Отабек МАҲКАМОВ: «Мақсадим пул топиб эмас, ижод қилиб танилиш…»
Cуҳбатдошимиз — анча ёш бўлса–да, машҳурликка эришган, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг “Мени кучлироқ сев” қўшиғига ишланган клипидаги ролидан сўнг янада таниқли бўлиб кетган истеъдодли ватандошларимиздан бири. Аслида ҳам касби юрист бўлишига қарамай унда актёрлик, бошловчиликка туғма истеъдод кучли эди. Шу боисдан одатда уни бир касб билан эмас, аксинча бир нечта касблари билан танишади. Ҳа, ҳа адашмадингиз, у таниқли актёр, ҳуқуқшунос, радиобошловчи, блогер, шоумен Отабек МАҲКАМОВдир.
У 1984 йил Тошкент шаҳрида туғилган. “Бўрилар-3 — Охирги қарз”, “Мажруҳ”, “Мен юлдузман”, “Жодугар”, “Ёндиради-куйдиради”, “Фотима” каби фильмларда ҳамда кўплаб видеоклиплар, реклама роликларида суратга тушган. 2016 йилда АҚШга кўчиб кетган О.Маҳкамов айни пайтда Нью-Йорк радиоси ва шахсий YouTube каналида журналистик фаолият билан шуғулланмоқда.
Биз машҳур ҳамюртимиз билан муваффақият ва машҳурлик сирлари, Америкага кетишининг сабаблари, китоблар, газеталар ва бошқалар хусусида суҳбатлашдик…
— Болалик инсоннинг энг беғубор даври бўлади. Улкан орзулар, ғуборсиз ниятлар, пок ва самимий туйғулар. Сиз болалик хотираларингизни қандай эслайсиз?
— Бир томондан қанақадир ички хотиржамлик, чунки ҳеч қандай муаммоингиз йўқдек, борларини ҳам сиз учун катталар ҳал қилишади. Сизнинг вазифангиз эса уларнинг айтганини ўз вақтида бажариш. Иккинчи томондан эса… (бироз ўйланиб) отам мен уч ёшлигимда бизни ташлаб кетган эканлар… Мени учта аёл катта қилган. Булар менинг онажоним, бувижоним ва опам. Назаримда бу нормал ҳолат эмас деб ўйлайман. Оила бу бир жуфтлик. Яъни эркак ва аёл бирлигидан ташкил топиши керак. Тўғри, аёл киши жуда кучли бўлиши мумкин, лекин оилада отанинг ўрни бошқа, онанинг ўрни бошқача. Учинчи томондан эса эркинликка бўлган интилиш. Мен қаттиққўл оилада улғайганман. Оиламдагилар жуда қаттиқ туришган. Уларнинг тарбия услуби шундай эди, ҳамиша уларнинг айтгани бўлиши керак. Ҳеч қандай қаршиликсиз, эътирозларсиз. Мен эса доим ҳам уларга амал қилавермаганман. Ўзимнинг фикрларим, қарашларим бўлган. Кўпинча уларга содиқ қолардим. Баъзан танловларим нотўғри бўлса-да, ўзимнинг гапимда туриб олардим, фикрларимга содиқ эдим.
— Ерга қадалган ниҳолнинг униб-ўсиши учун ҳам парвариш керак-да. Агар унга ўз вақтида сув қуйиб, атрофлари тозаланиб, эътибор бериб турилмаса у қуриб қолиши ёки яхши, гуркираб ўсмаслиги мумкин. Таъбир жоиз бўлса, сизнинг бугунгидек етук инсон бўлиб камол топишингизда қайси устозларингизнинг ўз ўрни, ҳиссаси катта?
— Биласизми, буни яъни менинг ҳозирги эришганларимни етуклик демаган бўлар эдим. Назаримда унга ҳали эрта. Бунинг учун эса кўп машаққат чекишим лозим.
