобиллар билан жиноятчиларни тезда ушлаб олсин,  аниқ фанлар керак эмас, талабаларингизга қарата “ҳамманг мен қўйган постларга коммент ёзиб, like босинглар” каби гапларингиз тренд­­га чиққанлигидан кўпчиликнинг хабари бор ва бу ўз вақтида роса муҳокамаларга сабаб бўлганди. Аммо негадир охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда суст­лашиб қолгандексиз. Бунга сабаб нима? Ёки ҳар бир гапни “ўйлаб”, “эҳтиётлик” билан айтишга тўғри кел­яптими?

— Бугун жамиятимиз гўё ҳаммадан “хайп” кутади. Ҳеч кимнинг гапини охиригача эшитмайди. Ўзи хоҳлаган вақтида эшитади. Менинг гапларимни кўпида контексдан кесиб олиш бўлади. Бу битта мени гапим эмас. Имомларни, сиёсатчиларни, таниқли медиа шахсларининг гапларини кесиб олиб, “ўзларига мослаб” қўйишмоқда. Жамият эса уларни сазойи қилади. Аввало, биз янги Ўзбекистонни қурмоқчи бўлсак, турли фикрлар эшитишга, қабул қилишга ўрганишимиз керак. Бўлмаса тоталитар тизимдагидек бемаъни аҳволга тушамиз. Афсус, бир замонлар жадид боболаримизнинг ҳам гаплари қабул бўлмаган. Бугун Ўзбекистонга янги жадид авлодлари кириб келмоқда. Фақат уларни эшитишимиз керак. Гўёки бизнинг жамиятда фақатгина иккита ранг бордек. Улар фақат оқ ва қорадан иборатдек. Бу нотўғри. Аслида ҳаёт турфа ранглардан ташкил топган.

— Сизга раҳмат,  бир эмас бир нечта вазифаларда фаолият олиб борасиз. Университет ректори, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси Бошқарув кенгаши раиси, Халқаро Пресс-клуб модератори, Марказий сайлов комиссияси аъзоси, Халқаро кураш ассоциацияси вице-президенти ҳамда Ўзбекистон – Греция дўстлик жамияти Бошқаруви кенгаши аъзолиги каби юмушлар билан бандсиз. Бироқ, шунча ишларга бош қўшиш оғир эмасми?  Қандай қилиб барчасига вақт топасиз?

— Агар сиз уларнинг ҳар бирида ҳар хил ёндашув қилсангиз қийин бўлиши мумкин. Аввало, Президентимга ташаккур айтаман, менга шундай ишонч билдирганлари учун. Мен 9 йил давомида ишдан кетган пайтим ҳам бўлган. Ҳаёт тақозосига кўра Миллий университетда ўқитувчилик қилдим. Кафедра мудири бўлдим. Лекин менга яна ишонч билдирилди. Соҳага қайтдим. Ҳаёт пасту баландликлардан иборат. Мен ҳаётимнинг ўтган ҳар бир кунидан розиман. Шу тўққиз йил давомида анча ўзимга куч йиғган эканман, кўп армонларим бор экан, Аллоҳга шукр, ҳаммасини менга қайтариб берди. Қайси жойда ишласам ҳам битта мезон бор. Шу миллатимга хизмат қилиш, жадид боболарим руҳини шод қилиш. Президентимиз эътироф этган Учинчи Ренессанс пойдеворига ўзимнинг ҳиссамни қўшиш. Ҳамиша касби-коримга, ишимга профессионализм жиҳатдан ёндашиш.

— Шерзодхон ака, биласиз, бизни ҳамиша журналист халқ учун, юрт ташвиши учун ёниб яшаши керак деган ғоя бирлаштирган. Аммо журналистлар ҳамиша оддий, камсуқум яшашган.  Нима деб ўйлайсиз, бугун қалам, сўз аҳли ҳам ҳеч кимдан кам бўлмаган иқтисодий имкониятга эга кишилар қаторида яшаши мумкин бўлган давр келмадими?

— Тўғри масалани кўтардингиз. Бой журналистлар даври келди. Журналистларнинг ҳам ойлиги баланд бўлса, бунинг нимаси ёмон экан? Нега ҳамма бой бўлади-ю, журналист бўлмаслиги керак? Кеча бир телеграм каналда журналистлар ойлиги муҳокама қилинибди. Бу нотўғри. Яқинда Туркияда бўлганимда гапириб беришганди: у ерда журналистлар 50 минг долларгача ойлик олишаркан. Америкада Лари Кинг, Россияда Познерлар бир неча миллион доллар олишган. Ўзбекистонда журналистлар шартнома асосида бир нечта жойда ишлаши мумкин. Албатта, солиғини тўлаш лозим. Майли, имкон бўлса журналист ҳам яхши уловда юрсин. У ҳам икки қаватли уйда яшасин. Таътилда камида учта давлатни кўриб келсин. Таҳририятларимиз сўнгги русумдаги техникалар билан жиҳозланган бўлиши керак. Мен Хитойга борганимда унинг бош ахборот агаентлиги “Синхуа”га бордим, газета таҳририятларига кириб кўрдим. Жуда замонавий, кучли. Бизнинг нимамиз кам улардан. Бугун “Zo`r TV”, “Sevimli” каналларига борсам ҳавас қиламан. “UzReport”нинг кучли техник базаси бор. Ҳозир “Mening yurtim” канали ҳам ўзгаряпти. Олдин улар ертўлада ишлашган. Янги канал “Renessans TV” очилди. Бир-биримизни ковлашни бас қилишимиз керак. Ҳавас қилиб яшайлик, ҳасадни қўяйлик. Бир сўз билан айтганда медиа соҳаси вакиллари бой яшашга ҳақли.

— Журналистика зиддиятлардан, қарама-қарши­ликлардан иборат. Сиз ўша эслаганингиз — бир пайт­лар  9 йил давомида ўзингиздан қандай ҳолатларни, оғир ўй-кечинмаларни ўтказгансиз? Барибир осон бўлмагандир?

— Ҳа, осон бўлмаган. Ўша йиллари нима учун ишдан кетганимни ҳам билмаганман. Жуда катта лавозимдан 33 ёшда кетдим. Айни куч-қувватга тўлган пайтларим эди. Ҳозир ёшим 50га кираяпти. Ўша пайтдагидек кучим йўқ тўғриси. Университетга бориб бир йил шокда юрдим. Оғир бўлди. Катта лавозимдан ишдан кетсангиз сизни кўрган одам ўнгдан кетаётган бўлсангиз чап томонингиздан ўтиб кетади. Тўйига, маракага айтмайди. Киноя билан қарайди. Бу жараёнларни кечириш оғир. Мени ҳаё­тимда ҳам 2016 йил унутилмас, бурилиш палласи бўлди. Янги Ўзбекистонда Ватанни, миллатни севадиган инсонлар учун Президентимиз жуда катта платформани яратиб бердилар. Тўққиз йил давомида қилолмаган ишларимни энди қилаяпман. Ҳеч қачон чарчамайман. Шу Ватан, миллат учун хизмат қилсам кучимга-куч қўшилади. Бугун армонлар ушаладиган пайтлар келди. Нонни уволи, сувни уволи ёмон. Аслида энг катта увол бу инсон уволидир деб ўйлайман.

— Бугун давлатимиз раҳбари олиб бораётган оқилона сиёсатга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Сиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Бош вазир бўлган пайтида у кишининг Матбуот котиби бўлиб ишлагансиз. Ўша вақтларни қандай эслайсиз?

— Бу ҳам тақдирнинг менга берган катта илтифоти бўлган. 30 ёшимда Бош вазирнинг биринчи матбуот котиби бўлдим. Янги келган пайтларим эди. Шу ерга келиб билдим Бош вазир мамлакатдаги об-ҳаводан тортиб, коммунал, транспорт соҳа бўладими, ҳамма-ҳаммасини билар эканлар. Бу инсон Ўзбекистонда халқ хўжалиги, иқтисодиёти, мактаблар қуриш каби жуда оғир пайтларда ишлаган. Биринчи Президентимиз чет элга сафарга учиб кетса, Бош вазир ўша куннинг ўзида водийгами, воҳагами ёки Қашқадарё, Сурхондарёга кетардилар. Далалар, кўчаларга кириб чиқарди. Оддий одамлар билан гаплашардилар. Ойлаб Тошкентга келмай туманларда яшаганлар (масалан Когонда). Жуда камтар, ўз ҳаловатини, ўзини ўйламайдиган инсон. Уларга ортиқча хизмат қиладиган одамлар ёки хавфсизлиги бўйича алоҳида тайёргарлик­лар бўлмаган. Шунақа пайтлар бўлардики, ҳатто тушлик қилинмасди. Ҳамиша оддий йўловчи самолётдан фойдаланардилар. Вилоятга борганларида ҳам битта оқ машина бўларди. Узун “мерс”лар эмас, шундан фойдаланиларди. Умуман машина танламас эдилар. 8-10 киши бир микроавтобусда юрардик. Ўзининг халқини севиши, унга жонини бериши, ҳар қандай масаланинг ичига кириб кетишлари… уларнинг алоҳида яна бир дас­турлари бор эди. Бу — меҳрибонлик уйлари. Бу жойларда шароитлар қанақа, оддий фермерларнинг аҳволи қандай. Ҳаммаси билан қизиқиб ишлардилар. Бу одамдаги ишга қобилият, Ватанни, юртни севиш, ҳар бир дардни ўзидан ўтказишни ўша йиллардаёқ билганман, кўрганман.

— Энди яна суҳбатимиз мавзусини сиз раҳбарлик қилаётган университет томонга бурсак. Бугун ЎзЖОКУда таҳсил олаётган талабаларингиздан қай даражада розисиз?

— Бизда шундай шиор бор: “Шахс муваффақиятидан университет муваффақияти сари”. Бизнинг университетда бош бу ректор эмас, бу талаба. Ҳаммамиз шулар учун келамиз. Янги талабалар келади. Кечагина мактабни тамомлаган. Ҳаёт тўғрисида содда, оддий тасаввурга эга. Биз биринчи кундан улар билан гаплашамиз. Декан, проректор, профессор-ўқитувчилар ва охирида мен. Гаплашганда биз уларга университет қадриятларини, мадҳиясини, қонун қои­даларини тушунтирамиз. Кейин уларнинг орасидан лидерларини  қидираман. Ораларида сиз ёрдам бермасангиз ҳам ўзи ўсадиганлари бўлади. Уларни ажратаман. Ва мен иккинчи қатлам билан ишлайман. Баъзан уларга мотивация етишмайди. Болага билимни ўргатиш керак. Шу билан бир қаторда унга коммуникация қилишни ҳам ўргатиш керак. Масалан, кўтариб юрадиган сумка (чамадон) борку, у чиройли, зўр. Аммо уни ушлайдиган ушлагичи йўқ. У ҳар қанча зўр бўлмасин ушлагичи бўлмаса ишлатолмайсиз. Ташлаб юборишга увол, ишлатишга эса ноқулай. Ҳа,  ушлагич — коммуникация. Биз кўпинча ёшлар билан гаплашишни дўндирамиз, лекин эркинликни бермаймиз. “Уни қилма, буни қилма, у мумкин, бу эса мумкин эмас” деймиз. Чеклаймиз. Талабалар орасида етим қизлар бўлса тажрибали аёл устозларга бириктираман. “Мана шу қиз бугундан сизнинг қизингиз” дейман. Қизиқишлари ҳақида сўрайман. Инг­лиз тилига қизиқса, ўзимизда курслар бор шунга берамиз, рақсга қизиқса марҳамат, тўгаракларга бириктирамиз. Хуллас, бизнинг вазифамиз олмосни бриллиантга айлантириш.

— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатдошлар:

Абдурасул ЖУМАҚУЛ,

Ислом ЭГАМБЕРДИЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =