Зиёрат ва саёҳат завқи

Муайяна дугонам Самарқандга кўчиб кетганига анча бўлди. Тўғри, авваллари деярли ҳар йили бир борардим. Гоҳида у келарди. Йиллар ўтган сайин бориш-келиш камайди. Мулоқот, ҳол-аҳвол сўраш телефон орқали. Аслида эса меҳр кўзда дейдилар. Соғинч йўлга чорлади. Қўшним, шифокор Тамарахон билан йўлга отландик. Сафар ташаббускори қизим Шаҳноза эди. “Онажон, боринг, янги Самарқандни кўрасиз, дугонангиз билан кўришасиз”, дея қўлимга “Афросиёб”нинг чиптасини тутқазди. Эрта тонгда йўлга чиқдик. Нари-бери уч соат оралиғида Самарқандга етиб бордик. Бизни Руслан исмли шофёр кутиб олди. Сўнг “Диёра” меҳмонхонасига жойлашдик. Муайянанинг ҳовлисида таъмирлаш ишлари боряпти. Шу боис у билан меҳмонхонада дийдорлашадиган бўлдик.

Учрашган кунимиз, назаримда, кўнглимнинг қаеридадир бўшлиқ бор эди-ю, зумда тўлгандек туюлди. Ҳа-ҳа, тўлгандек бўлди. У кўпдан оёғи оғришини айтарди. Яна қанд касали бор. Шу боис зиёратга ҳамроҳлик қилолмаслигини айтди. На илож. Дийдорлашиб бўлгач, зиёратни бошладик. Руслан бизни дастлаб “Шоҳизинда”га олиб борди.

— Зиналари кўп, баланд, қийналиб қолмайсизми? – деди.

— Жон куйдирмасанг жонона қайда, дейдилар, – дедим ҳазил билан.

Жавобимни тушунди чоғи, мийиғида кулиб қўйди. Тамарахон билан йўлга тушдик. Одамлар бири тушиб, бири чиқиб боряпти. Жуда гавжум. Айниқса, турли миллат вакилларидан иборат сайёҳларнинг қизиқишларини айтмайсизми?

Сўнг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбараси томонга бордик. Бу ерда ҳам одамлар гавжум. Зиёратчилар бамисоли сувдек оқиб келишмоқда. Ўриндиқларда ўтириб тиловат қилишяпти, ҳам дам олишяпти. Биз ҳам ҳурмат бажо этиб, булоқ сувидан ичиб, сўнг машинамиз турган томонга — орқага қайтдик. Меҳмонхонада тамадди қилиб, бироз дам олдик. Оқшом Регистонда қўйиладиган томошани кўрдик. Кечқурунги Самарқанд янада гўзаллашиб, турли хил рангдаги нурлардан кўзлар қувнайди.

Иккинчи кун

Самарқанднинг ҳавоси ўзгача, ёқимли. Албатта, бунда унинг бағрида боқий уйқуда ётган улуғ алломалар, пир, авлиёларнинг ўрни катта. Кўча-кўйда юрганингизда ҳам гўёки уларнинг руҳи-поклари сизга ҳамроҳлик қилаётгандек сезасиз ўзингизни. Машинамиз Дониёр пайғамбар (Даниэл) қабри томон йўл олди ва биз ушбу туйғуни қалбан ҳис қилиб боряпмиз. Манзилга етиб келганимизда, майдонда яна сайёҳларга дуч келдик. Улар зиёратдан кейин алланарсаларни муҳокама қилишаётганга ўхшарди. Шу пайт бундан бир неча йиллар аввал келганимни эсладим. Тепаликка чиқиш бир машаққат эди. Булоқ суви ҳам атрофга ёйилиб оқиб ётарди. Энди бўлса, улуғларга бўлган эҳтиром, эътиқод туфайли бу жойлар обод, кўркам. Мармардан ишланган пиллапоялардан бемалол кўтариласиз. Қабрни махсус эшикдан зиёрат қилиб, сўнг айвондаги ўриндиқларда Қуръон ўқийсиз. Минг асрларнинг гувоҳи бўлган кўҳна тут дарахти не-не мозийдан сўзлайди. Катта айвондан ташқари, қабрнинг ён-атрофига ҳам стол ва ўтиришга жой қилинган. Бу ҳам зиёратчиларга анча қулайлик яратади. Зиёратчилар оқимининг охири кўринмайди. Тут дарахти ёнида, қабр устига ёпилган духоба ёпинғичга секин қўл теккизиб, ният қилдик, Аллоҳдан мадад сўрадик, набира-абиралар камолини тиладик. Сувдан ичиб, юзимизни ювиб, орқага қайтдик. Вужудимизда енгиллик ҳис қилдик.

