Севимли, суюкли, ардоқли нашр!

“Hurriyat”ни нима учун ўқийсиз?” деган саволга жавоб тариқасида бутун бошли китоб ёзиб беришим мумкин. Муболағасиз айтяпман. Хизмат тақозосига кўра, 1996 йилнинг сўнгги ҳафтасида чиққан газетанинг нишона сонидан то келгуси йилнинг февраль ойига қадар газета саҳифалари билан улар нашрга берилгунга қадар танишиб борар эдим. Февралда таҳририятда иш бошлашимга тўғри келди.

2002 йилнинг февралига қадар “Hurriyat”нинг ҳар бир сонининг босмадан чиқиши биз учун байрам бўлди. Чунки жамоамиз аъзолари асосан ёшлардан иборат эди, ниҳоятда иноқ эдик. Чет муаллифлар билан қадрдонлашиб кетгандик. Ижодий муҳит аъло, кайфият аъло десангиз! Иқтисодий маънода қўлимиз қанчалик қисқа бўлса, “Hurriyat”чи журналистлар сифатида тилимиз шунчалик узун эди. Ўша пайтларда бутун мамлакатда фақат “Hurriyat”ни цензура ўқимас эди. Беш йил давомида нафақат газетанинг бирорта сони, балки биттаям мақоласини цензура хизмати ходимларига кўрсатганимиз йўқ. Қанақанги танқидий, таҳлилий мақолалар чиқмади дейсиз?! Биз қаловини топдик, меъёрни-мувозанатни сақладик.

Ҳозир ҳар сафар “Hurriyat”ни қўлга олсам, ўша-ўша бири-биридан мароқли хотиралар уйғонади, қийин шароитларда нолимай меҳнат қилган ижоддош дўстлар, фаол муаллифлар, у ёки бу мақоланинг ёзилиши билан боғлиқ воқеалар кўз ўнгимда гавдаланади.

“Hurriyat” — босма нашрлар учун ғоятда мураккаб кечаётган ҳозирги даврда ўз йўлидан оғишмай, дадил одим ташлаётган газеталардан бири. Газета қандай бўлмасин, газетхоннинг кўнглига йўл топишга ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда долзарб мавзуларда мақолалар чоп этмоқда, маънавий-сиёсий-ижтимоий-адабий-маиший ва ҳоказо муаммоларни кўтариб чиқмоқда.

Мавриди келганда, айтар сўзим ҳам бор. “Hurriyat” — миллий журналистика, матбуот ва барча оммавий ахборот воситалари дунёсининг ягона нашри. Касбимизнинг обрўси ҳақида қанчалик қайғурсак, унинг бурунги нуфузи-шукуҳини қўмсасак, ана ўша қайғуришларимиз ичида “Hurriyat” ҳам борлигини унутмайлик. Қолаверса, “Hurriyat” фақат журналистларнинг нашри, ардоқли минбари эмас, у — халқимизнинг, кенг омманинг корига ярайман, оғирини енгил қиламан деган улуғ мақсадларда чоп этилаётган газета! Суюмли, суюкли, ардоқли газета!

Нечун шу-ундай газетани ардоқламаслигимиз керак?! Нечун шу-ундай газетани ўқимаслигимиз, қўллаб-қувватламаслигимиз, унинг қадамидан ўт чақнаб туриши йўлида қамишдан бел боғлаб хизмат қилмаслигимиз керак?!

“Hurriyat”нинг севиб, суйиб ўқилишига асосли сабаблар жуда-жуда кўп!

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,

ёзувчи

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × four =