Балки, бугунги эришганларим “хамир учидан патир”дир. Келинг уни ютуқча деб айтайлик. Одам бахтиёр бўлгани ва хурсанд бўлганини адаштириб юбормаслиги керак. У маълум бир муваффақиятчага эришдими, бу ҳали бахтли бўлди дегани эмас. Аксинча, у хурсанд бўлди. Хурсандчилик эса ўтади-кетади. Агар бирорта одам мана шу хурсандчилиги билан умр бўйи яшаб, ўзини ўзи мақтамоқчи бўлса, демак, ижодий ва профессионализм нуқтаи назаридан у “мурда”га айланади. Сиз ҳамиша бирорта кичкинагина ижодчага, муваффақиятчага эришдингизми, ўзингизга ўзингиз доимо савол беришингиз керак. Кейин-чи? Бундан кейин-чи?
Шу саволга қачон жавоб бера олмасангиз ана шунда ё ҳақиқий “мурда” (албатта бу сўз кўчма маънода) га айланган ёки ўзини устида ишламайдиган, озгина ютуғидан ҳаволаниб кетадиган, атрофдагиларни менсимай, ўзидан “юлдуз” ясаб “пуфак”га айланган бўласиз.
Устозларимга келсак, албатта, бор. Чунки мен ўнта йўналишда ишлайман. Фаолиятимни юристлик-ўқитувчиликдан бошлаганман.
Ҳозиргиси тележурналистика. Ҳар бир касбда устозлар изидан бориб улардан нимадир бўлса ҳам ўрганишга интилганман. Аввало, биринчи устозим бу онажоним бўладилар. Жойлари жаннатда бўлсин, Раънохон Эркиновна Маҳкамова, касби ўқитувчи эди. Улар Ўзбекистонга биринчилардан бўлиб янги педагогик технологиялар, яъни синфларда ўқувчилар билан ишлаш, уларга дарс ўтишда самарали, қулай услубларини олиб кирганлар. Кейингиси юридик соҳа бўйича устозим Акмал Саидов. У кишидан ҳуқуқшунослик бўйича жуда кўп билимларни ўрганганман. Актёрлик бўйича эса машҳур “Гарри Потер” киносида бош рольни ижро этган Дэниел Рэдклифф.
Шу ўринда мактаб ўқувчиси бўлган пайтларимда журналистика бўйича фаолиятини кузатиб борган учта улуғ журналистлар — устозларимни ҳам айтиб ўтиб кетмоқчиман: АШҚда Фил Донахью, Собиқ СССРда Владимир Познер, Ўзбекистонда — Насиба Иброҳимова.
— Малакали юрист, таниқли актёр, шоумен, ёзувчи, журналист, блогер. Албатта, бу сифатларни сизда кўрганмиз, кўраяпмиз. Айтингчи, сиз ўзингизни, аввало, мана шу санаб ўтилган касблардан қайси бирида янада ҳақиқийроқ, муносиброқ кўра оласиз?
— Ҳаммасида кўраман. Ҳар бир касбим мен учун фарзандимдек азиз. Масалан, менинг Ҳасан ва Ҳусан фарзандларим бор. Мен ҳеч қачон ота сифатида Ҳасанни кўпроқ яхши кўраман, Ҳусанни эса салгина камроқ деб айтолмайман. Ўз навбатида касбларим ҳам худди шундай улардек азиз. Албатта, ҳар бир касбимга вақт ажратаман, йўқ бўлса топаман. Изланаман, ўйланаман. Тинмайман. У хоҳ моддий томондан бўлсин, хоҳ илм томондан. Баъзида шунча касбни бирданига олиб кетиш қийинмасми деб сўрашади. Тўғри, ўзига яраша қийинчилиги бор. Лекин у мен танлаган, ўзим танлов қилиб олган соҳаларим-ку. Барчасини тенг, бир вақтда олиб кетишга, муваффақият қозонишга интиламан. Биласизми, мен яхши кўрадиган бир фильм бор-да. Умид қиламанки, бу кинони мана шу суҳбатни ўқиб турган газетхонлар ҳам кўрган бўлишса керак. Бу фильм 1975 йиллар режиссёр Милош Форман томонидан суратга олинган “Какку қуши уяси узра парвоз” фильмидир. Кинонинг бош қаҳрамони Джек Николсоннинг яхши бир гапи бор: “Ҳеч бўлмаганда мен ҳаракат қилиб кўрдим-ку”, дейди у.
— Америка — ўзга олам, ўзга дунё. Шоир таъбири билан айтганда — сеҳрли диёр. Отабек Маҳкамовни сеҳрли диёрга кетишга нима мажбур қилди?
— Очиғини айтаман, ҳеч нарса мажбур қилмади. Чунки, мен машҳурликнинг чўққисида кетдим. 2016 йилда кўчиб кетган бўлсам, у пайтда ўзимизда ҳам анча машҳур бўлиб танилиб улгургандим. Буни тан оламан. Лекин жуда кеч кетдим. Қайси маънодаки ёш нуқтаи назардан кечикдим. Ўшанда 32 ёшда эдим. Бўйдоқ эдим. Биласизми, агар сиз бирор мамлакатга кетмоқчи бўлсангиз бу ишни 30 ёшгача амалга оширишингиз керак. Ундан у ёғи эса қийин бўларкан, буни мен ўзим бошимдан ўтказиб кўрдим. Кўчишимдан асосий мақсад менда халқаро тажрибага эга бўлиш истаги кучли эди. Ёшлигимдан кўплаб Голливуд киноларини кўрардим ва ўзимга-ўзим: “Келгусида албатта мана шу инсон билан кўришаман деб мақсад қилардим. У Аль Пачиноми, Арнольд Шварценеггерми фарқи йўқ…”
Бу учун нима қилиш керак, кўчиш керак эди. Тажриба орттириш керак эди. Ўша ерда ижод билан шуғулланиш керак эди. Мени бутун Ўзбекистон танир экан, бўлди етади дейиш ҳам тўғри эмас. Агар у айниқса, ижодкор бўлса. Ижодкор инсон тинимсиз равишда ўз устида ишлаб бориши, изланиши, дунё кўриши лозим. Ёки сиз шу фикримга қўшилмайсизми?
— Қўшиламан.
— Билсангиз бу нарсаларга эса катта меҳнатим ва вақтим кетди. Лекин эришдим. Мен уддаладим!
Кўчиб борганимдан бошлаб қийинчиликлар бўлиши табиий эди. Буни билардим. Оч қолган, жойсиз қолган пайтларим ҳам бўлди. Бир куни Чикагода бир ўзбек йигити тўй қилмоқчи бўлди ва менинг Америкада эканлигимни билган экан, тўйида бошловчилик қилиб беришимни илтимос қилди. Рози бўлдим. Тўйда бир ўзбек ижодкорини учратиб қолдим. Бир пайтлар “Анор” деган машҳур ўзбек группаси бўлар эди. Ўша гуруҳнинг ижодкорларидан бири билан гаплашиб қолдим. Буни қарангки, улар ҳам мени кузатиб борар экан. Ўз навбатида мен ҳам уларнинг мухлисиман. Бахтли тасодиф. Эсимда, айнан мана шу гуруҳ биринчилардан бўлиб Лондонда ўзбек қўшиғига клип суратга олишган эди. Клипида улар қўшиқ айтишяпти, орқа фонда эса Британия Қироличаси Елизаветта II ўтиб кетяпти.
Суҳбатимиз давомида у мендан бу ерда нима иш қилишимни сўради. Мен эса ижод билан шуғулланиш учун келганимни айтдим. Пулчи деди у кулиб. Пул албатта керак, лекин ижод асосийси дедим. Аммо кутилмаганда у менга: “Отабек, сендан кучлилари, зўрроқлари ҳам ижод учун келиб эплай олишмаган. Сенга йўл бўлсин ука, бу иш сенинг ҳам қўлингдан келмайди. Сен яхшиси ижодни қўй, мана мен сенга иш бераман, 500 доллар ойлик қилиб берай, сен мен билан ишла. Керак бўлса сени яхши қизларга уйлантираман, визангни ҳал қиламан. Нью-Йоркка қайтиб кетмасдан, Чикагода қол. Айтганча, таклифим муддати бир кун. Эртага у ўз кучини йўқотади. Бошинг тошга урилиб қайтиб келсанг сени ишга олмайман”, деди. Мен ҳам ўйлаб ўтирмай жавобимни айтдим: “Мен учун ижод биринчи ўринда. Пул бўлса, бир гап бўлар.”