— Энди қаерга борамиз? — сўради Руслан.

— Тушликдан кейин янги Самарқандни айланамиз, — дедим.

Йўлда кета туриб, дастлаб аэропортни томоша қилдик. Узоқдан очиб қўйилган китоб шаклида кўринган мўъжизадай иморатни кўриб ҳайратландик. Ўйлаб топган ихтирочисига тасанно айтдик. Янги Самарқанд — жуда гўзал! У ердаги чиройни фақат бориб кўриш керак. Чунки “Hilton”, “Minyoun” каби осмонўпар бинолар ўзгача услубда беқиёс ҳашамда қурилган. Замонавийликдан ташқари, барчасида жозиба ва меҳр бор. Дарахтларнинг хилма-хиллиги, ўрмонсифат ям-яшиллиги кўзни қувнатади. Далалардаги атиргуллар чаман очилган: пушти ранг, оқ, тўқ қизил… Ёнидан шунчаки ўтолмайсиз: анвойи ҳиди дилингизни қитиқлайди. Оромгоҳ ўртасидан оқаётган дарёда байдаркачилар мусобақага тайёргарлик кўришмоқда. Сувнинг ўртасида оролсифат қурилган — Боқий шаҳар. Уч тарафдан кўприк ўрнатилган. Ўша куни мартабали меҳмонлар келгани сабаб янги шаҳарга киролмадик. Сув бўйидаги мажнунтолларни, сузиб юрган катамаранларни кўрдик. Айниқса, мусиқали фаввора ҳам ўзига мафтун этди. Худди хиром айлаган раққосаларни эслатади.

Учинчи кун

Ҳазрати Довуд ҳақида кўп эшитгандик. Лекин Самарқандга неча марта келган бўлсам-да, у ётган тоғ ва ғор томонга ўтмагандим. Шу кун нонуштани қилиб, ташқарига чиққан эдик. Ҳайдовчимиз Руслан эрта етиб келди. Айтишича, зиёратгоҳ шаҳардан жуда йироқда экан. Етиб борганимизда, худди бозорга кириб қолгандек бўлдик. Чунки қатор дўконлар тизилган, сўриларда жой қилинган. Дарвозанинг олдида турганларнинг қўли қўлига тегмайди.

Тоғ ёнида “бизнес”чилар. Бири тоққа от билан олиб чиқишни, бири эшак билан чиқишни таклиф қилишмоқда. Ҳазрат ётган жойга чиқиш учун 1500 дан ортиқ зинадан кўтарилиш лозим. Бу ерда ҳам туристлар кўп, инсонлардаги ислом нурига бўлган эътиқодни шу ерда янада тийранроқ англаса бўлади. Биз ҳам уч километрлик баландликдаги тоққа отда чиқишни танладик. Шеригим Тамарахон аввалига чўчиб турди. Кейин олдинма-кейин йўлга тушдик. Қизиғи шундаки, мен минган отнинг эгаси ўзи эшакка ўтириб, олдинда отнинг арқонидан ушлаб етаклаб борди. Иккинчи от эгасининг ёнида юриб, эҳтиётлаб борди. Хуллас, тепаликка чиқдик. Бу ерда ҳам одам гавжум.

