“Ғорда андоқ воқе дурур…”

Халқаро Амир Темур жамоат фондининг бу галги амалий фаолиятларидан бири тарихий манзиллар томон сафарга йўналтирилди. Муассаса раҳбари, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али иштирокчиларга аниқ топшириқлар берди. Гарчи режада Тянь-Шань тоғининг Ҳисор тизмасида жойлашган Қашқадарё вилоятидаги ғор ва унинг атрофларини ўрганиш, видеотасвирга олиб, ҳужжатли фильм учун ашё тайёрлаш, шунингдек, тарихий манзилларни кўздан кечириб, уларнинг аҳволи юзасидан жамоатчиликни воқиф қилиш белгиланган ва бу масалада турли-туман ахборотлар етарли бўлса-да, бу сафарнинг зиммасига ҳали кўпчиликнинг назарига илинмаган ёки етарлича талқин-тадқиқ қилинмаган маълумотларни тўплаш, ўрганиш вазифаси юкланди.

— Юртимизнинг ҳар қаричида минглаб тарихий синоатлар яширинган, — дейилди суҳбатда. — Бизнинг вазифамиз уларни шунчаки санаб ўтиш ёки қайд этиш эмас, энди “илдизга назар солиш”, ўтмишнинг мавҳум бўлиб қолаётган сирларини очиш, мозийга теранроқ қарашдир. Шунда юртимизнинг шукуҳи, бўй-басти бутун борлиғи билан тўлароқ намоён бўлиб боради.

Биз сафар давомида бу гаплар айни ҳақиқат эканига такрор-такрор иқрор бўлдик, ишондик. Очиқ эътироф этганда, ҳали ҳам ғофил эканмиз. Бу ҳолнинг қатор сабаблари бор. Айниқса, ҳозирги катта авлоднинг шаклланиш ва мустақил ҳаётга қадам қўйиши қарамлик, ўзлигидан маҳрумлик шароитида ўтгани бизни ўз юртимизга, тарихимизга бепарво қилиб қўйган экан. Ҳатто тилимизни ҳам, дилимизни ҳам бураб ташлаган эканлар. Шоир ёзганди: “Ерни тепма, аста бос қадам, Етар унинг чеккан озори…”. Давоми эса даҳшатли! Аслида, бу тупроқ бизлар авлоди бўлган буюк боболар юрти, улар мангу қўним топган муқаддас замин экан. Давр мафкураси кўзларни басир, кўнгилларни сўқир қилиб қўйган экан. Бугун бундан ярим асрча олдин ўзим дарс берган ўқувчилардан узр сўрайман. Шароит тақозоси, вазият талаби билан ўзингиз яшаган қишлоқ манзаралари, қадамжолари ҳақида буюк Навоий гўзал сатрлар битганини, унинг тарихидан сўзлаганини, муҳташам достонининг бир бўлимини унга бағишлаганини айтмаганман, ҳатто ўзим бу ҳақиқатнинг тагига етмаганман…

…Эрталаб чиққан қуёшни чўққилар елкалаб тургандек туюлар, заррин нурлар қуршовида маҳобатли дара ғубор ичида кўзга ташланарди. Шууримизнинг уйғонгани бу канъон (замонавий тилда) Шерлар қалъаси деб аталиши ва унда Амир Темур ғори борлигини идрок этиш билан бошланган, десам бўлади. Болалик хаёллари чексизликка ундайди, узоқ кутилган йиллар кетма-кет ўтади ҳамда ана шу сирли масканга қадам қўйилади ва у бутунлай ўзига боғлаб олади.

Яхши эслайман, ўқувчилик йилларим ўша пайт жуда оммабоп бўлган “Фан ва турмуш” журналида Қарши давлат педагогика институтининг ўқитувчиси Абдулла Маматовнинг Амир Темур ғорига саёҳат ҳақидаги мақоласи чиқди. Унда ғорнинг чизмаси ҳам эълон қилинган эди. Бу қишлоқда чинакам пўртанани юзага келтирганди. Содда, хокисор одамлар бизлар яшаб турган жойларимиз ҳақида ҳам ёзиш, миллионлаб одамларга маълум қилиш мумкинлигидан ҳаяжонланишарди, журнал қўлма-қўл бўлиб кетган, ўқимаган ёки кўрмаган одам қолмаган эди.

