“Ўзбекистон улкан кутубхонага айланмоқда”

Бетимсол хазина масканининг раҳбари — Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Умида Тешабоева билан суҳбат

 

Дунё тарихига назар солсак, илк кутубхоналар тахминан эрамиздан 2600 йиллар аввал пайдо бўлган экан. Бугун эса ер юзида 2,7 миллион турли кўринишдаги кутубхоналар мавжуд. “Китоб ўқишдан кўра арзон кўнгилхушлик ва айни пайтда, узоқ давом этувчи ором бўлмаса керак”, деб ёзган эди донишманд Монтегю. Чиндан башарият ўзига холис ва беминнат хизмат қилиб келаётган ана шу оромга абадий муҳтож. Кутубхоналар эса инсон учун ана шу имкониятни яратиб берувчи мўъжизавий маъводир.

Суҳбатимиз Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида ТЕШАБОЕВА билан юртимизда ва бутун дунёда китоб ва китобхонлик хусусида бўлди.

 

— Умидахон, сиз улуғ шоиримиз Алишер Навоий номидаги муҳташам Миллий кутубхонанинг 41-директори, аёллардан эса ягона раҳбарисиз. Келинг, гўзал байрам кунидаги суҳбатимиз китоб ва кутубхона фаолияти ҳақида бўлақолсин…

— Сўзингизга озгина қўшимча қиламан. Менгача бўлган директорлар орасида ушбу мутахассислик бўйича ҳам биринчи танлов десангиз бўлади. Лекин болалик орзуим   журналист бўлиш эди, аммо тақдиримдан мингдан-минг розиман ва кутубхоначи деган касбни шараф билан адо этиб келаяпман. Жуда кўп китоб ўқирдим. Ёзувчи Мирмуҳсиннинг “ЧОТҚОЛ ЙЎЛБАРСИ” асаридаги Гулгун образи мен билан яшарди. Кейинчалик роман ёзилиши учун асос бўлган маълумотларни ўрганиб, Бўстонлиқ туманидаги Сижжак қишлоғига бордим. Уни қидирдим, лекин тополмадим. Ҳозиргача қидираман. Бироқ неварамнинг исмини Гулгуна қўйдим. Навоий кутубхонасининг эски биносига кўп қатнардим.

Қош қорайиб кетгунча мутолаадан бош кўтармасдим. Кутубхона мен учун жуда сирли ва сеҳрли туюларди. Тақдирни қаранг, 2006 йилдан 2019 йилгача кутубхонанинг янги биносида ишлаган бўлсам, 2019 йилдан ҳозиргача шу масъулиятли вазифани адо этиб келаяпман. Кутубхонага бундан қарийб 153 йил муқаддам, яъни 1870 йилдан Тошкент оммавий кутубхонаси сифатида асос солинган бўлса, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси то бугунги кунгача, яъни 153 йиллик фао­лияти давомида ўзида улкан илмий меросни жамлади. Кутубхонамиз нафақат   Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё   минтақасидаги энг йирик кутубхоналардан биридир. Кутубхона фонди илк ташкил топганда 1200 номда 2200 жилддан иборат бўлган бўлса, бугунги кунда 7 миллиондан зиёдни ташкил этиб, ўттиз мингдан зиёди қўлёзмалар ва нодир нашрлар сақланади. Шундан айримлари хусусида тўхталай.

Кутубхона заҳирасидаги XIII-XIX асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон, Туркистон заминида битилган қўлёзма ва тошбосмалар, XV-XVIII асрларда Ғарбий Оврупода чоп этилган китоб­лар   бетакрор маълумотлар манбаси сифатида муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бир қаторда, фондда сақланаётган Туркистонда илк чоп этилган газета ва журналлар, жумладан, “Туркистон вилоятининг газети” ва 1870 йилдан 1917 йилгача бўлган “Туркистон мат­буоти” тадқиқотчилар томонидан қизиқиб ўрганиладиган манбалар сирасига киради.

Туркистон ўлкасининг тарихи, иқтисо­диёти, этнографияси ва географиясига оид материалларни ўз ичига олган машҳур “Туркистон тўп­лами”, Марказий Осиёнинг 1872 йилгача бўлган тарихи, этнографияси, географияси, иқтисодиёти ва маданиятига бағишланган, 1200 дан ортиқ ноёб фотосуратларни ўз ичига олган “Туркистон альбоми”, X-XI асрлар илм-фанига улкан ҳисса қўшган Шарқнинг буюк мутафаккири ва қомусшунос олими, Бағдоддаги “Байт-ул-ҳикма” (“Донишмандлик уйи”) ислом олий мактаби раҳбари, маърифатпарвар ва давлат арбоби, исломшунос, қонуншунос Абулҳасан Мовардийнинг (973-1058) “Ал-аҳком ас-султониййа ва-л-валоёт ад-диниййа” (“Султонлик ҳукмлари ва диний бошқарув қои­далари”) асари давлатни бошқариш санъатига бағишланади ва мусулмон сиёсий таълимоти бўйича мумтоз асар ҳисобланади. У ўзининг долзарблиги, айниқса, кейинги авлодлар олимлари ишлаб чиққан ҳуқуқий (фиқҳ) назарияларнинг келажакдаги тизимли асосига пойдевор бўлгани билан қадрлидир. Шунингдек, ҳазрат Алишер Навоийнинг сўнгги ижодий намуналаридан бири, ўзбек-форс тилида битилган “Маҳбуб ул-қулуб” (“Қалблар маҳбуби”) асари — қўлёзма хаттот Холиқназар Халифа ибн уста Қурбон томонидан 1239-1824 йилда Фарғонанинг Бешариғида насталиқ хатида кўчирилган ноёб нусха ҳисобланади. Ёки BIBLIOTHEQUE ORIENTALE – Paris: Par la Compagnie des Libraires, M.DC.XCVII (1697) китоби Бартелеми д’Эрблонинг энг машҳур асарларидан бири “Шарқ кутубхонаси” ёки “Универсал луғат” бўлиб, ушбу асарга бутун умрини бағишлаган. Энциклопедияда асосан Шарқ ўлкаларида яшаб, ижод этган олимлар, давлат ва жамоат арбоблари ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган. Бартелеми д’Эрбло де Моленвиль (1625-1695) – франциялик шарқшунос олим, Париж университети профессори, шарқ тиллари ва тарихини фан сифатида ўрганган биринчи овруполик шарқшунослардан ҳисобланади. Zamaxshariy, Abulqosim Mahmud ibn Umar (1075-1144) (Замахшари, Абулькасим Махмуд ибн Умар (1075-1144)нинг “Mukaddamat-ul-adab” — “Муқаддамат-ул-­адаб” (“Адабиётга кириш”) номли қўлёзма асари арабча-форсча луғатдир. Қўлёзманинг кўчирилган вақти 707/1308 йил қайд қилинган. Хаттот ва кўчирилган жой номлари берилмаган. Китобдаги муҳр бўйича қўлёзма Бухоро амирлигининг қозикалони Шарифжон Маҳдум-Садри Зиё кутубхонасида сақланган.

Ёки XVIII асрдаги Баёзда келтирилган лавҳага эътиборни қаратсак.

У 1197 /1879 йилда кўчирилган бўлиб, Баёзнинг 178 (б) варақда дарахт ва унинг шохлари шаклида Мовароуннаҳрнинг фойдали мева ва ўсимликлари: олма, анор, қовун, тарвуз, писта, анжир, бодом, хурмо, узум ва бошқаларнинг номлари келтирилган.

 

— Шу маънода, кутубхоналар ўтмиш, бугун ва келажакни бир-бирига боғлаб турадиган олтин кўприкка ўхшайди. Асрлар мобайнида ундан башарият асраб-авайлаб йиққан, кўз қорачиғида асраган тафаккур жавоҳирларини – маданий меросни олиб ўтади. Тарих тўзонларида ҳавога учган, йўқ бўлиб, бизгача етиб келмаган бебаҳо номоддий бойликларимиз қанча? Буни биз билмаймиз, бироқ мавжудларини асраб-авайлаш ҳаммамизнинг олдимиздаги кўндаланг турган вазифадир…

 

—Тўғри айтасиз. Мамлакатимизда охирги йилларда китобга қизиқиш уйғотиш, оммавий мутолаа маданиятини ривожлантириш, ахборот-кутубхона соҳасини такомиллаштириш бўйича катта ўзгаришлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан соҳани ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарор ва фармойишлар ижроси таъминланмоқда. Жумладан, ахборот-кутубхона соҳасини замонавий умумжаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ислоҳ қилиш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш, ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга эришилди. 2019 йилда аҳолининг барча қатламларига хизмат кўрсатадиган ва универсал фондларга эга 186 та туман, шаҳарда ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилди. Уларда самарали хизмат кўрсатиш, моддий-техника базасини мус­таҳкамлаш, электрон кутубхона жорий этилишини жадаллаштириш орқали аҳолини, айниқса, ёшларни миллий ва жаҳон маданий меросининг бир қисми ҳисобланган ахборот-кутубхона фондларидан фойдаланиш, қизиқиш, мутолаа маданиятини ошириш ва тарғиб қилишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аъзоларимиз сони 2020 йили   ўн етти мингдан ортиқроқ бўлса, 2022 йилга келиб ўттиз етти мингдан ошиб кетди. Ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган аъзоларимиз олтмиш тўрт фоизни ташкил қилади. Хорижлик фуқаролар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Бизда биринчи марта “Ўзбекистондаги ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятининг Миллий модел стандарти” ишлаб чиқилиб, соҳага жорий этилди. Ушбу стандартда белгиланган меъёрлар асосида республиканинг барча туманларида ахборот-кутубхона марказлари биноларини ажратиш, таъмирлаш, жойларда эса янгиларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. 2019-2022 йиллар давомида Наманган, Хоразм, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона марказлари тўлиқ қайта таъмирланди. 2022 йил Мус­тақиллик байрами арафасида Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази биносининг очилиш маросими бўлди. Ҳозирда Бухоро вилоят ахборот-кутубхона марказида қайта таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.

2018 йил 18 сентябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорида эса 250 нафар кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахс­лар яшайдиган туман (шаҳар)ларда янги кўзи ожизлар кутубхонаси филиалларини ташкил этиш кўрсатилган. Шунга биноан, 2020 йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб Нурота ва Хатирчи туманларида ҳам кутубхона филиаллари очилди. Навоий вилоятида кутубхонанинг яна Қизилтепа ва Навбаҳор туманлари филиаллари мавжуд. Вилоят кўзи ожизлар кутубхонасининг китоб жамғармаси 20 600 дан зиёдни ташкил қилади.

Бу кутубхоналарнинг ўзига хос хусусияти шундаки, алоҳида тоифадаги ўқувчилар махсус ахборот тарқатувчи қавариқ нуқтали ҳарфларда босилган ҳолда магнит лентасига ёзилган китоблар ва вақтли матбуот нашрлари, аудио-китоблар, пайпаслаб сезиш ва тинглаб идрок қилиш учун мослаштирилган ахборот етказиш воситаларидан фойдаланади. Китобхонларга тўрт турдаги, яъни брайл ёзувидаги, ясси ҳарфли, аудио ҳамда электрон шаклдаги китоблар орқали хизмат кўрсатилади. 2020 йилдан фойдаланувчиларга кенг қамровли хизмат кўрсатиш мақсадида чекка ҳудудларда яшовчи кўзи ожиз китобхонлар учун 10 та кўчма кутубхона хизмати йўлга қўйилди.

 

— Республикамиз   ахборот-кутубхона соҳасининг халқаро миқёсда нуфузини оширишда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

 

—Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Халқаро кутубхоначилик ассоциациялари ва муассасалари федерацияси (ИФЛА), Евроосиё кутубхоналар Ассамблеяси (БАЕ), Халқаро стандарт китоб рақами (ISBN), Халқаро стандарт серия рақами (ISSN), Кутубхоналар учун электрон ахборот (eIFL) каби халқаро нотижорат ташкилотларга аъзо бўлиб, улар билан узвий ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Айниқса, Ўзбекистонда кутубхоначилик соҳасидаги ислоҳотлар, ташкилотга аъзо муассасалар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Бундай ҳамкорликлар Ўзбекистон кутубхоналари учун жаҳон илмий хорижий базаларга аъзо бўлишга имтиёзлар беради. Биринчи бор кутубхоначилик соҳасида ИФЛА томонидан ташкил қилинган йирик анжуманда Ўзбекистон кутубхоналари номидан иштирок этдим.

Мамлакатимизда охирги беш йилда соҳамизга бўлган эътибор, китоб нашр этиш ва китобхонликни ривожлантиришга қаратилган мамлакат миқёсидаги саъй-ҳаракатлар, эришилган ютуқлар, келажакда қилишимиз зарур бўлган ишларимизнинг режалари билан уч кун давомида хорижий ҳамкасбларга ўз чиқишларим билан етказишга ҳаракат қилдим.

Кутубхоначи касби йўқ, кутубхоначи йўқ, давлатдан уларни ўқитишга маблағ ажратилмайди, китоб йўқ, қоғоз етишмайди деб турган жойда, 2019 йил 4354-сонли Президент қарори билан мамлакатимизда 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларининг ташкил этилгани, уларда 4 мингдан зиёд кутубхоначилар учун штатлар бирлиги ажратилгани, янги кутубхоналар қурилиши билан бирга мавжуд кутубхоналаримизни тўлиқ қайта таъмирланаётгани (Андижон, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Бухоро, Жиззах) таълим муассасалари ахборот-ресурс марказлари замонавий биноларда ва кутубхоначилик жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилаётгани, турли танловлар (Ёш китобхон, Ёш китобхон оила ва бошқа) ва китоб чоп этишнинг суръатлари ортгани (йилига 7-8 минг номда китоб чоп этилмоқда) ҳақидаги чиқишларим ҳамкасбларнинг ҳайратини оширдики, мен учун уч кун савол-жавобларга бой кунлар бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг халқаро фаолиятини ривожлантириш, хорижий кутубхоналар билан дўстона муҳит яратиш, ахборот манбаларини шакллантириш, ахборот ва турли кўринишдаги миллий нашрлар алмашуви, шунингдек, замонавий кутубхона технологияларини ўрганиш ва амалга тадбиқ этиш бўйича тажриба алмашиш йўналишларида ҳамкорлик изчил йўлга қўйилган. 2018-2021 йилларда Беларусь Миллий фанлар академиясининг Якуб Колас номидаги Марказий илмий кутубхонаси,   Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Эрон Ислом Республикаси Миллий кутубхонаси, Қозоғистон Миллий кутубхонаси, Япониянинг Аичи санъат университети, Россия Миллий кутубхонаси, Б.Ельцин номидаги Россия Президент кутубхонаси, Мая­ковский номидаги Санкт-Петербург шаҳар кутубхонаси, Татаристон Миллий кутубхонаси, Корея Миллий кутубхонаси, Тошкентдаги Британия Менежмент университети, Тожикистон Миллий кутубхонаси, Озарбайжон Миллий кутубхонаси ва бошқалар билан ўзаро меморандумлар имзоланиб, ҳамкорликлар ўрнатилди.

Соҳа бўйича Халқаро анжуманларда иштирок этиш, Ўзбекистон ахборот-кутубхона соҳаси ва кутубхоналари ҳақида гапириш, етказиш учун энг яхши, самарали майдон ҳисоб­ланади. Мен 28 йиллик тажрибамдан келиб чиққан ҳолда   кўплаб хорижий мамлакатларда ташкил қилинган илмий конференциялар, ўқув стажировкалари, тақдимотлар, меморандумлар имзолаш маросимларида иштирок этиб келяпман. Жумладан: Франция, Германия, Корея, Туркия, АҚШ, Эрон, Таиланд, Россия, Украина, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва бошқалар.

2020 йил Туркия Президенти девони ҳузуридаги кутубхона очилишида Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этдим.

2020 йил 25 ноябрь куни “Евроосиё кутубхоналар ассамблеяси” (ЕКА) нотижорат ҳамкорлик аъзоларининг XXIV умумий йиғилишида 2020 йил ноябрь– 2024 ноябрь муддатига Евроосиё кутубхоналар ассамблеяси Вице-президенти лавозимига сайландим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида “Миллий умумтаълим электрон кутубхона”си лойиҳаси Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Корея Республикасининг иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (ЭКСИМБАНК) билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади жамоатчиликда электрон ахборот ресурсларидан фойдаланиш даражасини ошириш, ахборот-кутубхона муассасаларини ягона электрон кутубхона тизимига улаш билан бирга, аҳоли билим савиясини ва электрон ресурслардан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, Ўзбекистон таълим тизимида билвосита иштирок этиш, китобхонликни янада кенгайтиришдан иборат.

 

— Бундан беш йил аввал машҳур Лондон китоб ярмаркасида (London Book Fair)яқин келажакда нашриётчилик ишига оид бир қанча башоратлар: босма китоблар нашр этилиши пасайиб, электрон китобларни кўпайиши билдирилганди. Бироқ бу тенденциялар, бугунги кунда ўз ўрнини алмаштирганга ўхшайди, чунки бугун босма китоблар савдоси кўпайган, электрон китобларники эса пасайгандек. Аудиокитоблар ҳақидаги фикрингиз…

 

— Бугун Массачусетс технологик институтининг асосчиларидан бири Николас Негропонтенинг 2010 йилда босма китоблар тақдирига оид: “Босма китоб беш йилдан кейин ўлади” деган “башоратини” дунё кулги ва киноя билан қабул қиляпти. Чунки ҳаёт бунинг аксини исботлади. Электрон китоб босма китобнинг гўркови бўлмади, аксинча, АҚШда босма китоб­лар савдоси тушуми 2014-2017 йилларда 22 фоизга ўсди. 2017 йилнинг бошига босма ва электрон китоблар бозори 75%:25% босма китоблар фойдасига мустаҳкамланди. Бу китоб бозорида электрон китобларнинг бошқа кўринишлари, масалан, аудио китобларнинг мавжудлигига қарамасдан рўй берди. Охирги йилларда эса аудиокитоблар савдоси бирмунча ошди. Кутубхоналардан юзага келган бундай вазиятда, фақатгина, китоб бозорининг ўзгаришларига мослашишлари ва бундай шароитда ўз ўрниларини топишлари талаб этилади. Инглиз олими Чарльз Дарвиннинг айтишича: “Энг кучли ва энг ақлли эмас, балки, ўзгариш­ларга тезда мослаша оладиганлар омон қолади”. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам босма ва электрон китоблар билан биргаликда, аудиокитобларни мутолаа қилувчилар сони ортиб бораётганини айтиш мумкин. Китобхонлар аудиокитобларнинг афзал томонларини ўзларига белгилаб олишган. Бу, асарни узоқ вақт мутолаа қилмасдан, тезда тинглашлари, тежалаётган вақт, очиқ ресурслардан уларни юклаб олишлари — масофанинг йўқлиги. Босма китобдан фарқли ўлароқ, китобхонни вақти учун аудиокитобларга рақиб йўқ. Чунки аудиокитобларни спорт билан шуғулланаётганда, кўчада сайр қилиб юрганида ёки машина ҳайдаётганида, цехда тикув машинасини бошқараётганда, пахта даласида пахта тераётганда ҳам тинглаш мумкин. Авваллари, аудиокитобларни олиш учун дўконларга бориш керак эди, лекин смартфонларнинг яратилиши билан аудиокитобларни харид қилиш фақатгина битта “клик” билан амалга ошириляпти. Интернетда кўплаб аудиокитобларни юклаш ва тинглаш имко­ниятини берувчи ҳаволалар мавжуд. Масалан, “Овозли китоблар” ҳаволасини юклаб олганлар сони бугунги кунда уч миллиондан ортиб кетган.

Москва шаҳрида “Китоб дунёси” йирик китоб дўконида аудиокитоблар билан яқиндан танишганимда, бир муаллифнинг битта асари турли фирмалар томонидан аудиошакли яратилгани ва нархлари ҳам турлича эканини кўрдим. Мижозни ҳамёнига қараб деганларидек, нархларда фарқ бор. Сабабини аудиокитоб билан танишиш жараёнида аниқлагандек бўлдим. Француз адиби Джон Голсуорсининг “Форсайтлар ҳақида” асари асосида яратилган аудиокитобнинг биринчи кўринишида асарни машҳур актёр ва актрисалар, иккинчи кўринишида эса таниқли радио ва телесухандонлар, учинчи кўринишида эса оддий кишилар ўқишгани китоб ҳақидаги маълумотда бор эди. Албатта, нархлардаги фарқга битта бу сабаб бўлмайди, китобни яратишдаги техник талаблар, ташкилий масалалар ва бошқалар ҳам таъсир қилади. Аммо шуниси эътиборлики, китобхон ўз имкониятларидан келиб чиқиб аудиокитобни сотиб олиши мумкин.

