Рафаэль НЕКТАЛОВ: Бағрикенглик ва ўзаро тотувликни қадрлайман

Ўзбекистондаги амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни мунтазам кузатиб бораман. Бу галги парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларда фуқаролар янада фаол қатнашиб, умумий сайловчиларнинг 74,72 фоизи овоз беришда иштирок этганлиги эътиборга молик. Айниқса, хотин-қизларнинг давлат ва жамиятдаги, сиёсий жараёнлардаги фаоллиги ошганлиги мени қувонтирди. Парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайланган хотин-қизларнинг сафи аввалги йилларга қараганда янада кенгайганини, гендер квоталари оширилганини олқишламоқ жоиз.

Америкада яшасам-да, асли Ватаним Ўзбекистон. Самарқандда туғилганман. Умримнинг ярми шу юртда ўтган. Шу боис Ўзбекистонни жуда яхши кўраман. Туғилган юртимни қўмсаб доим юрагим Ватан соғинчи туфайли унга талпиниб тураверади. Ўзбекистоннинг жонажон кўчаларида, гўзал шаҳарларида юриб, у жойлардаги ободлик ва фаровонликни кўриб завқланаман. Авваллари ҳам халқаро кузатувчи сифатида Ўзбекистонга кўп келганман. Бу галги сафарим ҳам жуда салмоқли бўлди. Қўқон, Андижон, Фарғона шаҳарларида, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида бўлдим.

Қўқонда Янги Ўзбекистоннинг янги олий ўқув юртларидаги халқаро андозалар даражасидаги замонавий шарт-шароитларни кўриб ҳайратландим. Талабаларга билим бериш жараёнларида эски қолиплардан воз кечилибди. Ўғил-қизлар таълим жараёнларига ижодий ёндашувлар асосида жалб этилибди.

Самарқандда 27 октябрь — сайлов куни бир нечта сайлов нуқталарида бўлиб, овоз бериш жараёнларини кузатдим. Самарқанд шаҳридаги 8-мактабдан илиқ таассуротлар билан қайтдим. Бундан беш йил аввал парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида шу мактабда бўлиб, айрим камчиликлар ҳақида фикр-мулоҳазаларимни билдирган эдим. Улар ўша камчиликларни бартараф этганини кўриб қувондим.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, давлатлараро ҳамдўстлик борасидаги сиёсатини тўла қўллаб-қувватлайман. Айниқса, қўшни давлатлар билан чегаралар очилганлигини, чегаралардаги чиқиш-кириш борасидаги тартиб-қоидаларнинг соддалашганлигини, турли расмиятчиликлар бартараф этилганлигини, савдо ва маданий алоқалар мустаҳкамланганлигини алоҳида эътироф этмоқ керак.

Ўзбек халқи донолик билан иш тутадиган, меҳмонларга ҳаёт гўзалликларини кўрсатиб, ўзлари ҳам завқланадиган элдир.

Журналист бўлганим боис  айрим мулоҳазаларимни билдирмоқчиман. Қаерга бормайлик, “Сайлов участкаси” деган ёзувга кўзимиз тушди. Ахир “участка” сўзининг ўзбекча муқобилини топиб юритилса бўлмайдими? “Участка” сўзи ўзбекча каломга умуман тўғри келмайди-ку!

Кўнгилни хира қиладиган яна бир манзара. Жойларда катта-катта дарахтлар, қадим чинорлар қуриб қолибди. Ёшлигимизда шундай чинорлар тагида ўтирганларимиз ёдимга тушиб, тўғриси, хафа бўлдим.

Ўзбекистон — бағрикенгликни қадрлайдиган, барча миллатлар тинч-тотув яшаши кафолатланган ўлка. Қаерга борсам, мени худди туғишган ўз инисидек кутиб олишди. Бундай ажойиб юртни севмай, соғинмай бўладими?! Ўзбекистон — менинг ҳам асл Ватаним. Унинг ҳар бир ютуғи, муваффақиятидан қувонаман. Куни кеча бўлиб ўтган сайловларнинг уюшқоқлик билан ўтказилгани ҳавас қиларли кечди. Бу ютуқ билан барча ватандошларимизни қутлайман.

Рафаэль НЕКТАЛОВ,

халқаро кузатувчи,

THE BUKHARIAN TIMES

газетаси бош муҳаррири (АҚШ)

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + eight =