Ҳолбуки, Х асрдаёқ Муҳаммад Абубакир Наршахий “Тарихи Бухоро” асарида эътиборли манзиллар қаторида ушбу ғорни ҳам қайд этган экан. Асарга киритилган Иброҳим ас-Сулийнинг “Ахбори Муқанна” асарида бу жойлар юзасидан маълумот берилгани аниқ. Ушбу далиллар оммадан сир тутилган, фақат тор доирадаги зиёлиларгина узуқ-юлуқ маълумотга эга бўлганлар.

Абдулла Ориповнинг “Қасам дара” (1964 йил) деган 73 сатрдан иборат гўзал манзумаси бор. Мухлисларга асарнинг мазмуни таниш бўлиши мумкин, лекин ундаги бетакрор тасвирлар ана шу жойлардан олинганга ўхшайди:

Қасам дара гувиллайди маст,

Гувиллайди туби йўқ макон.

Кўкдан унга кўринар фақат

Митти юлдуз ва парча осмон.

Атрофида қоқ қоя тошлар

Журъат билан термилади лол.

Бир кўрай деб зина тарашлар

Қояларга тирмашиб ҳилол…

Бугун Қамаши туманидаги машҳур Лангар ота зиёратгоҳи жойлашган қишлоқ орқали ўтувчи машина йўлидан ғор саёҳатига борган ишқибозлар худди шундай манзарага гувоҳ бўладилар. Машина йўли борган сўнгги нуқтадан ғорнинг оғзи кўринади ва қуйида улкан дара — Қалъаи шерон ҳамда тоғ дарёси гувлаб турибди. Ёш йигит (23 ёш), бўлажак буюк шоир Абдулла Орипов бу жойларнинг соҳир манзараларини кўриб, шеърига илҳом олган.

Шунингдек, Абдулла ака бир шеърида жиндай қимтиниб:

Минг йиллик тарихинг сўзлар, эҳтимол,

Ҳисор бошидаги Муқанна (?!) ғори —

деб ҳам ёзган эди (албатта, бу далилларнинг тафсилотлари қўшимча тадқиқотларни талаб этади).

Ҳеч қандай тадқиқотларсиз қўлдаги нақд далил эса шуки, Алишер Навоий ҳазратлари шоҳ асари “Хамса”нинг тўртинчи достони “Сабъаи сайёр”да бир ҳикоят келтирадилар. Албатта, мухлисларга достоннинг мазмуни, тузилиши маълум, шоҳ Баҳром ҳафтанинг учинчи — душанба куни яшил қасрда яшил либос кийиб, учинчи иқлим йўлидан келтирилган мусофир билан суҳбат қуради. Шартга мувофиқ, теран мазмунли, ибратли бирор воқеа сўзланиши лозим эди. Достоннинг “Учунчи иқлим йўлидан кетурган мусофир айтқон афсона” деб номланган 25-бўлими шу мусоҳабага бағишланган.

Мусофир Миср юртидан гап бошлайди, унинг хожасини таърифлайди (10 сатр) ва ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган шоҳнинг ўзидан ҳам юксак табиатли, лекин ота молига қизиқмайдиган, турли илмларни ўрганиш билан шуғулланадиган Саъд исмли ўғли борлигини баён этиб, ҳикоятини бошлайди. Саъд бир меҳмонхона очиб, унда ўтган-қайтганларни кутиб олиб, хизматини қилар, улардан савол сўраб, илмларини бойитар эди (18 сатр). Бир кун яшил либос кийган икки мусофир унинг меҳмони бўлди. Улар Шаҳрисабз (Кеш)дан эдилар ва Саъд улардан кўрган-билганларидан сўзлашни сўрайди. Шунда бири:

Бор дурур тоғ ичинда бир кишвар,

Кишвар аҳли отин дебон Китвар.

Анда бутхонае дурур олий,

Рифъат ичра сипеҳр тимсоли —

деб гап бошлайди. Бутхона таърифланади ва унинг синоати баён этилади. Кимки унга етиб, кўзи уйқуга борса, туш кўради ва бу туши унинг тақдирини аён этади. Тушнинг таъбирини эса фақат бир пир айта олади.

Шундан кейин саргузашт бошланади, шаҳзода Саъд ўз толеини синаб кўришга аҳд қилади. Отаси анча қаршилик кўрсатса ҳам, сафар тадориги кўрилади:

Ишчилар ўн кун этди жаҳду шитоб,

Токи бўлди мураттаб ул асбоб…

Тўрт юз қул камар ба зар бори,

Лаълу дурдин безаб камар бори.