Тўғриси, пул бўйича муаммоим йўқ эди. Нега дейсизми, Ўзбекистонда юрганимда 7 та компанияда юрист бўлиб ишлаганман. Ҳар куни кечқурунлари тўйларда 3 та тилда бошловчилик қилардим. Киноларда, клипларда роль ўйнардим. Даромадим ва гонарарларим яхшигина эди. Заҳирамни мустаҳкамлаб олган эдим. Менда фақат битта йўл — фақат ижод йўли ва унда икки карра меҳнат қилиб халқаро тажрибамни орттириш турар эди, холос. Бу орада яна бир тўйга таклиф қилишди. У ерда ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берди. Бир юртдошимиз “Ие, сиз бу ерда нима қиляпсиз? Ўзбекистонда туппа-тузук юрган эдингиз-ку. Америкада нима бор? Очиғи, тан бермадим сизга. Пул керакда ҳаммага, нафсингиз шу ергача етаклаб келганда”, деб истеҳзоли устимдан кулиб қўйди. Тўғриси, мана шу икки ҳолат менга жуда кучли таъсир қилган. Ва ўша инсонларга исботлаш учун ҳам Америкада фақат пул топиб эмас, ижод қилиб ҳам танилса бўлади деган мақсадни олдимга қўйдим. Шундай кунларнинг бирида мени радиога меҳмон сифатида суҳбатга чақириб қолишди. Биласиз, у ерда ўзбек диаспораси катта. Мен 3 та тилда ўзбек, рус, инглиз тилида интервью бердим. Худди бугун сизнинг саволларингизга жавоб бергандек. Ишонасизми, суҳбатимиз икки соат давом этган бўлса, шу вақт оралиғида радиога 300 дан ортиқ қўнғироқлар бўлди, саволлар кетидан саволлар ёғилиб кетди. Бу суҳбатни эса радио директори ҳам тинглаб турган экан. Суҳбат якунига етгандан кейин мени ёнига чақириб ишга таклиф қилди. “Отабек, суҳбатингизни тингладим. Чиройли чиқди. Келинг, биз билан ишланг.” Мен эса касбим радиобошловчи эмаслигини, бу соҳада ишламаганим, мендан кўра бу соҳада йиллаб ишлаган инсонлар борлигини, бу иш қўлимдан келмаслигини айтдим. Лекин улар сўзида туриб олди. Биласизми, ушбу таклифни 3 ҳафтагача чўзиб юрдим. Шу вақт оралиғида таклифни унутиб юборса керак деб ўйлаган эдим. Адашган эканман. Ахири, таклифга рози бўлдим ва радиога ишга кирдим. Ўйлаб юрган лойиҳаларимни ривожлантириб суҳбатлар, интервьюлар қила бошладим. Бу орада ўзимнинг You tube каналимни очдим. Рекламалар, эълонлар беришни йўлга қўйдим. Тақдир тақозоси билан бир пайтлар менга Чикагода дакки берган инсон бизга телефон қилиб ўзининг эълони борлигини ва уни каналимизда реклама қилиб беришимизни сўради. Тўловлари бўлса уни ҳам тўлашини айтди. “Сизга бепул, ҳеч қандай тўлов шартмас” деб компаниясини реклама қилдим.
Аммо унга: “Аслида сизга раҳмат ака, сиз ва сизнинг ўша пайтдаги сўзларингиз туфайли мен бугун шу даражага етишдим. Америка фақат қора меҳнат қилиб ишлаш учун келиш жойи эмас, аксинча, бу ерда эркин ижод қилиш, ўз йўлини топиш мумкин бўлган жой ҳам эканлигини исботладим. Яна мен сиз туфайли шаҳардаги машҳур бир радиода ишлаяпман, Американинг машҳур инсонлари билан яқиндан кўришиш, уларнинг суҳбатида бўлиш, интервьюлар олиш даражасига эришдим”, дея ўз фикрларимни очиқ айтдим.