Тўғри, ҳали биздаги китоб бозорида аудио­китобларнинг ўрни, фойдаланиш даражаси ва ривожланиш ҳолати ҳақида таққосий фикр билдириш қийин. Лекин, жаҳон ва миллий адабиёт намуналарининг аудиошакли ахборот-кутубхона муассасаларида мутолаа қилинаётгани (АКМлар ҳисоботларида булар акс этган), бир неча йил аввал ҳаётимизга кириб келган ва бугунда ўз ўрнига эга бўлган электрон китоблар каби ўз ўрнини эгаллашига ишонаман.

Ва бунда ахборот-кутубхона муассасаларининг роли катта. Чунки, бугунги кунда китобхонлар қандай асарларни мутолаа қиляпти, қандай асарларга (фан соҳалари, оммабоп ва маълумотнома нашрлар) эҳтиёж бору кутубхонада мавжуд эмас, балки, эҳтиёжи бўлган китоблар нашриётларда чоп этилмаётгандир, ваҳоланки, шундай китоблар мавжуд (Олий таълим муассасаларида фан-соҳалари бўйича илмий нашрлар, монографиялар чоп этилади, лекин катта тиражларда босилмайди), лекин улар ҳақида ахборот-кутубхона муассасалари хабарсиз ва бошқа кўплаб сабабларга жавоб топишда кутубхоналарда ишларни тўғри ташкил қилиш лозим. Кутубхоналарни бугунги кунда ахборот оқимлари, электрон ахборотларнинг улкан массиви, “Катта маълумотлар”, “Ўзаро боғланган маълумотлар” ўраб олгани сир эмас. Электрон ва босма китобнинг рақобати кундек равшан. Аммо хавотирга ўрин йўқ, чунки босма китоб йўқолмайди ва доим барҳаёт бўлади, чунки кўплаб статистик маълумотлар шундан дарак бермоқда.

 

—“Қўлга тушганини эмас, обдон танлаб — саралаб ўқинг. Дид ва тафаккурингизни тарбияланг”, — деган эди ёзувчи Тургенев. Нозик дидли китобхонларимиз бугун кўпроқ қайси асарларни мутолаа қиляпти?

 

— Мутолаа қилиш рейтинги адабиётларга бўлган буюртмалар асосида аниқланади. Натижалар жамланмаси ҳар ой якунида ўтказилади. Фойдаланувчилар орасида бадиий адабиёт ва тилшуносликка оид адабиётларга талаб кучли. Бадиий адабиёт ва тилшунослик соҳаси бўйича буюртмалар, ўзбек ва хорижий ёзувчилар томонидан ёзилган бадиий асарлар таржималари, халқ оғзаки ижодига оид нашрлар 2022 йилда   энг кўп сўралган адабиётлар сифатида эътироф этилди. Танловнинг мутлақ ғолиби сифатида – 2022 йилнинг энг яхши китоби ёзувчи Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асари бўлди.

 

— Суҳбатимиз ниҳоясида дилдаги сўзларингиз…

 

— Адабиёт — маданиятнинг, санъатнинг, маърифатнинг ўзаги. Аниқ фанлар илмнинг улкан намояндаларини етиштириши мумкин, адабиёт эса ҳақиқий ватанпарварларни тарбия­лайди. Мен мана шундай   маърифатли ишнинг фидойиси бўлганимдан фахрланаман.Кутубхонамиз улуғ Алишер Навоий номи билан аталади, умр бўйи кутубхонада зиё мас­канида хизмат қилиб келаяпман. Айниқса, ке­йинги уч йилда   кутубхонамизга оқиб келаётган китобхонларни кўриб, нафақат бизнинг ишхонамиз, балки бутун Ўзбекистон улкан кутубхонага айланганига гувоҳ бўлдим. Кутубхонанинг 200 дан зиёд филиалларимиз томон тинимсиз жўнатилаётган китоб карвонларини ва жаҳон миқёсида ўтказилаётган танловларда ғолиб бўлаётган иқтидорли ёшларни кўриб, Ўзбекис­тондаги олиб борилаётган адолатли, маърифатли ислоҳотларда менинг ҳам иштироким борлигидан қувонаман.

— Шиорингиз?

—“Вақт борида шоҳ асарларни ўқиб қолинг, акс ҳолда, бунга улгурмайсиз!”.

Шарифа Салимова

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × four =