Сафар ўтган йўллар таърифланади ва Саъд манзилга етади. Ҳақиқатан, сирли туш кўради, энди пирни топиш керак эди. Яхшиси, Ҳазратнинг ўз сўзларини ўқийлик:

Саъд бўлди алар била ҳамроҳ.

Бошладилар йўл икки кор огоҳ.

Қилдилар азм куҳсор сори,

Тоғ аро бир қоронғи ғор сори.

Ғор аро кирдилар ҳарос била,

Раҳрави икки раҳшунос била.

Кўрдилар ғор ичинда айвони,

Кўҳкан тешаси қозиб они…

Буюк қалам билан чизилган ушбу тасвирларни ўқиб, бу гўшага қадам қўйган миллионларнинг кўз олдида таниш манзаралар гавдаланаётган бўлса, ажаб эмас. “Айвони…” — бу жойда қанчалаб табиат ва тарих ишқибозлари тунашгани рост. Унинг синоатлари — нишабликдан тахлаб чиқилган тош пойдевор, айвон (супа)даги олов қолдиқлари-ю ёғоч устунлар ўринлари қанчалик қадимий тарихдан сўзлайди?

Буюк шоирни булардан бошқа бир синоат ҳайратлантиради:

Гўшада муътакиф дейилган пир,

Халқдин ғор ичинда узлатгир.

Жавҳари жисми тийра кон ичра,

Олами мухтасар макон ичра.

Жисми ошуфта сочи ичра ниҳон,

Ўйлаким, тун саводи ичра жаҳон.

Узлатга чекинган бу зот ким эди? Маълумки, тарихимизда олам асрорини кашф этиб, йиллар эмас, асрлар ройишини башорат қилиб берган буюк нодир зотлар кўп бўлган. Балки шу азизлардан бири бу ғорда макон тутгандир? Шундай:

Кўнгли ичра улум пинҳоний,

Кон ичинда жавоҳир кони.

Наҳотки бу гўшалар нодир ҳикмат соҳибларига макон бўлган; азалдан бу жойларнинг сеҳри-гўзаллиги уларни чорлаганми ёки азбаройи уларнинг пойи-қадами теккач, бу жойлар мўътабар бўлганми? Мана, бу зотнинг сийрати ва сурати:

Фош ҳикмат шукуҳи зотидин,

Етти юз йил ўтиб ҳаётидин.

Не жаҳондин анга умед, на бийм,

Деб отин халқ Пайлақус ҳаким…

Шундан кейин айвонда мароқли ва сирли суҳбат бошланади. Пир бу юртларга бир назаркарда улуғ зот қадам босишини юз йиллардан бери кутаётган, уни дуо қилиб, эл-юртга эмну омонликни пойдор қилиш учун яшаётган эди. Пайлақус (Файлақус) ҳаким аввал ўз ҳаётини сўзлаб беради, ўзи ҳам шундай асрорга дуч бўлганини айтади:

Кимки бу дайр аро гузар солди,

Тушдан анинг балосига қолди…

Унга бу кун воқе бўлганини, юз йилдан буён уни кутаётганини маълум қилади.

Достон мазмуни шундан кейин ўз маромида давом этади. Пир Саъднинг туши таъбирини айтади, қаршисида хатарлар борлигини, уларни тадбир билан бартараф этиш сирларини, қалъани эгаллаш ва малика жамолига эришиш йўлларини ўргатади. Насиҳатларга амал қилган Саъд мақсадига эришади. Шаҳрисабз юртида фаровон замон бошланади.

Бу ҳикоятдан Баҳром масрур ва хурсанд бўлади.

Албатта, шартлилик ва тагмаъноларга бой бўлган мумтоз адабиётимиз намуналарида жо қилинган мантиқларни англаш учун чуқур билим керак. Биз кўрган нашр (Ўн беш томлик. 9-том. 1966 йил) да асар қай ҳолда нашр қилинган, одатдагидек, қисқаришлар бўлганми-йўқми (ҳикоят 418 байтдан иборат), лекин шу ҳолда ҳам қатор саволлар кўндаланг бўлади: Китвар деган кишвар қаерда, “Жомоспнома” қандай китоб:

(Деди: “Жомоспном” арқомин,

Назар айлаб, ўқиғин аҳкомин.

