Тил — тирик организм
у ҳам худди инсон вужудидек парваришга, диққат-эътиборга муҳтож
21 октябрь — ўзбек тили байрами куни
Ёқимли ва мукаммал нутқ инсоннинг ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган маънавий бойлиги, жавоҳирлар тўла сандиғи ҳисобланади. Яхши сўз, яхши хабардан кўнглимиз қувонади, хурсанд бўламиз, дилимиз яйрайди. Шу боисдан ҳам халқимизда тил, талаффуз маданиятига эътибор бериш, ҳар сўз, ҳар жумлани ўйлаб гапириш, фикрни қисқа сўзлаб ифодалаш, муомала одобига ҳамиша риоя қилиш хусусида кўплаб ҳикматлар мавжуд. Инсоннинг нутқи шундай сирли хилқатки, унда сўзловчининг қалби, ички дунёси, таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи ўз аксини топади.
“Эй ўғил-қизларим, тилга эҳтиёт бўлинглар! Киши дилини оғритадиган, кўнглини қолдирадиган, иззат-нафсига тегадиган, ор-номуси, шаънини оёқ ости қиладиган сўзлардан нари бўлинглар. Тилдан етган озор найза озоридан ёмон”, деб уқтиришади улуғ устозлар.
Кайковуснинг машҳур “Қобуснома” асарида нутқ ва муомала одобига алоҳида эътибор берилган. Асарнинг еттинчи бобида қуйидагиларни ўқиймиз: “Эй фарзанд, токи қила олсанг (яъни, қўлингдан келса), сўз эшитмакдин қочмағилким, киши сўз эшитмак била сухангўйлик ҳосил қилур… Ёлғон ва беҳуда сўз айтмак девоналикнинг бир қисмидур. Ҳар кишига сўз айтар бўлсанг, қарағил, у сенинг сўзингга харидорму ёки харидор эмасму? Агарда уни сўзингга харидор топсанг, унга сўзингни сотғил. Йўқ эрса, ул сўзни қўйиб, шундоқ сўз дегилким, унга хуш келсин ва сенинг сўзингга харидор бўлсин”.
Кайковус одамларни тўрт тоифага бўлади: “Бири улким, билур ва билғонини ҳам билур. Ул олимдур, унга тобе бўлмоқ керакдур. Бири улдурким, билмас ва билмағонини билур, ул қобилдур, унга ўргатмок керак. Бири улдурким, билур, аммо билғонин билмас, ул уйқудадур, уни бедор қилмоқ керакдур. Бири улдурким, билмас, бу қусуридан бехабар, у жоҳилдур, ундан қочмоқ керак”.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билик” асарида тил одоби, яъни ўқиш ва билим олишда тилнинг аҳамияти, қисқа ва мазмунли сўзлаш, тилга ортиқча эрк бермаслик хусусида қуйидагилар баён қилинади: “Тил ақл ва билимнинг таржимонидир. Билки, кишини нуроний қилувчи восита очиқ ва мазмундор тилидир…. Тил кишини иззатли қилади, киши тили билан бахтли бўлади. Тил мисоли арслондир, қара, у сени доим эшик олдида пойлаб ётади. Эй, мағрур уй хўжаси, ҳушёр бўлки, агар тилингга ортиқча эрк берсанг — ўйламасдан сўзласанг, бу арслон бир кун эмас, бир кун бошингни ейди…”
Абу Райҳон Берунийнинг фикрича, тил — сўзловчи истагини эшитгувчига етказувчи таржимондир. Улуғ мутафаккир Алишер Навоий тилни инсонни ҳайвондан ажратувчи “гавҳари шариф”га ўхшатади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг ушбу сўзлари ҳам айни ҳақиқат: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти унинг тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Она тилимиз, ундаги ноёб сўз ва иборалар, ҳикматлар, мақол ва маталлар асрлар давомида жуда катта ҳаётий тажриба асосида шаклланган, тўпланган ва сайқал топган бўлиб, бу ноёб хазина, биз, биздан кейинги авлодлар учун ноёб мерос ҳисобланади. Бу хазинадан баҳраманд бўлган буюк аждодларимиз ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари мутафаккирлар дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшдилар, айни чоғда, ўзларининг буюк асарлари, илм-маърифатлари билан бу хазинани кенг кўламда бойитиб, мақомини баланд кўтардилар.
Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган турмуш тарзи, орзу-умидлари, зулм ва истибдодга қарши курашлари, шу билан бирга, эзгу инсоний фазилатлари, бағрикенглиги, мард ва тантилиги, ҳақсўз ва меҳнатсеварлиги сон-саноқсиз мақол ва маталларда, ҳикматли ривоятларда ўз ифодасини топган. Шу боисдан ҳам, тилга эътибор, уни миллий бойлик сифатида севиб-ардоқлаш, бойитиш, келажак наслларга шарафли таровати, завқ-шавқи, хазина янглиғ маъно салмоғи билан етказиш бизнинг аждодлар руҳи олдидаги маънавий бурчимиз ҳисобланади. Бу бурчни тушунмай ёки бепарволигимиз оқибатида тил хазинамизга етказилаётган озорларни англамасак, оғзаки ва ёзма нутқнинг ўзига хос талабларини бир-бирига қориштириб ташласак, тузатиш қийин бўлган жиддий хатога йўл қўямиз. Фақат боланинг эмас, катталарнинг ҳам “қотиб” қолган тилини ўнглашнинг иложи йўқ.
Тил шундай бир боғки, ундаги ҳар бир ниҳол, ҳар бир ғунчанинг ўз ўрни бор, борди-ю, улардан бири эътиборсиз қолса, боғнинг кўркига путур етади, таровати сусаяди. Ҳикматли сўзлар, мақол ва маталлар, ривоят ва ҳикоятлар орқали биз узоқ ўтмишга хаёлан назар ташлаймиз, халқимиз босиб ўтган машаққатли йўлдан хабардор бўламиз. Шу маънода, тилни бугунги кунни олис ўтмиш билан боғловчи маънавий кўприкка қиёслаш мумкин. Бу кўприк бизни янги эзгу амалларга даъват этади. “Тилини асраган эл бой бўлади, уни йўқотган эл эса йўлидан, ўзлигидан адашади”, деганларидек, тил бойлигимизни ўзлигимизни йўқотмаслик учун ҳам асрашимиз лозим.
Собиқ тузум шароитида тилимиз кўп жиҳатдан таназзулга юз тутди. Она тилига эътибор сусайди, неча асрлар давомида халқимизга маънавий ҳамроҳ, нажот воситаси бўлиб келган ўзбек тили асоссиз камситилди. 1989 йилнинг 19 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Кенгашнинг навбатдаги сессиясида мамлакатимизда ўзбек тили давлат тили деб расман эълон қилинди. Конституциямизда давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгилаб қўйилди, яъни ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси каби муқаддас тимсоллардан бирига айланди.
Бу, шубҳасиз, катта ғалаба эди. Аммо узоқ йиллар давомида тилимизга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш осон бўлгани йўқ. Бу борада ўтган йиллар ичида эътиборга молик ишлар қилинди, она тилимизнинг қадди-басти, нуфузи тикланди, илмий-тадқиқот ишлари, ёзишмалар ўзбек тилида олиб бориладиган бўлди. Бироқ, бу жараён гоҳ изчил, гоҳ суст давом этаётгани, хусусан, янги алифбони мукаммаллаштириш ва амалиётга жорий этиш якунига етмаётганини ҳам қайд этиш зарур. Бугун Олий ўқув юртлари талабалари, ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ёзган баён ва иншоларда ҳар икки алифбо қоидаларига амал қилмаслик кўзга ташланади. Бу ҳолатни расмий идоралар, корхона ва ташкилотлардан келаётган хатларда ҳам кўриш мумкин. Бундан кўринадики, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган тил бойлигимизнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини ошириш устида доимий ишлашимиз зарур. Айниқса, фундаментал фанлар, замонавий коммуникация ва ахборот технологиялари, банк-молия, соғлиқни сақлаш тизимлари каби ўта муҳим соҳаларда она тилимизнинг қўлланиши доирасини кенгайтириш, этимологик ва қиёсий луғатлар нашр этишни давом эттириш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш зарур.
Дунёвий тараққиётнинг бугунги илмий-техник даражаси ҳар қандай мукаммал тилни ҳам янги сўз, ибора ва тушунчалар билан муттасил бойитиб боришни тақозо этади. Тилшунос олимлар тилни фақат ўтмишга қараб эмас, шу билан бирга (!) бугунга ва келажакка ҳам қараб бойитиш зарурлигини уқтирадилар. Бу вазифани бажариш учун амалга оширилаётган ишларнинг салмоғи муттасил ошиб бориши зарур. Негаки, тилимиз, тарихимиз, маданият ва санъатимиз, истиқлол йилларида эришаётган ютуқларимиз, мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги бугунги ўрнига қизиқиш кун сайин кучайиб бормоқда, ўзбек кураши билан боғлиқ иборалар жаҳонда мағрур янграётгани, кўплаб хорижий олий ўқув юртлари, илмий-маданий муассасаларда ўзбек тили, адабиёти ва санъатини ўрганувчи гуруҳлар пайдо бўлаётгани, биз билан ижодий, маданий ҳамкорлик қилишга истак билдираётганларнинг сафи ортаётгани фикримизга далил бўла олади. Атоқли адиб Чингиз Айтматов асарлари боис, дунё мамлакатларида қирғиз тилини, Ўлжас Сулаймонов ижоди боис қозоқ тили ва тарихини ўрганишга қизиқиш юзага келди. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари, Одил Ёқубов романлари, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмон шеърияти ҳам шундай юксак мақомга эришди.
Бу — қувонарли ҳол, албатта. Аммо… узоқда туриб, тилимизни ўрганувчилар имло ва грамматика қоидаларига қатъий риоя қилаётган бир пайтда биз ўз еримизда бу қоидаларни бузиб, пайҳонлаётганимиз бағоят ачинарлидир.
Бунга асло бефарқ қараб бўлмайди. Буни телекўрсатувларда, радио эшиттиришларда, саёздан-саёз сериалларда, айниқса, қўшиқчиликда маълум ҳудуд доирасида ишлатиладиган шева тобора кўпроқ учраётганида, адабий сўзлар, иборалар қолиб, шевада сўзлаш замонавийлик белгиси сифатида намоён бўлаётганида кўриш мумкин.
Яна бир қусур кўчаларимизда имло қоидаларига риоя қилинмай ёзилган эълон, савдо-тижорат рекламалари, телевидениеда “қўлбола” дори воситаларига доир тинимсиз берилаётган, бир кўрсатувда ўндан ортиқ марта такрорланаётган маза-матрасиз матнларда кўзга ташланади. “Отопительные системы” жумласини ўзбек тилига “Иссиқ қилиш” деб ўгирган нўноқ таржимон, тоғ ёнбағрида бошига қандай ёлғонлар тушишидан бехабар бир гиёҳ телереклама орқали хос йигирмадан ортиқ ўта оғир дардларга даво бўлишини оғиз тўлдириб айтаётган табиб, афтидан, Ғаззолийнинг “Тил офатлари” китобини ўқимаган ва бу алломанинг қуйидаги сўзларидан бехабар бўлса керак: “Инсонга энг итоатсиз аъзо тилдир. Чунки бу суяксиз аъзонинг осонгина ҳаракатга келиши, ҳеч бир машаққатсиз югуриклиги кутилмаган оқибатларга сабаб бўлади”.
Тил — тирик организм, у ҳам худди инсон вужудидек парваришга, диққат-эътиборга муҳтож. Тўғри парваришланган ниҳол эрта мевага киргани каби, тилга эътибор ҳам янги авлод тарбиясида, албатта, ўзининг сермаъно ва салмоқли самарасини беради.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири.