Болаликни эслатувчи журнал

“Gulxan” — болаликни эслатувчи севимли журнал. Эсимда, мактаб кезларимда унинг ҳар бир сонини қолдирмасдан ўқиб чиқар эдим. Унда келтирилган қисқа ҳикоялар-у шеърлар — барчаси мени ўзига бутунлай мафтун қилиб қўяр эди. Талаба бўлганимдан сўнг “Gulxan” журналидан бироз узоқлашиб қолдим. Қайсидир куни “Gulxan”нинг янги сонлари билан танишиб чиқдим. Уларни ўқир эканман, ёшлик дамларим, болалик хотираларим ёдимга тушди. Ва яна бир карра амин бўлдимки, у ҳали-ҳануз ўқувчиларнинг маънавий оламини кенгайтиришга ҳисса қўшиб келмоқда. Турли-туман мавзуларни қамраб олган журнал ҳар бир ўғил-қизнинг таълим олишга бўлган қизиқишини, китобхонликка эътиборини, интилишини оширишга ёрдам беради.

Масалан, муштарийларга ҳар қандай ҳолатда ҳам мақсад томон интилишдан тўхтамасликларига туртки бўладиган саҳифалардан бири “Машҳурлар болалиги”дир. Айнан шу рукн остида чоп этилган Шаҳрибону Раҳматованинг “Гиннеснинг рекордлар китобига кирган ўзбек ҳаками” номли мақоласини мароқ билан ўқиб чиқдим. Дунё тан олган ҳакамнинг ютуқларга эришиш йўлидаги машаққатлари-ю тажрибалари ҳақида маълумотга эга бўлдим. Суҳбатдаги сўзловчининг ушбу жумлалари онг-у шууримга шиор каби муҳрланди: “Нима бўлса, яхшиликка деган гап бор-ку, нохуш воқеа бўлган пайтда тушунмайсиз буни, у пайтда жуда бахт­сиз бўласиз. Лекин қатъий ишонч билан ҳаракат қилсангиз, ҳамма орзуларингизга эришасиз!”

Аёнки, бу фикрлар ўз-ўзидан эмас. Ҳаёт синовларига бардош бериб, унинг паст-у баландликларидан юқорилаётган инсон ҳақидаги тушунча акс этган. Йиқилганда ҳам ўрнидан туриб, яна мақсади томон интилаётганлар ҳақиқий ғолиб эканлиги ҳақида сўз борган.

Яна қизиқ мақолалардан бирининг номи — “Японча усул”. Унинг мазмунига тўхталадиган бўлсам, японлар доимий ривожланиш ва мақсадга эришиш йўлида “Кайзен” усулидан фойдаланишар экан. Яъни, киши мақсад қўйганда қўлидан келишига ишониши, кўзи ета олиши лозим. Бунинг учун катта мақсадга элтувчи кичик ниятларни амалга ошириш йўли билан натижага эришилади. Қарабсизки, мушкул кўринадиган ишлар тез ва осон амалга ошади. Айниқса, бу усулдан фойдаланиш ўсмир ва ўспирин ёшидаги ўғил-қизларга ўз таъсирини кўрсата олади.

Журналда танловлар ҳақида ҳам эълонлар бор экан. Эсиз, олдинроқ билганимда, мен ҳам тенгдошларим билан билим борасидаги имкониятларимни солиштириб кўрардим. Лекин келгусида яна бу каби танловлар ҳақида хабар берилади, деб ўйлайман. Қайси танлов дейсизми? Албатта, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Худойберди Тўхтабоев асарлари билимдони” иншолар кўрик-танлови! Айнан бу танлов ўқувчини китоб ўқишга, асар ҳақида фикр юритишга чорлайди. Ғолибларнинг иншолари журнал саҳифаларидан жой олади.

Қайси асарни ўқиш борасида бош қотиришнинг ҳожати йўқ. Чунки журналда “12 ой – 12 китоб” деб номланган рукн ҳам бор. Ушбу саҳифада эса тенгдошларим ўқиши керак бўлган асарлар ҳақида қизиқарли маълумотлар мужассам. Ишонаверинг, бу маълумотларни ўқигач, айнан шу шу асарни излаб, китоб дўконларига мурожаат қиласиз. Масалан, мен Чарльз Диккенс қаламига мансуб “Оливер Твистнинг саргузаштлари” асарини ўқидим. Мақоладаги воқеа-жараёнлар, савол ва топшириқлар қизиқтиргач, шу асарни қидириб топдим. Ҳақиқатан, муаллифнинг ушбу китобини маза қилиб мутолаа қилдим ва мақоладаги барча саволларга жавоб олдим. Йил якунида китобхон билимдонлар қаторида бўлишдан умидворман.

“Gulxan” сизни ҳақиқий билимдон қилиб тарбиялашига ишончим комил. Унда қизиқарли географик маълумотлар, ибратли воқеаларни ўқийсиз. Дам олиш саҳифасида комикс, интеллектуал билимлар дунёси, топқирлик машқлари, рассомлар галереясидан баҳраманд бўласиз. Сўнгги саҳифада сиз билган ва билмаган мустақиллик адабиёти намояндалари билан танишасиз.

Мухтасар айтганда, журнал нафақат тенгдошларим, балки ота-оналар, педагоглар учун ҳам бадиий хазина. Ундаги бир-биридан қизиқарли материаллар ҳар бир муштарийни беэътибор қолдирмаслигига аминман. Болалар шоири Дилшод Ражабнинг ушбу сатрларида ростдан ҳам журналнинг ҳаққоний қиёфаси чизилган.

Чин илми толиб бўлар,

“Gulxan” ўқиган бола.

Ҳаётда ғолиб бўлар

“Gulxan” ўқиган бола!

Динара РАВШАНОВА,

ЎзМУ филология факультети 4-курс талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 3 =