Уюшмага кимлар раҳбарлик қилган, илк аъзолари кимлар бўлган?
Ҳар бир ташкилот, жумладан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг ҳам ташкил этилиши тарихи бор. Мавжуд ҳужжатлар Уюшма 1957 йил август ойида иш бошлаганини кўрсатади.
Уюшмага дастлаб 1957-1962 йилларда таниқли адиб Иброҳим Раҳим, 1962-1987 йилларда Зиёд Есенбаев, 1987-1988 йилларда Собир Қурбонов, 1988-1991 йилларда Аҳмаджон Мухторов, 1991-1996 йилларда Лутфулла Кабиров раислик қилган.
1996 йил Уюшма негизида Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси ташкил этилган. Унга 1997-2004 йиллари Хуршид Дўстмуҳаммад (Аҳмаджон Мелибоев ва Аҳмад Аъзам жамоатчилик асосида) ҳамраис сифатида фаолият юритганлар.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси 2004 йил 26 март куни Тошкентда ўтказилган таъсис конференциясида қайта тузилган. Уюшмага 2004-2014 йиллари таниқли журналистлар Шерзод Ғуломов, сўнгра Иброҳим Ҳалимбеков раҳбарлик қилишган. 2016 йилнинг март ойидан декабргача Ўктам Мирзаёров уюшма раиси вазифасини вақтинча бажариб келган бўлса, 2016 йилдан 2020 йилнинг октябрь ойигача Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Саъдулла Ҳакимов Уюшма раҳбари сифатида самарали меҳнат қилган.
2020 йилнинг октябрь ойидан 2021 йилнинг июнь ойигача Холмурод Салимов уюшмада раҳбар вазифасини бажарган. 2021 йилнинг 4 июнь куни бўлиб ўтган Уюшманинг навбатдан ташқари конференциясида Олимжон Ўсаров унга раис этиб сайланган.
2022 йилнинг декабрь ойида Олимжон Ўсаров бошқа ишга ўтиши муносабати билан Холмурод Салимов Уюшма раиси в.б. этиб сайланган.
Маълумот учун, ўтган 67 йил ичида (Уюшма номи бир неча марта ўзгарган) Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига 11 нафар соҳа фаоллари — устоз журналист ва ижодкорлар раҳбарлик қилишган. Улар орасида Зиёд Есенбаев энг кўп — 25 йил, Шерзод Ғуломов эса 10 йил раислик қилган.
Айни кунда Уюшманинг 2 минг 200 нафарга яқин аъзоси бор. 1957 йил август ойида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси тавсияси асосида етти нафар — “Ўзбекистон хотин-қизлари” журнали муҳаррири Зулфия Исроилова, “Қизил Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Иброҳим Раҳимов, УзТАГ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги) директори Рихси Сахибаев, “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетаси бош муҳаррир ўринбосари Қобилжон Узоқов, “Ўзбекистони сурх” газетаси муҳаррири Абдулла Ҳакимов, “Правда Востока” газетаси муҳаррири Степан Черник ҳамда “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетаси муҳаррири Сотволди Юлдашев Ўзбекистондан биринчилардан бўлиб собиқ иттифоқ яъни СССР Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган.
Холмурод САЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси раиси в.б.