Куз хаёллари

Куз, нега сенинг хазонрезга тўла боғларингни яхши кўраман экан?.. Сен қалбимга ўзгача руҳ, ўзгача шукуҳ бахш этганинггами ё?.. Кузнинг майин эпкинли шамоллари оқ оралаган сочларимни тўзғитиб, юзларимни сийпалаб ўтди. Гўёки Бойсунтоғ томонлардан онамнинг саломини еткизаётгандек. Энди эса: “Эҳ, шўрпешона йигит, энди онанг йўқ! Мана, биз ҳидини олиб келдик”, дегандек туюлади менга. Юрагим маъюс тортади. Хуш келдинг, дейишга зўрға тилим боради.

Туғилган гўшам Бойсунга кундалик ва бошқа турмуш ташвишлари, иш баҳона боролмаяпман. Чамаси бир йилдан кўпроқ бўлди. Шу вақт ичида не-не азиз инсонлар, маҳалладошлар бу дунёни тарк этишди (Аллоҳ уларни ўз раҳматига олган бўлсин). Онамнинг вафот этганларига ҳам ўн йил бўлди. Худди мана шу октябрь ойида бу оламни тарк этгандилар. Волидамнинг қабри мени кутиб-кутиб мунғайиб қолгандек. “Эҳ, болам-а, мен яхши кўрадиган невараларим ва келинимни олиб келмадинг-а!” — дея ўксинаётгандир онам.

Сершовқин шаҳар, оёғимни қўйвор, турмуш ташвишлари, туғилган маконим — Бойсунимни соғиндим. Хаёллар, хаёллар узоқ-узоқларга етаклаб кетаверади. Гоҳ тоғ ошаман, гоҳ чўлда ёлғиз кезинаман. Бетизгин хаёллар ичида тонг отганини ҳам сезмай қолибман. Хаёл ширин дамларни ёдга солади, аччиқ онларни етаклаб келади, кўксимни алам тирнайди…

Онагинам, наҳот энди сиз йўқсиз, энди ёлғизманми мен?.. Ўтган йиллар бағримдан сизнинг иссиқ тафтингизни олиб кетолмади. Қаерда бўлсам, қалбимда, шууримда бўлдингиз. Аллоҳнинг инояти билан, икки йил илгари Каъбани зиёрат қилиш насиб этди. Ўша жойда ҳам кўз олдимда намоён бўлдингиз. Ҳақингизга кўп-кўп дуолар қилдим. Дунёнинг энг муқаддас жойида қалбида иймони бор одам ўзини унутиб, бутунлай бошқа инсонга айланиб кетаркансан. Бу дунёга нима учун келганингни, нима учун яшаётганингни янада яққолроқ, янада ёрқинроқ ҳис этаркансан киши. Аллоҳга янада яқинроқ бўларкансан. Бу оламда омонат эканлигингни, кимларгадир фақат яхшилик қилиш кераклигини ич-ичингдан ҳис этасан. Бошқача бир инсон бўлиб қайта туғилгандай бўласан. Ҳаёт ташвишлари, турмуш ташвишлари — бариси ўткинчилигини теранроқ англайсан. Бироқ не бўлса-да, инсон то тирик экан, ҳаётга интилиб яшайди. Ёруғ келажакка ишонади, ундан умид қилади. Кузнинг хаёллари мени ана шундай олис-олисларга етаклайди.

Кузда туғилганман. Куз — хазонрезги фасл. Бу фасл менга илҳом беради, ўй-хаёлларга толдиради. Хазонрезги боғларни кезгим келаверади. Бунинг завқи ўзгача-да. Оёғинг остидаги хазонларнинг шитир-шитири, ариқлардаги сувларнинг фаслга монанд сокин жилдираб оқиши киши қалбига ажиб бир туйғу бахш этади. Сен эса азиз умрингдан яна бир йил ўтганини сезиб, куз каби оғирлашасан. Ёшинг улғайган сари ҳаётда эришганинг кўкаламласа, эришмаганинг хазон баргидек тўкилади.

Тизгинсиз хаёллар безовта қилаверади. Хаёллар — чексизлик. Хазонрезги куз онамнинг қабри устига яна ҳар йилгидек ўз баргларини ташлайди. Кузак ёмғирлари ўзининг майин ва эпкин шабадаси билан онамнинг қабрини сийпалайди. Булар ўксик қалбимга бироз таскин берса-да, юрагимга малҳам бўлолмайди.

Илгарилари кап-катта йигит бўлиб қолган ўғлим онасининг тиззасига бошини қўйганча худди ёш боладек эркаланишларидан энсам қотарди. Ҳозир эса унга ҳавасим келади. Унинг ўрнида бўлиб қолиш учун бор-будимни беришга тайёрман. Баъзан она соғинчидан юрак-бағрим тўлиб кетади. Шундай кезларда: “Онангизнинг бағрига отилинг, эй яхши инсонлар, болажонлар!” деб ҳайқиргим келади.

Эҳ, менинг хаёлларимни тўзғитиб, юрагимни тилка-пора қилган хазонрезги куз! Яна кулбам сари келдингми?! Яна эслатдингми болалигимни, онамни?! Яна дардлашаман сен билан… Сени яхши кўраман. Сен билан кўп бора дардлашгим, сирлашгим келади. Эй, менинг қалбимни тирнаган куз эпкинлари! Гўзал ва обод юртимга яна бир бор хуш келдинг!

Иззат АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Муаллиф ҳақида:

Иззат АҲМЕДОВ — 1959 йили Бойсун туманида туғилган. 1987 йил Тошкент давлат университети филология факультетини тугатган. Матбуот соҳасида иш фаолиятини 1984 йилдан бошлаган. Бир қанча газета ва журналларда масъул вазифаларда ишлаган. Ҳозирги кунда “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида етакчи муҳаррир лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида адибнинг “Буюклар муҳаббати”, “Илоҳий муҳаббат”, “Дунё маликалари”, “Монте Кристонинг сирли хазинаси”, “Харобадан чиққан машҳурлар”, “Машҳурлар кулгиси”, “Уммон остидаги дур”, “Телефон қилган балиқ”, “Тожмаҳалдаги муҳаббат” сингари бир қанча тўпламлари чоп этилган. Машҳур инглиз ёзувчиси Агата Кристининг ҳикояларини таржима қилиб, “Ўғирланган миллион доллар”, “Изқувар Пуаро” номи билан чоп этилган. Шунингдек, машҳур грузин ёзувчиси Нодар Думбадзенинг “Ҳисларимни қўзғама” ҳикоялар тўплами, “Қўрқманг, онажон” романини таржима қилиб, ўзбек китобхонларига тақдим қилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − 2 =