Эзгулик куйчиси

Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз таваллудига  200 йил тўлди

Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари азалдан дўстлик ва биродарлик ришталари билан боғланган. Қорақалпоқ адабиёти нафақат бой адабий меросга, балки олис тарихга ҳам эгадир. Ажиниёз қорақалпоқ элининг буюк фарзанди ва тенгсиз сўз заргари эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 июлдаги “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 19 ноябрь куни пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида тантанали адабий кеча бўлиб ўтди.

Тадбирда қорақалпоқ адабиёти вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, ёзувчи ва шоирлар, адабиёт ихлосмандлари, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Адабий кечанинг кириш қисмида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбой Каримов икки халқнинг шоири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудига бағишланган тадбир дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашини эътироф этиб, улкан адабий мерос, адиб ижодидаги ўзига хослик каби мавзуларга алоҳида тўхталдилар. Хусусан, М.Ҳожиматов қардош шоир адабий мероси ва унинг ўзбек адабий муҳитидаги ўрни ҳақида алоҳида сўз юритди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қўмита раиси Мурат Атамуратов ҳам ўз сўзи билан чиқиш қилиб, қорақалпоқ адабиётининг ўрганилиши юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Ажиниёз Қўсибой ўғли — умрини халқ ва миллат билан боғлаган. Хивадаги Шерғозихон ва Қутлимурод Иноқ мадрасаларида таҳсил олган. Маърифатпарвар шоир ижод қилиш баробарида Навоий, Фузулий, Бедил асарларидан нусхалар кўчириб, хаттотлик ҳам қилган. Шу билан бирга, қорақалпоқ овулларида муаллимлик қилган. Улкан ҳаётий тажриба натижасида ундан ўлмас асарлар мерос бўлиб қолди.

Ажиниёз асарларида ватанпарварлик, инсонпарварлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ғоялари юксак даражада тараннум қилинган. Асарлари ўзбек ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган. Туркий адабиёт дурдоналари 100 жилдлик тўплами ва қорақалпоқ адабиёти дурдоналари мажмуасига унинг ҳам ижодидан намуналар киритилган.

Адабий кечада Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган бир гуруҳ меҳмонлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда тадбирнинг ниҳоятда қизиқарли ва фойдали бўлганлигини таъкидладилар.

Дастур давомида Ажиниёз томонидан ёзилган шеърларга басталанган гўзал куй-қўшиқлар қорақалпоқ ва ўзбек санъаткорлари томонидан ижро этилди.

Атоқли шоир ижодига оид адабий кечалар, учрашувлар бутун мамлакатимиз бўйлаб давом этади.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − three =