— Ҳа, “мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан”, дейишади. Сизнинг мусофирликда топган ва йўқотганларингиз?
— Яхши савол. Келинг, мен сизга 3 топганим ва 3 та йўқотганимни айтиб берай. Демак, топганларим: биринчиси ўзим орзу қилган, дунёга машҳур инсонлар билан танишиш, кўришиш, уларнинг суҳбатини олиш. Иккинчиси, халқаро тажриба, учинчиси, ўз она тилимни, қадриятларимни яна чуқурроқ севиш, тарғиб қилиш. Ва шу аҳдимда содиқ қолиш. Йўқотганларим, қайсидир маънода қўлдан бой берганларим: аввало вақт йўқотдим, сабаби боя ҳам айтиб ўтдим, мен бу ерга кечроқ келдим. Чунки бу ерда ҳаммасини нолдан бошлашга тўғри келди. Шундай қилдим ҳам. Дўстларимни йўқотдим. Чунки бу ерда кўплаб яқинларим, дўстларим бор эди. Тўғри, биз доим гаплашиб, қўнғироқлашиб турамиз. Лекин исталган пайтда дийдор йўқ. Кейингиси оила. Оила қуришим кечикиб кетди. Америкага боргандан кейин кечроқ оила қурсам ҳам бўларкан, буни ҳеч қанақа муаммоли жойи йўқ экан деган ўй мени ўраб олди. Биласиз, бизда турмуш қуриш ёки қиз болани турмушга узатиш жуда тез. Америкада эса бунинг тескариси. Инсон маълум бир даражага етиб, бир касбни, ишни пухта ўзлаштиргандан кейин бемалол оила қурса бўлади. Буни у ерда ҳеч қандай уятли ёки ёмон жойи йўқ. Шунинг учун ҳам менинг фарзандларим ҳали жуда ёш. Тенгдошларимнинг фарзандлари эса мактабда ўқияпти, кимлардир қуда-андали бўлишяпти. Лекин мен бундан афсусланмайман. Муҳими, фарзандларим кеч бўлса ҳам соғлом бўлиб вояга етсин, сифатли таълим олишсин, келажакда кам бўлмасин. Кеч бўлсада энг энг энг яхшиларига етишсин. Буёғи эса тақдир, насиб…
— “Юксаклик сари, тасодиф бўлмаган 100 та учрашув”. Мазкур китоб яхшигина шов-шув бўла олди. Унинг мағзи-чи, китобни мутолаа қилган мухлис ундан қайси Отабекни кашф қилади, юрист, журналист, шоумен…
— Ҳар бир инсонда тақдирини ўзгартириб юборувчи ва келгуси ҳаёт йўлини белгилаб берувчи учрашувлар бўлади. Менинг омадим шундаки, ҳаётим давомида жуда кўплаб ана шундай учрашувлар юз берган. Уни ўқиган китобхон ундан барча Отабекни топа олади. Мен бунга ишонаман. Сабаби, мен китобга бор меҳримни бериб, самимият билан ёзишга ҳаракат қилдим. Ушбу китоб қаҳрамонлари орасида Ҳиллари Клинтон, Гордон Рамзи, Антонио Бандерас, Девид Копперфильд, Энрике Иглесиас, Фаррух Зокиров, Даниел Редклифф каби машҳур инсонлар ҳамда дунё миқёсидаги юлдуз бўлмасада, кўпчиликка таниқли шахслар бор. Китоб 2,5 йил давомида ёзилди. Орада ҳеч қандай узулишларсиз. Уни ёзишга узоқ тайёрландим. Китобда нафақат ютуқлар, ғалабалар балки фожиалар, йўқотишлар ҳақида сўз боради. Ундан барча замон ва халқларга хос ҳазил-мутойиба, теран мулоҳазалар, ўткир мушоҳадалар, тарихий мисоллар ҳамда ҳикматли сўзлар ҳам ўрин олган. 50 дан ортиқ мамлакатда бўлиб, ўз кўзим билан кўрган воқеалар, жараёнларга батафсил тўхталишга ҳаракат қилганман. Мазкур китобни эса онамга бағишлаганман. Унинг тақдимотини эса ҳозирча 7 та мамлакатда ўтказдик. Асар бирдан уч тилда: рус, ўзбек ва инглиз тилларида ёзилган. Тўғриси, ўзимни билимдон инсон деб билардим. Чунки жуда кўп китобларни ўқиганман. Таниқли шахслар билан мулоқот қилганман, гаплашганман. Лекин бу кам экан. Илм туганмас хазина эканлигига шу китобни ёзаётганимда амин бўлиб бордим. Бежизга қадимги Юнон файласуфи Суқрот: “Менинг донишмандлигим ҳеч нарсани билмаслигимни билишимда” демаган экан.
— Мазкур китобдан тушган маблағларнинг бир қисмини сиз саратонга чалинган беморларни даволатишдек хайрли ишга сарфлашингизни биламиз. Келинг, шу ҳақда ҳам гаплашсак.
— 14 йил олдим раҳматли онам Раънохон Маҳкамова саратон касаллигидан вафот этганлар. Улар касал пайтида биз роса қийналганмиз. Кўп дорилар йўқ эди. Баъзиларини топиб бўлмасди. Шунинг учун ҳам мен ўз олдимга ушбу касаллик билан оғриган беморларга ёрдам беришни мақсад қилганман. Китобга кўп маблағ сарфланди. У Туркияда, муқаддас Қуръони Карим чоп этиладиган нашриётда чоп этилди. Қоғозлар сифати, муқовалар устида узоқ ишладик. Кафолати 70 йил. Китоб нашр этилгандан кейин мен хайрия аукциони (фонди)ни йўлга қўйдим. Ҳар бир борган давлатимда тақдимотимизни охирида бир дона китобни олиб “Ким биздан мана шу китобни сотиб олса, мен ундан интервью оламан” деб айтаман. Китобдан тушадиган пулларнинг бир сўмини ҳам мен ушламайман. У тўғридан-тўғри фондимизга тушади. Мисол учун, яқинда Кореяда ўтказилган тақдимотда бир Аҳлиддин деган ҳамюртимиз ушбу китобни 7 минг долларга сотиб олди. Мен унга “Пулингизни биз олмаймиз, аксинча, сизга беморлар учун керакли дори-дармонлар рўйхатини ёзиб берамиз, сиз эса ўзингиз бош-қош бўлиб етганича сотиб оласиз ва ўз қўлларингиз билан касалхонага топширасиз. Ўзингиз келолмасангиз бирорта ишончли вакилингиз келса ҳам бўлади” дедим. Биласизми, Исломжон, бу одамга биринчидан ишонч, иккинчидан хотиржамлик беради. Тўғри, улар менга ишонишади, мен ҳам уларга ишонаман. Аммо ўз қўли билан топшириш бошқача. Худдики ўзингизни онадан янги туғилгандай ҳис қиласиз. Бу ҳолат менда доим бўлади.
Американинг 40 президенти Рональд Рейганнинг бир гапи бор “Ишон, лекин қайтадан текшир…” Шунинг учун ҳам доим видео чатлар қиламан, тўғридан-тўғри эфирлар орқали қилаётган ишларимизни, ҳомийларимизни, қанча пул тушди-ю, уларга нималар сотиб олдик, барчаси ҳақида одамларга ҳисоботини бериб бораман. Мисол учун, бу сафар Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига 43 минг 700 АҚШ доллари қийматидаги дори-дармонлар, асбоб-ускуналарни тақдим этдик. Бундан ташқари 7 минг АҚШ долларлик турли замонавий техник ускуналар олиб берилди. Бу ҳақдаги маълумотларни ўзингиз ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда кўрган бўлсангиз керак. Албатта, савобли бу ишларимизни ҳали яна давом эттирмоқчимиз.
— “Яхши китобхон китобларни танлаб ўқийди” деган гап юради. Сиз китобларни қандай мутолаа қиласиз, саралайсизми ёки қўлингизга тушган китобни ўқиб кетаверасизми?
— Албатта саралайман. Биласиз, китобларнинг ҳам ўз рейтинги, лицензияси бўлади. Биринчи галда китобларнинг лицензиясига қарайман. Кейин эса унинг рейтингига. Онлайн дўконлар орқали уларни текшириб чиқаман. Мана яқинда иккита китобни ўқиб чиқдим. Бири АҚШнинг собиқ 44 президенти Барак Обаманинг “Орзудаги замин” асари. Асар жуда зўр ёзилган. Ушбу китоб сотувга чиққан илк кундаёқ 890 минг нусхада сотилган. Бу эса ноширлик тарихидаги рекорд кўрсаткичлардан бири саналади. Яна бир китобни ўқидим, тўғриси уни ўқиб ҳам роса мазза қилдим. Рина Зеленая деган аёлни эшитган бўлсангиз керак. Совет театр ва кино актрисаси, саҳна рассоми, болалар нутқига тақлид қилиш устаси, халқ артисти. Газетхонларимиз уни “Буратино” киносидаги “Тошбақа Тортила” ролида ўйнаган аёл образи орқали яхши танийди. Шу инсон 1901 йилда Тошкентда туғилган экан. Тўғриси, билмаган эканман. Рина Зеленая “Тарқалиб кетган вароқлар” номли китоб ҳам ёзган экан. Асар илк бошланишидаёқ китобхонни ўзига тортиб олади: “Мен дунёнинг энг чиройли, энг кўк ва энг гўзал шаҳрида туғилдим. Ва мен бу ерда мазза қилиб яшаяпман. Бу Тошкент шаҳри…” асар мана шундай бошланади, муҳими самимий ёзилган. У ерда қандай қилиб Сергей Есенин билан танишгани, Максим Горький билан ўртоқ бўлганлари ҳақида ҳам бир-биридан қизиқарли воқеалар бор.
— Шу саволнинг мантиқий давоми сифатида Отабек Маҳкамов қайси газеталарни ўқиб боради, кузатади ва улардан нималар олади. У хоҳ Америка нашри бўлсин хоҳ Ўзбекистон?..
— Мен Америкада яшаганим учун асосан чет эл нашрларини кузатиб бораман. Булар “The Wall Street journal”. Менга ундаги таҳлил (аналитика) ёқади. У ерда ҳеч ким ҳеч кимни ёмонламайди ва мақтамайди ҳам. Доим ўртадаги вазият, таҳлил олинади. Хулоса эса ўзингизга қолади. “The New York Times” газетаси ва Буюк Британиянинг машҳур нашрларидан бири “The Economist” журналларини ўқиб бораман. Ўзбекистондан кетишимдан олдин “Учитель Узбекистана”, “Правда востока”, “Народное слова” нашрларини ўқиб борардим. Энди эса юртимизга келганда албатта, уларнинг сафига “Hurriyat”ни ҳам қўшиб қўяман. Суҳбат бошлангунча, менга берган газетангизга кўз югуртириб чиқдим. Яхши материаллар бериб борар экансизлар. Суҳбатимиз чиқса ушбу газетадан, албатта Америкага олиб кетаман ва ўзбек ҳамюртларимизга ҳам улашаман.
— Сиз ҳам ижодкорсиз. Севимли адибимиз Ўткир Ҳошимовда шундай гап бор: “Ижодкорда қишлоқнинг қалби, шаҳарнинг ақли бўлиши лозим”. Сизнинг фикрингиз?
— 100 фоиз эмас, 700 фоиз қўшиламан. Доно сўзлар. Ижодкорда самимийлик, қишлоқча соддалик ва меҳр бўлмаса бирор нарса ёзиши, ярата олиши қийин. Ёзганлари сунъий бўлиб қолади. Меҳмондўстлик қаерда қишлоқларда, самимийлик қаерда қишлоқларда, ширинсўзлик қаерда қишлоқларда, меҳр-оқибатнинг илдизи қаерда сўзсиз қишлоқларда-ку. Ва бунга қўшимча тарзда албатта шаҳарнинг ақли ҳам керак. Бугун биз ривожланган даврда яшаяпмиз. Истаймизми, йўқми замон билан ҳамнафас бўлишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
— Отабек Маҳкамов нега шахсий ҳаёти, сиёсат, диний мавзуларда гапирмайди?
