Кўкламлар туғилар кузда…

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ

Муаллиф ҳақида:

Аҳмадали Шерназаров — таниқли журналист ва публицист. Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. Кўп йиллар “Сирдарё ҳақиқати” газетасида ишлаган. 2013 йилдан буён “Халқ сўзи” газетасининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири бўлиб фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби. “Куз баҳори” деб номланган публицистик мақолалар тўплами нашр этилиш арафасида.

 

ЎТКИНЧИ

 

Селлар дарё бўлмайди,

Тошқинлиги ўткинчи.

Еллар бўрон бўлмайди,

Шошқинлиги ўткинчи.

 

Кўкни булут босса ҳам,

Майин ёмғир ёғса ҳам,

Жазирама ёзларнинг

Салқинлиги ўткинчи.

 

Мингта чақмоқ бир бўлиб,

Ёлғиз Ойдек бўлолмас,

Чарақлаган чақиннинг

Ёрқинлиги ўткинчи.

 

“Айланайин” деса-да,

“Ўргилайин” деса-да,

Жигар бўлмас, ётларнинг

Яқинлиги ўткинчи.

 

Кунда ўқиб турмаса,

Халқ ичида юрмаса,

Бундай шоир, оқиннинг

Жўшқинлиги ўткинчи.

 

…Селлар дарё бўлмайди,

Тошқинлиги ўткинчи.

Еллар бўрон бўлмайди,

Шошқинлиги ўткинчи.

 

ЖУРНАЛИСТИКА

 

Туғилибон сўзга эгизак,

Одам Ато замонларида,

Жарчидан то интернетгача,

Оламнинг тўрт томонларида

Кезиб юрар журналистика!

 

Тошбитиклар, газеталар ҳам,

Шаксиз эрур мухбир-муаррих.

Ўтаётган ҳар дақиқадан,

Кундан-тундан — ҳаққоний тарих,

Ёзиб юрар журналистика!

 

Ҳар жабҳадан эрур хабардор,

Ҳатто жумбоқ — фалакиётдан.

Келажакдан муждалар йўллаб,

Шамолдан-да шошқин ҳаётдан

Ўзиб юрар журналистика!

 

Бу соҳада тин олиш йўқдир,

Ҳаракатда ҳар кун, ҳар онда.

Керак бўлса, ҳатто кемасиз,

Хабармакон деган уммонда

Сузиб юрар журналистика!

 

…Шамолдан-да шошқин ҳаётдан

Ўзиб юрар журналистика!

Оламнинг тўрт томонларида

Кезиб юрар журналистика!

 

ТЎЙИНГ МУБОРАК,

ЭЙ, СИРДАРЁ БОБО!

 

Кезар ҳўв қишлоғу кентларинг аро,

Гармсел ўрнида файзли бир сабо.

Олтмишта баҳорда минг боғ яратган,

Тўйинг муборак, эй, Сирдарё бобо!

 

Сенда яшайдилар турфа юртдошим —

Сенда ўн тўрт манзил жамдир, ажабо!

Миллату элатдан гулбоғ яратган,

Тўйинг муборак, эй, Сирдарё бобо!

 

Кузакда полизинг чорлар оламни:

“Қовун сайли” бугун, келинг, марҳабо!”

“Торпедо” қовундан довруқ таратган,

Тўйинг муборак, эй, Сирдарё бобо!

 

Замининг сахий ва боғларинг болли,

Ҳатто шўр еринг ҳам тутар мураббо.

Ясси саҳрода ҳам ризқтоғ яратган,

Тўйинг муборак, эй, Сирдарё бобо!

 

Бағрингдаги мозий — ёғоч Сардоба,

Кўҳна Ховосинг бор, қадимдан садо.

Тарихнинг устига тарих яратган,

Тўйинг муборак, эй, Сирдарё бобо!

 

Олтмиш ёшингда ҳам чеҳранг навқирон,

Ҳар гўшанг ободдир, кўркам-дилрабо.

Гўзалликда ўзин бедоғ яратган,

Тўйинг муборак, эй, Сирдарё бобо!

 

КАПАЛАК

 

Гулдан гулга учиб-қўниб, жон ҳалак,

Кўргани шу: битта гулзор — каталак.

Умри бунча қисқа унинг, эй, фалак,

Ойни кўрмай ўладими капалак?!

 

Қанотлари мисли атлас ё палак,

Бир гўзалки, соҳибжамол у малак.

Севолмайин ё севмайин, эй, фалак,

Тўйин кўрмай ўладими капалак?

 

Чечакларга бўлиб бир бор жамалак,

Яратибон боғлар ичра камалак.

Вақтдан ют, деб одамзодни, эй, фалак,

Огоҳ этиб ўладими капалак?!

 

КУЗ КЎКЛАМИ

 

Нечун сени севмай мисли баҳордек,

Ҳусну малоҳатинг кўкламдан камми?!

Чиройли чеҳрангдан баҳраманд бўлиб,

Сени мадҳ этмасам, мен ҳам одамми?!

 

Ахир, сен — барчадан улуғ ижодкор,

Борлиққа чизасан ранг-чаман — тасвир.

Тусларинг тополмай бўёқларидан,

Қаршингда лол турар қанча мусаввир?!

Кўримсиз юлғундан гулшан яратиб,

Райҳонни сўлдирсанг, бўлмайман хафа.

Негаки биламан, бунда яширин,

Куз баҳори деган ажиб фалсафа!

 

Сунбуланг сувлари бунчалар зилол,

Қувлашмачоқ ўйнар учқур мезонлар.

Яланғоч қолса-да, олтин пойандоз

Тўшар йўлимизга дарахт-мезбонлар.

 

Кунгай қирлардаги майсалар заиф,

Баҳор қайтишидан бермоқда мужда.

