Кўнгиллар обод бўлса…
юртимизда камбағалликка қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айланмоқда
Иймон-эътиқодли, зукко-зиёли, фозил-фузалолар қай маконда кўп бўлса, шу жойнинг мавқеи ҳам бошқача бўлади. Қўқон — ана шундай мўътабар шаҳар. Қўқонликларнинг тавозеси ҳам, диди баландлиги ҳам ўзларига ярашади. Энг муҳими, бу гўша аҳли ота-оналарини, ёши улуғ кексаларни эъзозлаш бобида ҳам анча илгарилаб кетган. Шу боисдан бўлса керак, қўқонликлар нуронийларнинг маслаҳатларини ҳикмат деб қабул қилишади.
Қайси ишнинг бошида ўқимишли, ҳаётий тажрибаси катта, ёши улуғ кексалар турса — бу иш баракотли бўлади. Бугунги кунда мамлакатимизда бўлгани каби Қўқон шаҳрида ҳам камбағалликни камайтириш борасида олиб борилаётган ишлар самара бермоқда. Маълумки, яқинда Президентимиз ташаббуси билан камбағалликни қисқартиришни умуммиллий ҳаракатга айлантириш ғояси илгари сурилди. Бу ғоя замирида беқиёс инфоқ-эҳсон, саховат қилишдек савобли вазифалар турибди.
Аслида, Қўқонда ўзига тўқ оилалар кўп. Шундай бўлса-да, ҳамшаҳарларимиз орасида камбағаллик ёқасига келиб қолган оилалар бор. Республика “Нуроний” жамғармаси Қўқон шаҳар бўлими фаоллари томонидан камбағалликка қарши курашиш режали равишда олиб борилмоқда. Жорий йилнинг шу давригача биргина жамғарма шаҳар бўлими фаоллари саъй-ҳаракати туфайли 140 та оила камбағаллик муаммосидан қутулди. Бир оилада, аслида, уч-тўрт ва ундан ортиқ аъзо бор. Бу оила тақдиридаги ижобий ўзгариш, демак, юзлаб кишиларнинг иқтисодий имкониятлари яхшиланганидан далолатдир. Рўзғори бут экан, хонадон аҳли хотиржам бўлади, болалари бахтиёр ўйнаб кулади. Қорни тўқ, усти бут болаларнинг кўзларидаги қувончга бир нигоҳ ташланг-а!
Камбағалликка қарши курашишнинг яна бир катта ижтимоий аҳамияти бор. Бизга мурожаат қилаётган оилаларнинг айримлари ажрашиш сабабини йўқчилик ва шу туфайли оиладаги жанжаллар деб рўкач қилишмоқда. “Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак” деганларидек, оиланинг хотиржамлиги учун моддий ва маънавий замин керак. Ҳозирги ёшлар аввалгиларига кўп ҳам ўхшамайди: йўқчиликка сабри сустроқ. Оила рўзғорида етишмовчилик сабаби билан ажрашишни ихтиёр қилаётганларга жамғармамиз томонидан тегишли ташкилотларни жалб қилган ҳолда шошилинч равишда иқтисодий кўмак беряпмиз. Ишга яроқли аъзоларини яхши даромадли иш жойи билан таъминлаяпмиз.
Ишончим комилки, Президентимизнинг бу саъй-ҳаракати шарофати билан оилаларда соғлом муҳит шаклланмоқда, келажагимиз умидлари бўлган ёш авлод зориқмай вояга етишлари учун мустаҳкам пойдевор яратилмоқда. Одамлар камбағалликка қарши курашишдек инсонпарварлик сиёсати бошида турган Юртбошимиз ҳаққига дуолар қилишмоқда.
“Оқсоқоллар ва ота-оналар кенгаши”, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари, “Бувижонлар мактаби” фаоллари ва “Маҳалла еттилиги” томонидан уйма-уй юришиб, тарбияси оғир ёшларни тўғри йўлга солишга, адашган, мураккаб вазиятга тушиб қолганларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида ёрдам беришга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Бу ишлар самарали натижа бермоқда. Жорий йил бошидан шу кунгача 122 та оила яраштириб қўйилди. Бу эса юзлаб болаларнинг тирик етим бўлиб, ё ота, ё она дийдоридан маҳрум ҳолда ҳаёт кечиришининг олди олинди, деганидир.
Айниқса, нуроний отахонлар ва мунис онахонлар мактабларда бўлиб, ўқувчилар билан суҳбатлар ўтказишаётганлиги ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ўқувчиларнинг тўлақонли билим олишлари, келажакдаги орзуларининг рўёбга чиқиши, касб-ҳунарли бўлишининг аҳамияти ва энг муҳими, мустақил ҳаётга мустақил фикрлайдиган даражада қадам қўйишларида биз нуронийларнинг улар билан қилаётган ҳар бир мулоқотимиз, албатта, ижобий натижаларни бериши тажрибамизда ўз тасдиғини топди. Бу хайрли ишлардан нуронийларимизнинг ўзлари ҳам завқ олишмоқда, улар жамғармамиз атрофида жипслашмоқда, кўнгиллари ёшариб, ҳаётга муҳаббати ошмоқда. Зеро, буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз ёзганидек:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг
хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса,
обод айлагай.
Манзуржон АБДУЛЛАЕВ,
“Нуроний” жамғармаси
Қўқон шаҳар бўлими раиси.