— Бу ҳақида сизга совға қилган китобимда жавоб бериб кетганман. Ва доим бу саволларга жавоб бермасликка ҳаракат қиламан. Шахсий ҳаёт бўйича, атрофдагилар қанчалик кам билса у шунчалик муваффақиятли бўлади. Диний мавзу бўйича, яқин дўстларим менинг эътиқодли мусулмон, аҳли сунналардан эканлигимдан хабардорлар. Лекин бу ҳақида ҳар бир бурчакда жар солиш ва ижтимоий тармоқда ёзиш шарт эмас деб ўйлайман. Худо менинг инстаграм саҳифамда эмас балки қалбимда бўлиши керак. Охир оқибат ҳеч бир дин рекламага муҳтож эмаслигига ишончим комил. Сиёсат бўйича, ўйлайманки, кўплаб сиёсатчилар оддий одамлар учун ҳамма нарсага тайёрлар, фақатгина уларнинг сафида бўлиб қолмасликлари кифоя. Айнан шунинг учун ҳам сиёсат ва сиёсатшунослик ҳақидаги саволларни четлаб ўтаман. Менинг фикримча уларнинг кўпчилиги лавозим ва статусларини рад этмаган ҳолда ўз принципларидан воз кечишдек ноёб қобилияти билан ажралиб турадилар. Бу борада шотландиялик тадбиркор Эндрю Маккензи шундай деган эди: “Ҳалол сиёсатчи бўлиш қийин эмас, чунки рақобат деярли йўқ…”
— Инсон тафаккурининг ривожланиши, кенг қулоч ёйиши учун шубҳасизки, илм керак. У қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар. Олим, ўқитувчи, журналист, тадбиркор, косиб. Сизнингча, инсон онгу-шуурини биринчи галда қандай илм тарбиялайди?
— Тарбия… Бу ҳам бир илм аслида, шундай эмасми? Кейин эса диний ва дунёвий билимлар. Бизнинг жадид боболаримиз тарбияни, илмни ҳимоя қилиб ўтиб кетишмадими. Миллат фарзандлари илмсиз, тарбиясиз қолиб кетишмасин деб куйиб пишишмадими. Бежизга Абдулла Авлоний тарбияни нажот демади. Инсон боласида ҳамма нарса мукаммал бўлиши мумкин, аммо тарбияси бўлмаса бу жуда оғир. Бетарбиялик эса — фожиа.
— Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз борми, яъни бутунлай қайтиш, ҳозир бўлмаса ҳам қачондир?
— Буни албатта вақт кўрсатади. Лекин фарзандларимни олиб келиш ниятим бор. Чунки Американинг пилуслари қанча кўп бўлса, шунга яраша минуслари ҳам етарли. Фарзандларимнинг миллий қадриятларимиз, тилимиздан узилиб қолишини истамайман. Маълум вақтга бўлса ҳам олиб келаман. Аслида, мен учун дунёнинг ҳар бир бурчаги қадрли. Мен қаерда ўзимни эркин ҳис қилсам, ижод қила олсам, ўша ер мен учун азиз. Аммо киндик қоним тўкилган ер — Тошкент. Қаерда бўлмай, Ўзбекистон жону жаҳоним бўлиб қолаверади.
— “Hurriyat”чиларга тилакларингиз?
— Ўз устиларида кўпроқ ишлаш, китоб ўқиш ва албатта саёҳат қилишни тавсия қиламан. Дунё кезинг. Америкалик машҳур ёзувчи Марк Твеннинг бир гапи бор: “Агарда сиз энг сифатли таълимни олмоқчи бўлсангиз, албатта саёҳат қилинг…”
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
— Сизга ҳам раҳмат, саломат бўлинг!
Ислом АСИЛБЕКОВ
суҳбатлашди.