Аэропорт эмас, ғалаба рамзи
Жаҳон статистика маълумотномаларида қайд этилганидек, дунёда 40 000 дан ортиқ аэропорт мавжуд. Улар одамларга янги дунёни очиш учун “орзулар дарвозаси” вазифасини ўтайди.
Хабарингиз бор, ўзбекистонлик бир гуруҳ медиа соҳа вакиллари Туркияда бўлиб қайтишганди. Улар сафида камина ҳам бор эди. Сир эмаски, бирор мамлакатга борган инсонни биринчи галда унинг аэропорти қарши олади. Турган гап, дастлабки таассуротлар айнан мана шу ердан бошланади. Биз ҳам “Туркия ҳаво йўллари” учоғидан тушганимиз ҳамон биринчи қадамни Истанбул халқаро аэропортига қўйдик. Айтишганича бор экан. Маҳобатли, замонавий, дунёнинг исталган бурчагидан келган одамларни учратиш мумкин. Гўёки турли миллат вакиллари бир нуқтага жамлангандек…
Бизга айтишларича, 2018 йилнинг декабрь ойида Истанбулда дунёдаги энг йирик аэропортнинг биринчи босқичи расмий очилиши бўлиб ўтган. Бу шаҳарнинг учинчи аэропорти, аммо бугунги кунда уни “Келажак ҳаво бандаргоҳи” дейиш мумкин.
Ҳозирча аэропортнинг фақат бир қисми ишламоқда, лекин у бинога кирган барча саёҳатчиларни ҳайратда қолдиради. Майдони 1 миллион 300 минг квадрат метр бўлиб, шундан 50 минг квадрат метрдан ортиғини дунёдаги энг йирик божсиз савдо дўконлари эгаллайди. Йўловчилар учун 500 та рўйхатга олиш ва 230 та паспорт назорати кабиналари мавжуд. Аэропортда аллақачон учта параллел учиш-қўниш йўлаги мавжуд бўлиб, яна 6 та учиш-қўниш йўлагини ишга тушириш режалаштирилган. 140 дан ортиқ реактив кўприклар йўловчиларни самолётлардан тушириш ва чиқариш учун ишлатилади, барча рейсларнинг 80 фоизи реактив кўприклар орқали амалга оширилади.
Аэропорт бир вақтнинг ўзида 500 га яқин самолётни қабул қила олади ва уларнинг ҳар бири учун тўхташ жойи мавжуд. Истанбул аэропорти қабул қилиши ва хизмат кўрсатиши мумкин бўлган йўловчиларнинг умумий сони йилига 200 миллиондан ортиқ! Ҳудуд ҳашаматли бизнес заллари билан банд. Меҳмонлар учун аэропортда 70 минг машинага мўлжалланган улкан тўхташ жойи қурилган. Энг сўнгги ҳаво бандаргоҳини бошқариш тизимлари, замонавий учиш-қўниш йўлаклари ва 8 та параллел такси йўллари Истанбул аэропортига бир вақтнинг ўзида 45 тагача парвоз ва қўнишларни амалга ошириш имконини беради.
Унинг очилиш маросими Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған иштирокида бўлиб ўтган. Шунингдек, унда турли мамлакатларнинг 50дан зиёд юқори мартабали вакиллари иштирок этишган. Улар орасида Албания президенти Илир Мета, Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Косово президенти Ҳошим Тачи, Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Мустафо Оқинжи, Македония президенти Георге Иванов, Молдова президенти Игорь Додон, Покистон президенти Ариф Алви, Сербия президенти Александр Вучич, Судан президенти Умар Ҳасан Аҳмад ал-Башир, Босния ва Герцеговина бош вазири Денис Звездич, Болгария бош вазири Бойко Борисов, Словения бош вазири ўринбосари ва инфратузилма вазири Аленка Братушек, Грузия ТИВ раҳбари Давид Залкалиани, Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф, Ўзбекистондан маросимда бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов иштирок этган.
Аэропорт ҳудудида президент Эрдоғаннинг қуйидаги сўзлари ёзилган плакатлар ўрнатилган: “Бу шунчаки аэропорт эмас, ғалаба рамзидир”.
Дунёнинг энг йирик аэропортини қуриш бўйича тендерда “Limak-Kolin-Cengiz-MaPa-Kalyon” компаниялари консорциуми 26,14 миллиард евролик таклиф билан ғалаба қозонган. Аэропорт қурилишининг биринчи босқичини амалга ошириш учун олти миллиард евро ажратилган. Аэропорт умумий майдони 76,5 миллион квадрат метрни ташкил этади. Аэропортнинг бошқа босқичлари йўловчи оқими ҳажмига қараб, 2023 йилгача ишга туширилиб келинган.
Ҳаво бандаргоҳи ҳозирча тўлиқ фойдаланишга топширилмаган бўлса-да, яқин келажакда аэропорт дунёнинг 250 та авиакомпаниясидан самолётларни қабул қилади, улар 350 дан ортиқ йўналишлар бўйича парвозни амалга оширади. Илғор технологиялар билан жиҳозланадиган аэропорт ҳудудида ер усти радарлари биринчи марта ишлатилмоқда. Аэропортдаги терминаллар ва автотураргоҳларда тўққиз мингта ақлли камера ўрнатилган. Шунингдек, аэропорт шахслар ва автоуловлар рақамларини аниқлаш бўйича ўта замонавий қурилмалар билан ҳам жиҳозланган.
Таъкидлаш жоизки, “Euromonitor International” ташкилотининг 2023 йилда энг кўп хорижлик меҳмонларни қабул қилиб олган шаҳарлар рўйхатида Истанбул 20,2 миллион киши билан биринчиликни банд этган.
Ислом АСИЛБЕКОВ.