Демак, сен кўкликка эмас интиҳо,

Аксинча, кўкламлар туғилар кузда.

 

О, кузим! Гарчи сен қизғалдоқлар-у

Қилмасанг-да ўрик гулларин тортиқ.

Лек ўша яширин баҳоринг учун,

Рости, сени севгум кўкламдан ортиқ.

 

КЎНГИЛНИ КЎНГИЛ ЗАБТ ЭТАР ҲАР ВАҚТ

Жиловланар асов дарёлар,

Тўсса йўлин тошли тўғонлар.

Забт этилар жаҳд-у аҳд билан,

Ҳар қандайин баланд қўрғонлар.

Қодир Эгам қўлласа агар

Ва интилса оқил одамзод,

Дардлар борки, топилур шифо,

Ечилади ҳар бир мушкулот.

Ойга етган учқур қанотлар

Тез орада элтар Марсга ҳам.

Саҳрода ҳам олма ўстириб,

Насиб этса, кўргаймиз баҳам.

Қачонлардир, билмам, қай аср,

Осмонда ҳам шаҳар қурилар.

Тортиш кучин енгганда ақл,

Денгизда ҳам яёв юрилар.

 

Давом этар интилиш шавқи,

Забт этилмай қолмас бор чўққи.

Бир-биридан ғолиб замонга

Етказажак бу замин ўқи.

 

Дахлсиздир биргина макон,

Не довондан ошса-да инсон!

Эгалланмас зар-у куч билан,

Унга кирмоқ эмасдир осон.

 

Азал-абад музаффар ошён,

Кўнгилдир бу, кўринмас қўрғон.

Забт этади кўнгилни кўнгил,

Бундан ўзга ғолиблик ёлғон.

 

ИЗЛАРМАН

Қизим хотирасига

 

Мисли ташна саҳродан гирён,

Меҳрбулоқ кўзин изларман.

 

Из қолдирмас кўчки қумлардан,

Йўқотганим изин изларман.

 

Минг чеҳрадан излаб юзини,

Минг лутфдан сўзин изларман.

 

Тополмайман, топганим сароб,

Мен МEҲРнинг ўзин изларман.

 

Асл меҳр булоғим — Ҳулкар,

Аҳмад Али қизин изларман.

 

Топилмас лек, борки кўз нурим,

Тўхтамайин — бетин изларман.

 

Қиёматда Қодир АЛЛОҲдан

Дийдорига изн изларман.

 

…Мисли ташна саҳрода гирён,

Меҳрбулоқ кўзин изларман.

 

ГУЛЛАБ ҚЎЙСАНГ…

 

Эрта гуллаб қўйди ўрик,

Совуқ уриб, қорда қолди.

Шу орада кимга кимдир

Сирин айтиб, доғда қолди.

 

Ишон, яна келар кўклам,

Ўрик чунон гуллаб берар,

Аммо сиринг гуллаб қўйсанг,

Мевасини душман терар.

 

ТАБИАТ ТАЛҚИНИДАГИ ТАҚРИЗ

I

Довуччадек ғўра шеърлар,

Мол ҳам емас, шўра-шеърлар,

Қизил гапли, тарвуз-шеърлар,

Лойқа сувли ҳовуз-шеърлар,

Ичи бўм-бўш қовоқ-шеърлар,

Таши чала сувоқ-шеърлар,

Ажриқдек тарқоқ шеърлар,

Қуёнюрак, қўрқоқ шеърлар,

Боғни босган ўтлоқ-шеърлар,

Райҳон эмас, янтоқ-шеърлар,

Тўтиқушдек маддоҳ шеърлар,

Туғилибоқ адоқ-шеърлар,

Қора қозон юқи-шеърлар,

Муаллифи… “Жўқи” шеърлар.

 

II

Бийрон тилли, булбул-шеърлар,

Сатрлари сунбул шеърлар,

Синоати анор-шеърлар,

Қуёш каби ёнар шеърлар,

Чўкса кўнгил, қирғоқ-шеърлар,

Мағзи бутун, ёнғоқ-шеърлар,

Таъми тотли анжир-шеърлар,

Печакгулдек занжир-шеърлар,

Қоя мисол мағрур шеърлар,

Шерюракли, масрур шеърлар,

Бургутқанот учқур шеърлар,

Фикран кўкдай чуқур шеърлар,

Ҳақиқатга доир шеърлар,

Эгаси чин шоир — шеърлар!

 

ХИНО ҚЎЙМА, АТИР СEПМА

Сарви гулрў, бирам сулув,

Рухсоринг бор, ўзингники.

Хино қўйма, атир сепма,

Ифоринг бор, ўзингники.

 

Қуёш яшар кўзларингда,

Ҳавас қилма оҳуларга.

Киприк аро ўтли нигоҳ,

Нигоринг бор, ўзингники.

 

Ой юзингга ҳилол ҳайрон,

Ҳасад қилар лолазорлар.

Гул чеҳрангда ҳамишалик

Баҳоринг бор, ўзингники.

 

Қалдирғочлар қайрилманинг

Андозасин сендан олган.

Қошларингни манзил қилган

Дилдорлик бор, ўзингники.

 

Ғунча лабинг бол йиққанми

Субҳидамда шабнамлардан?

Саҳар чоғи гулшанларда

Дийдоринг бор, ўзингники.

 

Ўтса ҳамки қанча баҳор,

Қанча кузлар, ёзу қишлар,

Сени севар Аҳмад Али,

Абгоринг бор, ўзингники.

 

Сарви гулрў, бирам сулув

Рухсоринг бор, ўзингники.

Сурма суртма, атир сепма,

Ифоринг бор, ўзингники.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − nine =