Ки ёзубдур бу қиссани бир-бир,

Ки, тушунгга не наъвдур тадбир…),

Файлақус ҳаким тарихий шахсми ёки тўқима тимсолми? Бутхона ҳақида гап боради, унда не сир бор? (Мулоҳаза сифатида бир фикрни ўртага ташлаш хато бўлмас: Саъднинг ғорга бориш йўли мабодо шу ҳудудлардан ўтган бўлса, ҳозирги Қамаши туманининг Қизилтом қишлоғи яқинида катта ибодатхонанинг ўрни мавжуд, у оташгоҳ ҳам, бутхона ҳам бўлиши мумкин). Бундай саволлар тахминлар қатори давом этади.

Шунингдек, буюк шоир юз йиллик муддатни тилга олиб, ўзининг давридан юз йиллик олдинги йилларга, хусусан, Соҳибқирон Амир Темурнинг дунёга келишига ишора қилмаяптими? Ахир Кеш (Шаҳрисабз)нинг қаламга олинишида ҳам бир синоат бордир… Хуллас, замирида бундай нозик маънолар юкланган фасоҳатли ўринлар, жумбоқлар кўп. Энг асосийси эса даҳо шоир Алишер Навоийнинг эътибори…

Ғорнинг Амир Темурга нисбат берилиши, даранинг Қалъаи шерон (Шерлар қалъаси) деб юритилиши ҳам бежиз эмас, бу топоним неча асрлар давомида халқ тилида ва дилида сақланган. Уни ёзганини қайта ўқиса ўзи ҳам тушунмайдиган тарихчилардан бири “Амир Темурга дахли йўқ”, дебди. “Кўргансизми?” дейишса, “Биз борганда қиш эди, узоқдан кўрганман”, дермиш. Ҳолбуки, қишда 25-30 чақиримдан ҳам уни илғаш қийин. Бирор аниқ далилга таянмай, бундай асоссиз хулосалардан қочиш керак, чунки халқ хотираси абадий ва дахлсиз. Тарихан ҳам Соҳибқироннинг ўсмирлик, болалик йиллари шу ҳудудларда ўтганлигини тасдиқлайдиган Аррафот тизмаси, Мирза ўланг, Шоюрти, Чўянли дараси, Хонақа, Бобошоди… сингари жойлар кўп.

Ана шундай синоатларга тўла бўлган маскан доимо ишқибозларни ўзига жалб қилиб келган. Дунёнинг турли нуқталаридан турли мақсадларда унга ташриф буюрувчилар қадами узилмаган. Айни кунларда ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, бу масканга 2 кунлик (бошланғич нархи 170 АҚШ долларидан), 3 кунлик (2 860 минг сўмдан) саёҳатларга чорловчи эълонларга дуч келасиз. Буларни кимлар уюштираяпти, бирор давлат ташкилотининг хабари борми, деб ўйланиб қоласиз. Чунки атроф-теварак чиқиндига тўлиб кетган, табиат пайҳон қилинган, ишқибозлар кўнгиллари сиққанча номаъқулчилик қилишган. Сафар иштирокчилари бу ҳолларни ўз кўзлари билан кўрдилар, бундай хўжасизликдан кўнгиллари вайрон бўлди. Ахир табиатнинг нодир гўшаси, тарихимизнинг жонли гувоҳлари бўлган бундай табаррук жойларни асраб-авайлаш керак эмасми? Ўлкамизда ҳазрат Навоий васф этган яна қандай жойлар бор, уларнинг харитаси тузилганми? Амир Темур номининг ўзи ҳар қанча асраб-ардоқлашга асос бўлади-ку. Бундай жойлар давлат муҳофазасига олиниши, миллий қўриқхоналар сифатида алоҳида мақом касб этиши дунё тажрибасида маълум.

Ғорга дарё бўйлаб олиб борадиган йўл манзараларини тасвирга тушириб, табиат гўзаллигидан олам-олам завқ туйган экспедиция қатнашчилари одамларнинг бундай муносабатидан изтиробга тушиб, дарё бўйидаги омонат қароргоҳда туни билан ухлолмай чиқдилар. Бундай табаррук масканларга нисбатан бефарқлик кечирилмас ҳолатдир. Йиллар ўтган сари унинг гўзаллиги хира тортиб, таровати йўқолиб бораётганини, табиат қашшоқлашиб қолаётганини кўриб турибмиз. Туризмнинг олтин ҳалқасига киришга лойиқ бундай ўхшаши йўқ гўшалар ҳар биримизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Энди бу жойларни паноҳимизга олайлик… Экспедициядан чиқарган энг катта хулосамиз шу бўлди.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 8 =