Ғорга етиб бориш учун 250 зинадан пастга тушиш лозим. Ушбу зиналарнинг бошидан охиригача тепа ва ён томонлари тўсилган. Қатор дўконларда савдо қилишмоқда. Ғор олдида айвон. У ерда бироз дам олганимиздан сўнг масъуллар бизни ичкарига бошлади. Саккиз-ўн киши атрофида тўдалашиб кирдик. Ичкарида шам ёқилган. Домла Қуръон ўқиди. Ҳамма ўзича ният қилди. Сўнг орқага зина орқали чиқдик. Фақат бизда эмас, барчанинг кўнглида енгиллик, кайфияти ҳам кўтарилган эди. 250 зинадан пастга қараб йўл олдик. Йўлда тўхтаб-тўхтаб дам олиш учун ўриндиқлар қўйилган. Йўл-йўлакай дўконлар. Уларда ҳам дам олишга жой қилинган. Зиёрат завқидан пастга етиб келганингизни ҳам билмай қоласиз. Бегоналар ҳам бир-бири билан илиқ сўрашиб ўтишяпти. Самимият, оқибат, қадр сўзлари жаранглаётгандек. Хуллас, бир олам таассурот билан ортга қайтдик.

Тушликдан кейин “Боқий шаҳар”ни томоша қилишга чоғландик. Кеча боролмагандик. Бу ерда ҳам ўзига хос ва ўзига мос жозибадор дўкон, кафелар бунёд этилган. Ҳар қадамда беданалар сайраб, завқ улашади. Дўконларнинг қурилиши бири иккинчисига ўхшамайди. Одамлар ҳам сайр қилишмоқда, ҳам савдо қилишмоқда.

Кекса отахонларнинг “Барака топсин-эй! Қурган одамнинг отасига раҳмат!” деган сўзларини гоҳ-гоҳ эшитиб қоламиз. Ҳа, янги Самарқанднинг кўрки-жамоли эски Самарқанд бағрида камолга етган аллома ва улуғларнинг довруғи каби дунёга таралиши турган гап. Ўз навбатида унинг ижодкорлари номи ҳам. Айниқса, бу лойиҳа ижодкори — Юртбошимиз номига олқишлар ёғилмоқда.

Тўртинчи кун

Нонуштадан сўнг йўлга чиқдик. Дастлаб Махдуми Аъзам зиёратига бордик. Ал-Бухорий мақбараси таъмирланаётган бўлса-да, кўришни лозим топдик.

Барака топсин, ҳайдовчи укамиз Руслан борадиган жойларимиз бисёрлиги учун тезликни оширди. Аввал Бибихоним масжидига, бироздан сўнг мақбарасига кириб зиёрат қилдик. Кейинги манзил Гўри Амир эди. Етиб келдик. Лекин одам ҳаддан зиёд кўп. Чипта олиш учун ҳеч бўлмаганда ярим соат навбат кутиш керак. Бу ерда ҳам, асосан, туристлар. “Сабр қилсанг, етарсан муродга”, дейдилар. Навбатга туриб, чиптани олгач, зиёрат қилиб чиқдик. Тушликда ош дамлаш бўйича чемпион Абдуманнон ошпазнинг меҳмони бўлдик. Мўъжазгина кафеда Самарқанд ошидан тамадди қилдик. Кейин Регистонга зиёратга ўтдик. Чиндан ҳам уни “Марказий Осиё марвариди” деб бежиз айтишмайди. Уч тарафдан ўрта аср Шарқ архитектурасининг ноёб ансамбли жамолини кўз-кўз қилиб турибди. Улуғбек мадрасаси (1417-1420), Шердор мадрасаси (1619-1636), Тиллакори масжид-мадрасаси (1647-1660) бутун дунёнинг энг гўзал ва ажойиб обидаларидан ҳисобланади. Бу ерда айланиб юрарканмиз, турли миллат вакиллари бўлган сайёҳларнинг юзидаги ҳайрат ва ҳавасни кўриб, кўксимиз ғурур ва ифтихорга тўлди. Ўзбекистонда яшаётганимиз, унинг кўҳна ва ёш, бу ерда улуғ аждодларимиз руҳи-поклари қўллаётгани, янги Самарқанддаги бетакрор меҳмонхона ва симпозиумлар саройи кўркидан олам аҳли лол қолаётганларини ўз кўзимиз билан кўриш насиб этганига шукроналар айтдик. Буларни яратган бунёдкорларга, барча ёшариш ва янгиланишнинг меъмори, ижодкори — Юртбошимизга соғлик-омонлик тилаб Тошкентга қайтдик.

Муқаддас АБДУСАМАТОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + four =